QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


ИЛМ-ФАН ОҒИР ЖУДОЛИККА УЧРАДИ

  • 13.10.2020

Б.Ж.Азимов

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор, устозимиз 

Ботир АЗИМОВ 81 ёшида оламдан ўтди.

Б.Азимов ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати билан юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ўз ҳиссасини қўшган, қишлоқ хўжалигининг муҳим ва ажралмас қисми сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик фанини ривожлантириш, бунда чуқур илмий изланишлар асосида янги ресурстежамкор, тупроқ унумдорлигини ошириш ва сақлаш  орқали юқори ҳосил олиш имконини берувчи агротехнолигияларни ишлаб чиқиш, бу билан соҳани янада ривожлантириш, мамлакат озиқ-овқат ҳавфизлигини таъминлашда ўз билимини, бор илмий салоҳияти ҳамда умрини сарфлаган олимларимиздан бири эди.

Ботир Азимов 1939 йил 20 февраль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1961 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институти кундузги бўлимини тугатган.  Мутахассислиги бўйича олим агроном.  

У 1961-1964 йилларда Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти катта лаборанти, кичик илмий ходими лавозимларда ўз иш фаолиятини бошлаган.

Б.Азимов 1964-1967 йилларда  Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти аспиранти;

1967-1970 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси ўғитлар илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими лавозимида;

1970-1972  йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлигида ўсимликшунослик бошқармаси бош агрономи лавозимида;

1972-1992 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг сабзавотчилик кафедраси доценти, профессори лавозимида;

1992-1997 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси академик-котиби лавизимида;

1997-2010 йиллар мобайнида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказида бўлим бошлиғи вазифасида фаолият юритган. 

2010-2020 йилларда Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти сабзавот, полиз экинлари ва картошка агротехнологияси лабораторияси мудири, лойиҳа раҳбари лавозимларида самарали илмий изланишлар олиб борган. 

Ботир Азимов раҳбарлигида ўнлаб докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган бўлиб, олимнинг шогирдлари бугунги кунда республиканинг турли минтақаларида сабзавотчилик соҳасини ривожлантиришга, юқори малакали мутахассислар тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.   

Ўзбек илм фанининг жонкуяр вакили, устоз Ботир Азимовнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, фарзандлари, яқинлари ва шогирдларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати