ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ
ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИЛМИЙ-ИШЛАБ
ЧИҚАРИШ МАРКАЗИ
ЎСИМЛИКШУНОСЛИК ИЛМИЙ-ТАТҚИҚОТ ИНСТИТУТИ
Каноп ўсимлигини парваришлашга оид
ТАВСИЯЛАР
(Каноп етиштирувчи фермер хўжаликлари учун қўлланма)
ТОШКЕНТ - 2018
Мазкур тавсия Ўсимликшунослик илмий-татқиқот институти олим ва мутахассислари: И.У.Анарбаев, Т.Б.Азизов, С.Тухтаева, Р.Балкибековалар томонидан тайёрланди.
Тақризчи: б.ф.н. Д.Л.Идиятуллина
Кириш
Каноп (Hibiscus cannabinus)-ғўзадошлар оиласига мансуб луб толали бир йиллик ўсимлик, толаси учун экиладиган экин. Каноп ёввойи ҳолда Жанубий Африкада ва Марказий Ҳиндистонда учрайди. Ватани-Ҳиндистон. Эрон, Хитой, Ява ва Суматра оролларида, Африка, Америка (АҚШ, Бразилия, Куба). Каноп ўсимлиги дунёда 300 000 гектар майдонга экилиб, ўртача ҳосилдорлиги 120-140 ц/га ни ташкил этади. Америка қўшма штатларида каноп 50 000 гектар майдонга экилиб, кўк поя ҳосилдорлиги 200-220 ц/га ни ташкил этади.
Каноп ўсимлиги-қимматбаҳо толали экин ҳисобланади. Унинг толаси ўзининг майинлиги, пишиқлиги ва яхши тўқилиши билан ажралиб туради. Каноп толасидан ишланган маҳсулотлар намликни ўзига тортиши ва тез ўзидан ўтказиши (гигроскопик) хусусиятлари билан бошқа техник ўсимликлардан устун туради.
Каноп толасидан олинадиган каноп иплари электрокабель ва гилам тўқиш саноатларида, халқ хўжалигида брезент, арқон, ўт ўчириш учун ишлатиладиган эгилувчан шланглар, мебел матолари тайёрлашда хом ашё сифатида ишлатилади. Каноп толасидан тайёрланган қопларда ун, гуруч, шакар, кофе ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаганда ўз хусусиятларини ўзгартирмайди. Каноп ўзагидан картонлар, қурилиш плиталари ясалади, гидролиз, қоғоз саноатида, тамаки корхоналарида ишлатилади. Канопни бирламчи қайта ишлашдаги чиқиндиси қурилиш плиталари, гидролиз саноатида эса пектин, спирт, фурфурола каби кимёвий моддалар олиш учун хом ашё ҳисобланади.
Каноп чиқиндилари, барглари, кўсакчалари ва ўзакларидан ўсимликларнинг озиқланиши учун компост тайёрланади. Каноп уруғидан эса озиқ-овқат учун ишлатиладиган қимматбаҳо пектин олинади.
Экишга ерни тайёрлаш. Бунинг учун ерни текислаб ўз вақтида ер етилиши билан бороналаш лозим. Бороналашнинг ўтказилиши тупроқдаги намликнинг сақланишига катта таъсир кўрсатади. Бороналашда даланинг юзаси текисланади, энди ўсиб келаётган бегона ўтлар йўқотилади, кесаклар майдаланади, ҳосил бўлган қатқалоқ юмшатилади.
Экишга тайёрланиш. Каноп ўсимлиги икки йўналишда, яъни уруғлик олиш ва кўк поя олиш мақсадида экилади. Уруғлик олиш мақсадида экилгандан уруғ фақат энг олий, олий ва биринчи нав бўлиши шарт. Каноп пояси учун учинчи нав уруғи экилади. Экиш муддатини тўғри белгилаш – канопдан мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилидир. Маълумки, каноп иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади. Шу боисдан ҳам экиш муддатини тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эгадир. Тупроқнинг ҳарорати 16оС га етганда каноп уруғи расман уна бошлайди. Тупроқдаги иссиқлик 18-20оС га етганда уруғ бир текисда қийғос униб чиқади.
Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, кўк поя учун экишнинг энг мақбул муддати 10 апрелдан бошлаб ёки кечиккан пайтида эса биринчи майгача экиш тавсия этилади. Уруғлик каноп учун экиш муддати эса 5-15 апрелгача ҳисобланади. Кўк поя учун гектарига уруғ сарфлаш нормаси 25 кг, уруғлик учун эса 10 кг белгиланади. Шунда кўк поя учун ҳар гектаридан 700-750 минг туп кўчат, уруғлик учун эса 160-180 минг туп кўчат бўлишига эришамиз. Ана шундай қилинганда, кўчатлар тўлиқ сақланса, об-ҳаво шароитига қараб кўк поядан 160 центнер ва ундан ҳам юқори, уруғликдан эса 4-5 центнер ҳосил олишга эришишимиз мумкин.
Уруғликнинг хўжалик жиҳатидан яроқлилигига қараб ҳақиқий экиш нормаси белгиланади. Бунинг учун тавсия қилинган экиш нормаси уруғнинг хўжалик жиҳатидан яроқсизлик фоизига бўлинади. Ва ўзгармас сони 100 га кўпайтирилади. Мисол: уруғнинг униб чиқиш даражаси 94 % ва тозалиги 96 % бўлганда уруғнинг хўжалик жиҳатидан яроқлилиги:
94 х 96
--------- + 90,24 % га тенг
100
Агар экиш нормаси гектарига 25 кг тавсия қилинса, уруғнинг ҳақиқий экиш нормаси қуйидагича бўлади:
25
------------ х 100 + 27,7 кг бўлади.
90,24
Экиш нормасини белгилаш учун сеялка (СОН-2,8) ғилдираги айланасининг узунлиги ўлчанади, яъни 2 м 80 см бўлади. Қатор ораси кенглиги 60 см бўлганда сеялканинг қамраш кенглиги 2,4 метрга кўпайтирилади. Шунда сеялка ғилдираги бир марта айланганда қанча жойга уруғ тўғри келиши маълум бўлади.
2,8 х 2,4 + 6,72 м2.
Сеялка ғилдираги 20 марта айлантирилиб чиққан сонга кўпайтирилади:
6,72 х 20+ 134,4 м2.
Шундан кейин ғилдирак 20 марта айланганда қанча уруғ сарфланиши аниқланади. Бунинг учун бир гектарга белгиланган миқдорни сеялка ғилдираги 20 марта айланганда уруғ сепилган майдонга кўпайтирилиб 10000 га бўлинади.
27,7 х 134,4
---------------- + 372,3 г.
10 000
Сеялка ғилдираги 20 марта айланганда 372,3 г каноп уруғи сепар экан. Шундай қилиб, юқоридаги усулни қўллаб гектарига сарфланадиган уруғ миқдорини аниқлаш мақсадга мувофиқ бўлди.
Каноп уруғи нисбатан майда бўлганлиги учун уни 3-4 см чуқурликда экиш керак. Уруғни бундан чуқурроққа ташланганда уруғ кеч чиқади, нимжон бўлиб ўсади ва касалликка тез чалинади. Каноп экиш учун СОН-3,6 маркали сеялкадан фойдаланилади ва экиш билан бир йўла 30 кг дан азот ва фосфор ўғитлари қўлланилади. Чунки ёш ниҳоллар дастлабки пайтларда озуқага талабчан бўлади.
Каноп етиштиришда мана шу тавсияномалардан фойдаланилса ҳосилдорликнинг ошишига замин тайёрлаган бўламиз.
Канопни парваришлаш. Ниҳолларнинг ёшлик пайтида парваришига катта аҳамият бериш керак, чунки каноп ўсимлиги 35-40 кун давомида вегетатив органи жуда ҳам секин ўсади, бу вақтда асосан илдиз тизими яхши ривожланади. Шунинг учун культивацияни ўз вақтида сифатли қилиб ўтказиш, бегона ўтларга ва зарпечакка қарши тинимсиз кураш олиб бориш зарур.
Бўз ва ўтлоқи тупроқли далаларда қатқалоқ ҳосил бўлиши мумкин. У айниқса апрел ойининг иккинчи ярмида экилган канопнинг униб чиқишига тўсқинлик қилади. Айрим майдонларда униб чиққан ниҳоллар эса жуда нозик бўлади. Агар бу майдонлардаги қатқалоқ тезда бартараф этилмаса кўчат нобуд бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай ерларни тезда юмшатиш, тупроқдаги ортиқча намни қочириш, ҳамда қиздириш керак. Бунда канопнинг илдиз чириш касаллигига чалинишга йўл қўйилмайди, гектарига тўлиқ кўчат сақланишига имкон беради.
Каноп ўсимлигини ягана қилиш муддатлари ўсимлигининг ўсиб-ривожланишига ва маҳсулот сифатига катта таъсир кўрсатади. Ўтказилган илмий изланишлар натижасига кўра канопнинг Ўзбекистон 2268 нави 2-3 чинбарг чиққанида ягана қилиш энг мақбул муддат деб топилди.
Маълумки, каноп жуда нозик ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун, айниқса ҳозирги мураккаб об-ҳаво шароитида экин қатор ораларини тезда юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш жуда ҳам муҳимдир.
Биринчи культивация даврида культиваторнинг ишчи органларини ўсимликдан 7-8 см узоқликда, ротацион мосламаларни 5-6 см, пичоқларни 6-8 см, ўткир учли ғоз панжаларни 10-12 см чуқурликда ўрнатиш керак. Иккинчи культивация вақтида ҳам агар бегона ўтлар кўп бўлса ротацион мосламалардан фойдаланиш тавсия этилади. Бу ишловда ҳам ҳимоя зонаси 7-9 см ни ташкил этиб, ротацион мосламалар 5-6 см, наральниклар 8-10 см ва панжалар 12-14 см чуқурликда ўрнатилади. Учинчи ва тўртинчи культвацияни ККО ёрдамида ўтказиш яхши фойда беради. Бу ҳимоя зонаси 6-8 см ни ташкил қилиш, наральниклар 6-8, 8-10, 12-14 см қилиб остинма-устин, панжалар 14-18 см чуқурликда жойлаштирилиши лозим.
