ТОКЗОР МАЙДОНИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ТУПРОҚҚА ИШЛОВ БЕРИШ
Токзор барпо этишдан олдин майдонни танлаш, тошлардан тозалаш керак. Механизмларни ишлаши ва токзорларни суғоришда яхши шароит яратиш учун нотекис майдонлар текисланади. Ерни тайёрлаш бўйича ишлар бульдозер, скрепер, грейдер ва бошқа мелиоратив механизмлар ёрдамида ўтказилади.
Сизот сувлар юза жойлашган шўрхок ерларда улар сатҳини пасайтириш учун вертикал ёки горизонтал зовурлар қурилади. Кучли шўрланган ерлар дастлаб яхшилаб ювилади. Ён бағирнинг тиклиги 10° дан ортиқ бўлган тоғли худудларлар террасер, бульдозер, грейдерлар билан террасаланади. Террасаларнинг кенглиги камида 4 м. Агар ён бағирнинг тиклиги 10° дан кам бўлса, у холда токлар контур усулда ўтқазилади.
Барча тайёргарлик ишлари тугалланганидан кейин тупроққа ишлов берилади. Токзорлар маҳсулдор бўлиши учун биринчи навбатда ток илдизларининг ривожланиши учун оптимал шароит-яхши сув-ҳаво ва озуқа режимини яратиш зарур. Бунинг учун кўчат ўтқазишдан олдин токзор барпо этиладиган майдон 50-60 см чуқурликда тупроқ қатламини тўлиқ ағдариб ҳайдалади. Бу ишлар Т-4 ёки Т-100 трактори билан агрегатланадиган ППН-50 плантаж плуги воситасида бажарилади. Тупроқ яхши юмшаши ва устки унумдор қатлам кўмилиши учун ток илдиз ривожланиш худудида ерни чимқирқар ёрдамида 50-60 см чуқурликда ҳайдаш зарур. Чуқур ҳайдашдан олдин унумсиз тупроқларга гектарига 20-30 тоннадан органик уғитлар ёки ҳосилга кирган токзорларга солинадиган асосий ўғитлар миқдоридан икки маротаба кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитлар солиш мақсадга мувофиқдир.
Қўриқ ва бўз ерларга ток ўтқазишдан олдин ўғит солмаса ҳам бўлади.
1. Ток кўчатлари ўтказиш. Майдонга ток кўчати ўтқазишдан олдин уни квартал, карталарга бўлиш ва улар орасидаги йўллар чегараларни белгилаш учун қозиқлар қоқилади, яратиладиган қаторлар йўналиши танланади.
Суғориладиган токзорлар қаторлар йўналиши майдон нишаблигига мос бўлиши керак. Рельеф шароити бўйича бир неча томондан суғориш мумкин бўлган жойларда қаторлар йўналишини танлашда уларнинг умумий узунлиги, нишаби, доимо эсадиган шамоллар йўналишини ҳисобга олиш зарур.
Ён бағирларда токзорлар барпо этишда қор-ёмғир сувларини сақлаб қолиш, шунингдек нурашга қарши курашиш учун қаторлар асосан ён бағирга нисбатан кўндалангига ёки жой юзасига параллел равишда контур бўйлаб, террасаланган ён бағирларда терраса йўналиши бўйлаб жойлаштирилади.
Ўсимликларни ўтказиш қалинлиги тупроқларнинг яхши ўсиши ва мева қилиши учун қулай шароит яратиш ва тупроққа ишлов бериш, тупларни кўмиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш билан боғлиқ, барча жараёнларни комплекс механизациялаштиришга имкон бериш керак.
Кўчатларни баҳорда куртаклар ёзилмасдан олдин ўтқазиш мақсадга мувофиқдир, кузги ва қишки даврда илиқ кунларда ҳам ўтқазиш мумкин, лекин бунда кўчатлар 20 см баландликда тупроқ билан кўмилади.
Кўчатни сув билан мунтазам таъминланмаган, қондириб суғориш имконияти бўлмаган лалмикор ва шартли суғориладиган ерларда куз, қишда ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.
Ўтқазишдан олдин кўчатларнинг уч қисмида ўсган илдизлар қирқилади, паст томондаги илдизлар бир оз қисқартирилади. Кучли ўсган ва тўғри жойлашган новдада бир иккита, икки-учта кўзча қолдириб, ортиқчаси кесиб ташланади.
Илдизларнинг ўтқазиш вақтида ва ўтқазилгандан кейин суғоришгача қуриб қолмаслиги учун улар янги гўнг ва лой аралашмасидан тайёрланган суюқликка ботириб олинади.
Ҳар бир кўчатнинг ўсиш қуввати унинг тутиш ва кейинги ривожланишига катта таъсир этишини ҳисобга олиб ўтқазишдан олдин кўчатларни гурухларга ажратиш лозим.
Аввалги йилларда барпо этилган токзорларнинг тутмаган кўчатлари ўрнига ривожланган кўчатларни, янги барпо этиладиган токзорга яхши ривожланган кўчатларни ўтказиш керак.
Кучсиз ривожланган кўчатлардан сўнги навбатда фойдаланиш зарур, улар асосан бир майдонга ўтказилади ёки тутмаган кўчатлар ўрнига ўтказиш учун кўчатзорда қолдирилади. Бир хил ривожланган кўчатларни ўтказиш, уларни парвариши ва бир вақтда тўлиқ ҳосилга киришини таъминлайди.
Кўчатлар махсус НЮ-19, МПС машиналарида, шунингдек гидробурғилар ёрдамида 50 см чуқурликда ўтказилади. Кўчатлар қўлда шундай ўтказиладики, бунда уларнинг пастки илдизлари чуқурча тубига тўкилган тупроқ уюмида бир текис тақсимланади, сўнгра ер устида битта-иккита кўзча қолдириб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан суғорилади. Лалмикор ерларда ўтказилгандан кейин ҳар бир туп тагига камида 10 л сув қуйилади.
Кузда ва қишда ўтказилган кўчатларни совуқ уришдан сақлаш учун улар камида 20 см қалинликда тупроқ билан кўмилади.
2. Ёш токзорларни парваришлаш. Кўчатларнинг тутиши ва ривожланиши, уларнинг мевага кириши, бўлажак ҳосил ва унинг сифати ёш токзорни парваришлашга боғлик.
Қатқалоқ пайдо бўлишига, бегона ўтларнинг ривожланишига йўл қўймаслик зарур. Ток кўчатлари ўтказилгач дастлабки йилда уларнинг илдиз тизими унча яхши ривожланмаган бўлади. Шу сабабли токзорни тез-тез суғориб туриш лозим, бунда тупроқ камида бир метр чуқурликда намланиши керак. Кўчатлар ўтказилгандан сўнг биринчи суғориш, кейингилари апрель, май, июн ва августда бир мартадан ўтказилади. Бундан ташқари, ноябрдан мартгача бир-икки марта захира суви берилади.
Сизот сувлар юза жойлашган ерларда кўпи билан 3-4, шағалли ерларда 1,5-2,0 марта кўпрок, вегетация суғоришлари ўтқазилади. Ҳар бир суғоришдан 2-3 кун ўтгач қатор ораларидаги тупроқ культиваторлар ёрдамида юмшатилади.
Ердан ва сувдан унумли фойдаланиш учун токзор қатор ораларига дастлабки икки йилда сабзавот, полиз экинлари, эртаги картошка ва бошка (баланд бўйли ўсимликлардан ташқари) экинлар экилади. Бу экинларни токзор қаторидан камида 50 см масофада жойлаштириш зарур.
Кўчатлар ўтказилган йили ток баргларини ранги ўзгаришидан (август-сентябрь) ва тўкилишидан олдин навлар аралашганлигини аниқлаш учун улар белгиланади ва ўрнига шу асосий нав кўчатлари октябрда ёки эрта баҳорда экилади. Тутмаган кўчатлар ўрни ҳам тўлдирилади. Токлар ўтказилган йили кесмасдан кулда кўмилади.
Баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин туплар очилади. Дастлабки йиллар ёки токлар баҳорда кесилади. Токзорлар иккинчи йили биринчи йилдагидек, учинчи йили ҳосилга кирган токзорлар каби парвариш қилинади. Агар дастлабки икки йилда токзорда айрим туплар қуриган бўлса, уларнинг ўрнига ўша навли кучли кўчатлар ўтқазилади.
Учинчи йилдан бошлаб (кучли тупларда иккинчи йилдан) нобуд бўлган туплар асосан пархиш қилиш йўли билан тикланади. Бунда оналик тупдаги соғлом, пишган бир йиллик новда олиниб, қатор бўйлаб 50-60 см чуқурликда ковланган чуқурга ётқизилади. Чуқурга ётқизилган новданинг учи керакли жойда тупроқ юзасига чиқарилади, қолган қисми эса кўчат ўтказилгандаги каби тупроқ билан кўмилади. Тупроқ юзасига чиққан новда икки-учта кўзча қолдириб кесилади ва қозиққа боғланади. Икки-уч йилдан кейин пархиш оналик тупдан ажратилади. Яхши ривожланган ўсимликдан пархиш ётқизиш учун июль-сентябрь ойлари қулай. Жойлашган, зарур узунликка эга кўк новдалардан қолдирилади. Барглари узиб ташланган кўк новдалар ерга пишган новдалар каби ётқизилади.
3. Ток ўтказиш схемаси. Ток ўтқазиш қалинлиги тупроқ-иқлим шароитига, маълум навдаги тупларнинг ўсиш кучига, шунингдек ўстириш усулигага боғлиқ. Тупроқ қанчалик унумдор ва туплар қанчалик кучли бўлса, озиқланиш майдони шунчалик катта бўлади. Унумсиз тупроқларда (шағалли, қумли ва бошқалар) ток кучсиз ўсади, озиқланиш майдони ҳам кичик бўлади (1- жадвал).
Тавсия этилаётган ток кўчатларини ўтказиш схемаси мавжуд машина ва механизмлардан самарали фойдаланишга имкон беради.
1-Жадвал.
Ток тупларини жойлаштириш схемаси
Ўстириш тизими |
Қаторлар орасидаги масофа, м |
Қатордаги туплар орасидаги масофа, м |
||
Кучли ўсувчи навлар |
Ўртача ўсувчи навлар |
|||
Сизот сувлар чуқур жойлашган типик бўз тупроқли ерлардаги суғориладиган токзорлар |
||||
Тик симбагаз |
3 |
3 |
2,5 |
|
Қайирма симбағаз |
3,5 |
2,5 |
2,0 |
|
Чучук сизот сувлар юза жойлашган ерлардаги суғориладиган токзорлар |
||||
Тик симбағаз |
3 |
3 |
2,5 |
|
Қайирма симбағаз |
3,5-4,0 |
3,5 |
2,5 |
|
Шағалли ерлардаги суғориладиган токзорлар |
||||
Тик симбағаз |
3,0 |
2,0 |
1,5 |
|
Тоғ ва тоғолди туманларидаги шартли суғориладиган токзорлар |
||||
Тик симбағаз |
3 |
2,5 |
2,5 |
|
Қайирма симбагаз |
3,5 |
2,5 |
2,0 |
|
Лалмикор ерлардаги токзорлар |
||||
Тик симбағаз |
3 |
2,5 |
2,5 |
|
Қайирма симбағаз |
3,5-4,0 |
3,0 |
2,5 |
|
Террасалардаги тик симбағаз |
- |
3,0 |
2,5 |
|
4. Ҳосилли токзорларни парваришлаш. Табиий шароитдан тўлиқ фойдаланиш ва ҳар бир майдондан юқори ҳосил олиш учун токларни парваришлашни максимал механизациялашда токларни ўстиришнинг турли тизимлари қўлланилади. Бунда ўсиш шароити, хусусияти ва олинадиган маҳсулотдан қайси мақсадда фойдаланиши ҳисобга олинади.
Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хураки навлар, шунингдек лалмикор ерларда ўстириладиган токларни тик симбагазда, кучли ўсувчи, хўраки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак.
Ўстириш тизимига кўра ток тупларини шакллантириш учун кўчат ўтказилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ ҳизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ёғоч устунларни акациядан ясаш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларни темир-бетон асосга ўрнатиш зарур, бу уларнинг мустахкамлигини оширади.
5. Тик симбағаз. Симбағазни ясаш учун даставвал қатор четларига устунлар ўрнатилади; уларнинг кесими оралиқ устунлар кесимидан каттароқ бўлиши керак. 3 м узунликдаги оралиқ устунлар токзор қатори бўйлаб бир-биридан 8 м масофада ўрнатилади. Четки устунлар охирги тупдан туплар орасидаги масофанинг ярмига тенг масофада ўрнатилади ва улар қатор ичидан темир-бетон тиргак билан ёки ташқи томондан лангар қўйиб маҳкамланади. Тортиладиган симларнинг миқдори тупнинг ўсиш кучига боғлик ва суғориладиган токзорларда тўрт-беш, лалмикор ерлардаги токзорларда уч-тўрт қатор бўлиши мумкин.
Симбағазни ўрнатиш учун 2,5-3,0 мм ли рухланган симдан фойдаланилади. Симбағазга материаллар сарфи токзорларга сарфланадиган материаллар миқдорида берилган.
Пастки қатордаги биринчи сим ер юзасида 50-60 см баландликда, иккинчи ва кейингилари бир-биридан 40-50 см масофада тортилади.
Бир гектарли тик симбағазли токзорга сарфланадиган материаллар миқдори:
- Тик симбағаз қатор орасидаги масофа – 3 м
- Қаторлар сони – 33
- Устунлар – 297 дона
- Лангар – 66 дона
- Оралиқ – 297 дона
- Жами – 363 дона
- Хода ёки темир – бетон
- Симбағазга тортиладиган 2,5 мм ли сим – 520 кг
- Улаш учун 3-4 мм ли сим, кг – 225 кг
6. Ток тупига шакл бериш ва кесиш. Ток кесиш муҳим агротехник усул бўлиб, токнинг ўсиши ва мева қилишини тартибга солади. Бу усул ёрдамида токни парваришлаш учун қулай шакл берилиб, у токзорлардан фойдаланиш давомида сақлаб турилади. Токга тўғри шакл берилиши ва оқилона ўстириш тизими тупдан узоқ вақт ва юқори ҳосил олинишини таъминлайди, қуёш нуридан, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларидан тулиқроқ фойдаланишга, шунингдек механизацияни кенг кўлланишига имкон беради.
Ток қишга кўмиладиган минтақада кўп енгли елпиғичсимон шакл бериш усули кенг қўлланилади, бу ток тупларни кўмишини осонлаштиради, мўл ҳосил берадиган кўзчаларни қолдиришга имкон беради.
Тупни бир томонга елпиғичсимон шакллантиришда қатордаги туплар орасидаги масофа навларнинг ўсиш кучига боғлик: кучли ўсадиган навлар учун 2,5 м, ўртача ўсадиганлар учун 2 м. Бир томонлама елпиғичсимон шакл бериш учун тупда фақат керакли томонга ўсган новда ва енглар қолдирилади. Тупларни шакллантиришда ва улардан фойдаланишда ўз вақтида ва тўғри хомток қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Шакллантирилган тупларни ҳар йили кесишдан асосий мақсад яхши, сифатли юқори ҳосил олишни таъминлаш, туп шаклини сақлаш, нав хусусиятлари ва қўлланиладиган агротехника ва муайян ўсиш шароитига кўра кўзчалар миқдорини тартибга солишдан иборатдир.
Тупда етарли миқдорда куртаклар бўлмаса, ривожланадиган новдалар сони камайиб кетади, куртаклар нормадан ортиқча бўлса, ҳосилдорлик пасаяди, узум боши ва мевасининг ўртача оғирлиги камаяди, кейинги йили мева олиш учун фойдаланиш мумкин бўлган новдалар узунлиги ва сони қискаради.
Токзорларда ток кесишни эрта ва ўртапишар навлардан бошлаш зарур, чунки уларнинг новдалари тезроқ пишади.
Шуни қайд қилиш керакки, хомтокни (кўк новдаларни боғлаш, тупларда новдалар кам ёки ортиқча бўлганида эрта ёзда чеканкалаш) туғри ва ўз вақтида ўтқазиш кесишни осонлаштиради ва ҳажмини қискартиради. Хомток қилиш вақтида новдаларнинг кесилган жойи кузги кесишдагига нисбатан тезроқ битади.
Токни умум қабул қилинган технология бўйича кесиш зарур. Бунда ўткир ток қайчи ва аррадан фойдаланилади. Енглар фақат ички томондан кесилади, бунда кесилган жойлар яқинидаги зарарланган майдонларнинг туташиб кетишига йўл қўймаслик керак, бу тупнинг ўсишини сусайтиради ва ҳосилдорлигини камайтиради. Зангларни кунда қолдирмай кесиш, бурчак куртакдан новда ҳосил бўлишини истисно этиш лозим. Ўринбосар новда ҳар доим мевали новдадан пастда ва енгнинг ташқи томонида қолдирилади. Енгда бир неча мевали новда қолдирилганда кесиш узунлигини уларнинг жойлашганлигига кўра табақалаштириш керак: мевали новда енг асосидан қанча узоқда жойлашган бўлса, у шунчалик узоқда қолдирилади. Новдадаги кесик силлиқ бўлиши ва тез битиши учун ток қайчининг бўртиқ кесувчи жағи тупда қоладиган новда ёки енг қисмига қаратилади.
Кузда ток кесишда шакллантириш учун кераксиз новдалар ва ўсиб кетган енглар олиб ташланади, бир йиллик новдалар ишлатилиш мақсадига (новда ёки мевали новда) кўра калталаштирилади.
Мева қиладиган туплар туп бошидан кесилади, бунда скелет новда баргдан тозаланади. Тик ўсувчи новдалар асосга тақаб кесилади. Ўсиб кетган ва эгилмайдиган бўлиб қолган енглар олиб ташланади ёки яхши ривожланган тупнинг ташқи томонига ўсган новдачага қурий бошлаган енглар олиб ташланади. Улар ўрнига бачки новдалар қолдирилади. Тупда пишган новдада тўрттадан кам бўлса, у ҳолда қатор жойлашган кучли новдалар янги енг шакллантириш учун қолдирилади. Енгларда асосга яқин жойлашган икки-учта кучли новда танланади, тупнинг ички томонига қараб ўсган энг пастки 2-3 та кўзча, ундан юқорисида 6-7 та, энг юқорисида 10-15 та кўзча қолдириб кесилади. Енг тез ўсиб кетмаслиги учун ўринбосар новдалар қолдирилади. Иккита ҳосилли новда кучли ҳосилли бўғинни ташкил этади.
Ток кўмиладиган районларда кузда дастлабки кесиш вақтида тупларда қўшимча куртаклар (қабул қилинган нормадан 20-25% миқдорида) қолдирилади. Баҳорда туплар очилгандан кейин куртаклар қишда шикастланган ва синган новдаларни ҳисобга олган ҳолда қолдирилади.
Токдан ҳар йили мўл ва юқори сифатли ҳосил олиш учун туплардаги куртаклар сони токнинг ўсиш кучи ва мева қилиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда навлар бўйича табақалаштирилади.
Мева қилиш коэффициенти паст (ривожланган новдалардаги узум бошлари сони) бўлган кучли ўсадиган навлар (Пушти Тойфи, Нимранг, Оқ Ҳусайни, Сурҳок Китоби), шунингдек Қора кишмиш ва Оқ кишмишда кўзчалар кўпроқ қолдирилади. Енгларда кучайтирилган ҳосилли бўғинлар қолдирилади, ҳосилли новдалар 10-15 та кўзча қолдириб кесилади. Бир тупда 200-300 та кўзча қолдирилади.
Баян-ширей, Кульжинский, Сояки навлари учун озиқланиш майдони 3×2,5 м бўлган тупдаги кўзчалар 160-200 тани ташкил этади.
Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, пушти Мускат, Алеатико навларида кўзчалар сони 150-180 тага етказилади.
Ҳосил новдалари кўп бўлган кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино черный навларида 80-100 та кўзча қолдирилади.
Ўзбекистон шароитида навнинг ўсиш кучи ва муайян новдага кўра (кучлироқ новдалар узунроқ кесилади) новдаларда 6-8, 9-12, 12-15 та куртак қолдириб, ҳар хил узунликда кесилади.
Республиканинг кўпгина туманларида тупларни кўмишдан олдин ва уларни очгандан кейин бўладиган совуқлар кўзчаларнинг зарарланишига, енгнинг кўп йиллик қисмларидаги тўқималарнинг қисман қуришига олиб келади.
Йилдан-йилга шикастланишлар кўпайиши натижасида ҳосилли новдалардаги кўп новдалар қуриши мумкин.
Кучли зарарланган токзорларда қисқа вақт ичида тупнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва бачкилардан ҳосил олиш учун токни яхши парваришлаш зарур. Шуни ҳисобга олиш керакки, туп бошида ва калта кесилган новдаларда ёки кунданинг пастки қисмида ривожланмаган ва уйғонмаган куртакларнинг катта захираси бор, улардан мевасиз новдалар ривожланиши ва тупларнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва ҳосил олиш учун фойдаланиш мумкин.
Яхши сув озиқа режими қўшимча куртакларнинг ривожланишини кучайтиради. Зарарланган токзорларни биринчи навбатда суғориш зарур. Суғоришдан олдин минерал ўғитлар солиш керак.
Суғоргандан кейин туп бошидан кўплаб бачкилар ўсиб чиқади, улардан қулай жойлашган, тупнинг пастки қисмида ва қатор бўйлаб ўсувчи 8-10 та новда қолдирилади, қолганлари олиб ташланади. Бу ишни иложи борича эртароқ, новдалар синувчанлигида бажариш лозим.
Эгилувчан енгли қилиб тўғри шакллантирилган ва кесилган туп осон ва ихчам жойлашади, бу токни сифатли кўмишга имкон беради.
Кўп йиллик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг шимолий районларида кўпинча ноябрнинг биринчи ўн кунлигида ҳарорат минус 10-12° гача пасаяди, новдалари пишмаган тупларга зарар етказади, бунда кўмилмайдиган токзорларга анча зиён етиши мумкинлигини ҳисобга олиб, токларни кесиш, жойлаш ва кўмиш ишларини октябрнинг иккинчи ярмида тугаллаш керак. Ярим елпиғичсимон шаклда ўстиришда кўп йиллик занглар фақат бир томонга пастки ва иккинчи симга, ҳосил берувчи новдалар биринчи ва иккинчи, истисно тариқасида учинчи симга боғланади.
Муҳим агротехник тадбирлардан бири токни хомток қилиш, новдаларни чилпиш, бачки новдаларни олиб ташлаш ва чеканка қилишдир. Новдаларнинг ўсиши ва етилиши, ҳосил сифати, ўсимликларни қишга тайёрлаш мана шу агротадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ўтказилишига боғлиқ.
7. Ҳомток қилиш. Токда шўралар пайдо бўлиши билан хомток қилинади. Новдада шўра ўрнида жингалакларнинг борлиги унинг ҳосил қилмаслигидан далолат беради. Ҳосил қилмаслиги аниқ бўлган новдаларни эрта хомток қилиш қўшимча миқдорда новдалар, шу жумладан ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Хомтокни эрта гуллайдиган навлар ўтказилган майдонлардан бошлаш зарур. Токнинг кўп йиллик зангларидан ўсиб чиққан бачки новдалар биринчи навбатда олиб ташланади. Бунда токни шакллантириш ва зангнинг ўрнини босиш учун керак бўладиган бачки новдалар қолдирилади. Агар токда зарарланиш натижасида ёки бошқа сабабларга кўра кам новда ривожланган бўлса, ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади.
Ҳар бир нав учун тупдаги ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати олинадиган ҳосил ва новданинг ўсиш кучини, шунингдек экологик ва агротехник шароитини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Масалан, суғориладиган ерларда етиштириладиган кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага бир- иккита ҳосилсиз новда қолдириш керак. Лалми токзорларда қиш ва баҳор давридаги ёғингарчиликни ҳисобга олган ҳолда хомток қилинади. Бир вақтнинг ўзида олинадиган ҳосил миқдори нормаллаштирилади ва ҳар бир ҳосилдор новдага битта ҳосил қилмайдиган новда қолдирилади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда токнинг жуда кучсизланиб кетишининг олдини олиш мақсадида шўрали новдаларнинг учдан бир қисмини олиб ташлаш керак.
Техник навларнинг кўпчилигида ҳосилсиз новдалар оз қолдирилади, чунки уларда кўп миқдорда шўралар яшил новдалар ривожланади.
8. Тупроққа ишлов бериш. Токнинг бир меёрда ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқда баҳор-ёз ва кузда ишлов бериш зарур (сув-ҳаво режимини яхшилаш, бегона ўтларни йуқотиш ва токларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун). Тупроққа кузда 25-30 см чуқурликда ишлов бериш баҳорга келиб тупроқда кўп миқдорда нам тўпланишига, бегона ўтларнинг йўқолишига ёрдам беради.
Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан бир вақтда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.
Ўсиш даври давомида тупроқда бегона ўтларни йуқотишда ва тупроқда намни сақлаб туриш учун қатор оралари 10-12 см чуқурликда 3-4 маротаба культивация қилинади. Ҳар бир суғоришдан кейин ҳамда лалми токзорларда эса мўл ёққан ҳар бир ёмғирдан сўнг культивация қилиш керак.
Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йуқотиш учун НЮ-18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофидаги тупроққа ишлов берилади.
Ҳозирги вақтгача токларнинг бир қисми ер бағирлатиб ўстирилади, бундай токзорларда баҳорда тупроқ чопилади, ёзги суғоришлардан кейин юмшатилади.
Механизмларнинг кўп карра ўтиши ва суғориш натижасида ток қатор оралари тупроғи кучли зичланади, бу ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.
МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда ҳар бир қатор орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35-40 см чуқурликда ботади ва илдиз системасини унча шикастламайди, марказий юмшатгич эса 55-60 см чуқурликга ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган МПВ машинаси билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатиш керак.
Шундай юмшатишда тупроқнинг сув ҳаво режими яхшиланиб, илдиз тизими яхши ўсади. Натижада ҳосилдорлик 35-40% ошади.
Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади, кейин ўсиш даври давомида 18-20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари давомида 18-20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари МПВ, НЮ-18, УОМ-50, пневматик ток очкичлар билан бажарилади.
МПВ, НЮ-18 машиналари билан суғориш эгатлари очилади, қатор оралари культивация қилинади ва ёппасига юмшатилади.
МПВ машинасига ўрнатиладиган НЮ-18 мосламаси ёрдамида токлар чала очилади ва қаторлардаги ток туплари атрофидаги тупроқга ишлов берилади.
Т-54В, МТЗ-80 ёки МТЗ-82 тракторларига ўрнатиладиган пневматик ток очгичлар билан ток тўла очилади.
9. Суғориш. Ўзбекистонда токзорларни эгатлаб суғориш кенг тарқалган. Ўқ ариқлардан сув ток қатор ораларида очилган эгатларга оқади. Эгатларнинг чуқурлиги 18-20 см, узунлиги 100 м дан 300 м гача, механик таркиби бўйича енгил тупроқларда эгатлар узунлиги оғир тупроқлардагига нисбатан қисқароқ бўлиши керак.
Суғориш эгатлари орасидаги масофа токзор тупроғи ва ток қатор оралари кенглигига боғлиқ. Сув ўтказувчанлиги ўртача ва механик таркиби бўйича оғир тупроқларда ток қаторидан 0,5-0,6 м масофада очилган иккита суғориш эгати кифоя.
Суғоришда навнинг ўзига хос хусусиятлари ва тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиш зарур. Токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилиши учун тупроқнинг намлиги дала сув сиғимидан 70%дан кам бўлмаслиги энг қулайдир.
Токнинг сувга эхтиёжи ривожланишининг турли фазаларида бир хил эмас. Шунинг учун вегетациянинг биринчи даврида тупроқ намлигини дала сув сиғимидан 70-80%, иккинчи даврида эса 60-65% даражадасида сақлаб туриш керак.
Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2-4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда (қумли, тошлоқ) 7-9 маротаба суғориш керак. Сизот сувлари юза жойлашган тупроқларда суғоришларни тупроқ намлигига кўра ўтқазиш керак. Суғоришни бошлаш ва уларнинг миқдори ҳам тупроқ намлигига кўра белгиланади. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май – июнь ойида ўтқазилиши мумкин.
Оғир соз тупроқларда ўсиш даврида битта суғориш гектарига 700-800 м³, енгил қумоқ, шунингдек тошлоқ тупроқларда 400-500 м³ ташкил этади.
Куз-қиш даврида гектарига 1200-1500 м³ ҳисобидан заҳира сув берилади, бунда тупроқ 1,5-2 м чуқурликгача намланиши керак. Бундай миқдорда 2-3 маротаба суғоришдан кейин тупроқда кўп миқдорда сув заҳираси тўпланади. Бу суғоришлар ўсимликни ўсиш даврининг биринчи ярмида нам билан таъминлайди. Бу ҳолда ўсиш даврида суғоришлар сонини биттага қискартириш мумкин.
Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек ҳар бир ўсиш даврида суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида ва юқори агротехника даражада юмшатиш зарур.
Ток новдаларининг ўз вақтида етилиши, ўсимликларнинг қишга тайёрланиши ва ҳосилнинг пишиши учун суғоришни шимолий туманларда сентябр бошида, жанубий туманларда сентябр ўрталарида тўхтатиш керак.
Ёғингарчилик 600 мм дан кам бўлмайдиган тоғ-тоғолди минтақасида ток суғормасдан ўстирилади.
Лалми ва шартли суғориладиган токзорларда ёмғир сувларини тўплаш учун ёмғирдан кейин кузда ер чуқур ҳайдалади ва юмшатилади. Тупроқни ўз вақтида ва сифатли юмшатиш намнинг сақланиб қолишига, суғорилмайдиган токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилишига ёрдам беради.
Баъзи тоғолди-тоғли туманларда, имконият бўлса, токни ҳеч бўлмаганда бир маротаба суғориш зарур. Бу унинг ўсиши ва ҳосил қилишини анча яхшилайди.
Тупроқ ичидан ва томчилаб суғориш усули истиқболлидир. Бундай суғоришда сув тежалади, ёзги ишлов беришлар истисно этилади, ҳосилдорлик 40% га ошади. Нишаб ерларда томчилатиб суғориш самаралидир, бу бошқа экинлар етиштириш учун яроқсиз ерларни қишлоқ- хўжалик оборотига киритиш имконини беради, тупроқ эрозиясини пасайтиради, шунингдек эгатлаб суғоришга нисбатан сувни 40-50% га тежайди.
10. Ўғитлаш. Токчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўпгина омиллар билан белгиланади, улар ичида тупроқнинг табиий унумдорлиги, унинг намланганлиги, умумий ток ўстириш маданияти ва токларнинг тупроқдан озуқа моддаларини истеъмол қилиш қобилияти кабилар муҳим ўрин эгаллайди.
Ҳосил ва токнинг вегетатив массаси билан тупроқдан анча озуқа моддаларининг олиб чиқилиши тупроқнинг табиий унумдорлигини яхшилаш ва уни керакли даражада сақлаб туришни талаб қилади.
Қўриқ ва қайта тикланган ерларда (айниқса ерларни капитал текислашда тупроқ қатлами анча чуқурликда олиб ташланган холларда) янги токзорлар барпо этишдан олдин тупроқ унумдорлигини кўп миқдорда органик ўғитлар (40 тоннагача) солиш қўшимча равишда тегишли миқдорда минерал ўғитлар солиб, 1-2 йил давомида оралиқ экинлар етиштириш йўли билан яхшилаш талаб этилади.
Яхши текисланган, органик моддалар билан бойитилган, кўп йиллик бегона ўтлардан тозаланган майдонларда ток ўтқазишдан 2-3 ой олдин ер чуқур ҳайдалади.
Ток ўстириш учун суғориладиган алмашлаб экилган ерларни ўзлаштиришда чуқур ҳайдашдан олдин минерал ўғитларнинг асосий миқдорини гектарига (120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий) органик ўғитлар гектарига 5 дан 20 тоннагача қўшиб солиш мумкин.
Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида органик ўғитларнинг (айниқса гўнг) катта самарадорлигини ҳисобга олиб, токчиликда бу ўғитлардан тежаб ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш зурар. Бунинг учун гўнг ўрнида таркибида чириган органик моддалар бор чиқиндилардан (узум тўпони, ўсимлик қолдиқлари) кенг фойдаланиш керак. Уларга фосфор, калий, микроэлементлардан (кул, суяк, саноат чиқиндилари) иборат минерал моддалар қўшилади.
Бундай органик моддаларни солиш нормаси гўнг солиш нормасига нисбатан 2-3 маротаба юқори бўлиши керак.
Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда хар 3-4 йилда гектарига 20-40 т миқдорида органик ўғитлар солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан кейин ерни 25-35 см чуқурликда ҳайдаб, гўнг сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларни чуқур ковлагич билан қазиладиган 60×60 см ли чуқурларга солиш жуда самаралидир. Бунда ҳар бир чуқурга 20-30 кг дан ўғит солинади.
Ток ўтказилган дастлабки икки йилида илдиз системаси кучсиз ривожланган бўлиб, тупроқда унча чуқур жойлашмайди ва экишдан олдин тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш сув ҳаво режими қулайлигида ўсимликларнинг минерал ўғитлар билан етарлича озиқланишини таъминлайди.
Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинларини улар учун қабул қилинган ўғитлаш ва суғориш технологияси бўйича етиштиришда ҳам токзорларда қулай сув озуқа режими яратилади.
Суғориладиган бўз тупроқларда ўстириладиган ҳосилдорлиги гектаридан 200-250 ц ли токзорларда минерал ўғитларнинг асосий меъёри 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий (таъсир этувчи модда)ни ташкил этади.
Ҳосилдорлиги янада юқори бўлган, шунингдек унумсиз тупроқларда (қумлок, тошлоқ) ўстириладиган токзорларда фосфор ва калий меъёрини гектарига 90-120 кг гача ошириш мумкин.
Ток новдалари яхши ўсмаганда ёки тупда кўп ҳосилли новда ва шўралар ривожланиб, ҳосил мўл бўлган йилларда, ёки физиологик актив моддалар (гиббереллин, ТУР) қўлланилганда, токларни биринчи маротаба май ойида, иккинчи маротаба 10-15 кундан кейин гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий билан қўшимча минерал озиқлантириш талаб этилади.
Суғорилмайдиган ерлардаги токзорларда тупроқда етарлича нам тўпланганда (кеч куз ва баҳорда) органик ўғитлар аралашмасини солиш керак, бу ўғитларнинг ўсимлик илдизларига яхши етиб боришини таъминлайди. Бундай шароитда ўғитларни чуқурчаларга солиш айниқса самаралидир. Ўртача қумоқ тупроқларда гектарига 3 т гўнгни минерал ўғитлар гектарига 60 кг дан азот ва фосфор ва 15 кг калий билан 30-40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг билан 30-40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий билан қушиб 40-50 см чуқурликка солинади.
Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.
Озиқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини кўпайтириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак.
Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммософ билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий тузлари ёки 455 кг нитрофос ҳисобидан минерал ўғитлар солинади.
Токларга гуллашдан икки ҳафта олдин вентиляторли пуркагичлар билан ишлов берилади. ТУР таъсирида ҳосилдорлик 40% га ошади.
Узум бошининг ўртача оғирлиги яхши мева тугиши ҳисобига 1,5-2 маротаба ортади. Уруғсиз навларга ТУР препаратининг 1%ли эритмаси билан гуллашидан 2 ҳафта олдин ишлов бериш мақсадга мувофиқдир, кейин тўпгулларга гибереллин эритмаси пуркалади.
11. Токзорларни қайта тиклаш. Токзорларни қайта тиклаш саноат токзорларини кенгайтириш мақсадида ҳосилдор токни кўчириб ўтказиш, комплекс механизация ва илғор технологияни қўлланиш имкониятини яратиш, тупларга шакл бериш ва қатор оралари кенглигини ўзгартириш, кам ҳосилли навларни истиқболли навлар билан алмаштириш, сув таъминотини яхшилаш учун қаторлар йўналишини ўзгартиришни кўзда тутади.
Токзорларни қайта тиклашдан олдин ерларни ўлчаб, съёмка қилиш, асосий текислаш, агромелиоратив ишларни ўтказиш, тупроқни чуқур ҳайдаш ва унумдорлигини тиклаш, майдонни ташкил этиш режаларини тузиш керак. Кўчириб ўтқазиш учун зарур бўладиган районлаштирилган нав кўчатларига бўлган эҳтиёж аниқланади.
Токзорларни қайта тиклаш ва нав таркибини тартибга солишда республикада узумчилик структурасини тубдан қайта қуриш ва навлари нисбатини хўраки ҳамда майизбоп навлар фойдасига ўзгартиришни кўзда тутиш керак.
Шу билан бирга республикада ялпи узум ҳосилини камайтирмаслик учун бу ишларни режа асосида йилма-йил амалга ошириш ва яхши агротехник парваришлаш ҳисобига эски токзорлардан юқори ҳосил олиш лозим.
12. Ҳосилни йиғиштириш ва ташиш. Узум ҳосилини ўз вақтида ва туғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ўз ичига олинадиган ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари. Маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни олади.
Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24-25%лигида, майизбоп навлар 22-23%лигида узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17-18%, қизил мусаллас учун 18-20%лигида, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16-17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.
Узум қуритиш ёки жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2-3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак.
Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10-12 кг ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.
Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.
Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 г дан кам бўлган узум бошлари жойланади.
Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.
Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва бракка чиқарилади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларига бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.
13. Токзорларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш. Ўзбекистон шароитида ток ўсимлигига асосан зараркунандалардан узумхўр қурт, ун ғуборли ток қурти тоғолди минтақаларда кравчик қўнғизи, касалликлардан оидиум, антракноз, бактериал рак ва қисман хлороз касаллиги жиддий зарар келтиради.
Узумхўр қурти (узум куяси, шингил қурти)
Зараркунанда узум тўпгули, тугунча, ғўра ва етииб келаётган ғужум билан озиқланади. Бунда ток ҳосилининг ярмидан кўпроғи чириб кетади сақла&