QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Шолини бегона ўтдан тозалаш ҳосилдорликни оширади

  • 06.07.2020

 Шоли майдонларида ҳосилдорликни камайиб кетишига асосий сабаблардан бири бу бегона ўтларнинг таъсиридир. Шоликор фермерлар узоқ йиллар мобайнида бир далага бегона ўтларга қарши бир хил гербицидларни ишлатишлари натижасида, шоли майдонларидаги бегона ўтлар гербицидларга мослашувчан бўлиб бормоқда. Натижада қўлланилган гербициднинг биологик самараси камайиб, пировард натижада олинадиган шоли ҳосилдорлиги 15-20 центнерга камайиб кетмоқда.

Курмак (Echinochloa phylolopogon (stapf) kossenko) ниҳоятда кучли туплайди, бўйи 140-150 см. уруғи нисбатан йирик, 1000 донасининг вазни 4-7 гр. дон тозалаш машиналарида уруғини шолидан ажратиб олиш қийин. Уруғи тиним даврини ўтамайди, биринчи йили деярли 100% униб чиқади, тупроқда 5 йилгача унувчанлигини сақлайди. Майсалари баҳорда ҳарорат 14-15 градусга етганда сернам тупроқда пайдо бўлади. Юмшоқ ерда сув қатламисиз 15 см. чуқурликда, 15-18 см.ли сув катламидан ернинг 2 см.гача чуқурлигидан униб чиқади. Курмак нисбатан кечпишар ўсимлик, 100-125 кунда шоли билан баробар етилади. Шунинг учун ҳам янчиш вақтида унинг кўп қисми шолига аралашиб кетади. Курмак майсалари узоқ вақт қалин сув бостириб қўйилса ҳам ўсаверади, улар кун исиб кетиб, шолипоядаги сув қатлами 25-30 см.га етганда 5-7 кун ичида нобуд бўлади. Лекин шолипояда сув сатҳининг шу даражага кўтарилиши шоли майсаларига ҳам зарарли таъсир этади ва улар сийраклашиб кетади.

Шамак (Echinochloa grys galli (L) Beauv) бир йиллик ўсимлик бўлиб, бўйи 160-170 см. Уруғи майда, 1000 донасининг вазни 1,5-2,0 гр. дон тозалаш машиналарида уни шолидан ажратиб олиш осон, ўсув даври 64-90 кун. Уруғи шолидан тахминан икки ҳафта олдин пишади ва тўкилиб ерни ифлослантиради. Уруғи тиним даврини ўташ хусусиятига эга, биринчи йили ерга тўкилган уруғнинг 50-60 фоизга га яқини униб чиқади, ерда 5-8 йилгача унувчанлигини сақлайди. Тупроқнинг 1 см. қалинлигидаги қатлами сернам ва ҳарорат 25 градус бўлганда уруғи яхши унади, лекин 12-14 градусда 7-8 см. чуқурлигидан ҳам униб чиқиши мумкин.  Шолипояларда сув қатлами жуда қалин бўлса, шамакнинг уруғига ёмон таъсир этади. Масалан, сув қатлами 15-20 см. қалинликда, ҳарорат 20-250 С бўлса, 78 кунда майсалар нобуд бўлади, лекин етук ўсимликлари 30 см.ли сув қатламида ҳам нобуд бўлмайди. Шамакнинг уруғи қишлаб чиққандан кейин, апрелнинг бошларида уна бошлайди, апрель-майда эса қийғос кўкаради. Ёзнинг иккинчи ярмига келганда уруғи ёмон унади ёки бутунлай унмайди. Шамак яхши илдиз олади, ўриб олингандан кейин қайта кўклайди ва рўвак чиқариб уруғлайди. Яхши текисланмаган шолипояларда марзаларда, ариқ дамбаларида, йўл бўйиларида кўп ўсади. Шоли алмашлаб экиш даласига киритилган қуруқликда ўсадиган ўсимликларни ҳам ифлослантиради.

 Ёввойи шоли (Leersia oryzaides (L) SW) ғалладошларга мансуб. Кўп йиллик илдизпояли ўсимлик, кучли туплайди, бўйи 180 см. рўваги йирик, сердон. Бу ўт уруғдан ва илдизпоясидан кўпаяди. Қишдан чиққандан кейин баҳорда 10-120 да илдизпояси кўкаради ва 4-5 тадан янги ўсимлик ҳосил қилади. Ғалладош ўт, ўсимликларга қарши сепиладиган гербицидлар унга таъсир қилмайди. Шоли экишга 10-15 кун қолганда кузда шудгорланган ерларни 15 см. чуқурликда қайта ҳайдаш ёввойи шолига қарши курашнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Ҳилол (Juncelles serotinus (Rotb) Clarke) ҳилолдошлар оиласига мансуб илдизпояли, куп йиллик ўсимлик, шоли орасида ўсадиган энг хавфли ўт. Пояси уч қиррали, бўйи 1 метргача етади. Ҳилол уруғидан ва илдизпоясидан кўпаяди. Уруғи майда. 1000 донасининг вазни 0,4 гр. 95-100 кунда етилади, шоли экилган йили уруғи кўкармайди, фақат тупроқни ифлослайди. Ер юзидаги уруғи қишдан чиққандан кейин, баҳорда шолипоядаги сув қатлами 1-2 см. қалинликда бўлса 60 фоиз сувсиз бўлганда эса 200 иссиқда 100 униб чиқади. Сув қатлами қалин 10-20 см. бўлганда ўсимталари нобуд бўлади.  Илдиз пояси ҳосил берадиган асосий органлардан ҳисобланади, улар тупроқда 12-15 см. чуқурликда жойлашади. Кузги шудгорлаш вақтида ер юзасига чиқиб қолган илдизпоялари қишда музлаб нобуд бўлади.

 Қўға (чакан) (Tipha Latipoali), тўзғоқ (лох) (T. Angnstifolia L.) илдизпояли кўп йиллик ўсимликларга киради. Ташлама оқова сув чиқиб кетадиган ариқларда, зовурларда ва биринчи йили ўзлаштирилган паст қирғокларда, кўп ўсади. Қўға поясининг бўйи 2 метргача етади, тўзғоқники эса бундан бир оз пастроқ. Қўға баргининг эни 2 см. лохники 0,5-1,0 см. Тўпгулли, цилиндрсимон, эркак гуллари поянинг учида, урғочигуллари пастда жойлашган. Биологик жиҳатдан хар иккала тур бир-бирига ўхшайди. Илдизпояси сувсизликдан ўниб нобуд бўлади. Қўғанинг уруғи жуда майда бўлиб, етилганда шамолда осон тарқалади. Уруғининг тупроқдаги ҳаётчанлиги 4 йил. Май ойида шолипояларга бостирилган сувнинг ҳарорат 20 С га якинлашганда уруғи қийғос униб чиқади. Биринчи йили майсалар 10-12 та барг чиқаради ва йўғон илдизпоялар ривожланади, булардан эса поя ва барглар чиқади. Иккинчи ва учинчи йили эса гуллайдиган ер усти поя пайдо бўлади. Қўға майда гуллайди. Уруғи августда пишади. Сувда ўсадиган бегона ўтлар (лимнофитлар). Булар қўллаб турган сув юзида муаллак ҳолда ёки сузиб юриб ўсади ва мева тугади. Қиш-куз даврида сув бостирилган майдонларда ва ариқ каналларда жуда тез кўпаяди.

 Қамиш (Phragmites commumis Trin) кўп йиллик илдизпояли ўсимлик, поясининг бўйи 5 метргача етади. Кучли ривожланган илдизпояси ва ерга ёйилиб ўсадиган поясидан, шунингдек, уруғидан кўпаяди. Илдизпояси йўғон 4 см., узунлиги 5-6 метр, тупрокда 30-40 см. чуқурликкача тарқалади, ниҳоятда ҳаётчан ўсимлик. Лекин кузда ерни ағдариб ҳайдаш вақтида ер бетига чиқиб қолган илдизпоялари қуриб, музлаб қолади, шунингдек бир неча бўлакка бўлиниб, сув қатлами остида қолиб кетиши натижасида нобуд бўлади. Ер бағирлаб ўсадиган пояси (шоҳи)нинг узунлиги 20 метргача етади, уларнинг бўғимидан илдиз ва тик поялар ўсиб чиқади. Илдизпоясининг учи бачкилаб юқорига ўсиб чиқади, яшил поя ва янги илдизпоя ҳосил қилади. Қамиш ниҳоятда кўп гуллайди, лекин кам уруғлайди. Уруғи 14-18 даража ҳароратда униб чиқади, лекин сув қатлами остида унувчанлиги кескин пасайиб кетади. Қамиш сув босган, сизот суви юза жойлашган ерларда, шунингдек ташлама ариқ-зовурларда яхши ўсади. Бу ўсимлик ер танламайди, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Қамиш шоли учун энг хавфли ўсимликлардан бири ҳисобланади, айниқса Қорақалпоғистон Республикасидаги шолипояларда у жуда хавфли. Инженерлик типида қурилган шолипояларда, қуруқликда ўсадиган экинлар навбатланадиган шоли алмашлаб экиш далаларида қамиш қам ўсади.

Шолидаги бегона ўтларга қарши кураш чора-тадбирлар тизими

       Шоли экилган майдонларда бегона ўтлар биологик белгиларига кўра ниҳоятда хилма-хил бўлиб, шунга кўра, уларга қарши курашда катта қийинчилик туғилади. Бинобарин, ҳар кандай ҳолатда ҳам шолипоянинг ўт босиш даражасини ҳисобга олишда мазкур майдонда қайси бегона ўт шолига энг кўп зарар етказишини аниқлаб олиш керак ва шунга қараб кураш чораларини кўлланиш лозим. Шолипоядаги бегона ўтларга қарши олдини олиш ва уларни бутунлай қириб ташлаш чоралари кўрилади. Марзалар, суғориш ва ташлама ариқлар бўйидаги йўл ёқаларидаги ва сув оқадиган ариқларнинг ичидаги ўтларни мунтазам равишда ёппасига ўриб туриш ҳам олдини олиш чораларига киради. Айрим ҳолларда эса улар ўсадиган бегона ўтларга қарши агротехникавий кураш чораларидан энг муҳими, шоличиликда алмашлаб экишни жорий килишдан иборат. Бунда алмашлаб экиш даласидаги банд шудгорга кўп йиллик ўтлар ва қуруқликда ўсадиган экинлар экиш тавсия қилинади.  Шолини қуруқликда ўсадиган экинлар билан навбатлаб экиш сувда яхши ўсадиган ўтларнинг яшаш шароитини ўзгартиради. Бунда улар сув етишмаслигидан бир қисми ёки ёппасига нобуд бўлади. Ерни сифатли ҳайдаш ёки дискли қуроллар билан яхшилаб ишлов бериш кўп йиллик ҳамда бир йиллик бегона ўтларга қарши курашда муҳим роль ўйнайди. Бунда ерларни кузда ўз вақтида чуқур ағдариб ва ағдармасдан ҳайдашнинг аҳамияти катта. Бунда бегона ўтлар тупроқнинг чуқур қатламига кўмилиб кетади, илдизпояси ер устига чиқиб қолади, туганакли қамиш, қамиш, қўға каби кўп йиллик ботқоқлик ўтлари тупроқнинг устки қатлами қуриши ва қишда музлаб қолиши натижасида уларнинг кўплаб нобуд бўлишига сабаб бўлади.  Баҳорда шоли экишга қадар ерга ишлов бериш имкони борича бегона ўтлар уруғини ундириб олиш, уларни йўқотишга қаратилиши керак. Курмак, туганакли қамиш ва бошқа бегона ўтларга қарши ерни плуг, лушчильник (юмшатгич)лар, ҳар хил культиваторлар, дискли қуроллар ва бороналар билан бир неча марта ишлаш яхши самара беради.   Шолипояларни мунтазам равишда яхшилаб текислаб туриш поялларда сув қатламининг бир хил қалинликда сақланишини таъминлайди ва бегона ўтларнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Шолипояларга курмакни майсалигида йўқотиш учун 5-7 кун давомида 20-30 см. қалинликда сув бостириб қуйиш амалда кенг қўлланилади, бунда сув сатҳи бегона ўтлардан 6-7 см. юқорида, ҳарорати камида 200С бўлиши керак.

