Фермер хўжаликларининг ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад олишни ташкил этишда дала четлари, суғориш ва коллектор-дренаж атрофларида озиқ-овқат ва ем-хашак экинларини экиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, дала четлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида дуккакли экинларни етиштириш билан қўшимча даромад олиш мумкин. Хисоб-китобларга кўра, пахта ва ғалла далаларининг атрофида мош ёки ловия экиб 150-200 кг дон етиштириб, ҳар гектар майдоннинг дала четлари ҳисобидан қўшимча 500-800 минг сўм даромад ёки 250 000-550 000 сўм соф фойда олинади. Агар фермер хўжаликларининг ер майдони ўртача 50-60 гектар эканлигини инобатга олинса, ҳар бир фермер дала атрофидан 12 500- 27 500 минг сўмдан, 15 000 -35 000 сўмгача соф фойда олади.
Республика бўйича ҳисобланганда эса, бу кўрсаткич 575-1265 миллиард сўмни ташкил этади. Бунинг учун қуйидаги тавсияларга қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Дала атрофига мош ва ловия етиштириш агротехнологияси. Пахта ва бошоқли экинлар экилган далаларнинг икки четидаги эгатларга қўл ёрдамида уруғлар 1 метр жойга мошда - 20 дона (10 см га хар бир уяга 2 донадан), ловияда – 12 дона (15 смга хар бир уяга 2 донадан), экиш чуқурлиги нам тупроқларда 3-4 см, тупроқ қуруқ бўлса 5-6 см чуқурликка экилади.
Даланинг тўрт тарафидаги эгатларнинг узунаси 100 метр масофада бўлса, бир гектар майдон дала четлари переметри бўйича 400 метр бўлади (аслида, даланинг переметри умумий майдоннинг 2 фоизини ташкил этади), мошда уялар сони 4000 та бўлса, хар бир уяга 2 донадан уруғ экилса 8000 дона (0,6 кг), ловияда уялар сони 2650 та бўлса, хар бир уяга 2 донадан уруғ экилса 5300 (1 кг) дона уруғ сарфланади.
Экинни парваришлаш. Икки марта қўл кучи ёрдамида: майсалар тўлиқ униб чиқканда ва шоналаш даврида чопиқ қилинади.
Ўғитлаш ҳам икки марта: биринчи ва иккинчи чопиқдан сўнг амалга оширилади (1,2 кг азот, 2,4 кг фосфор, 1,2 кг калий солинади). Суғориш ишлари ўсув даврида тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда 3-4 марта амалга оширилади.
Мош ва ловияда учрайдиган касалликлар: илдиз чириш, фузариоз ва антракноз.
Уруғларни Витавакс 200ФФ 34% с.сус.к. препарати билан 2,5 л/т меъёрда дорилаб экиш касалликка қарши курашда яхши самара беради.
Зараркунандалардан асосан ўсимликнинг вегетация даври давомида ўргамчаккана, тунламлар ва кўсак қурти катта зарар келтиради, унга қарши биологик кураш бўйича Габрабракон, Олтинкўз қўлланилади, кимёвий қарши курашда эса Омайт 1 л/га, Ортус 0,750 л/га ҳисобида 300 литр сувга ишчи эритмасини тайёрлаган ҳолда эрталаб сепилади.
Ҳосилни йиғиштириб олиш. Мош дуккаклари бир текис етилмайди. Пишган дуккаклар қораяди, донлар ўз навига хос тусга киради. Дуккакларнинг 70% и етилганда ўрим-йиғим бошланади. Пишиб етилган мош ва ловия донлари қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олиниб, махсус майдонларда қуритилади ҳамда дони қўл кучи ёрдамида янчиб олинади.
М.Эргашев
Манзил: Тошкент вилояти, Қибрай тумани,
Универститет кўчаси, 2 уй,
тел.: (+99871) 260-51-94