QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Ўзбекистонда илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини тубдан ривожлантиришга киришилди

  • 14.07.2020

Бугун, 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти фаолияти билан яқиндан танишиш, у ердаги мавжуд муаммоларни ўрганиш юзасидан мазкур институтга ташриф буюрди.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари  илмий-тадқиқот институти

Ташриф давомида дастлаб институтда олиб борилаётган таъмир ишлари, тажриба майдонлари, лабораториялари билан танишилди. Ушбу объектлар ўрганилиши жараёнида, ҳар соҳада бўлгани каби, мамлакат қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш учун соҳа илмини кучайтириш, тараққий эттириш кераклиги айтиб ўтилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти 1922 йилда ташкил топган. Бугунги кунда институтда 574 нафар ходим фаолият кўрсатиб, 36 нафар фан докторлари илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Институтда ғўза коллекцияси ёввойи намуналарини тирик ҳолда сақлаш, янги ғўза навларини яратишда селекцион жараённи қисқартиришга ва турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли ашёларга баҳо беришга мўлжалланган “Фитотрон” ноёб объекти ҳамда кўп йиллик ғўза монокультура тажриба даласи мавжуд.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқ хўжалиги илм-фанидаги ривожланишни кейинги босқичга олиб чиқиш учун мавжуд муаммоларни бартараф этиш лозим бўлади.

Илмий салоҳиятни кучайтириш, моддий-техник базани модернизация қилиш, турли янги йўналишларни ташкил этиш билан соҳада концептуал ўзгаришларга эришилади, – дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Аграр соҳада илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқаришни  ўзаро боғланган ҳолда ривожланиш тамойили бугунги кунда асосий вазифалардан бирига айланиб бормоқда. Янги билим ва инновациялар тизимида Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган “Агрохизматлар маркази” ишлаб чиқариш эгалари бўлмиш агробизнесчилар, агротадбиркорлар, соҳа иқтисодчилари имкониятларини кенгайтиради.

Ишчи гуруҳ томонидан Институтнинг “Фитотрон” мажмуаси шароитида сунъий равишда тажриба синовлари натижалари атрофлича кўздан кечирилди. Хусусан, мажмуада намлик, ёруғлик, ҳарорат каби турли факторларнинг пахта ўсимлигига таъсири, янги ҳосилдор навларни яратишдаги ташқи муҳитнинг ўрганилиши борасида маълумотлар келтириб ўтилди. Жаҳон пахтачилик стандартларининг энг яхши кўрсаткичларини қўлга киритиш учун хорижий мутахассислар билан бирга иш олиб бориш, хорижий тажрибаларни ушбу секторга жалб қилиш, янги-янги инновацияларни тадбиқ этиш айни муддао эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти “Фитотрон” мажмуаси

Қарийб бир асрлик тарихга эга мазкур институтда ғўза генетикаси, селекцияси, уруғшунослиги, пахта етиштириш агротехнологиялари бўйича қатор ишлар амалга оширилган. Шундай эса-да, бу борада стратегик йўналишлар ҳамда истиқболли илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун институт фаолиятини тубдан такомиллаштириш, моддий-техник базасини модернизация қилиш, энг асосийси эса, кадрларни қўллаб-қуватлаш, замонавий ускуналарни соҳага тадбиқ этиш янги тенденцияларни яратиш каби аниқ масалалар ўз ечимини топганича йўқ.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, учрашув мобайнида бир қатор муаммолар қайд этилди. Хусусан, институтдаги лабораторияларда фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш учун зарур бўлган замонавий асбоб-ускуналар етарли эмаслиги, мавжудларининг эскириб, бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, институт илмий ходимлари фаолияти фақат Давлат грантларига асосланаётгани, соҳа бўйича замонавий илмий ишланмаларни яратиш ва уларни жорий этишда чет эл ҳамкор ташкилотлари билан алоқалар ривожлантиришда молиявий имкониятларни етарли эмаслиги маълум бўлди.

Юқоридаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан қуйидаги таклифлар киритилди ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Жумладан,

  • Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг бугунги кунда пахта кластерлари билан ҳамкорлигини жадаллаштириш ва пахтачиликдаги BCI  сертификация тизимини жорий қилиш борасидаги ҳамкорлигини йўлга қўйиш. Бунда Германия Халқаро ҳамкорлик  ташкилоти томонидан республикамизда  пахтачилик саноатида барқарор ва  қўшимча қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси имкониятидан кенг фойдаланиш ва бу борада халқаро экспертларнинг тавсияларини амалиётга жорий қилиш, пахтачилик кластурларининг самарадорлигини ошириш бўйича таҳлилий изланишларни кенгайтириш;
  • Жаҳон банкининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш лойиҳаси доирасида институтга ажратиладиган маблағларни соҳани бугунги эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда модернизация қилиш бўйича истиқболли ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган тадбирларга йуналтириш;
  • Пахтачиликда эришилган илмий ютуқларни амалиётга кенг жорий этишда янги яратилаётган “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими” AKIS имкониятларидан кенг фойдаланиш.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти тажриба майдони

Учрашув давомида институтнинг келгуси фаолияти ҳақида ўзаро фикр алмашиниб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.