Олимларимиз томонидан олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатдики, канопнинг Ўзбекистон 2268 навини ўғитлашда, кўк поя учун экилган канопга ҳар гектар ҳисобига 250 кг дан азот, 150 кг дан фосфор ва 120 кг дан калий, уруғлик учун ҳар гектарига 200 кг азот, 100 кг фосфор ва 100 кг калий бериш тавсия этилади. Агар фосфор ва калий ўғитлар 50 % шудгорлаш пайтида солинган бўлса, қолганини парваришлаш даврида қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Қатор оралиғи 60 ва 90 см бўлган майдонларга жўяклар чуқурлиги тегишлича 14-16 ва 18-20 см ни ташкил этиши лозим, қатор оралари 60 см бўлган майдонлар учун жўякларнинг узунлиги 100-200 м, 90 см ли ерлар учун эса 200-300 м бўлиши қулайлик туғдиради.
Ўғитларни қўллаш муддатлари. Каноп ҳосилдорлигини оширишда илғор технологиялардан бири–бу ўғитлардан тўғри фойдаланиш омилларидан биридир. Ўғитларнинг самарадорлиги кўпгина шароитларга боғлиқ эканлиги кўп йиллик тажрибалардан маълум. Агротехника даражасидан ташқари ўтмишдош экинлар, тупроқнинг агрокимёвий, агрофизикавий хоссалари ва механик таркиби муҳим аҳамиятга эгадир. Шунинг учун кўкпоя ва уруғлик учун етиштирилаётган эртапишар канопнинг ўзбекистон 2268 навига қўлланиладиган минерал ўғитларнинг миқдори ва нисбатини аниқлаш катта аҳамиятга эга.
Текширишлардан маълумки, каноп ҳосилининг 44-45 %и минерал ўғитлар ҳисобига шаклланади. Канопдан юқори ҳосил олиш учун эртапишар Ўзбекистон 2268 навига қўлланиладиган минерал ўғитларнинг таъсири устида 2012-2014 йилларда текшириш ишлари олиб борилди.
Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатдики, канопнинг эртапишар Ўзбекистон 2268 нави учун қуйидаги минерал ўғитлар тавсия этилади. Кўк поя учун бир гектарига азот 250 кг, фосфор 150 кг ва калий 120 кг. Уруғлик каноп учун азот 200 кг, фосфор 100 кг ва калий 100 кг солинса юқори ҳосил олиш мумкин.
Каноп минерал ўғитларга жуда ҳам талабчандир. Канопдан 1 центнер ҳосил тупроқдан 6-8 кг азот, 3-5 кг фосфор ва 6-8 кг калийни ўзи билан олиб кетади.
Канопни ўғитлаш ҳар йили об-ҳаво шароити ва тупроқ ҳароратини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш керак. Бунда ўғитлаш миқдори, уларнинг турлари ва нисбати агрокимё картограммалари, ўғитлаш режасига кўра белгиланади (1-жадвал).
1-жадвал.
Канопга тавсия этилган минерал ўғитларни қўллаш.
Каноп |
Минерал ўғитларнинг миқдори, кг (таъсир этувчи модда ҳисобида) |
Ўғитларни солиш вақтлари, кг |
|||||||||
Шудгорлаш пайтида |
Экиш билан бирга |
Шоналаш даврида |
Гуллаш даврида |
||||||||
Фос-фор |
Калий |
азот |
Фос- фор |
азот |
фос- фор |
Калий |
азот |
Фос-фор |
Калий |
||
Кўк поя учун |
N250 P150 K120 |
75 |
60 |
30 |
30 |
110 |
45 |
- |
110 |
- |
60 |
Уруғлик учун |
N200 P100 K100 |
50 |
40 |
30 |
30 |
85 |
- |
60 |
85 |
20 |
- |
Ўғитлар (фосфорли ва калийли) нинг 50 %ини шудгорлаш пайтида, қолганини парваришлаш даврида ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
Экиш билан бир вақтда гектарига 30 кг дан азот ва фосфор ўғитлари берилади. Биринчи озиқлантиришда (шоналаган вақтида) азот ва фосфорли, иккинчисида эса (гуллаш вақтида) азот ва калий ўғити берилади.
Уруғлик учун экилган каноп парваришига алоҳида эътибор бериш керак. Айниқса уруғлик канопни биринчи озиқлантиришда калий билан азотни бирга бериш катта аҳамиятга эга. Бунда унинг ҳар гектари ҳисобига 40 кг дан калий ишлатиш тавсия этилади. Фосфор ўғити иккинчи озиқлантиришда азот билан бирга (гуллаш вақтида) бериш уруғликнинг пишиб етилишини бирмунча тезлаштиради (1-жадвал).
Кўк поя ва уруғлик канопни суғориш. Каноп ўсимлигининг ўсув даврида унинг сувга бўлган талабига қараб сув билан таъминлаш - юқори ва сифатли кўк поя ва уруғлик ҳосилини олиш гаровидир. Ўсимликнинг илдиз тизимини етарли намлик билан таъминланмаслиги ўз навбатида сувга бўлган танқислиги сезиларли даражада бўлиб, натижада ўсимликнинг ўсиш жараёнида физиологик жараёнларнинг бузилишига ва ривожланишнинг сустлашишига ҳамда ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.
Республикамизда каноп етиштирадиган фермер хўжаликларда тупроқ-иқлим шароитини, рельефини ва сизот сувларининг жойлашганлигини эътиборга олган ҳолда энг муқобил суғориш тартибини белгилаш ва суғориш усулларидан тўғри фойдаланиш каноп ўсимлигидан юқори ҳосил олишда аҳамияти каттадир.
Илмий изланишлар натижасига кўра, каноп ўсимлигининг қуйидаги суғориш тартибини тавсия этади. Сизот сувлар 2,0-3,0 м чуқурликда жойлашган ўтлоқи тупроқ шароитида канопнинг эртапишар Ўзбекистон 2268 навидан кўк поя олиш учун амал даврида 4 марта суғориш ва мавсумий суғориш меъёри 4500 м3/га ни ташкил этиб, суғориш 1:2:1 дан иборат бўлиши лозим, яъни шоналашгача бир марта суғорилиб, суғориш меъёри 1100 м 3/га, гуллашгача – икки марта суғорилиб, суғориш меъёри 1200 м3/га ва техник пишиш ҳолатигача бир марта суғорилиб, суғориш меъёри 1000 м3/га ни ташкил қилиш керак ва суғориш олдинги суғориш намлиги дала нам сиғимига нисбатан 70-70-70 % бўлиши керак. Шоналашгача бўлган суғоришлар оралиқ даври 16-20 кун, гуллашгача бўлган даври 20-26 кун ва техник пишиш ҳолатига даври 16-18 кунни ташкил этиши лозим.
Ер ости сизот сувлари 4-5 метр чуқурликдан пастроқ бўлган майдонларда суғориш сонлари ошади.
Уруғлик учун экилган канопни суғориш тартиби кўк поя учун экилган канопга нисбатан бир-биридан бирмунча фарқ қилади. Сизот сувларининг 2,0-3,0 м чуқурликка жойлашган бўз ўтлоқи тупроқ шароитида эртапишар Ўзбекистон 2268 навидан сифатли уруғ олиш учун 3 марта қатор оралатиб суғориш ва мавсумий суғориш меъёрини 3000-3600 м3/га ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Суғориш схемаси 1:1:1, яъни шоналашгача бир марта суғорилиб, суғориш меъёри 1000-1100 м3/га, гуллашгача 1100-1500 м3/га ва биологик пишишининг бошланишида 900-1000 м3/га бир мартадан қатор оралатиб суғориш ва суғоришдан олдинги тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғимига нисбатан 70-70-65 % бўлиши лозим. Ҳар бир суғориш олдидан 7-9 см чуқурликда кейинчалик 11-12 см чуқурликда жўяк очилади.
Суғориш ишларини сифатли олиб бориш ва унинг самарадорлигини ошириш учун тавсия этилган суғориш тартибига қатъиян риоя қилиш, суғориш усулларидан, техникаси ва технологиясидан тўғри фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бу ўз навбатида суғориш сифатини оширади, суғоришга кетадиган сарф-харажатларни камайтиради, сувнинг иқтисод бўлишига олиб келиб, сувчиларнинг меҳнатини енгиллаштиради, ҳамда меҳнат унумдорлигини оширади.
Ўсимлик касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш. Каноп ўсимлиги зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан кўп шикастланадиган экинлардан ҳисобланади. Ҳимоя чоралари қўлланмаса экиннинг ҳосили камаяди ва маҳсулот сифати пасаяди. Каноп ўсимлиги қуйидаги касалликлар билан касалланади: бактериоз касаллиги, кулранг чириш, илдиз бўғзининг чириши, макроспориоз, сўлиш касаллиги, поянинг қорайиши, баргларнинг хол-хол олачипор касаллиги. Шу касалликлар ичида энг кўп зарар келтирадигани илдиз чириш касаллигидир.
Илдиз чириш касаллиги. Бу касални Rhizoctonia Solani ва Fuzarium sp. замбуруғлари чақиради. Бу касаллик уруғнинг униб чиқишидан то пишиш давригача зарар етказади. Айрим йиллари кучли зарарланган майдонларда ёш ниҳоллар 80 % гача, катта ўсимликлар 40 % гача сўлиб қолади. Ёш ниҳолларнинг бўйин қисмида, катта ўсимликларнинг илдизида ҳар хил шакл ва катталикда жигарранг доғ пайдо бўлади. Кейинчалик бу доғ катталашиб халқа ҳосил қилиб, ўша жойидан чирийди. Ўсимликка сув ва озиқ моддалар етиб бормайди. Оқибатда ўсимлик нобуд бўлади. Касалланган катта ўсимликларнинг барглари яшил рангини йўқотмай туриб сўлий бошлайди. Касалланган ўсимликнинг поясини ишлаш қийин бўлади, толада чиқинди кўпаяди, тола ва уруғ сифати пасаяди. Касалликнинг кўпайиши каноп ўсимлигини ҳар йили бир жойга такрорий экилса, касални юқтирувчи замбуруғ тупроқда йилма-йил кўпайиб кетади. Яна бир сабаби баҳор чоғида тупроқда намликнинг кўпайиши, қатқалоқ пайдо бўлишидир. Замбуруғлар бегона ўтларда, ўсимлик қолдиғида ва каноп уруғида сақланади.
