QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Тўқсонбости экинлар – мўл ҳосил гарови

  • 07.11.2020

Мамлакатимиз аҳолисини эртаги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида, ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан – сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, сельдерей, салат кабиларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бунинг учун кузда асосий экинлардан бўшаган майдонларни сифатли ҳайдаб, совуққа чидамли экинларни экиш зарур. Чунки эрта баҳорда ёғингарчилик ҳисобига ернинг етилиши, айниқса, ўтлоқи ерларда қийин бўлиб, эртаги экинларни экиш муддатлари чўзилиб кетиши мумкин. Шунингдек, тўқсонбости усулида экилган сабзавот уруғлари кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига ҳосил эрта етилади.

Жорий йилнинг 5 ноябр куни Андижон вилояти Асака тумани Ғалаба массивидаги “Муҳаммадсодиқ келажаги буюк” фермер хўжалиги дала майдонида  Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Бош директори Б.Сулаймонов бошчилигида “Тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш ва парваришлаш” бўйича кўргазмали дала  семинари ташкил этилди.

Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиқлари Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти олимлари, туман ҳокимияти мутасаддилари, вилоят мева сабзавотчилик бўлими мутахассислари, фермер хўжалик  рахбарлари ва шу соҳага тегишли бўлган мутасаддилар қатнашдилар. Ушбу кўргазмали дала семинарида 100 дан ортиқ фермер хўжалиги рахбарлари иштирок этиб, олим ва мутасаддилардан ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб ва тавсиялар олдилар.

 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати