Эртаги сабзавотлар ва ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, картошка экинларни экиб, такрорий экин сифатида етиштириш аҳолини куз-қиш мавсумлари ҳамда келаси йилнинг май ойигача бўлган муддатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, маҳсулотни экспортга чиқариш, қиш мавсумига сақлаш ҳамда бозорларда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш имконияти беради.
Такрорий муддатда асосан сабзи, ош лавлаги, оқ бош ва гул карам, пиёз, турп, шолғом, бодринг, саримсоқ ва кўкат сабзавотлар ҳамда картошка етиштирилади. Бугунги кунда полиз экинларидан қовун, тарвуз, сабзавотлардан ширин қалампир, брокколи, рукола каби экинларини экиб етиштириш аввало такрорий экин ҳилма хиллигини, ушбу экинларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга замин бўлмоқда.
Қуйида такрорий муддатда сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштириш бўйича қисқача тавсиялар бериб ўтилган.
ОҚ БОШ КАРАМ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда 1-15 август; марказий вилоятларда 15 июн - 10 июл; шимолий вилоятларда 25 май-5 июн.
Экиш схемаси: 70х40см ва 90x40 см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар:махаллий ўртапишар Саратони, Тошкент 10, Термиз 2500, кечпишар Шарқия-2, Ўзбекистон Судьяси, чет элни Бухарест. Ўғитлаш: азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 75 кг/га.
Суғориш: 10-12 марта суғорилади. Суғориш меъёри, дастлаб 600-700 м3/га, кейингилари 450-500 м3/га.
Парваришлаш: кўчат экилиб бўлгандан кейин майдон кетма - кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари кўчат атрофи билан билан бирга юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи чопиқ экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Оқ бош карам икки марта чопиқ қилинади.
ГУЛ КАРАМ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда 1-5 август; марказий вилоятларда 20-30 июл; шимолий вилоятларда 1-10 июл.
Экиш схемаси: 70х40см ва 90x40 см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Скайвокер F1, Фарго F1, Кашмер F1, Барселона F1, Меган F1, Вайт Иксель F1, Юкон F1 нав ва дурагайлари.
Ўғитлаш: азот 240 кг/га, фосфор 160 кг/га, калий 100 кг/га.
Суғориш: гул карамга ҳар сафар 7-9 кун ўтказиб туриб, жами12-14 марта, гектарига 500-550 м3 меъёрида сув берилади.
Парваришлаш: Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма - кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Гул карам икки марта чопиқ қилинади.
БРОКОЛЛИ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда 1-15 август; марказий вилоятларда 20-30 июл; шимолий вилоятларда 1-10 июл.
Экиш схемаси: 70х40см ва 90x40 см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Айронмен F1, Гераклион F1, Насос F1, Маратон F1, дурагайлари.
Ўғитлаш: азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 75 кг/га.
Суғориш: брололли ҳар сафар 7-9 кун ўтказиб туриб, жами 12-14 марта, гектарига 500-550 м3 меъёрида сув берилади.
Парваришлаш: Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма - кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Броколли икки марта чопиқ қилинади.
САБЗИ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларида 1-15 август марказий вилоятларда 10 июндан 10 июлгача; шимолий вилоятларда 10-20 июн. Уруғ сарфи 5-6 кг/га.
Экиш схемаси: 52x8, 62x8см. ёки сочма
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Мирзои қизил -228, Мирзои сариқ-304, Нантская, Шантане-2461, Курадо шантане,Новая курода, Зийнатли, Мшак-195, Нурли навлари.
Ўғитлаш: азот 220 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 50 кг/га.
Суғориш: ер ости сувлари чуқур жойлашган ерларда 11-12 марта, ер ости суви юза ерларда 6-8 марта суғорилади. Суғориш меъёри 550-600 м3/га.
Парваришлаш: сабзини парваришлаш жараёнидаги энг мухим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади.Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади.
ПИЁЗ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: шимолий вилоятларда 15 август-1 сентябр, бошқа вилоятларда 15 август-10 сентябр.
Экиш схемаси: Пиёз уруғи 2-3 қаторли лентасимон усулда техникани базали изи 180 см бўлганда 60+15+15 см, 140 см -40+15+15 см ёки 50+20 см, 120 смда 45+15 см схемада экилади.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий Сумбула, Оқ дур, чет мамлакатларни Сибир, Алдоба, Фенеза нав ва дурагайлари.
Ўғитлаш: Азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 75 кг/га.
Суғориш: Ўсув даврида минтақаларга қараб 14-20 марта суғорилади. Суғориш меъёри 400-600 м3/га.
Парваришлаш: Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягона қилинади. Қатор ораларидаги бегона ўтлар 15-16см чуқурликда юмшатиб йўқотилади.
САРИМСОҚ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: саримсоқ кузда, сентябр-октябрнинг бошларида экилади.
Экиш схемаси: Саримсоқ 2-3 қатор қилиб экилганда ленталар ораси 50-60 см, ленталардаги қаторлар ораси 10-15 см, қатордаги ўсимликлар ораси 6-8 см бўлади.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Майский Вир, Южно-Фиолетовой ва Чидамли навлари.
Ўғитлаш: азот 100-150кг/га, фосфор 100-120 кг/га, калий 50 кг/га.
Суғориш: Саримсоқ кузда, совуқ тушгунча 1-2 марта суғорилади. Саримсоқни кўклам-ёзда парвариш қилиш: 5-6 марта суғориш Суғориш меъёри 400-600 м3/га.
Парваришлаш: қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, чопиқ қилиш, гулпояларини синдириб ташлаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва чиринди билан мульчалаш ҳосилни анча оширади.
ОШ ЛАВЛАГИ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда: 1-10 август; марказий вилоятларда: 5-15 июл; шимолий вилоятларда: 1-10 июн.
Экиш схемаси: (50+20)8см. Уруғ сарфи 14-16 кг/га.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий Диёр, Ягона ва чет элнинг Бордо 237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1 нав ва дурагайлари.
Ўғитлаш: азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 120 кг/га.
Суғориш: 10-12 марта 7-8 кун оралатиб, 550-650 м3/га миқдорда суғорилади.
Парваришлаш: ош лавлаги уруғлари 4-5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб ва ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20-25оС. Ош лавлаги 2-3 марта чопиқ ва ўтоқ қилинади.
ШОЛҒОМ ВА ТУРП ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда 1-20 сентябр, марказий вилоятларда 1-15 август, шимолий вилоятларда 25 июл-10 август.
Экиш схемаси: 40х15-20 см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: шолғомни Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар навлари, турпни Андижон 9, Марғилон маҳаллий, дайкон ёки япон турпини Содиқ ва Куз хадяси навлари.
Ўғитлаш: гўнг 20-30 т/га, азот 90-100 кг/га, фосфор 70-80 кг/га, калий 40-50 кг/га.
Суғориш: ўсув даврида 5-6 марта 8-10 кун оралатиб суғорилади. Суғориш меъёри 500-600 м3/га.
Парваришлаш: уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.
БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда 10-20 июл; марказий вилоятларда 15-30 июн; шимолий вилоятларда 15-25 май.
Экиш схемаси: (70+140)x40 см. Уруғ сарфи- 4-5 кг/га.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий Ранний-645, Ўзбекистон-740, Зилол, Наврўз, чет мамлакатларни Алиби, Аякс, Регал, Суперина, Амур, Зена каби нав ва дурагайлари.
Ўғитлаш: гўнг 30-40 т/га, азот 150-200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 75 кг/га.
Суғориш: марказий ва шимолий вилоятларда 6-7 кун, жанубий вилоятларда эса 5-6 кун оралаб суғорилади. Суғориш меъёри, дастлаб 600-700 м3/га, кейингилари 400-500 м3/га.
Парваришлаш: униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор ораларига культиватор билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал ўғит билан озиқлантириш ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15-16 см чуқурликда культивация қилинади.
ШИРИН ҚАЛАМПИР ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда: 1-10 август; марказий вилоятларда: 1-10 июл.
Экиш схемаси: 70x30 см ёки 70х40/2 см схемада, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90x25см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента нав ва дурагайлари
Ўғитлаш: азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 100 кг/га.
Суғориш: 8-10 кун оралатиб, 500-600 м3/га миқдорда 10-12 марта суғорилади.
Парваришлаш: кўчат экилиб бўлгандан кейин майдон кетма-кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари кўчат атрофи билан билан бирга юмшатилади. Ширин қалампир икки марта чопиқ қилинади.
КЎКАТ САБЗАВОТЛАР ЕТИШТИРИШ
Укроп уруғларини жанубий худудларда: 1-10 сентябр, марказий минтақаларда 10-20 августгача экиш лозим. Бутун йил давомида етиштириб туриш учун уруғини 40-45 кун оралатиб, поғона усулида сепилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга сепилади ва уруғ сарфи 10-12 кг/га. Экиш учун Ором, Анет, Алигатор, Харковская 85 навлари тавсия этилади.
Кашничдан узлуксиз ҳосил олиш учун уруғи қуйидаги муддатларда сепилади: ёзгиси 15-20 июн, ёзги-кузгиси 15 август. Пол қилиб сепилганда уруғ сарфи 8-10 кг/га. Экиш учун Орзу, Янтарь навлари тавсия этилади.
Салатни Кўк шох ва Фиоретт навлари уруғи кузда сентябрни иккинчи ярми-октябрда сепилади. Салат лентасимон 2-3 қатор қилиб экилади. Ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см. Уруғ сарфи 4-5 кг/га. Салат тупларининг орасида 8-10 см, бошли салатда 12-15 см бўлади.
Руколани Грация нави уруғи кузда сентябрни биринчи ярмида сепилади. Уруғ лентасимон 2-3 қатор қилиб экилади. Ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15-20 см. Уруғ сарфи экиш схемасига қараб 4-5 кг/га.
Петрушкани Ннилуфар, Сахарная, Новас навларини уруғини 10 июлдан 10 августгача сепилади. Уруғ сарфи 5-6кг.
ҚОВУН ВА ТАРВУЗ ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: қовун ва тарвуз уруғ ва кўчатларини экиш ишлари 1 июлгача тугаланиши лозим.
Экиш схемаси: қатор оралари 270-280 см кенг эгат олинади. Экиш схемаси- (280+70)/2х70 см, (270+90) /2х70 см.
Ўғитлаш: азот 75 кг/га, фосфор 75 кг/га, калий 50 кг/га.
Суғориш: сизот сувини жойлашганига қараб 400-500 м3/га миқдорида 5-6 мартагача сув берилади. Эртапишар навлар тупроқ иқлим шароитига қараб 1-2 марта кам суғорилади.
Парваришлаш: полиз экинларини парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.
КАРТОШКА ЕТИШТИРИШ
Экиш муддати: жанубий вилоятларда: тезпишар навлар 10-20 июл; ўртапишар навлар 5-20 июл; кечпишар навлар 20-30 июн. Марказий вилоятларда: тезпишар навлар 10-20 июл; ўртапишар навлар 10-30 июн; кечпишар навлар 10-20 июн. Шимолий вилоятларда: тезпишар навлар 20-30 июн; ўртапишар навлар 15-25 июн; кечпишар навлар 5-10 июн.
Экиш схемаси: 70x30 см, 90x25см.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Розара, Фреско, Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Арнова, Диамант, Пикассо, Тўйимли, Умид 2, Сарнав ва бошқалар.
Ўғитлаш: Гўнг 20-25 т/га, азот 200 кг/га, фосфор 150 кг/га, калий 100 кг/га.
Суғориш: сизот суви чукур жойлашган ерларда 12-13 марта, сизот суви юза ерларда 6-10 марта. Суғориш меъёри: биринчи суғоришда 700-750 м3/га ва кейингиларда 450-500 м3/га.
Парваришлаш: майдонлар ниҳоллар тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1-2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4-6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига тўрсимон бороналар ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга бўлган муҳим тадбир ҳисобланади. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 10-15 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15-16 см чуқурликда, 10-12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Иккинчи комплекс ишлов биринчисидан сўнг 15-20 кун ўтгач амалга иширилади.
Р.Хакимов, Ф.Расулов