СУҒОРИЛАДИГАН МАЙДОНЛАРДА МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИШ
ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ
Ер танлаш. Помидор ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар помидор учун унчалик ярамайди.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Карам, бодринг ва пиёз помидордан олдин экиладиган энг яхши экин ҳисобланади. Помидорни помидордан, қалампир, картошка, бақлажондан кейин экмаслик лозим, сабаби улар бир хил касалликларга эга. Помидор экилган ерга камида уч йилдан кейин яна помидор экиш мумкин.
Навлар. махаллий Боходир, ТМК 22, Ситора, Шарқ юлдузи, Сурхон 142, чет элнинг Волгоград 5/95, Рио гранде, Султан, Н 2274, Белла Роса нав ва дурагайларини экишга тавсия этилади.
Уруғларни экишга тайёрлаш. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50-520С ва 24 соат 800С қиздирилади, кейин 3 минут 5% ли шўр сувда сараланади. Ташқари инфекция ва касал чақирувчиларни йўқотиш учун экишдан 5-15 кун олдин уруғлар ТМТД (1 кг уруғга 6-8 г) билан дориланади.
Кўчат тайёрлаш. Кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,5м, кенглиги 1-1,2 м ва узунлиги ихтиёрий равишда хандаклар қазилади. Хандакларга 15-20 см қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб хар 10x10 см ораликда тешиб чиқилади. Унинг устига 40% тупроқ+ 40% чириган гўнг + 20% ёғоч, шоли қипиғи ёки қумдан иборат аралашма тайёрланиб 8-10 см қалинликда солинади ва текисланади.
Ҳар гектар очиқ майдонга етарли (55-60 минг) миқдорда кўчат етиштириш учун 140-150 м2 майдон талаб этилади.
Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари уруғини сепишнинг муқобил муддатлари қуйидагича: февралнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлиги, ўртапишар ва ўрта кечпишар навларининг уруғи кечки маҳсулот олиш учун мартнинг биринчи ўн кунлигида сепилади.
Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 350-400 грамм ҳисобида уруг сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида ҳар 1 м2 майдонга 10 г уруғ, кўчирмай жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 2,0-2,5 г ҳисобида уруғ сепилади.
Сепилган уруғлар устига 0,7-1,0 см қалинликда чиринди ва қипиқ аралашмаси солинади ва сув сепилади. Уруғ сепилган хандакларни устига тол новдалари ёки симлардан тайёрлангак ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига қамиш ёки похолдан тўқилган тўшамалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагини ёритгич мосламалари билан иситиш хам мумкин.
Кўчатларни кўчириб ўтказиш усулида уруғлар ердан униб чиққач 2-3 тадан чин барги пайдо бўлган даврида уларни озиқа майдони кенгайтирилиб, 5x6 см оралиқда кўчириб экиб парваришланади. Кўчириб экилган ниҳоллар тутиб олгач орадан 10-12 кун ўтгандан кейин уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда хар 10 литр сувга 13-15 грамм азотли, 18-20 грамм фосфорли ва 15-20 грамм калийли ўғитлар солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма хар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан 15-18 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар микдори икки маротаба кўпроқ қўшилган холда бажарилади.
Тайёр бўлган помидор кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см ва улардаги барглари сони 6-8 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.
Ерни экишга тайёрлаш. Помидор экиш режаланган майдонларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимлик қолдиқларини СИ-1,8 майдалагичи билан майдалаб сочиш, сўнг РТП-5 русумли махаллий ўғит сепиш мосламаси ёрдамида гектарига 25-30 тонна гўнг сочиб чиқилади. Минерал ўғитлардан фосфор ва калийнинг йиллик меъёрининг 75% РМУ-0,75 мосламада сочиб чиқилиб, кейин майдонни 28-35 см чуқурликда хайдалади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14-16 см чуқурликда чизеллаб чиқилади ва мола босилади. Молалашдан кейин КХО-3,6 ёки КОН-2,8А русумли юмшатгичлар билан нишабли майдонларга 70 см қатор оралиғида, текис ер ости суви яқин бўлган майдонларга эса 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.
Кўчат экиш ва парваришлаш. Ёши 40-45 кунлик помидор кўчати эртапишар навлар апрелнинг I-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг II-III ўн кунлигида ҳамда майнинг I-II ўн кунлигида экилади. Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70x25 (30) см, текис майдонларда 90x25(30) см, узун палакли навлар 90x40 см тизимида экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур.
Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилгач 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва лентадан кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади.
Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, иккинчи ишловга, культивациялашга киришилади. Культивациядан сўнг чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Бу ишларни механизация ёрдамида ўтказиш учун ўғитлаш пайтида тупроқ уйгич ерга чуқур солинади.
Помидор ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл хосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам хаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун эгат оралатиб сугорилади.
Помидорни кўчатсиз қора плёнка билан мулчалаб етиштириш технологияси. Эни 50 см кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан экиш эгатлари мулчаланади. Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ билан ёпилади. Плёнканинг эгат юзасидаги очиқ қисмини симметриясидан ҳар 30 см оралиқда 2-2,5 см кенгликда тешилиб, 1,5-2 см чуқурликда помидор уруғлари экилади. Қора плёнка экилган уруғларини эрта ва тўлиқ униб чиқишини таъминлайди.
Майдоннинг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларни униб чиқиши ва ўсиб ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ўсимликларнинг илдиз қисми баъқувват бўлиб ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ катламигача ўсиб бориши таъминланади. Помидор ўсимликларини курғоқчиликка ҳамда касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширади.
Экиш схемаси: 70х30 см, (140х30)2 см. Ўсимликлар сони - 47,6 минг дона/га. Экиш муддати: 20 март - 5 апрел. Плёнканинг қалинлиги-12-15 мк. Плёнка сарфи - 100 кг/га.
Томатдош экинларни кўчатлар орқали етиштиришга нисбатан уруғлари билан экиб, қора плёнка орқали мулчалаб парваришлаш усулини қўллашда 20 дан ортиқ технологик жараёнлар қисқаради, сув сарфи 15-20% иқтисод қилинади ва ҳосилдорлик 18-20% ошиши таъминланади. Кўчат етиштириш учун кетган сарф-харажат қисқаради.
Помидорни ўғитлаш. Ўтлоқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларга гектарига 20 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.
Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 440 кг, аммофос - 261 кг, калий хлор - 160 кг.
Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у холда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади. Ҳайдовдан олдин аммофос - гектарига 196 кг, калий хлор - 120 кг.
Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда: аммофос - гектарига 64,8 кг, калий хлор – 40 кг, карбамид-220 кг ёки сульфат аммоний - гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.
Иккинчи озиқлантиришда - ўсимликнинг биринчи ва иккинчи тўпгулни ялпи гуллаши даврида: карбамид гектарига - 220 кг ёки сульфат аммоний гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.
Бўз тупроқлар. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқлар гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади.
Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50% га камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат)лар қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус - гектарига 8 тонна, вермигум 8 тонна, органик микробиологик ўғит - 20 кг, биоазот-гектарига 2 литр қўллаш самарали ҳисобланади.
Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.
Помидорни суғориш. Помидор кўчати учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 75-80%, бўлиши лозим. Кўчат қилиб ўстирилган ва ер юзида илдизлар ҳосил қилган ўсимликлар, уруғдан экилиб илдизлари бир мунча чуқур таралган экинларга қараганда сувга анча талабчан бўлади. Помидорни сизот суви юза ерларга экиш ярамайди. Помидор қуруқ иқлим шароитида ўстирилганда ҳамма вақт тупроқ сернам бўлиб туришини ҳоҳлайди.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда помидор ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал гектарига 500 - 600 м3 ҳисобидан 18-20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ–ботқоқ тупроқли ерларда 12-15 марта суғорилади. Аммо бундай ерларда гектарига 600-800 м3 ҳисобидан сув бериш керак.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш: Агротехник тадбирлар. Алмашлаб экишни қўллаш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш. Вирус касаллигига чидамли помидор навларини экиш. Уруғни экишга тайёрлашда мажбурий тадбирлардан бири уларни вирусли ва бактериал касалликлардан ҳоли қилишдир. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат довомида 50-52 0С ва 24 соат 80 0С қиздирилади, кейин 3 минут 5% ли шўр сувда сараланади.
Инфекция ва касал чақирувчиларни йўқотиш учун экишдан 5-15 кун олдин уруғларни фунгидцидлар (2% ли 34% Витавакс, 1,5% ли 60,7% Превикур) билан дорилаб экиш тавсия этилади. Иссиқхоналардан оққанотни тарқалишига йўл қўймаслик; алмашлаб экишни қўллаш, ерни чуқур ҳайдаш ва башқа технологик чораларни ўз вақтида қўллаш.
Тунламларни пайдо бўлиши ва уларга қарши курашишни тизимли олиб бориш мақсадида феромон тутқичлардан фойдаланиш,
Биологик усул - кузги тунлам ва ғўза тунлами тухумига қарши трихограмма (ҳар бир авлодга 1 г. дан 3 марта); қуртларига қарши (бракон 100 дона); сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз; оққанотга қарши энкарзия, макролофис энтомофаглари қўлланади. Занг канага қарши олтин кўз энтомофаги қўлланади.
Помидорда асосий зараркунандаларидан: шира, оққанот, трипс, занг канага қарши 10% эм.к ДВА-тридан 0,4л/га, 10% эм.к Талстардан 0,3-04 л/га, 20% эм.к Конфидордан 0,25-0,3 л/га, 20% н.кук Моспиландан 0,25-0,3 кг/га ва ғўза тунламга 15% эм.к. Аваунтдан 0,4 л/га, 50% с.э.г. Тайшендан 0,01-0,012 кг/га препаратлари қўлланилади.
Кўчатларни илдиз қисмини экишдан олдин Максим ХL 3,5 % с.к. – 0,3 % ли, Ридомил-Г 68% с.д.г. – 0,2 % ли, Курзат Р н.кук. – 0,2 % ли фунгицид эритмаларидан бирортасига ботириб экилса, касалликларни ривожланиш ва тарқалишини 35-40 кун сақлаб туради.
Касалликлар - меваларни учидан чириши, бактериал қора доғ, фитофтороза, ун шудрингга, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш қарши 25% с.п Байлетон 1,0-2,0 кг/га, фитофтороз, альтернариозга 72,2% с.э.к Превикурдан 1,5 л/га ёки Курзат Р 2-2,5 кг, 68% с.д.г Рирдомил голд 2,0-2,5 кг ёки 1 % лик бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 600-700 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.
Ҳосилни йиғиштириш: помидор мевалар ўсимлик поясида тўлиқ пишгач, лекин хали қаттиқ бўлганда хосил етилган бўлади. Мевани авайлаб пояга шикаст етказмасдан олиш мумкин. Мева навга қараб оч ёки тўқ қизил рангга киради. Терилган помидорларни салқин жойга қўйиш лозим. Базида кўк помидорларни биринчи қаттиқ совуқ тушишидан олдин териб олиш ва салқин нам жойда сақлаш мумкин.
ШИРИН ҚАЛАМПИР ва БАҚЛАЖОН ЕТИШТИРИШ
Ер танлаш. Ширин қалампир ва бақлажон ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар унчалик ярамайди.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.
Навлар. Ширин қалампирнинг маҳаллий эртапишар Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента, кечпишар Зумрад чет элнинг Долфин, Фламинго, Денвер, нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.
Бақлажоннинг махаллий Аврора, Феруз, хамда чет мамлакатларни Анет, Ереванский, Пантера нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.
Кўчат тайёрлаш. Ширин қалампир ва бақлажон уруғини экишнинг муқобил муддати бахорги муддат учун февралнинг II-III ўн кунлиги, ёзги муддат учун май ойининг I- ўн кунлиги.
Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 600 г ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида ҳар 1 м2 майдонга 25-30 г уруғ, кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сепилади. Бунда тупроқ ҳарорати +14 -16°С дан, ҳаво ҳарорати эса +28 -30°С дан паст бўлмаслиги лозим. Тупроқ намлиги 80 - 85% бўлиши керак. Кўчат етиштириш жараёнлари помидор экини каби амалга оширилади.
Тайёр бўлган ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см дан ва улардаги барглари сони 5-6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади..
Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини бахорги муддатда апрелнинг II-III ўн кунлигида ёзги муддатда июл ойининг I-ўн кунлигида экиш тавсия этилади.
Кўчатларни 70x30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90x25 см тизимида экилади.
Ерни экишдан олдин тайёрлаш, экиш ва парваришлаш жараёнлари помидор экининикига ўхшаш.
Ўғитлаш. Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиш тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.
Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 330 кг, аммофос - 261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади.
Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади: Кузги хайдовдан олдин: аммофос- гектарига 196 кг, калий хлор – 120 кг.
Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос - гектарига 64,8 кг, калий хлор - 40 кг, карбамид - 165 кг ёки сульфат аммоний - гектарига 380 кг берилади.
Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид гектарига - 235 кг ёки сульфат аммоний - 380 кг бериш керак.
Бўз тупроқларда ширин қалампирни етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади.
Суғориш. Ширин қалампир сернам ва оғир тупроқларда яхши ривожланмайди. Шунинг учун ялпи меваси туга бошлаганда қатор оралатиб, иложи борича чуқур ариқлар олиб суғориш зарур. Илдиз бўғзи намланиб кетмаслиги керак, акс ҳолда ўсимлик илдиз чириш билан касалланади. Ўсув даври мобайнида тупроқ намлиги 75 - 80% бўлишини таъминлаш учун суғоришни ҳар 6-10 кунда олиб бориш керак. Ҳосилни ҳар 6 - 8 кунда териш мумкин.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш: Асосий зараркунандалардан - шира, каналар, оққанот, трипсга қарши - 10% эм.к ДВА-тридан 0,4 л/га, 20% эм.к Конфидордан 0,25-0,3 л/га, 20% н.кук Моспиландан 0,25-0,3 кг/га.
Касалликлар - меваларни учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлиш, ун шудрингга қарши 25% с.э.г Байлетондан 1,0-2,0 кг/га 72,2% с.к Превикурдан 1,5 л/га, Курзат Р 2,0-2,5 кг/га, 68% с.э.г Рирдомил голд 2,0-2,5 кг/га ёки 1 % лик бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 600-700 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.
Ҳосилни йиғиштириш: ширин қалампир жуда ўзига хос ўсимлик бўлиб уни мевасини кўклигида хам қизарганида хам истеъмол қилиш мумкин. Ширин қалампир кўклигида йиғиб олинса хосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Кўклигида йиғиб олинмаси 20-30 кун ичида қизил тусга киради ва мавасида А ва С витаминлари анча ошади. Ҳосил йиғишда меваларни кесиб олишга харакат қилиш лозим, акс холда экин новдалари синиб кетиши мумкин.
Бақлажонни техник пишган меваси истемол учун, биологик пишиб етилган мева асосан уруғчилик мақсадида йиғиб олинади. Бақлажон мевасини ўз муддатида йиғиб олинмаса кейинги пишиб келаётган мевалар майда бўлиб қолади.
БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ
Ер танлаш. Бодринг экинини экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Уларга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Шўрланган ерларда бодринг қониқарли даражада ўса олмайди.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Алмашлаб экишда улар учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади. Биринчи йили ҳайдалган кўриқ ерларда ҳам бодринг мўл ҳосил беради. Полиз ва томатдош экинларидан кейин бодринг экилмагани маъқул. Улар бир ерда икки йилдан ортиқ экилмаслиги ва шу ерга уч йилдан кейин қайта экиш мумкин.
Навлар. Бодрингнинг маҳаллий Ранний - 645, Ўзбекистон-740, Зилол, Наврўз, навлари ва чет мамлакатларни F1 дурагайларидан Алиби, Аякс, Регал, Суперина, Амур, Зеналар экиш учун тавсия этилади.
Уруғни экишга тайёрлаш. Бодринг уруғи эрта баҳорда экилса, унда қуруқ уруғлар билан экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлганда экишдан олдин уруғ бир сутка давомида алмаштириб туриладиган сувда ивитилади ва ўзи тўкиладиган ҳолатгача қуритилади. 1 кг уруғга 4-6 г ТМТД препаратини пуркаш тавсия этилади.
Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Эртаги бодринг 10-20 апрелда, ўртаги муддатда 1-10 майда, кечки бодринг 15-30 июнда экилади. Эртаги маҳсулот етиштириш учун плёнкали ёпқичлар остига март ойининг 2 - 3 ўн кунликларида 70+140x40 см оралиқда уруғ ташланади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А сеялкада 70x30, 90x20 см тизимида 4-5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4 - 5 кг.
Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади.
Қатор ораларига КРН -4,2, КХУ - 4А -05 культиватори билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15-16 см чуқурликда культивация қилинади.
Ўғитлаш. Бўз тупроқларда гектарига 20 тонна гўнг билан N150P100 K75 бериш тавсия этилади.
Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишида берилади. Фосфорли ўғитлар аммофос, калий ўғити калий хлор кўринишида берилади. Гектарига N150P100 K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний - 571 кг ёки карбамид-330 кг, аммофос-217кг, калий хлор- 150 кг бўлади.
Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳамма миқдори, фосфор ва калийнинг 75% берилади.
Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2-3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10% , фосфор ва калийнинг қолган 25% берилади. Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида азотнинг 45% берилади. Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45% берилади.
Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига N120P80 K60 кг бериш тавсия этилади.
Бодрингни суғориш. Сувга талабчанлиги жихатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда турадиган экинлар қаторига киради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади.
Кўкламда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш – ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар-хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига хосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2-3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16-18, юза ерларда эса камроқ, 9-11 марта сув берилади.
Июннинг охири – июлнинг бошларида экилган кечки бодрингнинг ўсув даври нисбатан қисқа бўлади. Ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун кечки бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6-7 кунда суғориб турилади. Бодринг уруғи ерга экилиши билан кетма-кет суғорилади, бунга қўшимча қилиб яна уруғ суви ҳам берилади. Шунда майсалар барвақт ва қийғос кўкаради. Кечки бодринг ўсув даврида сизот суви чуқур ерларда 10-11, юза жойларда эса 8-9 марта суғорилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш: Бодринг уруғи эрта баҳорда экилса, унда қуруқ уруғлар билан экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлганда экишдан олдин уруғ бир сутка давомида сувда ивитилади. 1 кг уруғга (2% ли 34% Витавакс, 1,5% ли 60,7% Превикур ) пуркаш уруғни зарарсизлантириш тавсия этилади.
Бодринг зараркунандаларига - каналар, ғовакловчи пашшалар, ширалар, трипслар, оққанотлар киради. Ўсимликнинг ўсув даврида хашоратларга қарши ҳосилни йиғишдан 20 кун олдин икки марта 25% н.кук Аппловуд- 0,5 кг/га ёки 20% н.кун Моспилан 0,25-0,3 кг/га меъёрида сепилади. Касалликлари - антракноз, пероноспороз, аскохитоз, доғланишлар, бактериоз ва ун шудринглар киради. Касалликларга карши 25% с.п Байлетондан 1,0-2,0 кг/га, Курзат Р 2,0-2,5 кг/га, 68% с.д.г Рирдомил голд 2,0-2,5 кг/га ёки 1% ли бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 600-700 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади.
