1. БИРИНЧИ ИШЛОВНИ ЗАРУР ЮМУШЛАРИ
Ғўза қатор ораларида ўз вақтида ва сифатли ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Бунда тупроқнинг физик ва микробиологик ҳусусиятлар, шунингдек, озиқланиш режими яхшиланади, бегона ўтларнинг бир қисми йўқотилади. Чигитнинг бир текис униб чиқиши, айниқса, фермернинг кўнглини чоғ этади.
Деҳқончилик учун осон келган йилнинг ўзи йўқ. Ҳар йили ўзига ҳос қийинчиликлар бўлади. Табиат ўзининг у ёки бу инжиқлиги билан деҳқоннинг иродасини, сабр-бардошини синовдан ўтказади. Бу йил ҳам табиатнинг ана шундай синовларидан бири бўлди. Аслида омилкор деҳқонларимиз табиатнинг қийинчиликларини ўзларининг кўп йилиик тажрибаларига таянган ҳолда енгиб, улкан ҳосил хирмонларни яратиш учун бор билимини ишга солишган.
Жорий йилда ҳам пахтадан эртачи – сифатли ва мўл-ҳосил етиштириш учун дастлабки асос қўйилади. Бунга эришиш ўз вақтида ва маромида ўтказиш, замонавий фан-техника ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларни кенг қўллашга боғлиқ. Пахтадан кўзланган ҳосилни етиштиришда қуйидаги тавсиялар фермеру механизаторлар, мутахассисилар учун зарур қўлланма бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз.
Бу борада ғўза қатор ораларига ишлов беришни этра бошлаш катта аҳамиятга эга. Кўп йиллик тажрибалар бу тадбирнинг кечиктирилиши ҳосилни 15-20 фоизгача камайтириб юборишини кўрсатади.
Тадбирни ўтказишда техника воситаларни сифатли ва унумли ишлатиш орқали кўл меҳнатини мумкин қадар камайтириш учун жуда катта иқтисодий самара беришини унутмаслик лозим.
Қатор ораларига шундай ишлов бериш керакки, далалар бутун, вегетация даврида бегона ўтлардан тоза, тупроқ майин-донадор ҳолда турсин.
Ғўза қатор ораларига ишлов беришда, энг аввало, экинларни ривожланишига қараб культивация ишчи органлари созланади.
Бегона ўтлар билан зарарланган ҳисобидан ғозпанжа, ККО иш орган ва пичоқлар ўрнатилиши керак.
Сифатли ишлов бериш ғўза илдизларининг яхши ривожланиши учун шароит туғдириши билан бирга, уларнинг мумкин қадар кам жароҳатланиши лозим.
Тажрибалар ғўза ниҳолларини униб чиқа бошлаган пайтда қатор ораларига ишлов берилса, тупроқнинг устки қатлами юмшоқ ҳолда бўлишини кўрсатади. Бу эса ўсимлик ривожланишида катта аҳамиятга эга. Эрта ишлов бериш туфайли бегона ўтлар майда, ёш вақтида йўқотилиб, даланинг улардан яхши тозаланишга эришилади.
Қатор оралиғига биринчи ишлов бериш қанча кеч бошланса, ғўзанинг ривожланишидан шунча орқада қолиши ҳамда кам ҳосил тўплаши тажрибаларда исботланган. Масалан, ғўза қатор ораларига ишлов ниҳоллар кўрина бошлаши билан ўтказилганда август ойининг бошида ўртача ҳар тупда 13,2 дона кўсак тўпланган, ниҳоллар 1-2 чинбарг чиқарган даврда қатор орасига ишлов берилганда эса 12,1 та кўсак пайдо бўлган.
Мўл ҳосил етиштираётган деҳқонлар азалдан ғўзанинг биринчи парваришини – чопиқ ва культивацияни чигит униб чиқа бошлаган пайтдан бошлаб ниҳоллар қийғос кўкарган вақтда тамомлайдилар, тупроқни ҳамиша юмшоқ ва бегона ўтлардан тоза ҳолда тутадилар. Бу тадбир ёш ниҳолларнинг ривожланишини тезлаштиради.
Кучли қаталоқ пайдо бўлган ерларни тезликда юмшатиш, тупроқдаги ортиқча намликни камайтириш лозим. Агар тупроқда намлик юқори ва ҳарорат паст бўлиб қолса, ғўза нимжон ва касалликка чалинувчан бўлиб ўсади, бу эса кейинчалик ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади.
Тупроқда намлик кўп бўлганда илдиз чириш касаллигининг хуружи ҳам кучаяди, ёш ниҳолларнинг илдиз бўғзи қорайиб барглари қовжираб, ниҳоллар қуриб қолади. Шу сабабли ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва ер етилиши билан культивация ўтказилади, бунда тупроқ намлиги камаяди, ортиқча намлик кўтарилади, ўсимлик илдизи чуқур ривожланади, касаллик қўзғатувчи патогенлар зарари камаяди.
Чигит қўшқатор экилган майдонларда биринчи культивацияда қўшқатор орасини юмшатиш учун бир дона ККО ёки кичик ғозпанжа 5-6 см ва икки дона РОР юлдузчаси билан 3-5 см чуқурликда қўшқаторлар оралиғига ишлов берилади, бу эса бир томондан қатқалоқ пайдо бўлган ерларни унга қарши ишлов бўлса, иккинчи томондан тупроқнинг зичлашмаслигини таъминлайди ва ғўзанинг ўсишига ижобий таъсир этади.
Кўп йиллик илмий изланишлар шуни кўрсатадики, тупроқдаги сув ва озиқ моддаларнинг яхши ўзлаштирилиши ўсимликлардаги барча модда алмашув жараёнларининг нормал боришини таъминлайди. Илдизларнинг бундай муҳим ҳаётий фаолияти улар соғлом яхши ривожланган, шикастланмаган ёки жуда кам шикастланган тақдирдагина нормал кечади ва мўл ҳосил олинишини таъминлайди.
Биринчи культивацияни паст тезлик ҳамда кам чуқурликда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бунда бегона ўтларнинг кўплиги, дала тупроғининг зичлиги, қатқалоқнинг борлиги каби омиллар инобатга олинади. Қатор ораларига дастлабки ишлов беришда сифатини таъминлаш учун культиватор ишчи қисмлари тўғри танлаш ва уларни қатор ораларига тўғри жойлаштириш катта ахамиятга эга.
Бегона ўтларни йўқотиш ва химоя зонасини юмшатиб кетиш учун культиваторга ротацион юлдузчалар ва пичоқлар ўрнатиш керак.
Шунингдек, кўп йиллик бегона ўтларга (ғумай, ажриқ ва бошқалар) қарши ғўзани шоналаш давригача бегона ўтларнинг бўйи 10-15 см. бўлганда Энтера гербицидини 1,5 л/га меъёрда ёки бошқа мавжуд гербицидларни ОВХ мосламалари ёрдамида пуркаш ҳам мумкин.
Қатор ораларига ишлов беришда илдизларнинг эркин ўсиши ва мумкин қадар кам жароҳатланишига эришмоқ лозим. Шундай экан ғўза қатор ораларига кетма-кет, кўп марталаб ёки ортиқча чуқурликда ишлов беришга хеч қандай ҳожат йўқ.
Ушбу ойда шира, трипс, ўргимчаккана, кузги тунлам каби зараркунандаларнинг хуружи ортади. Шу сабабли жойларда ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари ва дала назоратчиларининг ишини тизимли равишда ташкил этиш, далаларга феромон тутқичлар ўрнатиш ва хар бир далани доимий кузатувга олиш, фойдали ҳашоротларни далаларга тарқатиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, ҳамма шароитга мувофиқ келаверадиган ягона кўрсатма ёки тавсия бўлмайди. Хар бир худуд шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда иш тутиш керак.
Хар бир йил, унинг хар бир даври ўзига хос хусусиятларга эга бўлади.
Шунинг учун ҳам мутахассислар кенг миқёсда фикр юритишлари, янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларига ижодий ёндашишлари зарур.
Ёнилғи ва меҳнат сарфини камайтириш учун кейинги культивациялар пайтида ўғит бериб, суғориш учун эгат олишни бир йўла ўтказиш мақсадга мувофиқ. Юқоридаги агротехник омилларга риоя қилинган фермер хўжаликларида эртаги ва мўл ҳосил тўпланиши таъминланади.
2. ЖОРИЙ ЙИЛ ОБ-ХАВОСИГА ҚАРАБ ЧИГИТ ЭКИШНИ ТИЗИМЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ
Жорий йил март ойи республикамизда илиқ ва иссиқ келиб, кўп йилликка нисбатан +8; +10 0С га юқори бўлди. Ўзгидромет маълумотларига қараганда апрель ойи ҳам иссиқ ва илиқ, шу билан бирга серёғин келиши кутилмоқда. Башарти шундай экан, бу йилги шароитда деҳқон ва фермерларимиз чигит экиш мавсумида қанақа чорани қўллаши, қандай қилиб соғлом ва режадаги кўчатни олиши учун ноананавий агротадбирларни қўллаши лозим?. Умуман соҳа олимлари бу бўйича қандай таклиф ва тавсияларини беради?
Бизга маълумки, ташқи муҳитнинг намлик, ҳаво ҳарорати ва аэрация каби омиллари бирга қўшилиб, қулай шароит вужудга келтиргандагина чигит нормал униб чиқиши мумкин. Ҳаво ҳарорати билан намликнинг кескин ўзгариб туриши ва шунингдек, тупроқ қатқалоқлиғи туфайли аэрациянинг ёмонлашиши натижасида экилган чигитлар баъзан сиқилиб қолиб, майса бермаслиги ёки нобуд бўлиши мумкин. Бундай ҳодиса чигит эрта баҳорда экиладиган мўътадил кенгликларда тез-тез учраб туради.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, уруғлик чигитнинг сифатига, унинг тури ва навига кўра чигит муртагининг илдизи ўсадиган энг паст тупроқдаги ҳарорат 10-12 0С эканлиги аниқланган. Тупроқнинг бундай ҳароратида ўсиш энергияси юқори бўлган чигитларгина тез униб чиқади. Экилган чигитларнинг уруғпалла тирсагининг ердан униб чиқиши учун тупроқдаги ўртача ҳарорат 14-15 0С ва ундан юқори бўлиши керак. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ҳаво ҳарорати ўртача 15-16 0С бўлганда экилган чигитлар ердан ўн еттинчи куни униб чиқади. Ўртача суткалик ҳарорат эса 25 0С атрофида бўлганида чигит жуда қисқа муддатда, яъни 7-8 кунда ялписига униб чиқади.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек об-ҳавонинг ноқулай, серёғин ва намгарчилик юқори бўлган жорий йил шароитида чигит экиш ишларини ташкил этиш ҳар бир мутахассис ва фермерлар учун баъзи муаммоларни келтириб чиқариши табиийдир. Бунда чигит экиш учун даладаги агротехника ишларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, намлик оби-тобида бўлган кунлари пешма-пеш чигит экиш ишларини давом эттириш тавсия этилади.
Аввал тез қизийдиган енгил, ўртача қумоқ ва эрта етиладиган ерларда, кейин эса оғир тупроқли тоғ олди минтақаларида чигит экиш ишларини давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Агар тупроқ ҳарорати паст бўлганда лой ерга экилса, чигит чириб, ниҳоллар сийрак униб чиқади, касалга тез чалинади, нимжон ўсиб ривожланади ва пахта ҳосили ҳам пасайиб кетади. Қатқалоқ бўлган жойларда ишлов беришни культиваторга ротацион юлдузча, пичоқлар ва чуқур юмшатиш панжаларини ўзаро мос ҳолда жойлаштириш керак. Бунда, юлдузчалар 3-5 см, ўртадаги иш органлари 12-14 см, чеккадагилари эса 6-8 см чуқурликка мослаб ўрнатилса самараси юқори бўлади.
Ўзгарувчан об-ҳаво шароитида ерда намлик ортиб кетиши, ҳаво ҳароратининг совуши экилган чигитларнинг униб чиқишига ноқулай шароит ҳисобланиб, чигитнинг чириши, сийрак униб чиқиши, нимжон ва касалликка чалинувчан бўлиши мумкин. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда чигитни экиш олдидан стимуляторлар билан (Узгуми 0,7-0,8 л/т,, Гумимакс 0,8-1,0 л/т, Фитовак 200-300 мл/т, Натрий гумат 1,8-2,0 кг/т, Гумми 20 0,5 л/т, Т-86 10 г/т, Тж-85 20-30 г/т, Альбит 50-75 мл/т ва бошқалар) ишлов бериш яхши самара беради. Бунда, чигит соғлом ва текис униб чиқади, ўсиши ва ривожланиши жадаллашади, касалликларга бардошлилиги ортади.
Об-ҳавонинг пасайиши ёки исиши, тупроқда намликнинг кўпайиши ёки қуриб қолишига чидамлигини оширади, илдиз тизими бақувват ривожланади.
Ўзгарувчан серёғин об-ҳавода чигит экиш чуқурлигига муҳим эътибор қаратиш лозим бўлиб, тупроқ намлиги юқори бўлса, экиш чуқурлигини 3-4 см дан оширмаслик керак.
Экиш меъёри тукли чигитларда гектарига 45-55 кг, туксиз чигитларда 25-30 кг миқдорда белгиланиши мақбул ҳисобланади. Агар чигит қўш қатор усулда экилса, якка қаторларга нисбатан 20-25 кг кўпроқ уруғлик сарфланади.
Чигит экилгандан кейин униб чиқиши чўзилиб кетса, ёки қатқалоқ ҳосил бўлса, далада чопиқ, қатқалоқни юмшатиш, қатор ораларига ишлов бериш каби агротехник тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.
Бу йилги шароитда чигит экиш ишлари 10-15 кунга эрта бошланди Фарғона водийси минтақаларида плёнка остига чигит экилган, Жанубий ва ўрта минтақаларда чигит экиш ишлари олиб борилган ва шу кунда униб чиққан майдонларда зудлик билан ягоналаш ишлари олиб бориш, ёғингарчилик таъсирида қатқалоқ пайдо бўлган ниҳоллар майдонларда биринчи культивация ишларини зудлик билан амалга ошириш зарур.
Чигит экилганидан кейин ёмғир ёғиши, сўнгра ҳарорат кўтарилиши натижасида қатқалоқ пайдо бўлган майдонларни ҳолатидан келиб чиққан ҳолда агротадбирлар ўтказишни режалаштириш лозим. Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, механик таркиби ўрта ва оғир тупроқларда кучли ёққан ёмғирдан кейин 2-3 см дан, 4-5 см гача қатқалоқ ҳосил бўлиб, уруғ ётган ёки ҳали илдизи яхши ривожланмаган ниҳолларни ўсишдан тўхтатади ва касаллантириб, нобуд бўлишига олиб келади. Ана шу хавфнинг олдини олиш, яъни ёш ниҳолларни сақлаб қолиш учун тупроқнинг юза қисмини 1-2 кун ичида юмшатиш ва қатқалоқни бартараф этиш керак. Қатқалоқни йўқотишда, ниҳоллар униб чиқмаган майдонларда ротацион мотигалар, яъни РОР билан эрталаб ва кечки томон ишлов бериш лозим. Ниҳоллар 75-80% униб чиққан майдонларда тупроқда ёғин кўп бўлганлиги сабабли меъёридан кўп нам бўладиган бўлса, биринчи ишлов сифатли ўтказилишига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки тупроқдаги нам юқори бўлганлиги сабабли трактор бир томондан тупроқни зичланишига, иккинчидан тупроқ палах бўлиб кўчишига олиб келади. Шунинг учун тупроқ етилган пайитда культивация ўтказилса майин, донадор ҳолатга келтириш мумкин бўлади. Апрель ойининг серёғин кутилиши далаларда бегона ўтлар кўп чиқишига сабаб бўлади, буни олдини олишни таъминлайдиган тадбирлардан кенг фойдаланиш лозим. Чигит экиш ишлари давом этаётган майдонларда чигит экиш билан бир қаторда азотли ўғитлар соф ҳолда 15-20 кг/га берилса чигит униб чиқиши тезлашади ва уларни нокулай шароитга бардошлиги ошади.
-ҳамма далаларни ҳам яна бир марта кўриб чиқиб, инвентаризация ўтказилиши керак:
-тўла гектар хосил қилиш учун ғўза экиладиган майдонларни чеккаларига, симёғоч атрофларига чигит экиб чиқиш керак:
-айрим далаларда трипс, ширани ва ўт борлигини инобатга олиб сўрувчи зараркунандаларга олтинкўз энтомофагини гектарига 500-1000 донадан, кузги тупламга қарши 500-1000 дона олтин кўз қўшимча равишда 1,0 грамм Трихограмма қўйиш керак:
-шунингдек, ғўзанинг шира ва трипсга чидамлилигини ошириш мақсадида 1,5 фоизли карбомидли суспензия билан ишлов бериш тавсия этилади.
Плёнка остига чигит экилган майдонларда биринчи ишлов беришда культиваторнинг ўртадаги органлари 8-10 см, чеккадагилари эса 5-6 см кейинги культивацияларда эса мос равишда 10-12, 12-14 см, четки ишчи органлари 5-6 см чуқурликка мўлжалланиб созланади.
Чигит қўшқатор экилган майдонларда биринчи культивацияда кўшқатор ораси (60х30 см тор қаторлар) бегона ўтлар билан зарарланишини камайтириш ва ҳосил бўлган қатқалоқни юмшатиш учун битта ККО ёки кичкина ғозпанжа билан 6-10 см ва икки дона РОР юлдузчаси 3-5 см чуқурликда ниҳолларга зарар етказмасдан ишлов берилади.
Б.Халиков,
Р.Назаров,
Ш.Намазов