QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Пахтачилик истиқболига бағишланди

  • 27.03.2019

Пахтачилик истиқболига бағишланди

 
Пахта хом ашёсининг ялпи ҳажмини кескин камайтирмаган ҳолда сифатини яхшилаш, имкон қадар катта қисмини мамлакатимизда қайта ишлаш муҳим вазифалардан биридир.
 
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида бўлиб ўтган ”Қишлоқ хўжалиги тараққиёти: қонунчилик, технологиялар ва инновациялар” мавзусидаги семинарда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, хусусан, пахтачилик истиқболи ҳақида сўз борди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Инновацион ривожланиш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тошкент давлат аграр университети масъуллари ва соҳага алоқадор вилоят ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
 
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш доимо долзарб вазифа ҳисобланган. Боиси, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси мазкур соҳа ривожига боғлиқ. Соҳани барқарор ривожлантириш учун эса инновацион фаолиятни кенгайтириш лозим. Бу борада мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг етакчи тармоқларидан бўлган пахтачилик йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур йўналишда илғор тажриба ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда қатор оралатиб, эгилувчан қувурлар ва томчилатиб суғориш тизими кенг жорий этилмоқда.
 
Тадбирда қайд этилганидек, пахтачиликни ривожлантириш, хусусан, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жалб этиш мавжуд меҳнат, ер, сув ва бошқа моддий ресурсларни тежаш имконини яратади.
 
Амалий мулоқотда пахта етиштирувчи етакчи давлатлар, жумладан, АҚШ ва Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси ўрганилиб, унинг қайси жиҳатларидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр алмашилди.
 
Анжуманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни замонавий талаблар асосида инновацион ташкил этиш, аграр соҳани ислоҳ қилишда унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, техник ва технологик янгилаш ҳамда замонавий бошқарув тизимини жорий этиш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
 

 

  Манба: ЎзА