Касалликка қарши агротехник чоралар. Ҳар йили кузда ерларни чуқур ағдариб ҳайдаш, бегона ўтларни ва каноп қолдиқларини даладан чиқариб ташлаб ёқиб юбориш керак. Шунда замбуруғларнинг қишлайдиган сони камаяди. Каноп учун энг яхши ўтмишдош пахта, беда ва донли экинлардир. Баҳорда энг қулай вақтда тавсия этилган миқдорда сифатли уруғларни экиш, тупроқда доимий намликни сақламаслик. Суғорганда сув кўллаб қолмаслиги учун ерни экишдан олдин яхшилаб текислаш ва бороналаш зарур. Энг асосийси касалга чидамли навларни экиш муҳимдир.
Биологик усулда кураш. Бу усул микробиологик моддаларни қўллашга асосланган. Биологик препарат триходерма лигнорум (Тошкент-1 штамми), экишдан олдин триходерма 4,5 кг миқдорда 2 тонна лигнин билан аралаштирилиб, тупроққа боронадан олдин сепилади ёки экишдан олдин каноп уруғига 4 кг триходерма билан 30 кг каноп уруғига ишлов бериш керак.
Экишдан олдин уруғларга ишлов бериш. Илдиз чириш касалига қарши 1 тонна каноп уруғига экишдан 7-10 кун илгари қуйидаги препаратларнинг бири билан ишлов бериш керак:
- 1,5 кг углегумат натрий қ 1,0 кг мис купороси.
- 1 % ли рослин 20 литр қ 1,0 кг мис купороси.
- П-4 ёки витарос, ёки ҳимоя, ёки паноктин 4 литр.
- Максим 2 литр ёки наврўз 400 мл.
Бундай ишлов беришда доимо 1 тонна каноп уруғига 30-35 литр суюқлик ишлатилади.
Илдиз бўртма-шиш паразити. Тошкент вилоятида экиладиган каноп экини илдизини 2 хил бўртма-шиш паразити зарарлайди:
- Жанубий бўртма-шиш–Meloidogune incognita.
- Ерёнғоқли бўртма-шиш Meloidogune arenaria.
Кўпинча ўсимликнинг вегетация даври 2-ярмида илдизида бўртма-шиш пайдо бўлади, катталиги нинатугманинг бошидай, ерёнғоқдай, айрим вақтларда ундан ҳам катта бўлади. Бўртма-шишнинг зарари 30-40 %, баъзида 60-80 % га етади. Бўртма-шиш паразити билан зарарланган ўсимликнинг илдизи албатта замбуруғли ва бошқа касалликлар билан касалланган бўлади. Кўпинча зарарланган ўсимлик баргининг ранги ўзгармайди. Бўртма-шиш билан касалланганлигини 1–15 % гача кам зарарланган; 15-50 % гача ўртача зарарланган; 50-100 % гача кучли зарарланган деб ҳисобланади.
Ундан ташқари илдизнинг зарарланиш даражасини 5 баллик шкала билан аниқланади:
- 1-балл–илдиз кучсиз зарарланган, онда-сонда бўртма-шиш бўлса,
- 2-балл–илдизнинг ¼ қисми кучсиз зарарланган бўлса.
- 3-балл–ўртача зарарланган, илдиз ўз шаклини кучсиз йўқотган ва шишлар ¼ қисмини қоплаган.
- 4-балл–кучли зарарланган, илдизнинг ярмиси ўз шаклини йўқотиб бўртма-шиш билан қопланган.
- 5-балл–кучли зарарланган, илдизнинг ҳаммаси ўз шаклини йўқотиб, илдиз йўғонлашган катта бўртма-шишга айланган.
Бўртма-шиш паразити каноп экини навбатсиз 4-5 йил экилса кўпаяди. Озиқ моддаларнинг ўтиши бузилади, ўсимликнинг ўсиш даражаси пасаяди, пояга ишлов беришда қийинчилик кузатилади, толанинг ва уруғнинг сифати пасаяди. Бу паразитларга қарши қуйидаги агротехник тадбирларга амал қилиш керак:
- Ўсимлик ва бегона ўтларнинг қолдиқларини даладан чиқриб ташлаш ва уни ёқиб юбориш керак.
- Кузда ерларни чуқур ағдариб ҳайдаш.
- Кузда ҳосил йиғим-теримидан сўнг ўсимликларда ёки бегона ўтларда паразитнинг бор-йўқлини аниқлаш керак.
- Баҳорда касалланмаган уруғларни оптимал вақтларда, тавсия этилган миқдорда экиш керак.
- Кам зарарланган жойларда ҳар йили каноп ва пахтани навбатлаб экиш зарур.
- Ўртача зарарланган майдонларда 2 ёки 3 йил пахта, ёки 2 йил пахта ва 2 йил жўхори экиш керак.
- 2 йил шоли экилган ерга 1 йил каноп экиш мумкин.
- Кучли зарарланган майдонларга 4 йил пахта экиш тавсия этилади.
- Бўртма-шиш паразитига қарши чидамли навларни экиш керак.
Каноп зараркунандалари. Каноп ўсимлигида 20 дан ортиқ турдаги зараркунандалар мавжуд. Уларнинг энг хавфлиси кузги тунлам, ғўза тунлами, шафтоли бити, дала қандаласи, ўргимчаккана, гамма тунлами, карадрин, полиз бити, маккажўхори парвонаси ва каноп зарпечагидир.
Кузги тунлам. (Agrotis segetum Schiff) тунлам қуртлари каноп униб чиққандан то 2-4ҳақиқий барг чиқаргунга қадар илдизлари ёки илдиз буғзи яқинидаги пояни кемиради. Кузги тунлам капалаги қанотини ёзганда 4 см га етади. Олдинги қаноти сарғиш кулранг, орқа қаноти тўқ томирли оқ тусда бўлади. Унинг қуртининг бўйи 5 см га етади, ранги кўкиш, кулранг, биқинидан 2 та йўл ўтган бўлиб, орқа томири зўрға кўринади. Қурт кўпинча буралиб халқа бўлиб олади.
Ғўза тунлами. (Heliothis armigera Hb.) у 120 турдаги ёввойи ва маданий ўсимликларни, шулар қаторида канопга ҳам зарар етказади. Қуртнинг танаси майда қилчалар ва холчалар билан қопланган, холчанинг ҳар қайсисида 1 тадан қилча бўлади. Ранглари озиқланишига қараб қўнғир-қора-кўк, яшил, сарғиш тусда бўлади. Оғзининг юқори қисми тук билан қопланган, чунки доимо ўсимликнинг ширасини сўриб озиқланади. Кичик ёшдаги қуртлар юқори қисмидаги барглар, шоналар билан озиқланади, катта ёшдагилари эса гулларини, баргларини ейди. Зарарланган шона, гул, барглар қуриб тўкилади. Ўсимликнинг шикастланган қисмларига сапрофит, замбуруғ ва бактериялар тушиб уларни чиритади.
Полиз бити. (Aphisn goscypit Glov) зараркунанда бўлиб ўсимликнинг 46 турига шикаст етказади. Қанотсиз битнинг танаси тухум шаклида бўлиб, бўйи 1,4-2,1 мм бўлиб, баҳор, ёз ойларида – яшил ва сарғиш, кузда тўқ яшил рангда бўлади. Полиз бити бегона ўтларда етук бит ҳолида қишлайди. Май ойининг бошида каноп экинига учиб ўтиб зарар етказади.
Дала қандаласи. Lygus pratenzis L.) унинг бўйи 3,5-4,0 мм, ранги яшил, қора гулли бўлади. Личинкаси етук қандаладан кичиклиги ва қанотлари йўқлиги билан фарқ қилади. Қандала барглар ва барг бандлари ичига тухум қўяди. Личинкасининг ривожланиши 25-30 кун давом этади. Каноп майсаси пайдо бўлганидан шоналашгача ўсув нуқтасига ва ёш баргларига шикаст етказади. Уруғ ҳосил қилиш даврида шона ва кўсакчасини тўкади. Тугилган кўсакчаларда қорамтир ботиқ доғлар пайдо бўлади, уларнинг ривожланиши ва етилиши кечикади. Бизнинг шароитда йилига 3-4 марта авлод беради.
Ўргимчаккана. (Tetrahychus urticae Koch). У экинларнинг 37 турида учрайди, шунингдек каноп ўсимлигини ҳам зарарлайди. Кана асосан баргларнинг орқа томонига жойлашиб олиб, унга шикаст етказади. Ўргимчаккана оғиз аппарати билан хужайрага кириб ундаги моддаларни сўриб озиқланади. Зарарланган баргларнинг устки томонида унда-бунда оч тусли қўнғир ва қизғиш доғлар пайдо бўлади. Шикастланган барглар тўкилади, ўсимлик ялонғочланиб, нозик бўлиб қолади. Ҳосилнинг камайишига олиб келади.
Гамма тунлами.(Phytometra gamma L.) Бу тунлам кўпайиб кетган йиллари кўп зарар етказади. Етук қуртларининг бўйи 3,0-3,5 см, яшил рангда бўлиб, танасида 8 та оқиш тасма шаклли йўллари бор. Катта ёшдаги қуртларида 3 жуфт, ёш қуртларида 2 жуфт сохта оёғи бор. Катта ёшдагиларининг орқа қисмининг охири йўғонлашган бўлади. Ёш қуртлар каноп баргларини илма-тешик қилиб юборади. Катта ёшдагилари эса баргларини бутунлай еб қўяди. Йилига 3 бўғин беради.
Карадрин. (Laphigma exigia Hb.) карадрина 70 турдаги ўсимликларга зарар келтиради. Шулар қаторида канопни ҳам зарарлайди. Кичик ёшдаги қуртлари барг этини қиртишлаб ейди, катта ёшдагилари эса баргларни кемириб, тешик қилиб кетади, айрим даврларда баргларнинг чеккаларини кемиради. Новдаларнинг учларини, мева бандини кемиради, ҳосил органларига тешиб киради. Қурти кулрангдан тўқ яшилгача товланади, орқа ва ёнлари бўйлаб 24-32 та тўлқинсимон тўқ чизиқ ўтган. Бу чизиқларни 3 та оқ йўл 4 та тасма йўлга бўлиб туради. Қуртнинг бўйи 30 мм, танаси сийрак қисқа тукчалар билан қопланган. Бизнинг шароитда йилига 5 марта бўғин беради.
Маккажўхори парвонаси. (Pyrausta nubilalus Hb.) Кузатиш натижаларига кўра, маккажўхори капалаги теварак атрофда у ёқтирадиган ўсимликлар бўлмаган ҳолда каноп майдонига учиб келади. У ҳаммахўр зараркунанда бўлиб, қуртлари каноп поясининг ичига тешиб кириб, шу ерда яшайди. Унинг ички қисми билан озиқланиб, юқоридаги энг ингичка ва нозик қисмларига етиб боради. Шикастланиш натижасида поя ва шохлари синиб тушади.
Каноп зарпечаги. (Cuscuta chinenzis ва Cuscuta compestris) Каноп ўсимлигига кучли зарар етказадиган юқоридаги 2 хил зарпечакдир. Cuscuta chinenzis–Хитой зарпечаги бўлиб, каноп ўсимлигида ва суғориладиган ерлардаги бегона ўтларга зарар келтиради. Cuscuta compestris–дала зарпечаги бўлиб, у ҳам каноп ва маданий ўсимликларни ҳамда бегона ўтларни зарарлайди. Зарпечакларда ингичка ипсимон сариқ, доғли қизғишроқ пояси, кўпдан-кўп сўрадиган гаусторияга эга. Тугунли жойида майда пуштиранг гуллари жойлашган. Бир суткада новдалари 17-18 см ўсиб, айрим вақтлари унинг узунлиги 100-200 метргача етиши мумкин. Зарпечак июн ойидан сентябр ойигача гуллайди. Поядаги уруғлари 2000-13000 донагача бўлади. Улар тупроқда униб чиқиш қувватини 10-12 йилгача сақлайди. Зарпечакнинг уруғи тупроқда, каноп уруғида ва сувларда, бегона ўтларда сақланади. Зарпечак билан зарарланган каноп ўсимлиги ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, кам ҳосил беради ёки бутунлай нобуд бўлади. Зарпечак зарарлаган каноп пўстлоқларини 2-3- навларга қабул қилинади.
Заракунандаларга қарши кураш чоралари. Бунинг учун қуйидаги агротехник тадбирлари қўлланилади:
- Даладан ўсимлик қолдиқларини, зарпечак босган ўт ва ўсимликларни олиб чиқариб ташлаш ва ёқиб юбориш.
- Ўз вақтида далаларни чуқур ва тўлиқ ағдариб ҳайдаш. Ерларга талаб қилинган жойларда қишги яхоб сувлари бериш ишларини сифатли ўтказиш, кузги шудгор даврида фосфорли ва калийли ўғитларни қўллаш. Бу чоралар зараркунанда қишлайдиган ғумбакларининг сонини камайтиришга имкон беради. Далаларни экишдан олдин текислаш, бороналаш натижасида ёш ниҳоллар бир текис қийғос унишига қулай шароит яратилади.
- Уруғларни экишдан 7-10 кун илгари уруғдорилагичларнинг бири билан ишлов бериш.
- Зараркунандаларни йўқотишда суғориш муддатлари маълум аҳамиятга эга. Тунламлар тупроқда ғумбакланаётган муддатларда суғорилса, улар сувдан қочиб тепага чиқишади ва уларни қушлар чўқиб йўқотади.
Биологик кураш усули. Тунламларга қарши трихограмма қўллаш яхши натижа беради. Бунда аниқланган тухум миқдорига паразитнинг зараркунандага бўлган нисбати 1:1 ёки 1:2 нисбатда олинади. Масалан, 1 га майдонда 20000 тухум борлиги аниқланса, шу далага 20000 кушанда қўйилади.
Кимёвий препаратларни қўллаш усуллари. Каноп ўсув даврида ҳашаротларнинг кўпайишига қараб қуйидаги препаратлар 1 ёки 2 марта қўлланилади.
- Ўргимчакканага қарши тўйинган олтингугурт кукуни 20 кг гектарига бир марта чанглатилади.
- Каналарга, битларга қарши БИ-58, 40 % ли Лигидиметоат эм.к-1,5 л/га 1-2 марта сепилади.
- Комплекс ҳашоротларга қарши – каналарга, тунламларга, шираларга, қандалаларга, парвоналарга, ўргимчакканага қарши қўлланадиган кимёвий моддалар:
- Циракс 25 % эм.к. – циперметрин 0,3 л/га.
- Бензофосфат 30 % эм.к. – Фозалон 2,5 л/га.
- Каратэ 5 % эм.к. – Лямбдацигалотрин 0,5 л/га.
- Фуфанон 57 % эм.к. – Малетион 1,0 л/га.
- УзМАЙТ – 57 % эм.к. – Пропоргит 1,0 л/га.
Бегона ўтларга қарши кураш-Ҳозирги вақтда каноп етиштириш агротехника комплексида кам йиллик ва кўп йиллик бегона ўтларга ҳамда зарпечакка қарши кураш масаласи муҳим аҳамияга эга. Чунки бегона ўтлар ҳашоротларнинг кўпайишига, замбуруғ, бактериялар ва зарпечак уруғларининг тарқалишига сабаб бўлиб, каноп ўсимлиги ҳосилини пасайтиради. Бегона ўтларнинг сонини камайтиришда агротехник тадбирлар муҳим ўринни эгаллайди. Кузда бегона ўтларнинг қолдиқларини ўриб, ёқиб юбориш ва ерни чуқур плуг ва предплужник билан ҳайдаш зарур. Баҳорда борона ўтказиш, вегетация даврида ўз вақтида культивация ўтказиш. Экинларнинг навбатлаб экиш қоидасини бузмаслик ва бегона ўтлар, зарпечакнинг уруғини тозалаш шулар жумласига киради. Каноп экилган майдонларга экиш билан бир вақтда кам йиллик бегона ўтларга қарши прометрин ёки трефлан 1 л/га, ёки стомп 1,5 л/га миқдорида қўллаш керак. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда ерни ҳайдашдан олдин нитосорг 3 л/га ёки фосулен 5 кг/га ёки утал 6 л/га миқдорида сепиш тавсия этилади. Комплекс бегона ўтларга қарши ўсиш даврида гербицид шогун 2,5 л/га ёки супер зеллек 2 л/га, зарпечакка қарши Керб–50 2,5 л/га миқдорида қўлланилади. Гербицидлар экиш олдидан ёки кузда ерни ҳайдаш олдидан ОВХ-14, ОВХ-28 пуркагичларида далага ёппасига сепилади, суюқлик 400 л/га миқдорида экиш вақтида тракторга ўрнатилган ПГС-2,4 мосламаси ёрдамида лента усулида сепилади. Суюқлик миқдори 180-200 л/га. Ҳар йили бир хил гербицидни қўллаш бегона ўтларнинг шу препаратларга бўлган чидамлилиги пайдо бўлмаслиги учун уларни ҳар йили алмаштириб қўллаш зарур.
Гербицидлардан тўғри фойдаланганида кам йиллик бегона ўтларнинг сони 80-95 % га , кўп йиллик ўтларнинг сонини 72-85 % га камайтиради ва каноп кўк поя ҳосилини 11-19 % га, уруғини 0,5 центнер кўп олишга ва қўл меҳнатини 2 бараварига камайтиради.
Ҳосилни йиғиштириб олиш
Канопчиликда ҳосил ўрим-йиғими энг сермеҳнат ва маъсулиятли жараён ҳисобланади. Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, экиннинг 50 % техник жиҳатидан пишиб етилган пайтида ўрим-йиғимни бошлаш энг қулай муддат ҳисобланади. Бу вақтда поянинг учида ханжарсимон барг пайдо бўлиб, улар эластик ҳолатга келади, яъни эгиб кўрилганда каноп пояси синиб кетмайди. Агар ана шу муддат ўтказилиб юборилса, олинган тола мўрт ва дағал бўлиб қолади. Ўримни бошлашдан олдин 6-8 кун илгари канопзорларни суғоришни унутмаслик керак. Бунда ҳар гектар ерга 600-650 м3 сув сарфланса кифоя қилинади. Ана шунда каноп пўстлоғи ўзагидан тез, осон ва тоза ажралади. Маҳсулотнинг юқори сифатли бўлиши таъминланади.
КУ-0,2 маркали янги йиғув комбайни канопчиликдаги ишларни механизациялашнинг бошланғичидир. Бу машинада бир йўла уч иш бажарилади. Яъни, каноп ўрилади, пўстлоғи ўзакдан ажратилади ва пўстлоқни ерга бир текисда ёйиб кетади. Мутахассисларнинг кўрсатишича, эски каноп ўриш машиналарига қараганда, бу механизм ёрдамида канопни ўриб-йиғиб олишга кетадиган сарф харажат 20 марта камаяди. Ундан ташқари умумий толанинг чиқиши3-4 %, узун толанинг чиқиши 2-3 % дан ошади.
Каноп уруғини олиш учун гуллаш даврида ва ҳосилни йиғиштириб олиш олдидан бегона нав ва касал тупларни юлиб ташлаш асосий агротехник тадбир ҳисобланади. Майдондаги каноп поясининг 75% дан пастки қисмидаги 3-4 тасида кўсакча пишиб етилиши билан уруғлик канопни ўриб-йиғиб олишга киришиш лозим.
Агар уруғлик канопни ўриш кечиктирилиб юборилса, ҳароратнинг пасайиши натижасида каноп поясининг юқори қисмидаги кўсакчаларни пишиб етилиши секинлашади. Пастки қисмидаги кўсакчалар чатнаб, уруғлари тўкилиб кетади. Ўрилган пояларни қуритиш учун далада қолдирилади, 15-16 см қалинликда боғ-боғ қилиб икки жойидан боғланади ва иложи борича тезроқ қуритилади. Уруғлар тўла етилиши учун боғлаб сийракроқ қилиниб, тик ҳолда (суслон) қилиб қўйилади. Бунда уруғлар яхши етилади, қуритилган поялар МКФ-6 маркали уруғ янчигичларда янчилади. Янчилиб олинган уруғлик намлиги 12 % дан юқори бўлса, уларни сақлаш мумкин эмас. Омборхона шамоллатиб турилиши лозим.
Шуни унутмаслик керакки, каноп етиштиришда фан ютуқлари ва илғор тажрибага асосланган ҳолда барча агротехник тадбирлар қулай муддатларда, сифатли ўтказилиши билан бирга энг маъсулиятли ва сермеҳнат жараён, ўрим-йиғимни ўз вақтида ташкил қилиш кўк поя, уруғлик канопдан юқори ва сифатли тола ва уруғ олишнинг замини ҳисобланади. Фермер хўжаликлари даромадларининг муттасил ошишига олиб келади.