QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Паррандачилик: кластер ва самарадорлик

  • 14.03.2019

Паррандачилик: кластер ва самарадорлик

 
Фарғона вилоятида паррандачилик кластери ташкил этиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Кластер фаолиятида тухум етиштиришдан бошлаб озуқа базаси яратиш, лаборатория ва инкубаториялар ташкил этиш, товуқ парваришлаш, сўйиш, бўлакларга ажратиш цехлари, қадоқлаш ва экспортгача бўлган барча жараён қамраб олинади. Бу борада тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, соҳага инновацион ғоя ва замонавий технологияларни жалб қилиш мақсадида Германия, Бельгия, Италия ва Россия сингари давлатларнинг йирик компаниялари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
 
Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
 
– Паррандачилик тармоғини ривожлантириш мақсадида давлатимиз томонидан лойиҳаларни молиялаштириш учун паррандачилик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, 2021 йил 1 ноябрга қадар импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб-ускуна ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилди, – дейди Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси тасарруфида ташкил этилган паррандачилик кластери раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Ҳокимлик кўмагида озуқа базаси яратиш учун 524 гектар ер ажратилди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан импортни камайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича паррандачилик кластерлари олдига қўйилаётган устувор вазифалар ижросини таъминлаш имконини беради.
 
Таъкидлаш жоизки, корхонада жўжа боқиш, тухум жойлаштиришга мўлжалланган картон қутилар тайёрлаш каби 9 та цех фаолият кўрсатмоқда. Кластер тизими асосида ойига 100 минг бош жўжа очиришга мўлжалланган инкубация цехи ҳамда битта замонавий товуқ сўйиш цехи қурилаётир. 70 киши меҳнат қилаётган корхона томонидан ойига 2,5-3 миллион дона тухум Фарғона водийси ва Тошкент шаҳри бозорларига етказиб берилмоқда. Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Айни пайтда корхона маҳсулотлари экспорти географиясини янада кенгайтириш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқилаётир.
 
6.JPG
 
Кластер тизимига ўтилгач, халқаро сифат кафолатини таъминлаш, жаҳон бозорида корхона брендини яратиш мақсадида Голландиядан маркировка жиҳозлари олиб келинди. 2019 йилда 50 дан ортиқ ва 2020 йилда 100 га яқин янги иш ўрни яратиш эвазига сўйиш ва гўшт цехлари қуриш, қадоқлаш линияси, музлатгич омборхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. 2 миллиард сўмлик янги техника воситалари харид қилинади ҳамда корхона тўлиқ тухум ва гўшт етиштириш тармоқларига ихтисослашади.
 
– Кластернинг энг муҳим жиҳати шундаки, озуқа базаси илгари асосан сотиб олинган бўлса, бундан буёғига фақат ўзимиз етиштирамиз, – дейди корхона бош ҳисобчиси Ҳасанбой Рабиев. – Бу йил буғдой, маккажўхоридан ташқари, соя, тариқ экиш бўйича ҳам тажриба-синов йили бўлади. Экин турлари ҳосил салмоғи ва сифатига қараб озуқа базаси яратилади. Шу мақсадда ажратилган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент трактор заводидан 4 та техника харид қилиш учун келишув ишлари амалга оширилмоқда. Инкубатория капитал реконструкция қилиниб, апрель ойидан аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилотларга буюртма асосида жўжа етиштириб бериш ишларига киришилади. Айни жараёнда товуқ гўнгини қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалиги учун маҳаллий ўғитлар тайёрлаш ҳам режалаштирилмоқда.
 
Паррандачилик тармоғида катта салоҳият ва илмий-амалий тажрибага эга корхона мутахассислари томонидан соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирганлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда.
 
Манба: ЎзА