QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Илмий даражага эга шахсларнинг маошига қўшимча ҳақ тўланади

  • 21.02.2020

Илмий даражага эга шахсларнинг маошига қўшимча ҳақ тўланади

 

 Давлатимиз раҳбарияти томонидан илм-фанни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, илм аҳлини қўллаб-қувватлаш Президентимизнинг доимий эътиборидадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, шунингдек, кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ва таълим соҳасида юқори малакали кадрларнинг билим ва тажрибаларини амалда қўллашни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 24 декабрда "Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида" қабул қилинган қарорлар фикримизга мисол бўлади.

Ушбу қарорга кўра, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) илмий даражасига эга шахслар учун  лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилган.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда мазкур қарорнинг мазмун-моҳият хусусида сўз борди.

Инноваион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ш.Отажонов илм-фан соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби ва мезонлари, шунингдек, ҳажми ва муддатлари юзасидан тушунтиришлар берди.

Семинарда агросаноат мажмуига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, илмий котиблар ҳамда бош ҳисобчилар иштироқ этишди.

Семинар иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати