QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Чигит экишнинг янгича усули

  • 06.04.2018

 

Чигит экишнинг янгича усули

Навоий вилоятида жорий йилда 1 минг 274 фермер хўжалиги томонидан 33 минг 288 гектар майдонга чигит экилади. Айни пайтда вилоятда чигит экиш ишлари авжида. 

Қизилтепа тумани “Демас” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Султонмаҳмуд Бўстоний” фермер хўжалиги даласида ҳудуд фаоллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида намунали тарзда чигит экиш жараёни ташкил этилди. 

Ушбу фермер хўжалиги тасарруфида 65,5 гектар экин майдони мавжуд. Айни пайтда 30 гектарда парваришланаётган ғалла баравж ривожланмоқда. 35,5 гектар майдонга чигит экилаётир. 

4.JPG

 
5.JPG
 
– Кластер тизимининг жорий этилгани даромадимиз ошишини таъминламоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Султонов. – Хўжалигимиз ерларига касалликларга чидамли, ҳосилдорлиги юқори бўлган “Бухоро-6” нави экилмоқда. Ўтган йили пахтадан яхшигина даромад олдик. Бу йил орттирган даромадимиздан янги техникалар сотиб олишни режалаштирганмиз. 

Кўп тармоқли хўжаликда 5 гектарлик боғ ва 7 гектардан ортиқ майдонда тутзор ташкил этилган. 

Ўтган йили вилоят ғаллакорлари томонидан 103,1 минг тонна ғалла хирмони яратилиб, ҳосилдорлик 52 центнерни ташкил этди. 34,5 минг гектар майдондан 97 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинди. 

Бугунги кунда вилоятда етиштирилаётган пахтанинг деярли ҳаммаси шу ернинг ўзида қайта ишланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 мартдаги Навоий вилояти Қизилтепа туманида тажриба тариқасида пахта хомашёсини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида кластер усули йўлга қўйилди. Ушбу тизим ўзини тўла оқлаганини ўтган йилги натижалар кўрсатди. Фермерлар даромади янада ошди, ҳосилдорлик кўпайди. 

“Оҳанграбо ўлка” фермер хўжалиги тумандаги илғор хўжаликлардан бири. Хўжалик раҳбари Қудратилла Аҳмедов тажрибали деҳқонлардан. Хўжаликнинг умумий ер майдони 80 гектар бўлиб, унинг 41 гектарида ғалла парваришланмоқда. Айни пайтгача ғалла майдонлари 5-6 маротаба шарбат усулида суғорилди. 2 марта суспензия қилинди. Ғаллани зараркунанда ва бегона ўтлардан асраш мақсадида барча агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда хўжаликда 10 дан ортиқ техника мавжуд. Айни пайтда фермер хўжалигида 80 бош қорамол, 450 бош қўй боқилмоқда. Ҳар куни 500 литр сут аҳолига етказиб берилади. 

Хўжалик 6 йилдан буён қишлоқ хўжалигида янгича усулдан фойдаланиб келади. Яъни махсус техника орқали ерга уруғ тушишидан олдин маҳаллий ўғит сепиб чиқилади. Бу техника ўғитнинг ерга бир меъёрда тушишини таъминлайди. 

6.JPG
 
13.JPG
 
– Бу синовдан ўтган тажриба орқали ҳосилдорлик амалдагидан қарийб 10 центнерга ошди, – дейди хўжалик раҳбари Қ.Аҳмедов. – Айни пайтда чигит экишга мўлжалланган майдонларда шу усулни қўлламоқдамиз. Эртага бу албатта ўз натижасини кўрсатади. Бу йил ғалладан кўнглимиз тўқ. Ғалла майдонларига 600 килограммдан аммофос ҳамда ҳар гектар майдонга 10 тоннадан маҳаллий ўғит киритдик. Натижада битта буғдойнинг шонаси айни пайтда 12-15 тага етган. 

Деҳқончиликка муносабат ўзгаргани уларнинг ғайратига-ғайрат қўшиб, ўз меҳнати самарасидан манфаатдорлигини оширмоқда. Бозорларимиз тўкинлиги йўлида изланаётган, туну кун меҳнат қилаётган деҳқон-фермерларимиз нафақат ўз оиласи, балки иқтисодиётимизнинг мустаҳкам таянчига айланаётир. 
 

 

Манба: ЎзА