Чорва молларини парвариш қилаётган хонадон оила аьзолари ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари, юқумли касалликларга қарши эмлаш муолажаларини (касаллик ҳайвон-лардан инсонларга юқмаслиги учун) олишлари зарур.
Агар оила аъзоси тери касалликлари билан касалланган бўлса, тана аьзоларида шилинган, кесилган, майда яралар тошган ҳолларда ветеринарнинг рухсатисиз чорва молларига хизмат кўрсатиши ва сигир соғиши мумкин эмас.
Уй ҳайвонларини парваришлашнинг асосий шарти уларни ўз вақтида ва узлуксиз озиқлантиришдир (оғилхонада парваришлаш даврида моллар ёзда тайёрланган озуқа билан боқилади).
Иккинчи муҳим шартларидан бири - зарур гигиеник парваришлашдир. Бу ҳайвоннинг тирик вазнини сақлаб қолишда ўз ифодасини топади - улар ўртача семизликни сақлаб қолади.
Қорамолни хонадонда боқишда аввало, бу мол қайси йўналишда боқилаётганлигига эътибор қаратилиши лозим. Агарда сут йўналишида боқилаётган бўлса рационида майдаланган кўк ўт, пичан, лавлаги, сифатли концентрат ем бўлиши керак.
Агар мол бўрдоқига боқилаётган бўлса рационида кўпроқ миқдорда концентрат (ем, кепак, шелуха, шрот) бўлиши шарт. Боқилаётган мол кам ҳаракат қиладиган ҳолатда бўлиши керак.
Қорамолларни сақлаш хоналари, яъни оғилхоналар кенг, ёруғ ва ҳаво алмашиши учун ромлар бўлиши керак. Молхона яхши таъмирланган, деворлари, охури оҳак билан дезинфекцияланган, барча тешик-тирқишлар ёпилган бўлиши даркор. Оғил яхши шамоллатиладиган, сийдик оқиб кетадиган нов бўлиши лозим.
Иложи бўлса молларни ҳар куни, бўлмаса, ифлосланганда тозалаб, қашлаб туриш даркор. Бунинг учун қашлагичдан фойдаланилади. Агар қорамол жуда ифлосланиб кетган бўлса илиқ сувда ювилади. Бу тадбирни ёзда доимо бажариб туриш лозим, чунки тоза тери ҳашаротларни ўзига камроқ жалб этади. Сигирни чўмилтириб туриш ёки унга сув сепиш ҳам самаралидир.
Молхона қуришда меъёрларга риоя қилиш лозим. Сигирлар учун оғилхона узунлиги 160-200 см, кенглиги 130-150 см. дан кам бўлмаслиги керак. Охур пастроқ бўлади - моллар бўйнини эгиб, аммо чўзилмасдан озиқланиши керак. Охурни, яхшиси тўғри бурчакли эмас, овалсимон қилиб, яъни тепа томони 80 см, пастини 50 см. дан кам бўлмаган кенгликда қуриш мақсадга мувофиқдир. Унинг ҳажми бир маротабалик озуқа сиғадиган бўлиб қолмасин, бўрдоқига боқилаётган молларнинг суви олдида бўлгани маьқул.
Юқумли касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш тадбири сифатида ҳамиша молхона атрофини тоза сақлаб, гўнгини кунига икки марта йиғиштириб олиш, ҳашаротларни қувадиган эритмалар билан молларга ишлов бериб туриш тавсия этилади. Янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфекциялаш хусусиятига эга. Шунинг учун молхона деворлари тез-тез оҳак билан бўялса, бу молхонанинг санитария ҳолатини ва ҳаво тозалигини яхши даражада сақлаб туради.
Чорва моллари орасида учрайдиган бир қатор юқумли касалликлар борки, уларнинг олдини олиш ва хавфсизлик чораларини кўриш лозим.
Куйдирги касаллиги. Бу касаллик ўткир юқумли касаллик ҳисобланади ва ҳайвонларнинг ҳамма турларига, шунингдек, одамга ҳам юқади.
Бу касалликда ҳайвон жуда ҳам бўшашиб, иштаҳаси йўқолади, тана ҳарорати 41-42,5 °С га кўтарилади, шиллиқ пардалари кўкаради, ҳайвон ҳаллослайди. Кўпларининг терисида шишлар пайдо бўлади, қорамол вақти-вақти билан безовталанади, ич кетиши ва сийдик қизариши каби клиник белгилар намоён бўлади.
Бруцеллёз касаллиги (қораоқсоқ касаллиги). Мазкур касалликда ҳайвонларда ҳомила тушиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши касаллик белгилари ҳисобланади. Ҳомиланинг тушиши кўпгина ҳолларда бўғозликнинг иккинчи ярмида кузатилади, касаллик инсонга юқади.
Бундай белги билан касалланган ҳайвонларга аниқ диагноз қўйилгунча сутини истеъмол қилмасдан туриш керак.
Туберкулёз (сил) касаллиги. Туберкулёз касаллиги сурункали ўтувчи характерли бўлиб, организмнинг ўпка, ичак, лимфа тугунларида ўзига хос турдаги туберкула тугунакларини ҳосил қилади, бу касаллик билан инсонлар ҳам касалланади.
Қутуриш касаллиги. Бу касаллик билан барча турдаги иссиқ қонли ҳайвонлар, шунингдек, одамлар ҳам касалланади.
Касаллик белгилари кўпчилик ҳайвонларда ўхшаш бўлиб, қўзғалувчанликнинг ортиши, атрофга жавоб рефлексларининг бузилиши, иштаҳасизлик, еб бўлмайдиган нарсаларни тишлаши, кўплаб сўлак ажратиши билан характерланади. Бу ҳолат 2 кун давом этиб, ҳайвоннинг шол бўлиб ўлиши билан якунланади.
Оқсил касаллиги. Мазкур касаллик қорамолларда оғир кечувчи хусусиятга эга, касаллик оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватларида, елин терисида ва оёқларда яраларнинг ҳосил бўлиши билан характерланади.
Қорасон касаллиги. Бу касаллик 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган қорамолларда кўп учрайди.
Касал молнинг тана ҳарорати кўтарилади, мускулли қисмларидаги шишган жойларда оғриқ ва ғижирлаш пайдо бўлади, ҳайвон 1-3 кун давомида нобуд бўлади.
Сальмонеллёз касаллиги. Касаллик билан бузоқлар 10 кунлигидан икки ойлик ёшгача зарарланади. Касаллик сут, овқат орқали ва нафас олиш жараёнида юқиши мумкин.
Касал бузоқларда лоҳасланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, бел қисмининг букчайиши, кўзларининг ярим юмилиши ва ёш оқиши, ич кетиши, жунининг хурпайиши каби белгилар кузатилади.
Метрит касаллиги. Бу касаллик бачадоннинг яллиғланиш касаллиги бўлиб, сигирларда кенг тарқалган ва турли кўринишларда кечади. Касаллик бачадоннинг шикастланиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши ва бачадонга микроб тушиши натижасида келиб чиқади.
Касалланган молларда ҳолсизланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас олиш ҳамда юрак уриши тезлигининг ортиши, иштаҳа йўқолиши, инграш ва букчайиш каби аломатлар намоён бўлади.
Мастит касаллиги. Сут безларининг бир қанча турдаги бактериялар томонидан зарарланишидир. Сут безидаги яллиғланиш даражасига қараб касаллик белгилари ҳар хил бўлади.
Касалликнинг оғир кўринишларида елин шишиб кетади, унинг касалланган маҳаллий қисмларида ҳарорат кўтарилади, кучли оғриқ пайдо бўлади, натижада сигирнинг иштаҳаси йўқолади. Сурункали кўринишларида эса елин паллаларидан бири ёки бир нечтаси шишган ҳолатда бўлиб, сут ўзига хос бўлмаган ириган кўринишда бўлади.
Туёқ касаллиги. Касалликнинг келиб чиқишига сабаб - туёқнинг шикастланиши, туёқлар орасидаги терининг ёрилиши ёки шилиниши каби ҳолларда, шу жойга бактериялар тушиб зарарлайди ва касаллик келиб чиқади.
Касаллик белгилари шундан иборатки, молда борган сари оғирлашадиган оқсоқлик пайдо бўлади, туёқ атрофида шиш ҳосил бўлади, қўланса ҳид пайдо бўлади. Касаллик инфекциясининг оёқ бўғимларига ўтиши оқибатида мол нобуд бўлиши мумкин.
Чорва молларининг қон-паразитар касалликлари Республикамиз ҳудудида кўп учрайди. Касаллик яйлов каналари томонидан юқади.
Касалланган ҳайвонларда тана ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, қон камаяди (анемия), сийдик тўқ қизил тусга киради, шиллиқ пардалар сарғаяди.
Касалликнинг олдини олиш учун молхоналарнинг деворларида тирқиш ёриқлар бўлмаслиги керак. Деворларни сувоқ қилиб, оқлаш мақсадга мувофиқ. Қорамолларни баҳор-ёз даврида ҳар 15-20 кунда чўмилтириб туриш, полиамидин, беренил, азидин препаратлари билан ҳар 100 кг тирик оғирлигига 5 мл ҳисобида олдини олиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.
Оғиз сутини бузоққа тўлиқ тўйганича эмизилади. Бузоқ иссиқроқ жойда сақланади. Айрим кишилар молхонасида махсус бузоқхона ҳам қурдиради ва унга бозоқларни эркин қўйиб юборади.
Сигирни соғишдан олдин унинг елини иссиқ сувда намланган латта билан артилиб, кейин қуруқ латта билан суртиб тозаланади.
Сигирни сақлайдиган жой тоза бўлиб, нам бўлмаслиги керак. Молхонага ҳар 3-5 кунда исириқ (адарасмон) тутатилиб, дезинфекция қилиб турилади.
Бузоқни соғлом қилиб ўстириш учун бузоқ ўзи озиқланадиган давргача, яъни 40 кунгача эмчакнинг иккита сўрғичини бузоқ эмиши учун қолдириш шарт.
Бузоқни ҳар куни тоза ҳавода яйратиш, яъни бўш қўйиш керак. Бошқа озуқалар билан озиқлана бошлагандан кейин қўшимча озиқлантирилади.
Сигирларни боқишда озиқлантиришга катта эътибор бериш лозим, уй шароитида боқилаётганда берилаётган озуқа ичида ёт нарсаларнинг бўлмаслигига эътибор бериш зарур.
Сигирлар дамлатадиган озуқаларни истеъмол қилиб, дамланиб кетса қуйидагиларни бажариш лозим: ҳайвонни югуртириш, тоза сут ичириш, устидан муздек сув қуйиш, оғзига яхши чайналадиган дарахтларнинг (толнинг) новдасидан солиб боғлаб қўйиш.
Чўл, дашт зоналарида яйловга боқиладиган ҳайвонларда дала каналари учраши мумкин. Канани эса ўлдирувчи воситалар билан (керосин, какра қайнатмаси ва бошқа замонавий дезинфекторлар) ювиш керак.
Бузоқ, умуман ҳайвонларнинг ичи кетса, сариқ ўтнинг қайнатмасидан ичириш лозим.
Молхонани моллар яйловга чиққандан кейин (баҳорнинг охири, ёз ойларининг бошларида) тозалаб, оҳаклаб қўйиш керак. Бу ишни моллар молхонага кириш олдидан ҳам такрорлаш лозим.
Сигир туққандан кейин, тезда куйикиб, янгидан қочириш учун уни ҳар куни энг камида 1-1,5 км юргизиш зарур.
Қорамолларни бўрдоқига боқишда салқин, қоронғироқ жой мақсадга мувофиқ. Берилаётган озуқа миқдорига эътибор бериш, молни бўктириб қўймаслик керак. Ёз кунлари ҳар куни чўмилтирилса семириб, тозаланади. Семираётган мол жуда нозик дидли бўлади, агар озуқани кўнгилдагидай емаса, бошқасига алмаштириш зарур.
www.agro.uz