QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Картошкачиликни ривожлантириш йўлида

  • 08.07.2020

Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида етиштирилган картошкани аксарият қисми қайта ишланган ҳолда истеъмол қилинади. Картошкани кўп истеъмол қилиниши ортиб боришига асосий сабаб кўпчилик мамлакатларда уни қайта ишлайдиган саноат тармоқларини ташкил қилинишидир. Нидерландияда 27  та завод 780-800 минг тонна картошка маҳсулоти ишлаб чиқаради. АҚШда етиштириладиган картошка 70 фоизгача қайта ишланиб, 30 фоизи эса янгилигича ишлатилади. Германияда истеъмолбоп картошканинг 57 фоизи турли хилдаги маҳсулот тайёрлаш учун қайта ишланади. Уни ярмига яқини қуритилган картошка ишлаб чиқаришга ва тўртдан бир қисмидан кўпроғи эса музлатилган маҳсулот ишлаб чиқаришга сарфланади. Россия Федерациясида истеъмолга ишлатиладиган картошкани 3 фоизидан кўпроғи қайта ишланмоқда. Ўзбекистонда картошкани қайта ишлаш билан шахсий кичик корхоналар шуғулланиб, улар ишлаб чиқарган маҳсулот хажми жуда оздир. Хорижда ва севимли диёримизда картошка етиштириш билан боғлиқ маълумотларни келтираётганимизнинг  боиси шуки, Ўзбекистонда картошкани  қайта ишлашни ривожлантириш долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Бу эса томорқа эгалари ҳамда қишлоқ мулкдорларидан  ҳосилдорликни оширишга жиддий эътибор қаратишни талаб қилади. Картошка  кўп етиштирилса  қайта  ишлашга  йўл  очилади. Натижада саноат корхоналари барпо этилиб, халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб, турли маҳсулотлар тайёрлашга ўтилади. Айтайлик, қовурилган картошка, ўсимлик мойи ва мол ёғида тайёрланган фри пюре,  чипс, картошка таёқчаси, кукунлаштирилган, чала пиширилган ва хом клецка, салатлар... Хуллас, картошкани қайта ишлаш билан боғлиқ талайгина амалга ошириладиган ишлар бор. Томорқа эгаларининг айни кундаги талаби, уларга сара уруғлик картошка керак. Қолаверса, ўзимизнинг маҳаллий картошка навларининг  ҳосилдорлигини  оширишда   ибратли тажрибаларни оммалаштириш тақазо этилмоқда. Мутахассислар ҳам истеъмол  ва  уруғлик картошка муаммо эканини яшираётгани  йўқ.  Масалан,  2019 йилда четдан 20.5 миллион долларлик 291 минг тонна, 2020 йил январь –март ойларида  эса 9.5 миллион долларлик  130 минг тонна  картошка  импорт  қилинган. Энди савол туғилади,  жаннатмонанд  серқуёш  диёримизнинг ўзида  картошкага  бўлган  эҳтиёж ва талабни тўла қондириш учун аграр соҳа фидойилар олдида қандай вазифалар турибди?  Қандай йўл тутилса, қайси долзарб масалалар атрофлича ўрганилиб, чора-тадбирлар кўрилса,  четдан картошка харид қилишга эҳтиёж қолмайди?  Муҳим озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган  картошкани етиштиришдан истеъмолчига етиб боргунга қадар  бўлган жараёнлардаги муаммоларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилаяпти?

-Президентимизнинг жорий йил 6-май куни,  “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини  янада ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида“ги  қарори айнан мана шундай муаммоларни бартараф этишга  қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир -дейди, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг картошка селекцияси ва уруғчилиги бўлими  илмий ходими Муҳаммаджон Расулов. 

       Мазкур қарор ижроси таъминланиши натижасида  маҳаллий селекция манбалари асосида  уруғчилик йўлга қўйилади. Ишлаб чиқариш хажмини ошириш  ҳисобига  картошка уруғликлари  импорти  ўрнини экспорт  эгаллайди. Аммо бу дарров бирданига ҳал бўлиб қоладиган жараён эмас.   Қарорда истеъмол ва уруғлик картошка  етиштиришни  кўпайтириш  билан бирга  кластер  ва копперация механизмларини кенгайтириш вазифаси ҳам қўйилган. Демак,  уруғлик ва истеъмол картошкаси етиштириш уни саралаш, сақлаш, қайта ишлашда  янги замонавий техника ва технологиялардан фойдаланишга ўтилади. Илм-фан ютуқларига асосланиб,  экин майдонининг камида 50 фоизида супер элита ва элита уруғлик картошка  етиштирилиши кўзда тутилган. Олимлар зиммасидаги вазифа шароитимизга мос,  касаллик ва зараркунандаларга  чидамли  навларни яратишга алоҳида эътибор қаратишдир. Бу бўйича институтда илмий тадқиқотларни  олиб бориш  учун барча шароит, имкониятлар яратиб берилаяпти. Картошка плантациялари ташкил этилиши, истеъмол ва уруғлик картошка, унинг супер ва элита навларини етиштиришга  ихтисослашган туманлар ва ҳудудлар рўйхати ҳам қарорда қайд  этилган. Институт олимлари зиммасига  истеъмол  ва уруғлик картошшканинг янги ҳамда серҳосил навлари коллекциясини яратиш, илмий ишланмаларни амалиётга  жорий этиш, Халқаро  молия институтлари хорижий донорлар грантлари ҳамда хусусий ташаббускорлар маблағлари  ҳисобидан уруғлик картошканинг  супер элита ва элита авлодларини етиштириш,  замонавий картошка плантацияларини  барпо этиш,  “in vitro” лабораторияси ташкил этиш, уруғликлар тайёрлаш ва картошка етиштирувчиларга етказиб бериш, сабзавот ва полиз экинларининг юқори ҳосилдор, қурғоқчиликка, шўрга ва касалликларга чидамли, мева сифати юқори бўлган навлари ва дурагайларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғчилини ташкил этиш, шунингдек, ноанъанавий сабзавот экинларини интродукция қилиш ишларини олиб бориш энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шунингдек, истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришда илғор агротехнологияларни қўллаш ҳамда картошка плантацияларини  ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларга етказиш вазифалари юклатилган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти ҳузурида “Илмий изланишлар ва инновацион  ишланмаларни  молиявий қўллаб-қувватлаш,  картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини  ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилади. Яна бир муҳим масала  сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг яратилган навлари муаллифларини рағбатлантириб бориш ҳам кўзда тутилган. Айни кунда қарор ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган. Бир сўз билан айтганда, юртимизда  олимларга барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани, соҳада янги имкониятларга йўл очмоқда.  Бу эса юрт равнақига, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, мазкур қарор, келажакда сара уруғлик ва истеъмол картошка  етиштирилиши ва аҳолини  сифатли  маҳсулотга  бўлган  эҳтиёжини  қондиришига  хизмат  қилади.

Абдухолиқ Марайимов, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти матбуот котиби.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати