Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти

Дон ва дуккакли экинлар илмий - тадкикот институти, унинг вилоятлардаги филиал ва илмий тажриба станцияларининг илмий-тадқиқот фаолияти бўйича маълумот

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25-августда 413-сонли қарори билан “Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти” ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7-августдаги 344-сонли қарори билан институтнинг Республикамиздаги барча вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2014 йил 10 февралдаги ПҚ-2125 сонли қарорига, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 13 февралдаги 33-сонли буйруғи ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг 2014 йил 14 февралдаги 6-сонли буйруғи асосида институт “Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти” номи билан қайтатдан давлат рўйхатидан ўтказилган.

 

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тасарруфида тузилган бўлиб, у Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти, Қашқадарё бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Шоличилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Маккажўхори илмий текшириш станциясининг хуқуқий вориси ҳисобланади.

 

Институтнинг тўлиқ номи қуйидагича: ўзбек тилида: “Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти” рус тилида: “Научно-исследовательский институт зерна и зернобобовых культур” Институтнинг юридик ва почта манзили: Индекс 170600, Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Андижон тумани, Куйган-ёр шахарчаси, Андижон кўчаси 36 уй.

 

Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий- ишлаб чиқариш маркази Ҳайъат қарорлари ва буйруқлари ва бошқа норматив-хуқуқий хужжатларга, шунингдек Устав асосида иш олиб боради.

 

Институтнинг мол-мулкидан фойдаланиши, илмий, илмий-техник ва хўжалик фаолияти, молиявий режалаштириш, капитал қурилиш ва таъмирлаш, моддий-техника таъминоти ва маҳсулотни сотиш, бошқариш масалалари бўйича асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Институт юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг мол-мулки, мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигида очилган ҳисоб рақамларига, банкларда хўжалик маблағлари ҳаракати учун ҳисоб рақамларига, штамплари ва бланкаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг тўлиқ расмий номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.

 

Институт ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўз фаолияти доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолият олиб бориши ва шу мақсадда хорижий давлатларда ҳамда республика ҳудудида халқаро валюта учун ҳисоб рақамлари очиши ва ундан фойдаланишлари мумкин.

 

Институтнинг таркибий бўлинмалари, ташкилотлари ўз фаолиятларини институтнинг илмий методик раҳбарлиги ва бевосита кўрсатмаларига асосан амалга оширади. Институт қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади, судда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этади. Институт ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатлари талаблари асосида жавобгар ҳисобланади.

 
Mountain

Институтнинг ташкилий ва таркибий тузилмалари

Институтда Дон экинлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехникаси лабораторияси, Дуккали экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехналогияси лабораторияси, Ўсимликлар физиологияси, дон сифати ва биокимёси лабораторияси, Ўсимликлар химояси ва агрокимё лабораторияси, Озуқа экинлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехникаси лабораторияси, Махаллий ва четдан келтирилган шоли нав-линияларининг бошланғич агротехналогик синовларини ўтказиш лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Институт таркибида Қашқадарё филиали ҳамда Ғаллаорол, Тошкент шоли, дон ва дуккали экинлар, Маккажухори селекцияси ва уруғчилиги, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларида ва Қорақолпоғистон Республикасида илмий тажриба станциялари мавжуд. Шу билан бирга Маркзий тажриба экспериментал участкаси, Истиқлол тажриба экспериментал участкаси, Тошкент тажриба экспериментал участкаси, Бахмал тажриба экспериментал участкаси, Касби тажриба экспериментал участкаси, Қамаши тажриба экспериментал участкаси фаолият олиб боради.

 

Институтнинг асосий илмий ва ташкилий фаолияти қуйидагилардан иборат:

-қишлоқ хўжалик экинларидан бошоқли дон, шоли, маккажўхори, дуккакли дон экинларининг янги навларини яратиш, уларни дурагайлари ва линиялари устида мукаммал иш олиб бориш;

-махаллий шароитга мослашган бошоқли дон экинлари, дуккакли дон, шоли, маккажўхори, ем хашак ва мойли экинларнинг юқори ҳосилли ва сифатли навларини яратиш, экологик нав синаш натижалари асосида танлаб олинган навларнинг жадал етиштириш технологиясини такомиллаштириш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш;

-Давлат реестрига киритилган ва истиқболли деб топилган навларнинг, дуругайлар бирламчи уруғчилиги билан шуғулланиш, шартнома асосида уруғчилик фермер хўжаликларини юқори авлодли уруғлар билан таъминлаш ҳамда улар билан хамкорликда ишлаш;

-институт ва унинг таркибидаги ташкилотлари тажриба участкаларида алмашлаб экишнинг илмий асосланган тизимини жорий этиб, фақат алмашлаб экиш жорий этилган майдонларда тажриба олиб бориш;

-турли тажриба синовларини амалга ошириш, озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш янги хил, нав, тизим ва дурагай авлодларини етиштириш ҳамда такомиллаштиришдан иборат.

-аграр сохада Ўзбекистонда ҳамда чет эл фан ва техникаси ютуқларини, илғор тажрибаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш, ҳосилдорликни ошириш, селекция, уруғчилик ва механизациялаш ишларини такомиллаштириш билан шуғулланади;

-чет эл илмий муассасалари билан хамкорлик ўрнатади. Уларнинг энг юқори ва сифатли ҳосил бераётган бошоқли дон, шоли, дуккакли дон, маккажўхори ва ем-хашак экинлар навлари, линиялари ва дурагайларини ўзаро шартнома асосида олиб келиб синовлар ўтказади. Республика табиий-иқлим шароитларига мосларини танлаб олиб экиш учун давлат реестрига киритади ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун тавсия этади;

-ишлаб чиқаришга самарали ва тежамкор замонавий технологияларни кенг жорий этади;

-ер ва сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, табиатни мухофаза қилиш тадбирларини амалга оширади;

-дон ва дуккакли экинларнинг зараркунанда ва касалликларига қарши химоя қилишнинг биологик ва уйғунлаштирилган усуллари сохасидаги тадқиқотларини ташкил этиш, кам захарли гербицидларни, пестицидларни, ўстириш кўмакчиларини хамда атроф-мухит ва экологик жихатдан тоза махсулот олиш учун хавфсиз бўлган бошқа бирикмаларни синайди ва уларни муқобилларини ишлаб чиқаришга жорий этишга тавсиялар беради;

-юқори унум билан ишлайдиган, мустахкам ва тежамкор қишлоқ хўжалиги машиналари ёрдамида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш технологик карталарини тайёрлашда қатнашади;

-мамлакатнинг ғаллачилик сохасида эришилган илм-фан ютуқлари билан халқаро ва Республика миқёсидаги анжуманларда қатнашиш, ғалла ва дуккакли экинларнинг долзарб масалалари бўйича илмий симпозиумлар, кенгашлар, конференциялар ўтказиш;

-илмий ҳисоботлар, конференция материаллари, услубий қўлланма, рисола, мақола, илмий ахборотномаларни чоп этиш ва илм-фан ютуқларини тарғибот қилиш;

-илмий ходимларининг Республикада ва хорижда салохиятини ошириш, тайёрлаш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги сохасида кадрлар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишда фаол қатнашиш;

-институтда ёш авлодни тарбиялаш, ёшлар малакасини ошириш, уларнинг илмий даражасини кўтариш, илм фанни янада ривожлантириш учун амалдаги қонун ва қоидаларга риоя қилган холда ўзининг қошида докторантура очади хамда уларни ўқишини ташкил этади;

-фундаментал ва амалий тадқиқотлар юзасидан илмий кенгашлар, ассосациялар ва бошқа бирлашмалар ташкил қилади; -тугалланган илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича натижаларни тахлил қилади; -институт ва унинг тармоқларида олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларини кўриб чиқади, тасдиқлаб мужассамлаштирган холда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва бошқа юқори ташкилотларга тақдим этиб боради;

-институтга ажратилган ер майдонларида юқори сифатли бошоқли дон хамда озуқа, мойли, дуккакли экинлар навларини уруғларини етиштириб, уларни халқаро ташкилотларга, илмий-тадқиқот муассасаларига, тизимдаги филиал,илмий тажриба станциялари ва Республиканинг барча вилоят ва туманларидаги фермер хўжаликларига шартнома асосида сотади. Улардан тушган пул маблағлари институтнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга, илғор технологияларни ҳамда лаборатория жихозларини сотиб олишга, асосий воситаларни таъмирлашга, ходимларни моддий рағбатлантириш ва бошқа мақсадларга сарфлайди;

-институт амалдаги қонунлар асосида хўжалик ҳисобидан ишлаб топган маблағлари ва хомийлар томонидан берилган маблағлар ҳисобидан қўшимча ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этади. Ишлаб чиқаришдан олинган махсулотларни эркин сотиш ҳисобига ўз маблағларини кўпайтиради.

-институт Ўзбекистон Республикасининг “Селекция ютуқлари” ва “Уруғчилик” тўғрисидаги қонунлари асосида ўзи етиштирган ғалла, дуккакли, мойли ва озуқа экинлари уруғларини ўз ер майдонидан ортган қисмини уруғлик етказувчи илмий муассасаларга, ўз филиал ва станцияларига, уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига шартнома асосида сотади ва улардан тегишли хужжатларга асосан сотиб олади.

-Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси хузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, агросаноат мажмуи сохасидаги республика илмий муассасалари ва Олий ўқув юртлари билан хамкорликда олиб боради.

 

Институтга:
1997-1998 йилларда қ.х.ф.н. доцент Турдиев Маъмиржон;
1998-2002 йилларда Тўланов Равшанбек;
2002 йилдан хозирги вақтгача қ.х.ф.д. Россия фанлар академиясининг академиги Сиддиқов Равшанбек Иномжонович раҳбарлик қилиб келмоқда.

 

Институтнинг асосий фаолияти ва устувор илмий йуналишлари

Ҳозирги вақтда Дунёда катта майдонларда суғориладиган ерларда кузги буғдой экиб, парваришланмоқда. Бу эса ўз навбатида буғдой дони ҳосилини ошириш имконини беради. Лекин шуни айтиш керакки, дон етиштириш бўйича юқори ҳосилдорликка эришилган бўлсада, суғориладиган ерларда етиштирилган доннинг технологик сифатини яхшилаш, нав яратиш муаммоси дунёдаги барча селекционер олимларнинг олдида турган асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва унинг филиал ҳамда илмий тажриба станцияларида юмшоқ ва қаттиқ буғдойнинг тезпишар, ноқулай ташқи мухит омилларига ва касалликларга чидамли, дон сифати талаб даражасидаги хориждан келтирилган навларни танлаш, дурагайлаш йўли билан нав яратиш борасида қуйидаги йўналишларда селекция ишлари олиб борилмоқда.

 

1. Четдан келтирилган нав ва линияларни экологик синаш орқали энг яхши навларини танлаб экишга тавсия этиш; 2. Ўта эрта пишар ва эртапишар навлар яратиш; 3. Интенсив типдаги юқори ҳосилли, кам сув ва озуқа талаб этадиган касалликларга чидамли ярим пакана ва пакана навларини яратиш; 4. Суғориладиган шароитда сифатли дон берадиган юқори ҳосилли кучли буғдой навларини яратиш; 5. Суғориладиган ерларда юқори ва сифатли ҳосил берадиган қаттиқ буғдой навларини танлаш ва янги навларини яратиш.

 

Дуккакли дон экинлари республикамиз турли хил тупроқ-иқлим шароитларига мос, қурғоқчиликка, шўрга, касалликларга чидамли навларини яратиш ҳамда четдан келтирилган навларга махаллий шароитларга мос етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш, уларни бирламчи уруғчилик тизимини йўлга қўйиш.

 
  • Соя навларини эртапишар касалликлар чидамли навларини яратиш;
  • Кузги хўраки нўхатнинг аскахитоз касаллигига чидамли навларини яратиш;
  • Кузги ясмиқ навларини яратиш, уларни ресурстежамкор етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш;
  • Четдан келтирилган дуккакли дон экинлари навларини экологик синов натижаларига кўра махаллий шароитларга мос энг яхши нав ва дурагайларини танлаб олиш.

Институтнинг мустакиллик йилларида селекция сохасида амалга оширилган ишлари хамда эришган ютуклари

Ўзбекситон Республикасиинг Биринчи Президенти И.А.Каримов Мамлакатимиз мустақиллигини дастлабки йилларидаёқ, аҳолимизни дон ва дон маҳсулотлари билан таъминлаш учун ўз донимиз ва нонимизга эга бўлишимиз, бунинг учун ғалла мустиқиллигига эришишимиз кераклиги тўғрисидаги оқилона йўл йўриқлари асосида фермер хўжаликларини ғаллачиликка ихтисослашиши, суғориладиган ҳар бир гектар ердан ўртача 60-70 центнердан ғалла ҳосили олишга эришилаётганлиги мамлакатимизда туп иқтисодий ислоҳатларни амалга оширилаётганлигининг исботидир.

 

Республикада ғаллачиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари экин майдонларини кенгайиши моддий техника таъминотини мустаҳкамланиши, юқори ҳамда сифатли дон ҳосили берадиган бошоқли дон экинлари янги навларини яратиш, улар уруғчилигини ташкил этиш ҳамда уларнинг етиштириш технологиясини ишлаб чиқилиши натижасида бошоқли дон экинлари майдонлари кенгайтирилди, 1992 йилда республикада ялпи ҳосил жами бошоқли дон экинларидан 1 млн 250 минг тоннани ташкил этган бўлса 2016 йида ушбу кўрсаткич 7 млн. 500 минг тоннадан ортди. Суғориладиган ерларда ҳосилдорлик 17,0 центнердан 55.0 центнергача кўтарилди.

 

Институт олимлари тамонидан бошоқли дон экинлар селекциясида олиб бораётган илмий тадқиқотларни янада кучайтириш, жаҳон талаблари даражасига кўтариш борасида Хорижий давлатлар илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Россия, Қозоғистон, Франция, Сербия давлатларининг етук илмий-тадқиқот институтларидан бошоқли дон экинларининг географик келиб чиқиши ва биологик-хўжалик белгилари бўйича бир-биридан фарқ қиладиган 5000 дан ортиқ дунё генофонди коллекция нав ва намуналари тўпланди ва улар ҳар тамонлама баҳоланиб, улардан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган нав ва намуналар танланиб, бошоқли дон экинлари селекцияда бошланғич материал сифатида фойдаланиб келинмоқда.

 

Янги навларни яратишда географик келиб чиқиши бўйича узоқ, биологик ва хўжалик белгилари билан бир-биридан фарқ қиладиган, юқори ҳосилли, касалликларга чидамли, дон сифати юқори бўлган нав ва линиялар орасида ҳар йили 450-500 та комбинацияда оддий, мураккаб, қайта чатиштириш усулларида янги навлар яратиш ишлари ўтказилмоқда.

 

Институт ва унинг филиал ҳамда илмий-тажриба станциялари селекционер олимлари тамонидан қисқа давр мобайнида кузги юмшоқ буғдойнинг эритроспермум тур хилига мансуб-Чиллаки, Андижан-4, Бобур, Матонат, Юлдуз, Ёғду, Жайхун, Яксарт, Туркистон, Эломон, Ғазғон, Хазрати Башир, Бунёдкор, Хиссорак навлари, ферругинеум тур хилига мансуб Марс-1 нави, лютесценс тур хилига мансуб Андижан-1, Андижан-2, Дурдона, Аср, Давр, Сохибкор, Қорадарё навлари, грекум тур хилига мансуб Омад, Шодлик навлари, қаттиқ буғдойнинг Қахрабо, Садаф, Олмос, Мингчинор, Макус-3, Марварид навлари яратилиб Республика худудида экишга тавсия этилган. Бундан ташқари институт селекционер олимлари тамонидан яратилиб Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Давлат комиссиясига топширилган юмшоқ буғдойнинг Сохибкор, Хамкор, Хумо, Зафар, Биллур, Водий, Ўзбек-1, Осиё, Тараққиёт, Крас-Ан, Старт, Ифтихор, Нихол, Юбилей-15, Ислохат, Устоз, Комолот, Санам, Само, Фазо, Асати, Барака, Азиз, Умид, Ўзбекистон-25, Барҳаёт, Фаровон, Зумрад, Шамс, Истиқлол 20 навлари, қаттиқ буғдойнинг Лангар навлари Республиканинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида синовдан ўтмоқда.

 

Дуккакли дон экинлари селекцияси соҳасида селекционер олимлари томонидан соянинг Олтинтож, Ойжамол, Тумарис, Барака, Устоз ММ-60, Дўстлик, Ўзбекистон-2, Ўзбекистон-6, Нафис, Орзу, Парвоз, кузги хўраки нўхатнинг Полвон, Зумрад, хўраки нўхотнинг Жахонгир, Ирода-96, Лаззат, Юлдуз, мошнинг Қахрабо, Наврўз, Радость, кузги ясмиқнинг Дармон, Сарбон, Олтин дон, кузги кўк нўхатнинг Осиё-2001, Жасур-98, кузги бурчоқнинг Гурур навлари яратилди.

 

Шолининг селекцияси бўйича Авангард, Аланга, Гулжаҳон, Илғор, Истиқбол, Искандар, Лазурный, Мустақиллик, Нукус-70 навлари яратилди. Маккажўхори ва жўхори селекциясида олиб борилган тадқиқотлар натижасида маккажўхорининг Ўзбекистон-601, Ўзбекистон-420, Ўзбекистон-400, Қорасув-350, Ўзбекистон-300 дурагайлари ҳамда жўхорининг Даулет, Қантлик жухорининг Қорабош, Ширин-91 навлари яратилди.

 

Бугунги кунда институтнинг селекционер олимлари Республикамизни турли ҳил тупроқ ва иқлим шароитига мослаша оладиган, юқори маҳсулдор ва сифатли ҳосил берадиган кузги ва бахорги буғдой навлари билан таьминлаш мақсадида Россия Федерациясининг П.П.Лукьяненко номидаги Краснодар қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Саратовнинг “Юга-Востока” қишлоқ хўжалик илмий-тадқиқот институти ва Сербия давлатининг Нови сад Далачилик сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти, В.С.Пустовойт номидаги Краснодар мойли экинлар илмий тадқиқот институти, Халқаро ИКАРДА, СИММИТ илмий марказлари, Краснодар “Соевий комплекс” корхонаси билан илмий ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилиб, кенг тармоқли илмий изланишлар олиб борилмоқда.

 

Илмий хамкорлик натижаларида институтнинг селекционер олимлари четдан келтирилиб интродукция қилинган Республикамизни турли ҳил тупроқ-иқлим шароитига мослаша оладиган, юқори маҳсулдор ва сифатли ҳосил берадиган кузги юмшоқ буғдойнинг эртапишар Есаул, Кума, Стршина, Рапсодия, NS-40S навлари, ўртапишар Крошка, Краснодарская-99, Таня, Память, Нота, Гром, Сила, Васса, Первица, Грация, Зимница, Калым, Лебедь навлари, ўрта кечпишар Москвич, Восторг, Юка, Драгана навлари махаллий шароитларда танланиб Давлат нав синаш комиссияси хулосасига кўра Давлат реейстрига киритилиб, уларга республика минтақалари бўйича етиштириш агротехникаси ишлаб чиқилиб, Республика худудида экишга тавсия этилди.

 

Кейинги йилларда эса янги истиқболи, эртапишар, дон ҳосили ва сифати юқори 20 га яқин кузги юмшоқ буғдойнинг Иришка, Ласточка, Афина, Юмпа, Айвина, Вершина, Табор, Бригада, Просковья, Курень, Адель, Баграт, Алексеич, Безостая-100, Стан, Велена, Веха, Гурт каби навлар келгусида республикамиз худудида кафолатли ҳосил берадиган навлар устида тажриба синовларидан ўтказилмоқда.

 

Шунингдек, бошоқли дон экинлардан арпанинг Скипер, Командер, Компаст, Новосадский 525, Новосадский 565, Спринтер, Платон навлари, дон сифат кўрсаткичлари ва хосилдорлиги юқори, ташқи мухит нокулай омилларига чидамли тритикаленинг Серей, Хлебороб, Тит навлари, дуккакли дон экинлари соянинг эртапишар Славия, Спарта, Селекта 201, Арлета, Амига, Аванта, Вилана, Селекта 302, Меркур, Виктория, Тайфун каби янги навлари институтнинг турли хил селекция кўчатзорларида синовдан ўтказилмоқда.

 

Институт ва унинг филиал хамда илмий тажриба станциялари олимлари томонидан шу кунгача соха мутахассисларига оид 2 та монография, 50 дан ортик тавсияномалар, 100 дан ортик республикамизнинг нуфузли журналларида ғалла ва дуккакли экинлар янги навларини етиштириш агротехникаси ишлаб чикариш жараёнида фойдаланиш учун мутахассис тавсияномаси ва маколалар чоп этилиб, ишлаб чикариш мутахассисларига тақдим этилди.