QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Экспериментал фермер хўжаликлари тажрибаси: бир йилда уч марта ҳосил олиш имконияти

  • 29.08.2017

Президентимизнинг жорий йил 1 июндаги «2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бозорларнинг йил давомида тўкин бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Деҳқонларимиз такрорий муддатда сабзи, лавлаги, гулкарам, пиёз, картошка етиштириш борасида бой тажрибага эга. Кейинги йилларда улар қаторига қовун, тарвуз, қовоқ каби полиз экинлари, ширин қалампир ва бошқа сабзавотлар ҳам қўшилди. Тариқ – ана шундай экинлардан бири бўлиб, ундан бир йилда уч марта ҳосил олиш ва ўртача ҳосилдорликни ҳар гектардан 100 центнерга етказиш мумкин. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Андижон вилояти бўлими, Асака туманидаги "Файзли ҳосил унумдорлиги", Қўрғонтепа туманидаги «Оқ сув» илмий экспериментал фермер хўжаликларида бу тажриба синовдан ўтди. 

– Кузда майдонлар экиндан бўшайди, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Андижон вилояти бўлими бошлиғи Мансур Султонов. – Асосий ўсимлик турлари ана шу давргача парваришланиб, ҳосили йиғиштириб олинади. Ер қишловчи экинлар экилмаган бўлса, эрта баҳоргача бўш ётади. Аслида қишда ҳам экин майдонларидан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Хусусан, кузда ҳосилдан бўшаган ерларда тариқ етиштирилса, ҳам дон, ҳам чорва моллари учун ем-хашак етиштириш баробарида тупроқ унумдорлигини оширишга ҳам эришилади. 

Шунингдек, чорванинг қишловдан сўнг – айни сервитамин озуқага муҳтожлик даврида кўк массали зарур хашак манбаи шакллантирилади. Бундай экинларни экиш технологияси ҳам оддий. Ернинг юзаси енгил юмшатилиб ёки уруғ олдин сепилиб, кейин устидан борона қилинади. Ёғингарчилик ва тупроқ намлиги етарлича бўлганда суғориш шарт эмас. Тариқ сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда ҳам яхши ҳосил беради. 

Ўзбекистон шароитида буғдой ва арпа йиғиб олингач, тариқдан икки марта ҳосил етиштириш мумкин. Тариқ донидан спирт ва крахмал олинади. Крахмали гуручникига нисбатан тезроқ қандга айланади. Унинг ёрмаси мазали ва тўйимли бўлиб, таркибида 12-13 фоиз оқсил, 81 фоиз крахмал, 3,5-4 фоиз ёғ, қанд, минерал тузлар, микроэлементлар мавжуд. Витаминлар миқдори бошқа донли экинларга нисбатан икки баробар кўп. 

Тариқ ем-хашак экини сифатида ҳам аҳамиятлидир. Унинг дони чорвачилик ва паррандачиликда кенг фойдаланилади. 

Асака туманидаги "Файзли ҳосил унумдорлиги” илмий экспериментал фермер хўжалиги ўтган йили такрорий экин сифатида 15 гектарда тариқ парваришлаб, 45 тонна ҳосил олди. Жорий йилда эса тариқ етиштириладиган майдон яна кенгайтирилди. 

– Ўтган йили олимларнинг маслаҳатларига суяниб, буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида тариқ экиб, 65 кунда ҳосилни йиғиб олдик, – дейди хўжалик раҳбари Азизбек Меҳмонов. – Буғдойдан бўшаган эгатларга уруғ сепилди. Бир марта озиқлантирдик ва комбайнда ўриб олдик. Ҳосилни ёрма тайёрлайдиган ускуна кўмагида қайта ишладик. Қисқа фурсатда бир гектардан уч миллион сўм атрофида даромад олиш мумкин экан. Айниқса, экиш меъёрининг камлиги, тезпишарлиги унинг қимматини оширади. Бу экин қурғоқчиликка, иссиқликка ўта бардошли. 

Жорий йилда юртимизда ғалладан бўшаган 1 миллион гектардан кўпроқ майдонга такрорий экин жойлаштирилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз табиий-иқлим шароити бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имконини беради.

 

www.uza.uz