QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Уруғчилик – қишлоқ хўжалиги тараққиётининг муҳим омили

  • 22.05.2018

2018 йил 22 май куни Тошкент давлат аграр университетида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Уруғчилик – қишлоқ хўжалиги тараққиётининг муҳим омили” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси, Инновацион ривожланиш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Фанлар академияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, уруғчилик йўналишидаги ҳудудий тузилмалар ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан уруғчиликни ривожлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқдла. Соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ҳамда 2018 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари уруғчилигини ташкил этиб, ривожлантириш, уруғларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқиш, соҳада илмий-амалий тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уруғчилик бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш кабилар мазкур марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Семинарда қайд этилганидек, ҳозирги кунда давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳани халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, улар ижроси изчил амалга оширилмоқда.

Бу борада хусусий секторни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларга солиқ имтиёзлари берилгани, масалан, улар 3 йил муддатга барча турдаги солиқлардан озод қилингани бу борадаги ишлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган экспортбоп ва рақобатбардош экинлар уруғларини етиштириш мақсадида республиканинг 31 та туманида сабзавот ва полиз экинлари уруғларини етиштиришга ихтисослашган 40 дан зиёд хўжалик ташкил этиш белгиланган.

Семинарда сенаторлар уруғчилик тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратилган имконият ва имтиёзлар хусусида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини янада кенгроқ хабардор қилиш, жойларда бу борада тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Семинар ишида “Миллий уруғчилик тизими ривожида инновацияларнинг ўрни ва аҳамияти”, “Уруғчилик соҳасини ривожлантиришда уруғчилик хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари”, “Уруғчиликни ривожлантиришда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг муҳим вазифалари”, “Уруғчилик ривожида сифатли таълим ва кадрлар тайёрлашнинг муҳим вазифалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Манба: Senat.uz