Maqola va ma'ruzalar

БАҲОРНИНГ БИР КУНИ ЙИЛНИ БОҚАДИ

  • дейди доно ҳалқимиз. Пахтачиликда масъулиятли мавсумни кўнгилдагидек, яъни барча агротехник тадбирлар комплексини пишиқ–пухта, сифатли бажарган ҳолда ўтказиш кўзланган ҳосилга мустаҳкам тамал тоши қўйиш имконини беради.

“Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йил ҳосили учун ғўзанинг районлаштирилган ва истиқболли навларини жойлаштириш” тўғрисидаги қарорда истиқболли навларни кўпайтириш, айрим худудларда ҳосилдорлиги ва сифати талаб даражасида бўлмаган навларни янгилашда тупроқ-иқлим шароити ҳамда нав биологик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Пахтадан мўл ва сифатли ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири, уруғни қулай фурсатда ерга қадашдир. Бунинг учун, аввало, экишдан олдин ҳайдалган, бороналанган ерни яхши текислаш лозим.

Дала юзаси яхши текисланса, экин барвақт униб чиқади ва соғлом ўсади. Яхши текисланган дала эгатларини сув босмайди, тупроқ бир текисда намланади.

Ер юзасини юмшатиш ҳамда ҳайдалма қатлам ҳавоси алмашинувини яхшилаш жараёнида ер янада текисланади, бегона ўтлар йўқотилади ва буғланиш камайиб, нам яхши сақланади.

Ҳалқимизда эрта эксанг, эрта ўрасан деган нақил бор. Шундай экан, изланиб, имкон топиб мавсумнинг вақтида, сифатли ўтишини таъминлайлик. Бунда биринчи навбатда, енгил, қумоқ ва шағал ерларга чигит экиш ижобий натижа беради.

Шунингдек, чигит пуштага экилганда ҳам тупроқ ҳарорати одатдагидан 2-3 даража баланд бўлади. Бу усул табиий намлик шароитида ўртача 3-4 кун олдин экиш имконини беради.

Уруғ пуштага экилганда майдонларда ҳосил ҳар гектарда 3-4 центнер кўп тўпланади ва пахта 7-8 кун олдин пишишини таъминлайди.

Пуштага экиш усулини шўри яхши ювилган майдонларда ҳам қўлласа бўлади.

Экишга тайёрланган тукли чигитни намлашга катта эътибор бериш керак.

Чигитни намлаш табақалаш йўли билан ўтказилади. Экиш муддатига қараб, бир тонна чигитни намлашга 600 литргача сув сарфланади. Чигитни намлаш олдидан тайёрланган, махсус бетонланган майдончаларда амалга оширилади.

Майдончалар жуда текис бўлиши керак, сувлар бир томонга йиғилиши керак эмас.

Агар майдонча текис бўлмаса, чигитни намлаш учун қуйилган сув бир томонга оқиб, чигит дорисини ювиб кетади. Бунга йўл қўйиш керак эмас. Дориси ювилган чигит экилса 4-5кунда чирийди.

Майдончаларнинг бўйи 5-6 метр эни 2,5 метр ва баландлиги 30-35 см. катталикда бетонланган бўлиши лозим.

Бунда намлаш вақтида сув оқиб кетишининг олди олинади.

Чигитни намлашда унинг қалинлиги 20-25 сантиметрдан ошмаслиги зарур. Намлаш 3 босқичда; биринчиси 3-4 соатда, иккинчиси 4-5 соатда, учинчиси 5-7 соатда ўтказилади, ҳар босқичда 200 литрдан сув сарфланади ҳамда чигитни тўлиқ ва сифатли намлашга эришилади.

Намлангандан кейин чигитни сақлаш муддати 12 соатдан ошмаслиги керак. Намланган ва талаб даражасида димланган уруғлик қопларга солиниб, экиш учун далага олиб борилади. Яхши тайёрланган чигит 5-6 кунда униб чиқади.

Чигит экиладиган майдонда намлик мақбул даражада ва тупроқ 0-10 сантиметр қатламда, ўртача кунлик ҳарорат 12-14 даражада бўлиши керак.

Исрофгарлиликка йўл қўймаслик учун кундалик чигит экиш режаси тузилади ва шунга мувофиқ об-ҳаво шароитига қараб, зарур миқдордаги уруғ намланади. Тайёрланган уруғ ўз вақтида экилмай қолса, унинг сифати бузилади ва яроқсиз ҳолга келиб, исрофгарчиликка йўл қўйилади.

Чигит экишнинг энг мақбул чуқурлиги – ўтлоқ – ботқоқ тупроқли майдонларда 3-4, бошқа турдаги тупроқ шароитида 4-5 сантиметр қилиб белгиланади.

Ҳар бир майдоннинг хусусияти, табиий – иқлим шароити инобатга олинган ҳолда сеялка созланади.

Масалан, 90 сантиметрли қатор оралиғида экиладиган майдонда қаторнинг ҳар погон-метрида 8-9 уя бир ҳил оралиқда жойлашадиган қилиб созланади ва бу меъёр текшириб борилади.

60 сантиметрли кенгликда экиладиган майдонда эса 6-7 уя бир хил оралиқда жойлаштирилади. Тукли чигит экиладиган далада, аввало, намланган уруғлик сеялка аппаратларига солиниб, ҳар бир сошник тагига идиш қўйиб ғилдираклари бир-икки марта айлантирилади.

Ҳар бир сошникдан белгиланган миқдорда уруғ туша бошласа, билингки, сеялка тўғри созланган бўлади.

Чигитга экиш олдидан ишлов беришнинг асосий вазифаси, чигитни ернинг табиий намига ундириб, эртаги тўлиқ ва соғлом кўчат олиниши учун қулай шароит яратишдан иборат.

Бунга, энг аввало, эрта баҳорги бороналашни ўз вақтида, қисқа муддатда (1-2 кун ичида) ва сифатли ўтказиш керак.

Уруғлик чигитларни экишда уларнинг сифатига, катта – кичиклигига қараб, экиш меъёрини аниқлаш мақсадга мувофиқдир.

Юқори тукли чигитларни экиш меъёри тупроқ-иқлим шароитига қараб гектарига 55-60 килограмм, туксиз чигитларда 25-30 килограммни ташкил этиш лозим.

Баҳорги ёғингарчиликда қатқалоқ юзага келиши оқибатида ғўза илдиз чириш касаллигига чалиниши, кўчат камайиб кетиши эҳтимоли ҳам бўлади. Шундай майдонларда қўлда чигит ташланиб хатоси тузатилади.

Юқорида кўрсатилган агротехник тадбир ва талаблар қисқа муддатда бажарилса шубҳасиз ғўза ривожи тезлашиб, пайкалларда мўлжаллдаги ҳосил тўпланишига эришилади.

Ренат Назаров
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

қишлоқ хўжалик ходими, қ.х.ф.д., профессор

 

Журахон Абдуллаев

Бош мутахассис