QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Бухорода анъанавий қовун сайли

  • 07.08.2017

Мустақиллик йилларида пахта яккаҳокимлигига барҳам берилиб, ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик қаторида полизчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бухоро тупроғи ва табиий иқлим шароитига хос, аммо унут бўлиб кетган қовун навларини тиклаш, соҳага янги илмий асосланган технологияларни жорий этиш, илғор деҳқонларни рағбатлантириш баробарида улар тажрибасини оммалаштиришда вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган қовун сайли алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ана шундай изланишлар самарасида истиқлол йилларида 20 дан зиёд қовун навлари тикланиб, кўпайтирилди. 

Вилоят марказидаги Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи фавворалар хиёбонига туташ сўлим ҳудудда ўрнатилган павильонлар байрам руҳига мос безатилди. Бу ерда Бухоро заминида етиштирилган 60 га яқин навдаги тилёрар қовунлар намойиш этилди. Улар орасида амири, бўрикалла, ола бўрикалла, гулоби, обиноввот, кўкча, темиртирноқ, гуласал, қорақанд, дўппи, шерози, шакарпалак кабилар айниқса иштирокчилар эътиборини тортди. Сайлда 200 дан зиёд фермер хўжалиги харидорларга 2 минг тоннадан ортиқ маҳсулот таклиф этди. 

– 2005 йилда 2 гектар майдонда полизчилик билан шуғулланишни бошлаганмиз, – дейди Жондор туманидаги “Элмурод Дўстмурод Шаҳриёр” фермер хўжалиги раҳбари Дўстмурод Боймуродов. – Бугунги кунда 7 гектар ерда деҳқончилик қиламиз. Сидқидилдан қилинган меҳнат, яхши парвариш ўз натижасини бераётир. 8 хил нав қовундан ҳар йили 100 тоннадан ошириб ҳосил оламиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша, йилдан-йил ошиб бораётир. Келгусида етиштирилган қовуннинг бир қисмини қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. 

Қовун сайлига кўплаб хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюрди. 

2 (8).jpg

 
– Ўзбек қовунлари, айниқса, Бухоро заминида етиштирилган қовунларнинг мазаси ҳақида кўп эшитганман, – дейди Россиядан келган меҳмон Л.Бондаренко. – Бу юртга сафарим қовун сайли кунларига тўғри келганидан жуда хурсандман. Қовун таърифлаганларидан ҳам ширин экан, асал дейсиз-а, асал! Келгуси йили ҳам худди шу кунларга меҳнат таътили оламан ва албатта оилам билан Бухорога келаман. 

Қовун сайлида асал савдоси ҳам ташкил этилди. 

Ўзига хос танлов мақомидаги сайлда иштирок этган фермер хўжаликлари ва туманлар ўртасида ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди. 
 

 

www.uza.uz