Энг яхши экиш муддатига, усулига ва мўътадил меъёрига қатъий риоя қилинса, уруғ бир текис қийғос ундириб олинади, майсалар сертуп бўлиб ўсади ва шу билан бирга экиннинг бегона ўтларга чидамлилиги ортади.  Қамиш янги ўзлаштирилган ерларда, эски шолипояларда, сув қатлами қалин кўлмак жойларда ва шўр ерларда кўплаб ўсади. Қамишни йўқотиш учун шолипояга сув бостириб музлатилади ва баҳорда, ёзда ҳамда кузда шолипояларга тегишли ишлов берилади. Шолипоялардаги қамишлар илдизпоясини музлатишнинг қулай муддати қишнинг 45-60 кунлик энг совуқ, яъни умумий совуқлар ҳарорати 330-3600ни ташкил этган даврдир.  Илдизпоялар яхши музлаши учун шолипоя кузда чимқирқар плугда чуқур хайдалади. Агар ҳайдалма қатламдаги илдизпоялар қўритиш йўли билан йўқотиладиган бўлса, бу тадбир алмашлаб экишнинг қуруқликда ўсадиган экин экиладиган даласида амалга оширилади, шоли экиладиган дала асосий текислангандан кейин шу ер илдизпоялар қуриб битадиган даражага келгунча қуритилади. Лекин бунда зовур-дренаж тармоқлари яхши ишлаши, яъни сизот сув бутунлай оқиб чиқиб туриши зарур.  Шоли экишга мўлжалланган партов ерлар июн ва июл ойларида 60 кун давомида, яъни ўртача суткалик температуралар йиғиндиси қарийб 15000Сга етгунча қуритилганда олинган натижа қамиш илдизпоясини йўқотишда энг самарали усул хисобланади. Қорақалпоғистон Республикасидаги хўжаликларда қамиш илдизпояси июн ойигача ерни қуритиб йўқотилади.  Қамиш илдизпоясини дискли бороналар билан қирқилиб, майдалаб йўқотиш ҳам мумкин. Бу тадбир шолипояларга сув бостиришга 3-4 кун қолганда амалга оширилади. Сув бостирилгандан кейин сув илдизпоялар ичига кириб, уларни чиритади.  Туганакли қамиш, сувҳилол, ҳилол ва ҳилолдошларга мансуб бошқа бегона ўтлар илдизпояси, тўгунаги ва уруғидан тез кўпаяди. Бу ўтларнинг илдизини йўқотиш учун шоли ўримидан бошлаб то келаси йил шоли экишгача шолипоя атрофидаги ариқларда, зовур ва коллекторларда сув оқими яхши бўлиши керак. Бу кузги шудгорни сифатли ўтказишга, илдизпояларнинг, айниқса, туганакларнинг қуришига, музлашига имкон яратилади. Кўклам қурғоқчилик келган йилларда илдизпояли бегона ўтлар босган майдонларда кузда шудгор қилинган ерларни 12-15 см чуқурликда қайта ҳайдаш билан кифояланиш ҳам мумкин. Чунки ер қайта ҳайдалганда кўкарган бегона ўтлар йўқолади, ер бетига чиқиб қолган илдизпоялар, туганаклар қуриб нобуд бўлади. Кўкламда намгарчилик кўп бўлган йилларда шолипоя БД-2,2 маркали оғир дискли борона билан ишланади ёки экишга 2-3 кун колганда чизелькультиватор ва панжали бороналарда тароқланади. Ҳайдаш чуқурлигини ўзгартириб туриш ҳилолдошларга мансуб илдизпояли ва бошқа бегона ўтларни йўқотишнинг самарали усулларидан ҳисобланади.  Бегона ўтларга қарши кимёвий кураш чоралари. Барча шоличилик билан шуғулланувчи районларда асосий майдонлар гербицидлар билан ишланади. Гербицидлар танлаб (селектив) ва ёппасига (куритиб ташлайдиган) таъсир қиладиган гуруҳларига бўлинади.Гербицидларни қўллашдан икки кун олдин шолипоядаги сув оқизиб юборилиши керак ва гербицид билан ишлов берилгандан сўнг икки кундан кейин яна сув бостирилади. Сув бостириш кечиктирилса тупрокдаги курмак уруғларининг униб чиқишига шароит яратилади. Шоли ўсиш ва ривожланиш даврида асосан танлаб таъсир этадиган гербицидлар ишлатилади. Гербицид билан ишлов берилган далаларда сув сатҳини 7-8 кун 15-20 см. сатҳида ушлаб туриш курмакнинг нобуд бўлишини тезлаштиради. Бу муддат ўтгандан сўнг шолипоядаги сув сатҳи пасайтирилиб тавсияга асосан ушлаб турилади.   Гербицидларнинг техник самарадорлигини аниқлашда унинг ишлатиш миқдоридан ташқари, ҳаво ҳарорати ҳам ҳисобга олинади. Шунинг учун гербицидни қўллаётганда ҳаво ҳарорати паст бўлса унинг ишлатиш миқдорини ошириш керак.

 

Тавсия Шоличилик илмий-тадқиқот институти томонидан тақдим этилди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати