АҲОЛИ ТОМОРҚАЛАРИДА САБЗАВОТ, ПОЛИЗ ВА КАРТОШКА ЭКИНЛАРИ ЕТИШТИРИШ
Республикамиз вилоятларида жойлашган оилаларнинг томорқалари 0,03, 0,06, 0,10 га ва ундан ҳам кўп бўлиб, ундан тавсияномада юқорида баён этилган томорқаларда қандай ва қайси муддатларда сабзавот, полиз ва картошка ўсимликларини экиш кўрсатиб ўтилади.
Халқимизнинг шахсий томорқаларида 5 муддатларда сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштирса бўлади:
- эрта баҳорда феврал ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, то 10 мартгача эртаги картошка, сабзи, оқбошли ва гул карам, пиёз, редис ва барча кўкат сабзавотларни;
- кеч баҳорда апрел-май ойларида иссиқсевар сабзавотларни кўчати билан помидор, бодринг, ширин қалампир, бақлажон, полиз экинларини ҳаммасини ҳамда ўрта муддатларда етиштириладиган оқбош карам экилади ;
- эртаги сабзавотлардан ва ғалладан бўшаган ерларга июн ойида картошка ва карамнинг кечпишар навлари ҳамда 15 июлгача сабзи, ош лавлаги, картошкани ўртапишар ва эртапишар навлари ва бодринг экинлари экилади;
- ёзнинг охири август ойининг бошида турп, шолғом ва ойнинг иккинчи ярмидан бошлаб пиёз уруғи сепилади;
- куз ойининг бошида сентябрнинг ўрталарида саримсоқ (чеснок) экилади. Гул карамни кўчатини, редис ва барча кўкат сабзавотлар экилади. Кузнинг охирги ойида тўқсонбости қилиб, ноябрдан то 10 декабргача пиёз, сабзи, ош лавлагининг эркаклаб кетмайдиган навлари экилади.
ПОМИДОР
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Дўстлик, Сахий, Шафақ, Севара, ўрта-эртапишар Тошкент тонги, ўртапишар ТМК-22, Ўзбекистон-178, Сурхон-142, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора, Истиқлол-10, Авиценна, кечпишар Намуна-70, Дони 2000.
Кўчат танлаш. Помидор кўчатлари 40-45 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.
Ер тайёрлаш. Помидор экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланади, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимликлар қолдиқларидан тозаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочиб чиқилиб, кейин майдон 28-30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14-16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.
Экиш муддати ва схемаси. Жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг
III ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар апрелнинг I-II ўн кунлигида; марказий минтақада жойлашган вилоятларда эртапишар навлар апрелнинг I ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг II-III ўн кунлигида ҳамда майнинг I-II ўн кунлигида, уруғ билан очиқ майдонга апрелнинг I ўн кунлигида; шимолий минтақаларда эртапишар навлар апрелнинг II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг III ўн кунлигида, майнинг I ўн кунлигида ва уруғ билан очиқ майдонга апрелнинг II ўн кунлигида экилади.
Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70×25 см, текис майдонларда 90×25 см, узун палакли навлар 90×40 см схемада экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 280-570 та кўчат сарфланади.
Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгандан сўнг яна бир бор чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Помидор ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.
Ўғитлаш. Помидор етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. Помидор сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5-6 м3 ҳисобидан 18-20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 12-15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Агротехник тадбирлар алмашлаб экишни қўллаш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш; вирус касаллигига чидамли помидор навларини экишдан иборат. Уруғни экишга тайёрлашда мажбурий тадбирлардан бири уларни вирусли ва бактериал касалликлардан холи қилишдир. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50-52оС ва 24 соат 80оС қиздирилади, кейин 3 минут 5 фоизли шўр сувда сараланади.
Иссиқхоналарда оққанот тарқалишига йўл қўймаслик, алмашлаб экишни қўллаш, ерни чуқур ҳайдаш ва бошқа технологик чораларни ўз вақтида қўллаш зарур.
Биологик усулда кузги тунлам ва ғўза тунлами тухумига қарши трихограммма (ҳар бир авлодга 1 г. дан 3 марта); қуртларига қарши (бракон 100 дона), сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз, оққанотга қарши энкарзия, макролофис энтомофаглари қўлланилади. Занг канага қарши олтинкўз энтомофаги яхши самара беради.
Помидорда асосий зараркунандаларидан шира, оққанот, трипс, занг канага қарши 10 сотихга Перфекто 17,5 сус.к. (20-30 мл), Каратэ 5% эм.к., Моспилан 20% н.кук. (25-30 г) ва ғўза тунламга Аваунт 15% эм.к. (40 мл), Тайшин с.д.г. (10-12 г) препаратлари қўлланилади.
Касалликлардан меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, фитофтороза, ун шудринг, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш, мозаика, столбур учрайди. Ун шудрингга қарши Лотос 10 % эм.к (30 мл, 10 сотих майдонга), фитофтороз, альтернариозга Курзат Р н.кук. (200-250 г), Прокуре 77,2% с.э.к. (1 л/га) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60-70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратларни соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб қўллаш зарур.
Ҳосилни йиғиштириш. Помидор мевалари поясида тўлиқ пишган, лекин ҳали қаттиқ бўлганда етилган ҳисобланади. Оч ёки тўқ қизил рангга кирган меваларни авайлаб, пояга шикаст етказмасдан синдириб олиш мумкин. Терилган помидорларни салқин жойга қўйиш лозим. Баъзида кўк помидорларни биринчи қаттиқ совуқ тушишидан олдин териб олиб, салқин нам жойда сақлашга қўйилади. Пишган помидор вақтида териб олинмаса поясидан оқиб тушади.
ШИРИН ҚАЛАМПИР
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента, Юлдуз, Сабо, кечпишар Зумрад.
Кўчат танлаш. Экиладиган ширин қалампир кўчатлари 40-45 кунлик, 6-7 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.
Ер тайёрлаш. Экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимликлар қолдиқларидан тозаланади, 1 сотих ерга 200 кг чириган гўнг сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочилиб, кейин майдон 28-30 см чуқурликда юмшатилади, хаскаш ёрдамида йирик кесаклар майдаланиб бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.
Экиш муддати ва схемаси. Ширин қалампир кўчатлари жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрелнинг II-III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрелнинг III ва майнинг I ўн кунлигида 70×30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлари яқин бўлган ерларда 90×25 см схемада экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 445-475 та кўчат сарфланади.
Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилгач 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Ширин қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қуйилгани маъқул.
Ўғитлаш. Ширин қалампир етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ҳайдовдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.
Ширин қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5-6 м3 ҳисобидан 18-20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 12-15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Ширин қалампир ҳаддан ошиқ захлатиб юборилса, сўлиш касаллигига чалинади, шунинг учун тупроқнинг намланиши ўсимлик поясига 5-10 см қолганда суғоришни тўхтатиш лозим.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Асосий зараркунандалардан - шира, каналар, оққанот, трипсга қарши 10 сотих экин майдонига Конфидор 20% эм.к. (25-30 мл), (0,25-0,3 л), Моспилан 20% н.кук. (25-30 г) препаратларидан бирортаси ишлатилади.
Касалликлардан меваларни учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлиш, мозаика, столбур кузатилади. Ун шудрингга қарши Прокуре 77,2% с.э.к (100-200 г), Курзат Р н.кук. (200-250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60-70 литр сувга тайёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.
Ҳосилни йиғиштириш. Ширин қалампир жуда ўзига хос ўсимлик бўлиб, мевасини кўклигида ҳам, қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Ширин қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Кўклигида йиғиб олинмаса 20-30 кун ичида қизил тусга киради ва мевасида А ва С витаминлари анча ошади. Ҳосил йиғишда меваларни кесиб олишга ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда экин новдалари синиб кетиши мумкин.
АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Марғилон-330, Пикантный, Учқун, Тилларанг, Мумтоз, Саид.
Кўчат танлаш. Экиладиган аччиқ қалампир кўчатлари 40-45 кунлик, 8-10 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.
Ер тайёрлаш. Аччиқ қалампир экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги ўсимликлар қолдиқларидан тозаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган минерал ўғитлар миқдорининг бир қисми қўлда сочилгач, майдон 28-30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14-16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб, бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.
Экиш муддати ва схемаси. Аччиқ қалампир кўчатлари жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрелнинг II-III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрелнинг III ва майнинг I ўн кунлигида 70×20 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×20 см тизимида экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 555-714 та кўчат сарфланади.
Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Аччиқ қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.
Ўғитлаш. Аччиқ қалампир етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор берилади.
Аччиқ қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5-6 м3 ҳисобидан 14-16, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 10-12 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-14 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Аччиқ қалампир ҳаддан ортиқ суғорилганда ундаги аччиқлик хусусияти пасайиб кетиши мумкин.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Асосий зараркунандаларидан шира, каналар, оққанотга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н.кук. (25-30 г) қўлланилади. Касалликлардан - меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлишга қарши Топаз 10 % эм.к. (15 мл ), Курзат Р н.кук. (200-250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60-70 литр сувга тайёрланган аралашмасини қўллаш мумкин. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.
Ҳосилни йиғиштириш. Аччиқ қалампирни кўклигида ҳам, қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Аччиқ қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Совуқ тушиши арафасида аччиқ қалампир пояси мевалар билан биргаликда тупроқдан суғуриб олиниши, қуритилиши ва кейинчалик ишлатилиши мумкин.
БАҚЛАЖОН
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Аврора, Замин F1, Феруз.
Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, синмаган, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 150-200 кг (10 сотихга 1,5-2 т) чириган гўнг солинади. Ер 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати. Уруғлар қўлда сепилади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади. Бақлажон кўчатларини жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрелнинг II-III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрелнинг III ва майнинг I ўн кунлигида экиш тавсия этилади.
Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тўлиқ тутиб олгач бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Бақлажон ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қуйилгани маъқул.
Ўғитлаш. 1 сотих майдонга тук ҳолда 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ҳайдовдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5-6 м3 ҳисобидан 18-20, сизот суви юза ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли ерларда 12-15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Колорадо қўнғизи ўсимликларга жиддий зарар етказади. Бу зараркунандага қарши курашда 10 сотихга препаратлардан Атилла супер 10 эм.к. (40 мл) ёки Каратэ 5% к.э. (10 мл) препаратларини қўллаш мумкин. Ўргимчакканага қарши к.э. (150 мл), Омайт 57% эм.к. (150 мл) ёки Ниссорон 5% эм.к. (30 мл), оққанотга Моспилан 20% н.кук. (25 мл) препаратларини 60 литр сувда яхшилаб аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.
Ҳосилни йиғиштириш. Бақлажон техник жиҳатдан етилганда меваси йириклашади, пўсти тўқ бинафша ранга кириб, усти ялтираб туради. Айни шу вақтда меванинг эти нозик, тахирсиз ва уруғи қотмаган бўлади. Бақлажон ҳосили 6-7 кун оралатиб банди билан узиб олинади. Совуқ тушиши олдидан ҳосилнинг ҳаммаси, жумладан, тузлашга кетадиган майда, пишиб етилмаганлари ҳам йиғиб олинади. Пишиб кетган бақлажоннинг ранги оқара бошлайди.
БОДРИНГ
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Ранний-645, Ўзбекистон-740, Зилол, Парад, Конкурент, Наврўз, Омад, Талаба ва Голландия F1 дурагайларидан Алиби, Астерикс, Регал, Аякс, Суперина.
Уруғ танлаш. Экиладиган бодринг уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор, зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 1-2 соат ивитиб қўйилади.
Ер тайёрлаш. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Чириган гўнг билан биргаликда 1 сотихга фосфорнинг 75, калийнинг ҳам 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич 1,6 кг аммофос, 1,2 кг калий хлорга тўғри келади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдалангач, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Эртаги бодринг жанубий минтақаларда очиқ майдонларга 1-10 апрелда, марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 10-20 апрелда, шимолий минтақаларда 20-30 апрелда; ўртаги муддатда жанубий вилоятларда 20 апрел – 5 май, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1-10 май, шимолда 1-15 май, кечки бодринг жанубда 10-20 июлда, марказий минтақаларда 15-30 июн, шимолий минтақаларда 15-25 майда экилади. Эртаги маҳсулот етиштириш учун плёнкали ёпқичлар остига март ойининг 2-3-ўн кунлигида 70×140×40 см оралиқда уруғ ташланади. Очиқ майдонда қўлда 70×30 ва 90×20 см схемада 4-5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 50-60 г (10 сотихга 500-600 г). Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.
Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор ораларини қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15-16 см чуқурликда ўсимлик атрофи билан юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15-16 см чуқурликда юмшатилиб борилади.
Ўғитлаш. 1 сотих ердаги бодринг соф ҳолда 5,8 кг сульфат аммоний, 2,2 кг аммофос, 1,5 кг калий хлор ўғитлари билан озиқлантирилади. Сувга талабчанлиги жиҳатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда туради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади. Вегетация мобайнида эртаги бодринг 14-15 марта, кечки бодринг сизот суви чуқур ерларда 10-11, юза жойларда эса 8-9 марта суғорилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Бодринг уруғи эрта баҳорда қуруғича экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлса экишдан олдин уруғ бир сутка давомида сувда ивитилади. 1 кг уруғга (2 фоизли 34% Витавакс, 1,5% ли 60,7% Превикур) пуркаб, уруғни зарарсизлантириш тавсия этилади.
Бодринг зараркунандаларига – каналар, пашшалар, ширалар, трипслар, оққанотлар киради. Ўсимликнинг ўсув даврида 10 сотих ерга каналарга қарши ҳосилни йиғишдан 20 кун олдин икки марта Атилла супер 10% м.к. ёки Моспилан 20% н.кук. (25-30 г) сепилади. Антракноз, пероноспороз, аскохитоз, доғланишлар, бактериоз ва ун шудринглар касалликларга қарши Колосаль Про м.к. (200-300 г/л), Пинко 10% эм.к. (0,25 л/га), Курзат Р н.кук. (200-250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60-70 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Бодринг мевалари 5 см. дан катта бўлгандан бошлаб йиғиб-териб олишга киришилади. Йиғим-терим жараёнида бодринг новдаларига зарар етказмаслик лозим. Вақтида териб олинмаган бодринглар сарғайиб кетади.
ОҚБОШ КАРАМ
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Фарао F1, Назоми F1, Парел F1, Июньская, ўртапишар Саратони, Тошкент-10, Термиз-2500, кечпишар Шарқия-2, Ўзбекистон судьяси.
Кўчат танлаш. Эрта баҳор ва ёзги муддатларда экиладиган оқбош карам кўчатлари 30-40 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган ва соғлом бўлиши лозим. Далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши керак.
Ер тайёрлаш. Майдонлар ўтмишдош экинлар қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 200-250 кг (10 сотихга 2-2,5 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Карамни 3 хил муддатда экиб, парваришлаш мумкин. Эртаки карам кўчатини республикамизнинг жанубий вилоятларида 10-12 феврал, ўрта муддатларда 10-12 май, кечки муддатларда 1-15 август; марказий минтақада жойлашган ҳамда водий вилоятларида эртапишар навларнинг кўчатини 25 феврал – 10 март, ўртапишар навларни 15 апрел – 1 май, кечпишар навларни 15 июн – 10 июл; шимолий ҳудудларда эртапишар навларнинг кўчатини 15-30 март, ўртапишар навларни 1-15 апрел, кечпишар навларни 25 май – 5 июн оралиғида экиш мақбул ҳисобланади.
Қатор оралари 70 см, уялар ораси 30 см, ҳар бир уядаги кўчат сони 1 сотих майдонга 476 (10 сотихга 4760) туп ўсимлик тўғри келади.
Парваришлаш. Кўчат экиб бўлгандан кейин майдон кетма-кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатларнинг оралари, кўчатларнинг атрофи юмшатилади ва биринчи ўғит берилади. Иккинчи чопиқ экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Оқбош карам икки марта чопиқ қилинади. Карамни озиқлантириш учун 1 сотих майдонга 2 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 0,7 кг калий солинади. Бўз тупроқли ерларда эртаги карамни 8-10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6-8 марта суғориш тавсия этилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Карам бити, карам куяси, карам оқ капалаги қуртларига қарши биологик усулда олтинкўз, хонқизи қўнғизлари қўлланилади. Барг кемирувчи қуртларга қарши трихограммма тухумхўри ва бракон энтомофаглари ишлатилади. Кимёвий усулда 10 литр сувга Циперметрин 25% эм.к. (16 мл/га), Долприд 200 г/л с.э.к. (10 мл/га) препаратларининг биронтасидан фойдаланилади. 10 сотихга 60-70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Аҳоли томорқаларида экилган оқбош карам оддий узун пичоқ ёрдамида 2-3 дона барги билан қирқиб олинади. Эртаги карам сақлашга мойил эмас, шунинг учун уни дарҳол истеъмолга чиқариш зарур. Вақтида йиғилмаган карамларнинг бошлари ёрилиб кетади.
ТОМОРҚАЛАРДА ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ – ИЛДИЗМЕВАЛИЛАРНИ ЕТИШТИРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ
САБЗИ
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Мушак-195, Нурли-70, ўртапишар Мирзои сариқ-304, Мирзои қизил-228, Нант-4, Шантанэ-2461, Зийнатли, Фаровон.
Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Томорқа ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15-28 февралда, ёзгиси 1-15 август, тўқсонбости муддатда 15-30 декабрда сепилади. Марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида баҳорги сабзи 1-15 март, ёзгиси 10 июндан-10 июлгача, тўқсонбости муддатда 10 ноябр-10 декабр, шимолий минтақаларда баҳоргиси 15-30 март, ёзгиси 10-20 июн, тўқсонбости муддатда 1-30 ноябрда 1,5-2 см чуқурликка 52x8, 62x8 см схемада экилади. Уруғ сарфи 10 сотихга 500-600 г. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.
Парваришлаш. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири - бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда батамом униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади.
Суғориш. Сабзининг илдизи яхши ривожланади, тупроққа чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бироз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Юртимиз шароитида сабзи уруғи кўкламда, кузда ва ёзда сепилади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суръатда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5-6 марта суғорилади. Сабзи мана шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсумда 11-12, сизот суви юза ҳудудларда 6-8 марта сув ичади.
Ўғитлаш. 10 сотих майдонга соф ҳолда 15 кг азот, 8 кг фосфор, 4,5 кг калий солиш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 12 кг азот, 7 кг фосфор, 4 кг калий бериш керак. Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғитини йиллик миқдорининг 75 фоизи билан калийнинг ҳаммаси шудгорлашда, фосфорнинг қолган қисмини бороналаб, эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг вегетация мобайнида иккига бўлиб берилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда 10 сотихга Галомекс 104 г/л эм.к. препарати солинади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин 50 фоизли Гезагард препаратини 200-300 грамммдан, бегона ўтлар уруғи ердан ўнгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда, 33 фоизли Стомп 100-200 мл ёки 12,5 фоизли Фюзилад Супер препаратининг 100-200 граммини 60-80 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Сабзи илдизмевасининг диаметри 1,5-2 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган сабзи ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.
ОШ ЛАВЛАГИ
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий Диёр, Ягона навлари ва чет элнинг Бордо-237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1 дурагайлари.
Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади
Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 150-200 кг (10 сотихга 1,5-2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади ва яхшилаб текисланиб, суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Ош лавлаги уруғи уч муддатда экилади: баҳорги, ёзги ва кеч кузги (тўқсонбости). Ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1-10 август, марказий ҳудудларда 5-30 июн, шимолий ҳудудларда 1-10 июнда экилади. Баҳорги муддатда жанубий ҳудудларда 15 феврал-1 март, марказий ҳудудларда 1-15 март ва шимолий ҳудудларда мартнинг учинчи ўн кунлиги - апрелнинг биринчи ўн кунлигида экилади. Тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10 ноябр-10 декабр ва шимолий минтақаларда 1 ноябр-10 декабрда экилади. Уруғ сарфи баҳорги ва ёзги муддатларда 1,4-1,6 кг, тўқсонбости муддатда 1,6-1,8 кг. Экиш схемаси 70(20)×8 см (70 см – марзалар, 20 см – марза устидаги қаторлар кенглиги). Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.
Парваришлаш. Ош лавлаги 2-3 марта чопиқ ва ўтоқ қилинади, ўғитлашда 15-20 т чириган гўнг, 15-20 кг азот, 10-15 кг фосфор, 8-10 кг калий солинади. Суғориш экиш муддати, тупроқнинг механик таркиби, сизот сувининг жойлашиш чуқурлигига қараб 8-12 марта ўтказилади. Лавлаги уруғлари 4-5°С да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиши учун энг қулай ҳарорат 20-25°С. Лавлаги совуқ (-2-3°С) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли. Тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ширалар ҳамда лавлаги узунбурун зараркунандаларига қарши курашишда ерларни кеч кузда чуқур қилиб ҳайдаш, 10 сотихга Каратэ 5% эм.к. (0,2 л/га), Маспилан % н.кук. (15-25 мл/га), Перфекто 17,5% сус.к. (0,2-0,3 л/га) препаратларининг биронтасини 60 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.
Ҳосилни йиғиштириш. Ош лавлаги илдизмевасининг диаметри 3-3,5 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган ош лавлаги ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.
ШОЛҒОМ
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар.
Уруғ танлаш. Экиладиган шолғом уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Шолғом асосан ёзда экилади. Шолғом уруғи марказий минтақа ва водий ҳудудларида 1-15 августда, шимолий ҳудудларда
25 июл – 10 август, жанубий минтақаларда 20 август – 20 сентябрда сепилади.
Шу билан бирга эрта ҳосил олиш учун шолғом уруғини феврал ойининг охирларида сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 25-30 г шолғом уруғи сарфланиб, 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.
Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15-16 см чуқурликда юмшатиб туриш, маъданли озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб борилади.
Ўғитлаш. Шолғом майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотихга соф ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг меъёрда солинади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зараркунандалардан узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан ун-шудринг ва оқ чириш кўп кузатилади. Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга - ДВА-трин 10% эм.к. 40 мл, Моспилан 20% н.кук. 25-30 г меъёрда қўлланилади. Касалликларга қарши -Превикур 72,2% с.э.к. 150 мл, Курзат Р н.кук. 200-250 г, Рирдомил голд 68% с.д.г. 200-250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини 60-70 литр сувга тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Экин совуққа чидамли бўлсада, илдизмевани тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиш керак. Ўртача катталикдаги шолғомнинг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 7-10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.
ТУРП
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Андижон-9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари.
Уруғ танлаш. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Дала ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Турп асосан ёзда экилади. Турп уруғини марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июл – 10 август, жанубий минтақаларда 20 август – 20 сентябрда сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотихга 50-60 г турп уруғи сарфланиб 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.
Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2