ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази
дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти
Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси
Лалмикор майдонларда нўхат етиштириш
Мазкур тавсиянома Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси катта илмий ходими, қ.х.ф. номзоди К.Т.Исаков ва катта илмий ходим А.А.Умурзаков томонидан тайёрланди.
Тавсиянома қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фаолият юритаётган мутахассислар, фермер хўжалик раҳбарлари ва шу соҳага оид олий ва ўрта махсус касб-ҳунар муассасаларида таълим олаётган талабалар учун мўлжалланган.
Тақризчи-қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, катта илмий ходим Т.Маматқулов
КИРИШ
Республикамизнинг аҳолисини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш борасида аграр соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг самарали тизимини яратишни тақозо этади.
Бу борадаги энг устувор вазифа донли экинлар билан бир қаторда таркибида оқсил моддаси кўп бўлган дуккакли дон экинлар маҳсулотларини кўпайтириш, чорвачиликни ривожлантиришда юқори калорияли концентрат озуқалар ва ширали хашаклар билан таъминлаш энг муҳим масалалардан ҳисобланади.
Бошоқли дон экинлар ҳосилдорлигини ва дон сифатини кўпайтиришда ҳамда лалмикор ерларнинг тупроқ унумдорлигини оширишда дуккакли дон экинларининг беқиёс аҳамиятини эътиборга олган ҳолда уларнинг юқори ҳосилли, эртапишар, касалликлар ва қурғоқчиликка чидамли, шохлари жипслашган, баланд бўйли, механизация билан ўриб олишга мослашган, тўкилмайдиган, оқсилга бой навларини ва агротехнологиясини жорий этишни илмий асосда ташкил этиш ўта муҳим вазифа ҳисобланади.
Лалмикор ерларда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда дуккакли дон экинларни бошоқли дон экинлари билан алмашлаб экиш тизимида етиштириш аҳолини экологик соф, юқори оқсилли ва тўйимли маҳсулотлар билан таъминлаш, чорвачиликни ривожлантиришда шира озуқали омухта ем ва хашакларни кўпайтириш имкониятини беради.
Дуккакли дон экинларига нўхат, кўк нўхат, соя, мош, ловия, ясмиқ, бурчоқ, хашаки дуккак, вигна, люпин, вика киради. Уларнинг ҳаммаси дуккаклилар оиласига мансуб. Дуккакли дон экинлари дон экинларига нисбатан оқсилга бой, ҳазмланиши осон, сифатли, арзон дон ҳосили беради ва туганак бактериялар ёрдамида ҳаводаги азотни ўзлаштириш хусусиятига эга.
Дуккакли дон экинларини етиштириш қишлоқ хўжалигидаги учта асосий муаммони ҳал қилишга имкон беради: 1) Дон етиштиришни кўпайтириш; 2) Аҳолининг ўсимлик оқсилига бўлган талабини қондириш;
3) Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш.
Бу экинлар фойдаланишига кўра, озиқ-овқат (нўхат, кўк нўхат, мош, ловия, соя), ем-хашак (вика, хашаки нўхат, люпин, хашаки дуккак ва бошқалар), универсал (ясмиқ, бурчоқ), кўк ўғит (хашаки нўхат, алколоидсиз люпин) учун экиладиган гуруҳларга бўлинади.
Ҳозирги кунда республикамизнинг лалмикор майдонларида бошоқли дон экинларин етиштириш мажмуида дуккакли дон экинлари нўхат ва хашаки нўхатни фермер хўжаликлари томонидан қисқа ротацияли алмашлаб экиш тизимида қўллаш имкониятларини яратади.
Уларнинг донида оқсилнинг миқдори 22-34% бўлади. Сифатли тайёрланган дуккакли дон экинларининг сомонида 8-14% оқсил бор, дон экинлариникида эса 3-4%. Бу эса дуккакли дон экинлари нўхат ва хашаки нўхатларнинг гектаридан олинадиган оқсил миқдорини 2,5-3 баравар оширишга имкон беришини кўрсатади.
Нўхат экини аҳамияти, келиб чиқиши, экин майдони
Маълумки, бутун дунё бўйича аҳоли сонининг ҳар йили ўсиб бориши натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан оқсилга бой бўлган маҳсулотларга бўлган талаби ортиб бормоқда.
Нўхат донидан халқимиз тўйимли суюқ ва қуюқ таомлар пиширишда, ширинлик, консерва маҳсулотлари тайёрлашда кенг қўллашади.
Инсоннинг 1 кунда истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларида оқсил ўртача 90-100 г ни ташкил этиши керак. Бу кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари колориясини 12 % ни ташкил этади.
Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида нўхатнинг шифобахшлиги ҳақида сўз юритиб, ўпканинг озиқланишида тенги йўқлигини, ёғининг темираткига, ёмон ярага, қичимага қарши ишлатилиши, ивитилган суви тиш оғриғига, мулкдаги шишларга фойда қилиши, буйракдаги тошни эритиши ва шу каби бошқа шифоли хусусиятларини баён этган. Франция ва Буюк Британияда ичак кассалликлари, ич кетишига қарши, сийдик органларини даволашда ижобий таъсири борлигини аниқлаганлар. Шунингдек, дуккаги ва баргларидан ажратиб олинган олма, лимон ва отқулоқ кислоталари Жанубий Шарқий Осиё давлатларида, Ҳиндтстон, Хитой ва Бирмада доривор сифатитда кенг қўлланилмоқда.
Нўхатнинг дони таркибида 30 % гача оқсил, 47-60 % крахмал, 4-8 % гача ёғ, 2,3-5% кул элементлари, турли витаминлар мавжуд бўлиб, қувватбахшлиги, тўйимлиги жиҳатидан чорва моллари гўштига яқин туради.
Шунингдек кўп йиллик тадқиқот натижаларига кўра, 1 кг ҳайвон оқсили олиш учун 5-7 кг, баъзан 8-9 кг ўсимлик оқсили сарфланади. Озиқа моддаларнинг йўқолиши уларни тайёрлаш даврида 20-30 % ни ташкил қилади. Бу оқсил танқислигини яна кучайтиради. Зоотехник меъёрларига кўра, бир энергетик озиқа бирлиги (ЭОБ) да 110-115 г ҳазмланадиган оқсил бўлиши керак. Ҳозирда чорвачиликда фойдаланиладиган бир озиқа бирлигида 85 г ҳазмланадиган оқсил бор.
Озиқалардан фойдаланиш таҳлилларининг кўрсатишича, озиқа бирлигида оқсил танқислиги ковуш қайтарадиган молларда озиқа сарфини 1,3-1,5, чўчқаларда эса 2 баравар ошишига олиб келади.
Дуккакли дон экинларининг уруғларида витаминлардан А, В1, В2, РР, В6, Е, униб чиқаётган уруғларда С ва маъданли моддалар, микроэлементлар кўп. Оқсил ва крахмалнинг нисбати дуккаклилар уруғларида 1:2,5-3 бўлса, дон экинларида 1:6-7, илдизмева ва туганак меваларда 1:10-15 ни ташкил қилади.
Алмашинмайдиган аминокислоталар миқдори бўйича дуккакли дон экинлари дон экинларига нисбатан 1,5-3,0 баравар устунлик қилади. Дуккакли дон экинлари уруғларида лизин, триптофан, метионин, валин, треониннинг миқдори кўплиги билан ажралиб туради. Лизин миқдори бўйича дуккакли дон экинлари оқсили ҳайвон маҳсулотларидан тайёрланган озиқаларга яқин туради. Суяк унида 8,2 %, сояда 7,6 % лизин (оқсил таркибида) бор.
Дуккакли дон экинлари протеини ҳазмланиши кўк нўхатда-88%, викада-91, сули ва арпада - 78 ва 67 % ни ташкил этади.
Дуккакли экинлар таркибига кирувчи оқсилнинг асосий қисми ҳаводаги азотни туганак бактериялар ёрдамида ўзлаштириши ҳисобига эришилади. Тажрибаларнинг кўрсатишича 1га дуккакли дон экинлари, туганак бактериялар ёрдамида 100-400 кг ҳаводаги азотни ўзлаштиради. Люпин 1 га майдонда 400 кг, беда 140-300 кг, суғориладиган майдонларда нўхат, кўк нўхат, вика – 100-150, соя – 250 кг, лалмикор ерларда эса нўхат ҳамда хашаки нўхат 40-50 кг соф азот тўплайди.
Нўхат ўсимлиги Mezorhizobium ciceri, Mezorhizobium mediferraneum каби бактериялар билан симбиозга киришиб, атмосферадан ўсув даврида биологик азотфиксация йўли билан илдизидаги тугунаклар ёрдамида 8-10т маҳаллий ўғит берадиган азотни тўплаш хусусиятига эга.
Тўпланган азотнинг катта қисми ҳосил билан чиқиб кетади, 25-40% анғиз қолдиқлари билан, органик модда ҳолда тупроқда қолади, бир қисми денитрификация жараёнида йўқолади.
Ноқулай шароитда дуккакли экинлар ўзларининг азотга бўлган эҳтиёжини унинг тупроқдаги заҳираси ҳисобига қондиради. Бундай шароитда туганак бактериялар ёмон ишлайди ва улар тўплаган азот ўсимлик эҳтиёжини қоплай олмайди. Фаоллиги юқори туганак бактериялар пушти ранг ёки қизил, кучсизлари оқ ёки оч-яшил бўлади. Туганак бактериялар фаоллигини ошириш учун нитрагин, ризоторфин препаратлари қўлланилади.
Ўзбекистоннинг лалмикор майдонлари тупроқларида гумус ва азот миқдорининг камлиги туфайли дуккакли дон экинларининг тупроқ унумдорлигини оширишдаги аҳамияти беқиёсдир. Дуккакли дон экинларидан кейин тупроқда органик моддалар миқдори ортади, тупроқнинг сув-физик хоссалари яхшиланади. Уларнинг анғиз қолдиқлари дон экинлариникига нисбатан тез парчаланади. Тупроқни шамол ва сув эрозиясидан ҳам самарали ҳимоя қилади.
Дунё деҳқончилигида дуккакли дон экинлари 135 млн га майдонга экилади. Дуккакли дон экинлари майдони дон экинлари ялпи майдонининг 10-11 дан 20-25 % ни ташкил қилади. Экин майдони бўйича соя, нўхат, кўк нўхат асосий ўринларни эгаллайди.
Халқаро FAO (STAT) ташкилотининг маълумотларига кўра, жаҳон бўйича нўхатни ишлаб чиқариш ҳажмида етакчи мамлакатлар қуйидагилар ҳисобланади:
Дунёда нўхат етиштириш ҳажми
№ |
Давлат номи |
Йиллар бўйича етиштирилган дон, минг тонна |
|||
2010 |
2011 |
2012 |
2013 |
||
1 |
Ҳиндистон |
7480 |
8220 |
7700 |
8832,5 |
2 |
Астралия |
602 |
513,3 |
673,37 |
813,3 |
3 |
Покистон |
561,5 |
496,0 |
291,0 |
751,0 |
4 |
Туркия |
530,634 |
487,47 |
518,0 |
506,0 |
5 |
Муанма |
441,49 |
473,1 |
500,000 |
490,0 |
6 |
Эфиопия |
284,64 |
322,839 |
409,733 |
249,46 |
7 |
Эрон |
267,768 |
290,24 |
315,0 |
295,0 |
8 |
Мексика |
131,89 |
72,14 |
271,89 |
209,94 |
9 |
Канада |
128,3 |
90,8 |
161,4 |
169,4 |
10 |
АҚШ |
87,952 |
99,881 |
151,137 |
157,35 |
|
Дунё бўйича |
10897,0 |
11497,0 |
116137,0 |
13102,023 |
Нўхат бир йиллик ўсимлик ҳисобланиб бурчоқдошлар (Fabaceae) оиласига мансуб бўлиб, нўхат (Сicer) авлодига киради. Ҳозирги вақтда нўхатнинг 27 та тури мавжуд бўлиб фақат битта тури Cicer arietinum L. маданий экин сифатида экилади
Экилаётган бу турнинг ҳамма навлари ишлатилиши бўйича 2 гуруҳга бўлинади: хўраки навлар -бу навларнинг дони оч-сариқ ранг бўлиб, озиқ-овқат учун ишлатилади: Хашаки навлар- дони қорамтир рангда бўлиб, асосан чорвачиликда ем-хашак учун ишлатилади.
Попова Г.М. (1937) ва Жуковский П.М. (1971) систематикаси бўйича нўхат Cicer arietinum L. маданий тури 4 та кенжа турга бўлинади:
1. Шарқий (шарққа оид) orientale G.Pop.
2. Осиё asiaticum G.Pop.
3. Ўрта ер денгизи mediaterraneum G.Pop.
4. Европа eurasiaticum G.Pop.
Кенжа турларни аниқлашда ўсимлик ранги, шакли, уруғининг катта-кичиклиги, ўлчами каби морфологик белгилари эътиборга олинади.
Нўхатнинг 13 та экологик гуруҳи мавжуд бўлиб, шундан 5 таси (Ўрта Осиё, Кичик Осиё, Ўрта Европа, Жанубий Европа ва Афғонистон) кенг тарқалган.
Ўзбекистонда нўхатнинг Осиё тури жуда кенг тарқалган. Нўхат- дунёда энг кўп тарқалган қадимий экинлардан ҳисобланади. Келиб чиқиш ватани- Жанубий-Ғарбий Осиё (аниқроғи Греция ва Эрон давлатлари оралиғида) ва Кичик Осиё ҳисобланади. Ҳиндистонга Декондоль фикри бўйича кейинроқ тарқалган. Исроил давлати Палестинда археологик қазишмалар давомида эрамиздан олдин IV минг йилликка оид бўлган нўхат қолдиқлари топилган.
Нўхатнинг морфологик ва биологик хусусиятлари
Нўхат илдиз тизими-ўқ илдиз ва ён илдизлардан иборат бўлиб, ўқ илдизи 1-1,5 м чуқурга кириб боради ҳамда асосан тупроқнинг ҳайдалма қатламида илдиз массасининг кўпчилик қисми жойлашган бўлади. Илдиз тизимида туганак бактерияларнинг меъёрида ривожланиши учун тупроқ ҳажмий оғирлиги 1,1-1,3 г/см3 бўлиши яхши ҳисобланади. Майсалар униб чиққандан сўнг 7-10 кун ўтгач, илдизларда бактерияли тугунаклар ҳосил бўла бошлайди.
Пояси. Нўхат ўсимлигининг пояси қиррали, тик ўсувчан, сершох бўлиб, майда рангли туклар билан қопланган. Ўсимлик бўйи навларнинг келиб чиқиши, етиштириш агротехнологиясига қараб лалмикор ерларда 35-50 см ни ташкил этади.
Ўсимлик тупи тарвақайлаган, жипс, ярим жипс ва пирамидасимон шаклларга эга бўлади. Ён шохлари турли бурчак остида жойлашади.
Барглари. Тузилиши жиҳатидан мураккаб, тоқ патсимон бўлиб, 11-17 тагача майда барглардан иборат. Янги униб чиққан майда барглари яшил ва бинафша рангларда бўлади. Баргларнинг шакли эллипс ва тухумсимон бўлиб, баргларнинг чети майда тишли, майда туклар билан қопланган ҳолатда учрайди.
Гуллари. Нўхатнинг гуллари бир мунча майда бўлиб, барг қўлтиқларида якка-якка ҳолда жойлашади. Навларда гуллар пушти, қизил, бинафша рангда бўлади. Кўпчилик ҳолларда гули оқ ва қизил рангда. Гули ўз-ўзидан чангланганлиги учун тўп гулни ҳосил қилмайди, ўзига ҳашаротларни жалб қилмайди. Гули елканли қайиққа ўхшайди. Нўхат ўз-ўзидан чангланувчан ўсимлик бўлганлигидан гултожилари тўлиқ очилмасдан чангчиси етилиб, чангдон ёрилади. Чанг доначалари эса гулнинг учида тўпланиб, уруғчи тумшуқчасининг атрофини ўраб олади ва уни чанглантиради. Чангланиш очилмаган гулларда бўлганлиги учун гулнинг учи сарғайиб кўриниб туради.
Мевалари. Дуккаги овалсимон, ромб ёки қавариқ шаклда бўлиб, рангли, калта туклар билан қопланган. Дуккак пуфаксимон, яъни ичи ҳаво билан тўлган ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам хом, пишмаган дуккаги қўл билан эзилса, овоз чиқариб ёрилади. Дуккагининг ранги қумсимон-кулранг, оч сариқ, қизғиш, жигарранг бўлади.
Нўхат. 1, 2-у ниб чиқиш ва гуллаш-дон пишиш даврларида;
3-поянинг қисми; 4-дуккак; 5-уруғ
Ривожланиш даврлари: 1) бўртиш, 2) униб чиқиш, 3) поянинг шохланиши, 4) шоналаш, 5) гуллаш, 6) дуккаклар ҳосил бўлиши, 7) пишиш, 8) тўла пишишни ташкил этади.
Нўхат ўсимлигининг ўсув даври лалмикор ерларда нав хусусияти, об-ҳаво ва етиштириш шароитларига қараб 60-90 кун давом этиши мумкин.
Ёруғликка ва иссиққа бўлган талаби. Нўхат ёруғликка талабчан, узун кунли ўсимликдир. Иссиқсевар ўсимликлар гуруҳига киради, аммо уруғлари +2 +5 0С ҳароратда кўкара бошлайди. Бу ҳароратда униб чиқиши 20-30 кунга чўзилиб кетади. Ҳаво ҳарорати +6-+8 0С бўлганда уруғлар 10 кунда униб чиқиши кузатилади. Майсалари -11-16 0С совуққа бардош беради. Қурғоқчиликка ва юқори иссиқ ҳароратга лалмикор ерларда энг чидамли ўсимликлардан ҳисобланади.
Намга талаби. Нўхат энг қурғоқчиликка чидамли дуккакли дон экинларидан ҳисобланади. Тупроқда мақбул намлик ЧДНС 60-75% бўлганда, ўсимликлар яхши ўсади.
Озиқа элементларига талаби. Ўзбекистонда энг кенг тарқалган экинлардан нўхат бир тонна уруғ ва шунга мувофиқ вегетатив органлар ҳосил қилиш учун соф ҳолда 52 кг азот, 21 кг фосфор, 49 кг калий ўзлаштиради. Озиқа моддаларни энг кўп ўзлаштирадиган даври уруғнинг тўлиши, пастки дуккакларнинг сарғайишига тўғри келади.
Тупроққа талаби. Нўхат энг қулай тупроқлар қумлоқ, қумоқли бўз ва ўтлоқ тупроқлардир. Улар кислотали ва қумли тупроқларда ёмон ўсади. Ўзбекистонда кенг тарқалган дуккакли дон экинлари учун энг яхши тупроқ муҳити рН 6,0-7,5.
Нўхатнинг кенг тарқалган касалликлари
Нўхатнинг аскохитоз касаллиги. Бу касалликни Ascochyta rabiei замбуруғи қўзғатади. Экиннинг барг, поя, дуккак ва донларида кулранг-қўнғир, баъзан тўқ-қўнғир, сўнгра қораювчи, узунчоқ ёки кўпинча думалоқ доғлар, уларнинг устида эса кенглиги 0,1-0,2 мм келадиган пикнидалар ривожланади. Пикнидалар тўқима ичида жойлашган, думалоқ, баъзан яссилашган. Оғизчаси бўртиб чиққан, узунлиги 62-145 мкм, кенглиги 62- 212 мкм (баъзан 246 х 336 мкм). Пикноспоралар 1, кам ҳолларда (1 % дан ками) 2 ҳужайрали, цилиндр, камроқ ҳолларда эллипссимон, тухум ёки нок шаклли, устки ва остки томонлари думалоқлашган, ўлчами- зарарланган ўсимлик органларида 6-16 х 3,4-5,6 мкм (ўртача 10,3 х 4,6 мкм), сунъий озуқа муҳитида кичикроқ -4,8-14 х 3,2-5,2 мкм, (ўртача 9,9-4,4 мкм). Зарарланган дон экилганда унмайди ёки унган ниҳоллар кейинроқ чириб кетади. Кучли зарарланган ўсимликлар қуриб қолади.
Тез-тез ёмғир бўлганда ва +20 +25 0С ҳаво ҳароратида замбуруғнинг пикноспора ва аскоспоралари экин ичида тез тарқалади ва аскохитоз касаллиги кучли ривожланади. Споралар ўсиши учун минимал ҳаво ҳарорати +3 0С, максимум +33 0С. Касаллик ривожланиши учун мақбул ҳаво нисбий намлиги 65 % дан юқори ва ҳаво ҳарорати 18-230С бўлганда қулай шароит вужудга келади. Патогени уруғда ва ўсимлик қолдиқларида пикнида ва хломидоспоралари ҳолида қишлайди. Хломидоспоралар тупроқда 4 йилгача сақланиши мумкин.
Аскохитоз касаллиги экин кўчатларини сийрак қилиб қўяди, барглар вақтидан олдин қурийди ва тўкилади. Ўсимликлар ривожланишдан орқада қолади, майда, ўсиш қуввати ҳамда унувчанлиги паст бўлган ва зарарланган уруғлар ҳосил бўлади.
М.С.Хачатрян Арманистоннинг табиий иқлим шароитида хашаки нўхат, ясмиқ, фасол, эспарцет ўсимликлари сунъий равишда Ascochyta rabiei замбуруғи билан зарарлантирилганда касаллик аломатлари бу ўсимликларда ривожланмаслиги кузатилган. Ҳаво ҳарорати +100С дан пасайганда ҳамда +300С дан ошганда ҳам нўхат ўсимлигининг ер устки аъзолари қисмларида замбуруғларни ўсишига ва ривожланишига салбий таъсир этади.
Фузариоз касаллиги (Fusarium oxusporum Sehleht) илдиз чиришидан ташқари майсаларнинг қуруқ чириш, сўлиш, мева ҳамда уруғларнинг қуруқ чириш касалликларига ҳам йўлиқтиради. Касаллик нўхат, люпин ўсимликларида кўп зарар келтиради. Ўзбекистон шароитида фузариоздан бурчоқ экини айникса қаттиқ зарарланади. Ўсимликнинг сўлиши поянинг найча бойламларида, хусусан илдиз бўғзи юқоридаги поянинг бир қисми қизарганини кузатиш мумкин. Илдиз бўйига қараб ёрилиб кетади ва илдиз қурийди. Бу касалликни юктирувчи асосий инфекция манбаи ўсимлик қолдиқлари ва уруғлар ҳисобланади.
Нўхат навлари
“Ўзбекистон-32” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси томонидан Милютин-4 х К-1062 навларини чатиштириб олинган дурагайларидан якка танлаш йўли билан яратилган.
Тур хили- Корнеум. Ўсимлик туплари тик ҳолда тўғри ўсади. Барги тўқ яшил рангда, бўйи 46-50 см, шохланиши 3-4 дона, энг пастки дуккаклар ер сатҳидан 28-30 см баландда жойлашган. Дуккак узунлиги 1,5-2 см, дуккаклар сони битта ўсимликда 22-24 та, дуккакдаги дон сони 1-2 донани ташкил этади. Дони ўртача йирикликда, дон шакли юмалоқсимон, қизғиш рангда, 1000 дона дон вазни 260-270 г, ҳажм оғирлиги 775-776 г/л. Дон таркибидаги оқсил 26,0-27,7 % ни ташкил этади.
Нав ўртапишар, ўсув даври 75-78 кун, маҳаллий андоза “Юлдуз” навига нисбатан 4-5 кун эрта пишади.
Аскохитоз ва фузариоз касалликларига, қурғоқчиликка ҳамда ётиб қолишга чидамли бўлиб, механизация билан ўриб-йиғиб олишга яхши мослашган.
Республиканинг лалмикор майдонларида ҳосилдорлиги гектарига 8-9 ц ни ташкил этади.
“Ўзбекистон-32” нави Республикасининг барча лалмикор майдонларига 1992 йилдан экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.
“Юлдуз” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида К-821 (Испания) х Ўзбекистон-8 навларини чатиштириб олинган дурагайларидан кўп маротаба якка танлаш усули билан яратилган.
Тур хили–Корнеум авлодига, Евроосиё турининг ўрта Европа гуруҳига мансуб. Туплари тик, тўғри ўсади, ўртача шохлайди (2-3 та), ўсимлик баланд бўйли 45-55 см, пастки дуккаклари ер сатҳидан 26-31 см баландликда жойлашган. Ўсимликда дуккаклар сони 16-17 та, дуккакларнинг узунлиги 2-2,5 см, дуккакдаги дон сони 1-2 та, дони ўртача йирикликда, дони оч қизил рангда, юмшоқ, ғадир-будир, узунчоқ, 1000 дона дон вазни 295-320 г, ҳажм оғирлиги 755-760 г/л. Дон таркибида оқсил 26,5 %. Таъм ва пишувчанлик сифати яхши.
Ўрта пишар, ўсув даври 80-82 кун. Пояси, барги яшил рангда, туксиз, ётиб қолишга чидамли. Аскохитоз ва фузариоз касалликларига ўрта чидамли, қурғоқчиликка, иссиқликка чидамли. Механизмлар билан ўриб-йиғиб олишга яхши мослашган. Республиканинг лалмикор майдонларида ҳосилдорлиги гектарига 7-8 ц ни ташкил этади.
“Юлдуз” нави Республикасининг барча лалмикор майдонларига 1980 йилдан экиш учун тавсия этилган.
“Лаззат” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси томонидан №2267 х Зимистон навларни ўзаро чатиштириб олинган дурагайларидан якка танлаш усули билан яратилган.
Ўсимлик туплари тик тўғри ўсади, барги оч яшил рангда, бўйи 45-48 см, шохланиши 2-3 тагача, энг пастки дуккаклар сони ер сатҳидан 20-22 см баландда жойлашган. Дуккак узунлиги 1-1,5 см, битта ўсимликда дуккаклар сони 21-25 та дона, дуккакдаги дон сони 1-2 тани ташкил этади. Дони майда, дон шакли юмалоқ, текис, оқиш рангда. 1000 дона дон вазни 180-185 г, ҳажм оғирлиги 778-780 г/л., дон таркибидаги оқсил миқдори 27,0- 28,4% дан иборат.
Ўсув даври 72-74 кун, маҳаллий андоза Юлдуз навига нисбатан 7-8 кун олдин пишади. Аскохитоз ва физариоз касалликларига, қурғоқчиликка ҳамда ётиб қолишга чидамли, механизация билан ўриб-йиғиб олишга яхши мослашган. Республиканинг лалмикор майдонларида ҳосилдорлиги гектарига 10-11 ц ни ташкил этади.
“Лаззат” нави Республикасининг барча лалмикор майдонларига 1996 йилдан экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.
“Жаҳонгир” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Сурия № 88-85 нав намунасидан кўп қиррали якка танлаш йўли билан яратилган.
Ўртапишар нав. Ўсимлик туплари тик тўғри ўсади, барг тўқ яшил рангда, бўйи 50-55 см, шохланиш 3-5 тагача, энг пастки дуккаклар сони ер сатҳидан 22-24 см баландликда жойлашган. Дуккаклар узунлиги 2-2,2 см, ўсимликда дуккаклар сони 25-28 та, дуккакдаги дон сони 1-2 та, дони йирик, дон шакли узунчоқсимон юмалоқ, қизғиш рангда, 1000 дона дон вазни 330-340 г, ҳажм оғирлиги 758-760 г/л, дон таркибидаги оқсил миқдори 26,5-27,7 % дан иборат.
Ўсимлик ўсув даври 76-78 кун. Маҳаллий андоза Юлдуз навига нисбатан 3-4 кун олдин пишади. Аскохитоз ва фузариоз касалликларига, қурғоқчиликка ҳамда ётиб қолишга чидамли, механизация билан ўриб-йиғишга мослашган. Республиканинг лалмикор майдонларида ҳосилдорлиги гектарига 10-12 ц ни ташкил этади.
“Жаҳонгир” нави Республикасининг барча лалмикор майдонларига 2008 йилдан экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.
“Ирода-96” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида К-445 х Юлдуз навини ўзаро чатиштириб олинган дурагайларидан кўп маротаба танлаш йўли билан яратилган.
Ўсимлик туплари тик тўғри ўсади. Барги тўқ яшил рангли. Ўсимлик бўйи 45-48 см, шохланиши 3-4 та, энг пастки дуккаклар ер сатҳидан 22-24 см баландда жойлашган. Дуккаклар узунлиги 1,2-2 см, битта ўсимликда дуккаклар сони 25-28 та, дуккакдаги дон сони 1-2 тани ташкил этади. Дони йирик, дон шакли юмалоқ, қизғич рангда. Доннинг ҳажм оғирлиги 743-745 г/л, дон таркибида оқсил миқдори 27,9-28,5% ни ташкил этади.
Ўсимлик ўсув даври 83-85 кун. Аскохитоз ва фузариоз касалликларига, қурғоқчиликка ҳамда ётиб қолишга чидамли, механизация билан ўриб-йиғиб олишга яхши мослашган.
“Ирода-96” нави Республикасининг барча лалмикор майдонларига 2010 йилдан экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.
Нўхатни етиштириш агротехникаси
Алмашлаб экишдаги ўрни. Нўхат тупроқни азотга бойитади, қатор оралари ишланадиган экин сифатида далани бегона ўтлардан тозалайди. Лалмикор ерларда нўхат бошоқли дон экинлари учун яхши ўтмишдош экин бўлиб, тоза шудгор-ғалла-ғалла-нўхат-ғалла беш далали алмашлаб экиш тизимида қўлланишга тавсия этилган. Нўхатдан сўнг экилган ғалладан анғизга экилганга нисбатан гектаридан 3-3,5 ц қўшимча дон ҳосил олиш имконини беради.
Тупроққа ишлов бериш. Нўхат учун ажратилган майдон кўп йиллик бегона ўтлардан холи бўлиши лозим. Кеч кузда 20-22 см чуқурликда ер плуглар ёрдамида ағдариб ҳайдалади. Эрта баҳорда шудгор кўндалангига ёки диоганалига икки марта борона қилинади. Бороналаш ерда намни сақлаш ва ерни текислаш вазифаларини бажаради. Экиш олдидан тупроқ зичланиб қолган бўлса бороналанади, зарур ҳолатларда мола босилади, ер текисланади.
Ўғитлаш. Экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда 30-40 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам бўлган унумдорлиги паст майдонларда гектарига 30-40 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳисобига ўсимликлар бўйининг баланд бўлишига ҳамда комбайн билан ўриб олишда нобудгарчиликни кескин камайтириш имкони яратилади.
Уруғни экишга тайёрлаш. Нўхат уруғлари экиш олдидан турли аралашмадан тозаланади, йирик ва текислари саралаб олинади. Экиладиган уруғлар юқори репродукцияли (авлодли) 1 ва II синф талабларига тўла жавоб берадиган бўлиши лозим. Уруғларнинг унувчанлиги 95 ва 92 %, тозалиги 99,0 ва 98,5 % дан кам бўлмаслиги талаб қилинади. Айрим ҳолларда унувчанлиги 90 %, тозалиги 97 % бўлган III-синф уруғларни ҳам экиш мумкин, улар асосан уруғлик учун фойдаланмайдиган далаларга экилади.
Кейинги йилларда ёғингарчиликнинг кўп бўлиши оқибатида нўхатнинг илдиз чириш, фузариоз ва аскохитоз касалликлари билан ўсув даврида зарарланиши натижасида дон ҳосилининг кескин камайиб кетишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун экишдан 7-10 кун олдин бир тонна уруғ учун Витавакс 200 ФФ препарати 2,5 л, Геркулес 6 % с.э.сус. 0,5 л, Виал-ТрасТ 12,9 % с.сус.к. 0,3 л, Раксил 0,7 кг, Дармон-4 3,0 кг, Барака препаратини 0,4 кг меъёрида қўллаш тавсия этилади.
Лалмикор ерларда ёғингарчилик баҳор ойлари кўп бўлган йиллари нўхат илдизларида тугунаклар ҳосил бўлишини фаоллаштирадиган “Псевдоризобин” биологик препаратини 1 тонна уруғга 10 кг қўллаш тавсия этилади. Бунда бу препарат билан эрталаб ва кечки салқинда 10 л сувга аралаштирилган ҳолда уруғлар ишлов берилади ва зудликда уруғлар қуриб қолмасдан экиш ишлари ўтказиш талаб этилади.
Экиш муддатлари. Нўхат эрта баҳорги экин. У эрта баҳорги дон экинлари билан бир вақтда экилади. Тупроқни уруғ экиладиган қатламида ҳарорат +6 +70С га етиши уруғ экиш учун энг қулай муддат ҳисобланади. Республикамизнинг жанубий вилоятларида нўхат февралнинг охирги ва мартнинг биринчи ўн кунликларида экилади. Лалмикор майдонларда текислик қир-адирлик минтақасида март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқ. Тоғ олди ва тоғли минтақаларда жойлашган лалмикор майдонларда эса март ойининг учинчи ва апрел ойининг биринчи ҳамда иккинчи ўн кунликларида экиш энг мақбул муддат ҳисобланади.
Нўхат навларини экиш қатор оралари 45 ёки 60 см қилиб ғалла экиш сеялкаларида олиб борилади. Бунда экиш меъёри гектарига Лаззат ва Ўзбекистон-32 навларида 55-60 кг, Юлдуз, Жаҳонгир ҳамда Ирода-96 навларида 65-70 кг ни ташкил қилади.
Лалмикор майдонларда тупроқнинг механик таркибига қараб экиш чуқурлигини 4-5 см этиб белгиланади.
Парваришлаш. Нўхатнинг ўсиш ва ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун майсалар униб чиқмаган майдонларда бир йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун зиг-заг ўткир тишли бороналар билан тупроққа ишлов берилади.
Бу тадбир тупроқ қатқалоғини йўқотиб, майсалар текис униб чиқишига ва намликни сақлаб қолиш имконини яратади.
Апрел ва май ойларида пайдо бўладиган кўп йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун қатор оралари культиватор ёки қўл кучи ёрдамида ишлов берилади. Нўхатда учрайдиган аскохитоз касаллиги об-ҳаво серёғин келган йиллари ҳаво ҳарорати ривожланишига қулай келган даврда кучли зарар келтириши мумкин. Бу шароитда нўхатнинг қатор ораларига кўпроқ ишлов бериш ҳамда гектарига Фоликур, Байлетон, Бампер, Дуплет ТТ препаратларини 1,0 л, Титул препаратини 0,5 л ҳисобида қўллаш эвасига ўсимликларнинг нобуд бўлишининг олди олинади.
Ҳосилни йиғиб олиш. Нўхат донлари асосан 85-90 % пишиб етилгандан сўнг ғалла ўриш комбайнлари барабанларини дақиқасига 400-500 айланишига ростлаб ўрилади. Шунингдек қўл кучи ёрдамида пояси билан ўриб олинади ҳамда дала шароитида ёки махсус майдонларга келтириб янчилади.