НАЦИОНАЛЬНЫЙ ЦЕНТР ОБРАЗОВАНИЯ И
ИННОВАЦИЙ В СЕЛЬСКОМ ХОЗЯЙСТВЕ
OБРАЩЕНИЯ  ГРАЖДАН

Fuqarolarning murojaati


Сув – ҳаёт манбаи, мўл ҳосил гарови

  • 25.07.2018

Сув – ҳаёт манбаи, мўл ҳосил гарови

Сурхондарё вилоятида сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурслари тақчиллигининг оқибатларини юмшатиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ғўзада кафолатли ҳосил яратиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда юксак самаралар бермоқда. 

Халқимизнинг сувни зарга, сувчини заргарга менгзашида чуқур маъно бор. Айниқса, об-ҳаво ноқулай келиб, оби-ҳаёт танқислиги сезилган бу йилги шароитда моҳир сувчиларнинг пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил тўплаётгани бу касб эгаларининг бой тажрибаси-ю, омилкорлигини янада кенг намоён этаётир. 

Қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш борасида қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вилоят штабидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда ҳудудда 883 миллион куб-метр сув захираси мавжуд. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 204,4 миллион куб-метрга кўпдир. Қишлоқ хўжалиги экинларини пешма-пеш суғоришнинг тизимли йўлга қўйилгани, обиҳаётдан оқилона фойдаланишга масъуллар бириктирилгани сув ресурсларини тежашда яхши самара бераётир. Вилоятда сув танқислиги оқибатларини юмшатиш учун 305 суғориш отряди ташкил этилган. Экин майдонларини сифатли суғоришга сув тизими, сув истеъмолчилари уюшмаси ва фермер хўжаликларидан 15 минг 706 нафар сувчи жалб қилинган. Уларнинг 14 минг 874 нафари фермер хўжаликлари сувчиларидир.
Вилоятда экин майдонларини кўллатиб суғоришнинг олдини олиш ва жойларда сув ресурсларидан меъёрида фойдаланиш маданиятини юксалтириш учун соҳанинг етук ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, белгиланган жадвал асосида обиҳаётдан фойдаланиш ҳолати назорат қилинмоқда. Сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш ва сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш ҳамда ғўзада кафолатли ҳосил яратиш бўйича халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутатлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, мутахассислар, тажрибали миришкорлардан жамоатчилик назорати гуруҳи фаолияти ҳам йўлга қўйилган. 

– Ота-боболаримиз ерни сув бузади, сувнинг қадрига етган деҳқоннинг косаси оқаради, деб бежиз айтмаган, – дейди ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш борасида қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи вилоят жамоатчилик назорат гуруҳи аъзоси Р.Шаропов. – Тажрибамизда ҳам далани кўллатиб суғорган, сувни исроф қилган миришкорнинг яхши ҳосил олганини кўрмаганмиз. Аксинча, экин майдонида ҳосилдорликни пасайтириб юборганига гувоҳ бўлганмиз. Шу кунларда фермерлар ва томорқа ер эгаларига сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш борасида ҳаётий мисоллар билан билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жойларда ишлаб чиқилган навбатлаб суғоришнинг аниқ жадвалига риоя этиш, шарбат усулида тунги суғориш ва майдонларнинг кўллаб кетмаслиги учун тунги навбатчиликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида экинлар бир текис ривожланаётир. 

Мутахассисларнинг фикрича, бу йил туман ва сув истеъмолчилари уюшмасида суғориш штаблари фаолияти йўлга қўйилиб, 24 соатлик назорат тизими жорий этилгани, пахта майдонларини оби-тобида сменали ва тунги суғориш, ҳар бир туманда мавжуд каналлардан олинаётган сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш журналига қайд этиш йўлга қўйилгани, сувчилар учун дала бошида зарур шароит яратилиб, иш қуроллари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланаётгани ҳам сув ресурсларини тежашда муҳим омил бўлмоқда.

 
7.jpg 

Жорий йилда вилоят фермерлари 78 минг 528 гектар ерда ғўза, ғалладан бўшаган 56 минг гектардан ортиқ майдонда такрорий экин парваришлаётир. “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида белгилаб олинган чора-тадбирларга мувофиқ, ёз чилласининг суғориш мавсумида сув истеъмолчилари эҳтиёжи ҳисоб-китоб қилиниб, далага бир дақиқада етказиб берилаётган 257,1 куб-метр обиҳаётнинг ўртача 60-65 фоизи ғўза майдонларини суғоришга сарфланмоқда. Қолгани аҳоли томорқаси ва такрорий экин майдонларига йўналтирилаётир. Таҳлилларга кўра, бу кунига 5 минг гектарга яқин ғўза ниҳоллари, 6 минг гектардан зиёд такрорий экин парваришланаётган майдон ва аҳоли томорқасини суғориш имконини бермоқда. 

Термиз тумани фермерлари 2 минг 441 гектар майдонда ғўза, 3 минг гектарга яқин ерда такрорий экин парваришламоқда. Ниҳоллар парвариши билан боғлиқ барча муҳим агротехник тадбирлар сифатли ташкил этилиб, сувдан тежаб фойдаланилмоқда. 

Тумандаги “Исмоилжон намуна” фермер хўжалиги деҳқонлари 44 гектар майдонда “Султон”, “Термиз-202” ғўза навларини парваришлаб, ҳар гектар ердан 40 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқда. Сув танқис, ёз об-ҳавоси кутилганидан ҳам иссиқ келаётган бу йилги шароитда мўл ҳосил тўплаш учун ғўза ниҳолларини озиқлантириш, культивация қилиш, шарбат усулида тунда суғориш каби тадбирлар омилкорлик билан олиб борилмоқда. 

– Ёз фасли меъёридан иссиқ келаётган бу йил мавжуд майдонлардаги ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш учун тажрибали пахтакорлар маслаҳати асосида иш олиб борилмоқда,– дейди “Исмоилжон Намуна” фермер хўжалиги раҳбари Валижон Йўлдошев. – Ҳозир ҳар туп ниҳолда 40 та шона ва 10 тадан кўсак мавжуд. Бунинг учун ниҳолларни икки марта озиқлантириб, қатор ораларини беш марта культивация қилдик. Ҳар гектар майдонга 2 тонна маҳаллий ўғит бердик. Икки марта шарбат усулида суғордик. Шунингдек, ғалладан бўшаган 8 гектар ерга кўкат, 2,5 гектарга мош, уч гектар майдонга маккажўхори уруғи сепиб, бир текис ундириб олдик. Шу кунгача такрорий экинларимиз ҳам икки марта суғорилди. 

Тажрибали фермернинг даласида 10 га яқин сувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг эгатга сув тараш юмушини сифатли бажариши учун барча қулайлик яратилган. Кетмон, этик, фонарь ва бошқа зарур анжомлар билан таъминланиб, иш ҳақи вақтида берилмоқда. Суннатулла Борисов 12 йилдан буён хўжаликда сувчилик қилади. Сув танқислиги сезилган бу йилги мавсумда ҳам унинг маслаҳат ва тавсиялари мўл ҳосил етиштиришда қўл келаётир. 

– Ёз чилласи ўта иссиқ келган бу йилги шароитда ғўзани кўллатиб суғориш ниҳолларни ғовлатиб юборади, тупроқни қатқалоқ қилади, – дейди “Исмоилжон Намуна” фермер хўжалиги сувчиси С.Борисов. – Натижада ғўза томирлари сиқилиб қолади, қатор ораларида шамол айланмай, ҳосил тўкилиб кетиши мумкин. Вақтида суғорилмаса, ғўза чанқаб, ҳосилга таъсир қилади. Тунги салқинда шарбат усулида сув тараш ерда намликни узоқ муддат сақлаб, обиҳаётни тежайди. Мўлжалдаги ҳосилни тўплашга кўмаклашади. 

Вилоятнинг Сариосиё, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор каби туманларида ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил тўплашга эътибор янада кучайтирилмоқда. 
 

 

Манба: ЎзА