Ҳосилни йиғиштириш: хосил мевалар 5 см дан катта бўлгандан бошлаб йиғиб олиниши керак. Мева йиғиб олишда новдаларга зарар етказмаслик лозим. Маваларини кесиб олиш хам мумкин. Бодринг мевалари узоқ муддат сақлашга мойил эмас, шунинг учун янги узилган мевалар қисқа муддатда истемолга ёки қайта ишлашга чиқарилиши лозим.
ОҚ БОШ КАРАМ ЕТИШТИРИШ
Ер танлаш. Карам органик моддаларга бой, салқин, сув сиғими яхши ўғитланган қорамтир ўтлоқ ерларда яхши ўсади. Енгил бўз ва қумлоқ ерларга экилган карам унча яхши ривожланмайди. Шўрланган ва ботқоқланган ерлар карам экишга унчалик ярамайди.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Картошка, бодринг, полиз экинлари ва дон-дуккакли ўсимликлар карам учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Карамдан олдин пиёз, кўк нўхот ва сабзиларни экса ҳам натижаси яхши бўлади. Карамни карамлардан, салат, брюква, труп, шолғом, редис, хрен ва қатрондан кейин экиб бўлмайди. Карам экилган ерга орадан камида 3 йил ўтгандан кейин яна карам экиш мумкин.
Кечки карамни эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлагидан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экиш мумкин.
Навлар. Оқ бош карамни эртапишар чет элнинг Бранко Ғ1, Пондион Ғ1, Фарао Ғ1, Парел Ғ1, Бурбон Ғ1, Назоми Ғ1, дурагайлари ва маҳаллий Тошкент 10, Судья Ўзбекистон, Термиз 2500 навлари экишга тавсия этилади.
Кўчат тайёрлаш. Экиладиган уруғ 3-5 фойизлик ош тузи эритмасига 1 соат давомида солиб қўйилади. Эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан 2-3 маротаба ювиб, сўнгра уларни ёйиб қуритилади.
Ҳар 1 га очиқ майдонга экиш учун етарлик миқдорда карам кўчати тайёрлашга 350-400 грамм ҳисобида уруғ сарфланади.
Кўчатхонада майсалар чиққандан сўнг орадан 15-18 кун ўтгач, яъни майсаларни ер устки қисми 5-7 см гача ўсиб, уларда 1-2 та дан чин барг пайдо бўлгач уларни сифатли ва баққуват бўлиб етилиши учун бошқа жойга озиқа майдонларини (4x5 ёки 5x5 см) кенгайтириб кўчириб экилади. Улар тўлиқ тутиб олгач орадан 10-12 кун ўтгач майсалар биринчи марта озиқлантирилади.
Озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13-15 грамм азотли; 18-25 грамм фосфорли ва 15-20 грамм калий ўғитлари солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3-3,5м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.
Карам кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15-18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.
Тайёр бўлган карам кўчатларининг ёши 40-45 кунлик ва узунлиги ўртача 14-16 см ва барглар сони 6-7 тадан бўлганда очиқ майдонга экилади.
Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Эртапишар карам навларининг кўчати 25 феврал-10 мартда, ўртапишарларники 15 апрел-1 майда, кечпишарларники 15 июн-10 июлда экилади. Далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши керак. Эртаги карамнинг мўлжалланган вақтида чиқариш ва ҳосили мўл бўлиши учун биринчи навбатда уни экишга мос жой танланади. Эртаги карам экиладиган ер кузда тайёрлаб қўйилади. Кузда тайёрлаб қўйилган эгатларга экилганда хосили 8-10 кун илгари етилади ва 20%га кўпаяди. Эртаги карам 70x25 (30) см тизимида экилади.
Парваришлаш. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма - кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Эртаги карам икки марта чопиқ қилинади.
Ўртаги карам кўчати билан ўтказилади ёки уруғи тўғридан - тўғри далага экиб етиштирилади. Ўртаги карам уруғини 1-10 апрелда тўғридан - тўғри далага экиш мумкин.
Кечки карам такрорий экин сифатида экилади. Эртаги экин йиғиштириб олингандан кейин ер хайдаш олдидан суғорилади, сўнг 28 - 30 см чуқурликда хайдалади. Ўртаги ва кечки карам кўчати 70 x 40 см ёки кечкилари 90x40 см схемада экилади.
Кўчатлар экиб бўлингандан кейин 1-1,5 хафта ўтказиб биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН - 4,2 культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва сув берилади. 20 - 25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.
Ўғитлаш. Сабзавотлар ичида оқ бош карам тупроқ унумдорлигига маъдан ўғитларга ўта талабчан. Эртаги оқ бош карамдан сизот сувлари чуқур жойлашган қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда гектаридан 20-30 тонна хосил олиш учун ўртача 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак.
Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса ўртача гектарига 120 кг азот, 80 кг фосфор, 60 кг калий солиш керак.
Бошоқли дондан ёки бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан сўнг такроран кечки муддатда оқ бош карамдан ўртача 30-35 тоннадан хосил олиш учун қуйидаги миқдорда маъдан ўғитларни солиш лозим бўлади.
- қадимдан суғориб келинаётган типик бўз тупроқларда гектарига ўртача 240 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг соф калий беришлик лозим.
- ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 120 кг соф калий берилади.
Шўрланган, тақир тупроқларда оқ бош карам етиштиришда энг мақбул бўлган маъдан ўғитлар қуйидагилардир.
Азот ўғитларидан карбамид, фосфор ўғитларидан аммофос, суперфосфат, калий ўғитидир. Ўсимликни калийга бўлган талабини қондириш учун органик ўғитлардан шарбат усулида суғориб фойдаланиш мумкин. Сульфат калий, калий хлорид тузларини беришлик ерни шўрланиш даражасини ортишига олиб келади. Бу эса ҳосилга салбий таъсир этади, маҳсулот сифатини ёмонлашишига сабаб бўлади.
Ўғитларни бериш муддати. Йиллик фосфор ўғитларини 70-75% миқдори, калийни 50% ерга асосий ишлов беришда, қолган 25-30% фосфорни 50% азот билан биргаликда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади. Қолган азотни 50%, калийни 50% билан биргаликда карам боши ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади. Оқ бош карамни юқорида кўрсатилгандек ўғитлаш, ўғитлардан самарали фойдаланишга, хосилни кўпайишига, уни сифатини яхшиланишига олиб келади.
Суғориш. Бўз тупроқли ерларда эртаги карамга 8-10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6-8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500 - 550 м3.
Ўртаги карамга ҳар сафар 7 - 9 кун ўтказиб туриб, жами 14 -15 марта сув берилади. Кечки карам ўсув даврининг бошларида 7-10 кун оралатиб, кузга яқин эса 10-12 кун оралатиб суғориб борилади.
Зараркунандаларга қарши кураш: Оқ бош карамнинг карам бити, карам куяси, қарши биологик усулда - олтинкўз, хонқизи қўнғизлари қўлланилади. Барг кемирувчи карам оқ капалаги қуртига қарши трихограмма, катта ёшдаги қуртларга қарши бракон энтомофаглари қўлланилади. Кимёвий усулда препаратларни биронтасидан - 25% Цираксдан – 0,2 л/га, 25% к.э. Циперметриндан – 0,16 л/га, 10% к.э. Фъюридан – 0,1 л/га, 15% эм.к. Аваунтдан 0,4 л/га фойдаланилади. 600-700 литр сувга тайёрланган аралашма ишлатилади.
Ҳосилни йиғиштириш: фермер хўжаликларида ёки ахоли томорқаларида экилган оқ бош карам асосан қўл кучи ва махсус машиналар ёрдамида узиб олинади. Оқ бош карам 2-4 дона барги билан узиб олинади.
Ушбу тавсия Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Бош директори қ.х.ф.д., профессор Ш.Ж.Тешаев раҳбарлигида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан тайёрланган.