Қовоқ уруғларини тупроқнинг 8-10 см чуқурликда ҳарорат 9-10°С бўлганда экиш бошланади. Экиш жанубий худудларда 1-10 апрелда, марказий худудларда 10-20 апрелда ва шимолий худудларда 25 апрел - 10 майда амалга оширилади.
Дала атрофларига қовоқ уруғини экиш учун аввало, у ерларга сув юрадиган ариқ олинади. Уруғ ариқни ташқари томондан ёнига экилади.
Дала атрофлари бўйича қатордаги туплар ораси бир метр бўлиши керак. Унинг учун ҳар уяга иккитадан уруғ ташланади. Кейинчалик 1-2 та чин барг пайдо бўлгандан кейин битта нимжон ниҳол кесиб ёки синдириб олинади.
Ниҳол юлиб олинса, қолган ўсимликни илдизи шикастланади.
Уруғни майда-йириклигига қараб ҳар бир уяга 2-3 донадан қовоқ уруғи экилади. Далани катта-кичиклигига қараб уруғ сарфи 2-3 кг ни ташкил қилиши мумкин.
Ўсимлик бўз тупроқли ерларда соф холда азот - 100-120 кг, фосфор-100-120 кг ва калий 50 кг меъёрида минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Минерал ўғитлардан ташқари суғориш билан бирга 2-3 марта маҳаллий органик ўғитлар аралашмасидан шарбат оқизиш яхши самара беради.
Дала атрофига экилган қовоқни алоҳида суғориш ишлари асосан ғалла ҳосили йиғиштириб олингандан кейин бошланади. Бу муддат жанубий вилоятларда май ойининг 2-ярмига тўғри келса, қолган худудларда июн ойига тўғри келади. Ана шу муддатларда қовоқ ўсимлиги гуллай бошлайди.
Иссиқ иқлим шароитида тупроқда намнинг ортиқча бўлиши ёки етишмаслиги ҳосилдорликни камайтиради ва меваларни товар кўриниши ҳамда сифатини пасайтиради.
Шу сабабли, дала атрофига экилган қовоқ ўсимлиги Жанубий туманларда
6-8 марта; Марказий вилоятларда 4-5 марта ва Шимолий худудларда 2-3 марта суғорилиши керак.
Қовоқни суғоришда ресурстежамкор усуллардан фойдаланган ҳолда, 1,5 2,0 ёки
5 литр сиғимига эга бўш “баклашка” кўринишидаги идишлар ичига сув тўлдириб суғориш мумкин.
Бунда тупроқнинг 60-70 см қатлами чуқурлиги намиқтирилиши керак.
Экинга ишлов бериш қуйидагилардан иборат: қатқалоққа қарши тупроқ юзасини юмшатиш. Биринчи чин барг чиққанда уяда 2 тадан ўсимлик қолдирилиб қолганини кесиб олинади. 3-4 та чин барг чиққанда иккинчи марта яганалаш (кесиб олиш) ўтказилиб, уяда биттадан ўсимлик қолдирилади. Ниҳоллар бўлмаган уяларга уруғ экиб қўйилади ва бараварига қатор орасидаги ўтлар чопиқ қилинади. Ўсимлик гуллай бошлаганда қатор ораси иккинчи марта чопиб юмшатилади ва тупроқ ўсимлик атрофига уйиб қўйилади. Кейинчалик ўсимликлар қатор орасида пайдо бўлган йирик бегона ўтлар юлиб ташланади.
ИҚТИСОДИЙ САМАРАДОРЛИК
- 1 гектар 400 пагонометр ташкил этади ва 400 туп қовоқ экилади.
- 1 туп қовоқ 2 дона қовоқ тугса, 1 дона меванинг ўртача вазни 3 кг ни, 2 дона мевалар вазни 6 кг ни ташкил этади.
6 кг қовоқ меваси × 400 пагонометр =
2400 кг ёки 2,4 тонна.
- 1 кг қовоқнинг ўратача нарҳи 1000 сўм. 2400 кг × 1000 сўм = 2,4 млн сўм. 2,4 млн сўм – 25% харажат (0,6 млн сўм) = 1,8 млн. соф фойда.
- 400 пагонометр майдондан қўшимча ҳосил етиштириш ҳисобига 1,8 млн. сўм соф фойда олиш мумкин.
- Республикада экиладиган 1170,5 минг гектар пахта майдонлари атрофидан
2809,2 минг тонна; суғориладиган 1107,1 минг гектар ғалла майдонлари атрофидан
2657,0 минг тонна, жами 5466,2 минг тонна қовоқ ҳосили етиштириш мумкин ёки
5466,2 млн сўм даромад олинади. Шундан 25% (1366,5 млн сўм) харажатларга сарфланса, соф фойда 4100,2 млн сўмни ташкил этади.
ДАЛА ЧЕТЛАРИГА ЭКИШДА ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН ҚОВОҚ НАВЛАРИ
ИСПАНСКАЯ 73 нави. Кечпишар нав, ўсув даври 117-130 кун. Палаги жуда катта, асосий поя узунлиги 5-7 м ва ундан кўп. Гули йирик, тўқ сариқ рангли. Меваси ясси юмалоқсимон,
сегментлашган, кулранг яшил, мева банди 6-7 см, меваси жуда қаттиқ, вазни 3,3-4,4 кг. Эти сариқ, тиғиз, ширин, дегустацион баҳоси 5,0 балл. Таркибида қуруқ модда 14,7%, қанд 12,0% ва каротин 70 мг/%. Ҳосилдорлиги 30-35 т/га.
ПАЛОВ КАДУ 268 нави. Ўртапишар нав, ўсув даври 114-116 кун. Палаги ўртача, асосий поя узунлиги 3-4 м. Меваси узунчоқ, мева банд томонига озроқ, мева томонига кўпроқ кенгайган, баъзан бироз ёйсимон, мевабанд томони мева тепасига нисбатан ингичка, вазни 3,1-3,8 кг, пўсти қизғиш сариқ, қаттиқ. Эти қизғиш-сариқ, майин, ўрта ширин, дегустацион баҳоси 4,0 балл. Ҳосилдорлиги 35-40 т/га.
ШИРИНТОЙ нави. Кечпишар нав, ўсув даври 135 кун. Меваси узун цилиндрсимон, пўсти ва эти тўқ сариқ, дағал, эти тиғиз, мева вазни 2,5 кг, дегустацион баҳоси 5,0 балл. Уруғхонаси кичик, уруғлар майда ва зич жойлашган. Ҳосилдорлиги 25-27 т/га.
Р.Низомов
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик
илмий–тадқиқот институти
Тел./факс 8 (371) 226-85-03
E-mail: sabpkiti@agro.uz