НАЦИОНАЛЬНЫЙ ЦЕНТР ОБРАЗОВАНИЯ И
ИННОВАЦИЙ В СЕЛЬСКОМ ХОЗЯЙСТВЕ
OБРАЩЕНИЯ  ГРАЖДАН

Fuqarolarning murojaati


Миришкорлик миришкорлар ғалла режасини бажарди

  • 18.06.2018

Миришкорлик миришкорлар ғалла режасини бажарди

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ғаллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди.
 
Миришкорлик тажрибали деҳқонлар жорий йилда 22 минг 845 гектар майдонда буғдойнинг эртапишар ва серҳосил “Ғазғон”, “Яксарт”, “Жайҳун”, “Таня”, “Туркистон” навларини етиштириб, 17 иш кунида режадаги 48 минг 300 тонна ўрнига 50 минг тонна дон топширди.
 
9.jpg
 
– Албатта, бундай натижа осонликча қўлга киритилгани йўқ, – дейди туман ҳокими Р.Комилов. – Ғалла парвариши борасида давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва кўмак муваффақиятимизнинг бош омили бўлди. Соҳа ходимлари учун барча шароит яратиб берилди. Асосийси, доннинг харид нархи ошди. Бу ҳам меҳнатга бўлган муносабатни ўзгартирди. Пишиб етилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш ишларига 100 дан зиёд комбайн жалб этилди. Улар ёрдамида кунига 3800-4000 тоннагача сара дон давлат омборларига етказиб берилди. Далаларимизда ҳали ҳосил мўл. Шу боис тажрибали деҳқонлар ва илғор фермерлар билан ўзаро кенгашиб, давлатга яна 10 минг тонна дон топширишни мақсад қилдик. Ғалладан бўшаган майдонларга эса такрорий экин экамиз. 
 
Жорий йилги ноқулай об-ҳаво ва сув танқислигига қарамасдан, жонбозлик кўрсатган тумандаги 1 минг 239 фермер хўжалигининг аксарияти юксак намуна кўрсатиб, 55-60 центнердан ҳосил олди. Айниқса, “Сариқов Жўра Эломонович”, “Хонибоев Азизбек”, “Қавс”, “Азимжон”, “Янги йўл”, “Ёрқин”, “Авазчўл Муроди”, “Ином юрт фахри”, “Адҳам зиё”, “Очил дастурхон”, “Олтин бошоқ сардори”, “Абдишукуров Авазмурод”, “Бахтли остона” каби хўжаликлар юксак натижаларга эришди.
 
7.jpg
 
– Жорий йилда 20 гектар майдонга буғдойнинг “Яксарт” навидан эккан эдик, – дейди “Дўстлик олтин замини” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Боймитов. – Давлатга жами 56 тонна ғалла топшириб, режани ортиғи билан уддаладик. Бунда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширганимиз муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, гектарига 4 тоннадан маҳаллий, 700 килограммдан минерал ўғит солдик. Суғоришни шарбат усулида амалга оширдик. Кимёвий воситаларни ҳам ўз вақтида сепдик. Мана, бугун юзимиз ёруғ бўлди, меҳнатларимиз зое кетмади. Ҳали даламизда ҳосил бор. Энди даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Даромаддан хўжалигимиз ишчиларини ҳам рағбатлантирамиз, шунингдек, моддий-техника базани мустаҳкамлаймиз.
 

 

Манба: ЎзА