QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Эртаки картошка бозорда нархни мўтадиллаштиради

  • 25.03.2020

Эртаки картошка бозорда нархни мўтадиллаштиради

Картошка ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири экин навини тўғри танлаш ва сифатли уруғлик экишдир. Ҳозирги кунда кўпроқ эртапишар “Латона”, “Фреско”, “Ред” “Скарлет”, ўртаги эртаги “Розара”, “Кондор”, “Марфона”, “Романо”, “Курода, “Санте”, “Диёра”, ўртапишар “Тўйимли”, “Умид”, “Кўк сарой”, “Серҳосил”, “Аладин”, “Аринда”, “Арнова”, ўртаги кечки “Ақроб”, “Мондиал”, “Диамант”, “Пикассо” ва бошқа навлар экилмоқда.

Картошка  ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12-15% ошириб, 10-15 кун эрта пишишига имкон беради.

Уруғлик картошкани ундиришга қўйиш олдидан сараланиб, чириган, эзилган ҳамда касалга чалинганларидан ҳоли қилиниб, соғлом тоза туганаклар ундириш хоналарига қўйилади.

Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30-35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20-25 кун илгари қўйилади.  

Ундириш хонасида ёруғлик ва 18-220 С даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40-60, 60-80, 80-100 гр.) саралаб ундириш хонанинг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2-3 қатламдан оширмай ёки 12-20-25 кг. қутиларга қўйилиши лозим. Уларни яшил нишлари экиш давригача 0,5-1 см.дан ошиқ ўсиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Акс ҳолда экиш даврида синиб кетади. Агар қўлда қўйиб кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса, нишларини 3-4 см гача ўстириб экилса ундан ҳам яхши бўлади. Уруғликларни катта кичикларига қараб алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлишини таъмин этади.

Оғирлиги 100 гр.дан катта туганакларни баҳорда экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади. Туганаклар кесилганда уларни униб чиқиши бироз кечикади.

Уруғни эрта баҳорда марказий минтақалар - Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Фарғона водийси учун 10 мартгача, жанубий минтақлар - Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари учун 1 мартгача, шимолий минтақа Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун 20 мартгача ҳисобланади.

Картошка учун энг яхши ерлар бу намлик ва органик моддалар билан тўлиқ таъминланган агрофизик хусусиятлари яхши бўлган тоғ ҳудудлари, тоғ олди ва қуйи дарё бўйидаги гидроморф тупроқлар ҳисобланади. Картошка оч енгил ўрта қумоқли соз тупроқларда ҳам яхши ҳосил беради.

Картошка учун яхши ўтмишдош экинлар бу карам, бодринг, полиз экинлари, пиёз, илдизмевалар, бошоқли дон хисобланади. Беда кечки картошка учун энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Картошкани такрорий экиш учун эртаги сабзавот ва донли экинлар етиштирилгандан кейин жойлаштириш мумкин.

Ерларни тайёрлаш октябрь ойининг иккинчи ярми ёки ноябрь ойининг дастлабки 15 куни мобайнида амалга оширилади. Бунда аввал майдонлардаги ўсимлик қолдиқлари ЧКУ-4А русумли юмшатгич ва бороналар ёрдамида ташқарига чиқариб ташланади ёки КИР - 1,5Б русумли майдалагич ёрдамида майдалаб чиқилади. Кейин майдонларнинг нотекис қисми текислаш мосламалари билан текисланади.  

Текисланган майдонларга фосфорли ва калий ўғитлари йиллик меъёрининг 70% ва ҳар гектар ҳисобига камида 25- 30 тоннадан маҳаллий ўғитлар РОУ-6 русумли ўғит сочгич билан бир текис сочиб чиқилади. Ўғитлар сепиб бўлингач, майдонлар ПЛН-3-35 русумли плугда 30-35 см. чуқурликда ҳайдалиб, ЧКУ-4А, ЧК-4/6 русумли чизел билан 18-20 см. чуқурликда кетма-кет юмшатилади, кейин эса КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор ёрдамида 70 см. ёки 90 см. оралиқда суғориш эгатлари олиниб экишга тайёрлаб қўйилади.

Экиш тугаллангач, уруғлар униб чиқадиган давргача ёғингарчилик кўп бўлиб, эгат устида қатқалоқ вужудга келган майдонларга уруғларнинг бир текис, тўлиқ униб чиқишини таъмин этиш учун сеткалик енгил бороналар ёрдамида бир-икки маротаба ишлов берилади. Бу ишни кичик майдондаги томорқа, деҳқон - фермер майдонларида хаскаш билан эгатларни устига ишлов берилса қатқалоқ бузилиб бир йўла чиқиб келаётган ўтлар ҳам йўқотилади.Экилган картошка уруғлари ердан тўлиқ униб чиққач, қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан 14-16 см. чуқурликда  юмшатилади. Бунда 10-12 см. ҳимоя майдони қолдирилади.

Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар ўсув даври давомида ўтлоқи тупроқли майдонларда 4-6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5-7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида   қатор оралари 10-12 см. чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир мақсадида КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан ўсимликлар шоналагунча амалга оширилади.

Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик ҳисобланади. Бинобарин, ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доим етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди, палаги ўсган сари унинг сувга талаби ортаверади. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доим сернам бўлиши лозим. Акс ҳолда буғланиш (транспирация) ва фото синтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқмоддалардан фойдалана олмай ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин суғорилганида эса, туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Ўзбекистонда картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75-80% бўлиши керак. Ана шунда ўсимлик яхши ўсиб ривожланади.

         Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75-80% дан кам бўлмай сув даланинг 70 см. Ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 400-450 м3 ҳисобидан ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупроқли ерларда эса бундан кўра озроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкани неча марта суғориш унинг қайси муддатда экилишига қараб белгиланади.

         Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5-6 кунда суғоришни талаб қилади. Шу тартибда суғорилганда фақат ўсимликнинг чанқови қондирилмасдан, балки қизиб ётган тупроқ ҳарорати ҳам анча пайсайтирилади.

Ҳаво ҳаддан ташқари исиб кетган пайтларда эртаги картошкани ҳар 5-6 кунда эмас, балки 3-4 кунда кечаси суғоришни фойдалидир. Кечаси суғорганда тупроқ батамом намлангандан кейинорадан 1-2 кун ўтказиб яна суғориш керак. Картошкага сув тунда жилдиратиб таралиши, яъни гектарига 250-300 м3 ҳисобидан қўйилиши лозим.

Картошка ўсимлиги асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Республикада асосан картошка икки муддатда, яъни эртаги ва кечки қилиб экилади. Картошкадан ўртаги ваэртаги муддатда экиб 20 тоннадан ҳосил олиш учун қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда  картошка етиштирилганда гектарига соф ҳолда 220 кг. азот, 170 кг. фосфор, 115 кг.калий бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 180 кг. азот, 150 кг. фосфор, 100 кг. калий бериш тавсия этилади. Кучсиз шўрланган, ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 200 кг. азот, 150 кг. фосфор, 100 кг. калий бериш керак. Картошка бедапоядан сўнг экилганда эса йиллик азот миқдор 25-30 % кам берилади, азот, фосфор, калий нисбати 1:1:0,8га тенг бўлади.

Бедапояга экилмаганда эса, тупроқ унумдорлигини мўтадил сақлаб туриш учун гектарига 20-25 тоннадан ярим чириган гўнг берилади. Режалаштирилган ҳосилга белгиланган маъдан ўғитларни 70-75% фосфорли, калийни жаъми кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25% фосфор, 20-25% азот билан экишга эгат олишда экиш билан беришни тавсия этамиз. Қолган азотни 30-35 %, туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50 % эса қийғос шоналашда берган маъқул.

 Шўрланмаган ерларда азот ўғитларидан сульфат аммоний, калий ўғитларидан  эса сульфат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Агарда ер шўрланган бўлса азот ўғитини аммиак селитраси ҳолида берган маъқул. Калий ўрнига суғоришда шарбат усулидан фойдалангани яхши натижа беради.

Фахриддин РАСУЛОВ, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти илмий котиби, қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори, катта илмий ходим.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати