QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Кўчат усулида шоли етиштириш

  • 11.05.2020

Кўчат усулида шоли етиштириш

      Ғалла, жумладан шоли етиширишда юқори кўрсаткичларга эришиш учун суғориладиган майдонлардан унумли фойдаланилган ҳолда икки маротаба ҳосил олиш лозим. Чунончи кузги ғалладан кейин шолини кўчат усулида такрорий экин сифатида экин, мўл ва юқори сифатли ҳосил етиштириш имкониятлари мавжуд.

Экиш учун кўчат тайёрлаш.Кўчатлар махсус далаларда етиштирилади. Дала эса кузда 25 см. чуқурликда шудгор қилинган, яхшилаб текисланган ва гектарига 30-40 т чиритилган гўнг солинган, етарли даражада аммофос билан ўғитланган соз тупроқли унумдор ер бўлиши, сув сатҳини бир меъёрда ушлаб туришга мос ҳамда керак пайтда оқизиб юбориш учун бошқа майдонларга нисбата баланроқ жой танланиши лозим.

 Ер  уруғ сепишга тайёр холга келтирилгач гектарига 40-50 кг соф азот, 40-50 кг фосфор ва 50 кг. калий берилиб аралаштирилади.

 Ўзбекистонда экишга тавсия этилган барча шоли навлари кўчат усулида экишга яроқли бўлиб, асосий экин сифатида экиш учун кечпишар (УзРОС-7/13, Лазурний, Мустақиллик), ўртапишар (Истиқбол, Истиқлол, Илғор, Искандар), такрорий экин сифатида экиш учун ўртапишар ва эртапишар (Нукус-2, Нукус-70, Гулжахон, маҳаллий арпа шоли турига мансуб навлар)  шоли навлариниэкиш мумкин.

 Шолини асосий экин сифатида экиш учун апрель ойининг биринчи ўн кунлигида, такрорий экин сифатида эса май ойининг иккинчи ярмида кўчат тайёрлашга киришилади. Бунда 1 гектар майдонга 650-700 кг. уруғ 1-2 кун сувда ивитилиб сепилади. Бу майдондаги кўчатлар 10 гектар асосий  майдонга кўчириб ўтказишга етарлидир.

Кўчатлар ёши, яъни кўчириб асосий далага ўтказиладиган шоли майсаларининг кўчатзорда туриш даври эртапишар навларда 25-30 кунгача, ўртапишар навларда 35 кунгача, кечпишар навларда 40 кунгача бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Кўчатларни кўчириб олинишидан 4-5 кун олдин гектариаг 50 кг. соф ҳолда азот билан озиқтантирилса, улар бақувват бўлиб янги ерга тезроқ  ўрнашиб кетади.

Механизмлар билан экиш учун кўчат тайёрлаш. Шоли кўчатларини механизмлар билан экиш учун улар махсус кассеталарга экадиган линиялар (HS-5M) билан ёки бунда экиш линиялар бўлмаган тақдирда қўлда сепиб экишга тайёрланади. Кассеталар учун махсус майда тешикли ғалвирдан ўтказилиб, унган қум, органик ва минерал ўғитлар аралаштирилади. Бунда органик ўғит ( чиритилган гўнг) билан 1:3 нисбатда, яъни 1 қисм гўнг, 3 қисм тупроқ бўлиши лозим, қум эса умумий аралашманинг 10% ини ташкил этади.

 Кассеталарда майсалар тўлиқ ҳосил бўлгандан сўнг, уларнинг талабига  қараб, азотли ўғит билан озиқлантиришнинг умумий меъёрининг 15-20 % нитрат ҳолида берилади.

 Кассеталарга HS-5M линияси тупроқ сув уруғларни белгиланган меъёрларда жойлаб сифатли экади. Линия йўқ бўлган шароитда кассеталарга 2,5 см. қалинликда тупроқ аралашмаси, 250-300 гр. шоли уруғи бир текис солиниб, усти 0,5 см. тупроқ аралашмаси билан ёпилади ва доимий 100 % намликда  ҳамда 1-2 см. қалинликдаги сув сатхида парваришланади.

Хўжаликда линия ҳам, кассета ҳам бўлмаса текис ерга оддий тешикли плёнка тўшалб унга 2,5-3 см. қалинликда тупроқ-гўнг ўғитлар аралашмаси солиниб ёғоч рейкалар билан 30 см. энликда бўлиб чиқилади ва уруғлар сепилиб парваришланади.

Кўчатлар экишга таёр ҳолга келганда 60. см узунликда қирқиб олиниб,экиш машинасига жойлаштирилади.

Республикамизда шолини механизация ёрдамида кўчат қилиб экишда бир иш кунида 1-3 гектар майдонга сифатли қилиб кўчат экиш мумкин.

Асосий экин экиш учун ерни тайёрлаш. Ерни тайёрлаш кузги шудгорлашдан бошланади. Шудгорланган дала баҳорда мола–борона билан ишлов берилиб, узун базали текислагичлар билан даланинг диагонали бўйлаб қирқиб текисланади.

Осма чизеллар билан тупроқ юмшатилиб шолипояларга сув бостирилади ва сувда текисланади. Кўчат экишдан олдин сув бостирилганда далаларга фрезалар ёрдамида ишлов берилади.

Кўчатлар қўлда экиш шароитида шолипояларда 5-7см., машиналар ёрдамида экигланда 1-4 см қатламида сув бўлиши тавсия этилади. Қўл билан экилганда кечпишар навлар учун 20х15, ўртапишар навлар учун 15х15 см., ҳар бир уяга 1-2 дона, машиналар билан экилганда мос равишда 30х16, 30Х14 см., ҳар бир уяга 3-5 дона кўчат экилади.

Такрорий экин экиш учун ерни тайёрлаш. Бошоқли дон экинларидан бўшатиладиган майдонлар ғалла қолдиқларидан тозаланиб, 15-20 см. чуқурликда шудгор қилинади. Шудгор мола-борона қилиниб, далаларнинг табиий текислигига мос равишда поллар олинади. Сўнгра сув бостирилиб, сувда фреза билан ишлов берилади.

Кейинги босқичда бажариладиган агротехника тдбирлар шолининг асосий экин сифатида экишдаги сингари бўлиб, фақат экиш тасвирида ўзгаришлар мавжуд, яъни қўлда экилганда ўртапишар навлар учун 15х15, эртапишар навлар учун 15х10 см, машиналар билан экилганда  мос равишда 30х1, 30х10 см қилиб экилади.

Ҳар иккала усулда ҳам сув қатамини 2-3 кундан сўнг 8-10 см. қалинликка кўтарилади. 5-6 кундан сўнг эса йиллик азотли ўғит меъёрининг учдар бир қисми берилади. Бегона ўтларга қарши кураш чора тадбирлари зарурат туғилган шароитларда амалга оширилади. Кейинги бажариладиган агротехнологиялар мавжуд шоли етиштириш тавсияномалари асосида олиб борилади.

Х. ИДРИСОВ, Шоличилик илмий-тадқиқот институти
 матбуот хизмати ходими.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати