НАЦИОНАЛЬНЫЙ ЦЕНТР ОБРАЗОВАНИЯ И
ИННОВАЦИЙ В СЕЛЬСКОМ ХОЗЯЙСТВЕ
OБРАЩЕНИЯ  ГРАЖДАН

Fuqarolarning murojaati


Томчилатиб суғориш тизимлари бўйича намунали технологик хариталар ишлаб чиқилди

  • 02.11.2019

Халқаро сув ресурслари институти (IWMI) маълумотига кўра 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган 33 мамлакат қаторидан ўрин эгаллайди. Мазкур масала ўткир муаммога айланиб бораётган бир шароитда сувнинг ҳаддан ташқари меъёридан кўп сарфланишига, сув истеъмолига лоқайдларча муносабатда бўлишга асло йўл қўйиб бўлмайди. Айниқса, республикадаги суғориш тармоқларининг 70 фоизи антифилтрацион қопламага эга эмаслиги, оқибатда етказиб бериш босқичида сувнинг бир қисми исроф бўлаётгани, қишлоқ хўжалигини суғориш суви билан таъминлашдаги йўқотишлар 40 фоизни ташкил этаётгани ачинарлидир.

Буларнинг барчаси қуруқ иқлим ва сув ресурсларимиз чекланган шароитда сув ресурсларидан оқилона, тежамкорлик билан фойдаланиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу мақсадда қабул қилинган бўлиб, унда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, экин майдонларини суғоришда замонавий сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни, хусусан 2019-2021 йилларда 253 381 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Бугунги кунда республикамизда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясидан (жорий йилнинг август ҳолатида)
175 та фермер хўжалиги ва 12 та пахта-тўқимачилик кластерларида, жами 11229 га майдонда фойдаланилмоқда. Ушбу технологиялар самарадорлигини оширишда бевосита уларни ташкил этиш, жорий этиш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган технологик жараёнлар илмий-амалий жиҳатдан асосланган  рақамли иқтисодиёт асосида бошқариш муҳим аҳамият касб этади.

Шу боисдан бу борада давлат раҳбарининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорнинг 12-бандида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланган ҳолда пахта хом ашёсини ишлаб чиқариш, машиналар ёрдамида йиғиб олиш технологик хариталарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси белгилаб берилган.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида “Томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланган ҳолда пахта хом ашёсини ишлаб чиқариш ва машиналар ёрдамида йиғиб олиш” намунали технологик хариталар ишлаб чиқилди ва амалиётда жорий этишга тавсия этилди.

Қайд этиш керак, томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланган ҳолда пахта хом ашёсини етиштириш ва машиналар ёрдамида териб олиш бўйича ишлаб чиқилган технологик карталар асосида 60 см, 90 см ва қўшқатор кенгликлардаги схемаларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги технология карталар билан солиштирилганда ўрта ҳисобда меҳнат сарфини 20-25 фоизга, ёнилғи сарфини 25-35 фоизга, минерал ўғитлар сарфини  30-35 фоизга ва энг муҳими сув сарфини 50 фоизгача камайтириш мумкин.

Ноёб табиий ресурс бўлган сувдан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш тизимларидан кенг фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясида белгилаб берилган 2030 йилга қадар бир гектар майдонни суғориш учун ишлатиладиган сув сарфини 20 фоизгача камайтиришга эришишда ҳам муҳим рол ўйнайди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати