QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Вазир Ж.Ходжаев сабзавотчилик соҳасида олиб борилаётган илмий жараёнлар билан танишди

  • 18.07.2020

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишди.

      Ташриф доирасида вазирлик мутахассислари, турли бошқармалар бошлиқлари иштирок этди. Асосий эътибор айни пайтда мазкур институтда олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари билан танишиш, ноанъанавий сабзавот экинлари бўйича илмий ишланмаларни ўрганиш, тажриба майдонларида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларга қаратилди.

      Бу ерда сабзавот, полиз экинлари ва картошка селекцияси, уруғчилиги ва уруғшунослиги соҳаларининг долзарб йўналиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Сабзавот, полиз экинлари ва картошка етиштиришнинг ресурстежамкор технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш изланишлар олиб борилади. Соҳа олимлари экинларни касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг уйғунлашган усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, республикага кириб келаётган янги турдаги биологик, кимёвий ва бошқа препаратларни синовдан ўтказиш ҳамда жорий қилишга тавсия бериш борасида илмий тажриба ўтказади.

   Маълумки, сабзавот, полиз ва картошкачиликда қўллашга мўлжалланган янги техника ва машиналарни синаб кўриш, яратилган қишлоқ хўжалиги машиналарини соҳа эҳтиёжларига мослаштириш ва технологик карталар тайёрлашда қатнашиш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда бу борада ҳам тизимли ишлар қилинмоқда.

    Ҳозир республикамизда экологик ва иқлим ўзгариши шароитларини хисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва сохага бозор механизмларини жорий этиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев мазкур мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, аграр соҳанинг асосий тармоқларидан бири бўлган мева-сабзавотчилик соҳасида ҳам кооперация ва кластер тизимларини жорий этиш орқали етиштирилаётган махсулот хажмини ошириш, сифатини яхшилаш, қайта ишлаш ва экспорт салохиятини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар қилиш кераклигини таъкидлади.

    Ўзбекистонда сабзавот, полиз ва картошка экинларини абиотик ва биотик омилларга чидамли, юқори ҳосилдор, экспортбоп, юқори қийматли махсулот ишлаб чиқариш ҳамда республика тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган навларни яратиш, иқлим шароитидан келиб чиққан холда янги ресурстежамкор етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик, Ўсимликшунослик илмий тадқиқот институтлари, Тошкент давлат аграр университети ҳамда бошқа илмий муассасаларда тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

    Кейинги уч йил давомида (2016-2019) республикамиз худудларида етиштириш учун рухсат этилган экин навларининг давлат реестрига селекционер олимларимиз томонидан яратилган жами 20 нав ва 3 та дурагайлар киритилган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида хорижий мамлакат селекциясига оид дурагайлар билан рақобатлаша оладиган янги нав ва дурагайларни яратиш, мавжуд истиқболли навларнинг бирламчи уруғчилиги ҳамда етиштириш агротхнологиялари бўйича грант маблағлари асосида 11 (фундаментал, амалий ва инновацион йўналишдаги) лойихалар амалга оширилмоқда.

    Олиб борилган тадқиқотлар натижасида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти олимлари томонидан помидорнинг Турон, Марварид (черри), Дархон, ширин қалампирнинг Наргиза, Зумрад, карамнинг Термиз 2500, Шарқия-2, бодрингни Наврўз, Зилол, Сардор (F1), сабзини Нурли 70, Фаровон, пиёзни Оқ дур, Истиқбол, картошканинг Пском, Сарнав, Серхосил каби навлари яратилиб ишлаб чиқаришга жорий этилди.

    Етиштириш агротехнологиялари сохасида - такрорий экин шароитида ширин қалампир етиштириш, томатдош ва пиёз экинларини кўчатсиз етиштириш, сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда минерал ўғитлар миқдорини камайтириш технологиялари ишлаб чиқилди. Амалга оширилган ишлар республикамизда сабзавот экинларини етиштиришда мухим ахамият касб этади.

    Ташриф давомида Вазир томонидан Ўзбекистон учун ноаънанавий бўлган серҳосил, кучсиз ўсувчи, совуққа, қурғоқчиликка ва шўрга чидамли, маҳсулот сифати юқори бўлган сабзавот, полиз ва картошка экинлари нав ва дурагайларини турли хорижий мамлакатлардан интродукция қилиш ва ассортиментини кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.

    Шунингдек, республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос, касалликларга бардошли ва иқтисодий самарадор бўлган маҳаллий навларни яратиш, сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштиришнинг сув ва ресурс тежовчи технологияларини ишлаб чиқиш бўйича амалий тадқиқотларни жадаллаштириш борасида зарур вазифалар белгилаб олинди.

     Бундан ташқари, сабзавот экинларининг август ойидаги ва тўқсонбосди усулида етиштириладиган технологияларини такомиллаштириш, боғ ва токзорлар қатор ораларида жойлаштириш, тур ва навларини аниқлаш, ресурс тежовчи агротехнологик тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан мутахассисларга топшириқлар берилди. 

Вазир Ж. Ходжаев институт олимлари билан мазкур масалалар юзасидан атрофлича суҳбатлашди.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ хўжалиги вазири

Жамшид Ходжаев