QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Соя – даромадли ва фойдали экин

  • 30.06.2020

    Маълумотларга кўра, 2016 йил дунё соячилигида Бразилия биринчи марта АҚШни қувиб ўтди ва 2017 йилда бу давлат 106,9 млн. тона соя етиштирди,  кейинги ўттиз йилда соячиликни ривожлантирди ва 33,3 миллон гектар майдонга соя ўсимлиги экилмоқда. Ўртача дон ҳосилдорлиги 31, 4 центнерни ташкил қилган. Аргентинада 58,5 млн.тонна ишлаб чиқарилди, бу давлат ҳам соя майдонларини кейинги йилларда сезиларли даражада кенгайтирмоқда.

   Россияда ҳам соя майдонлари йилдан-йилга кенгайиб, ҳосилдорлиги ошиб бормоқда. 2016 йилда соя майдонлари 2 184,8. гектарга етди, бу кўрсаткич  2010 йилда - 416,6 минг гектарни ташкил қилган. Россияда ҳам соя майдонларини кенгайтириб боришига сабаб, бу ўсимликдан ҳалқ хўжалигининг барча соҳаларида фойдаланиш иқтисодий самара беришидир.

    Соя дони ўз таркибида 50% оқсил ва 28 %гача мой сақлагани учун ўта қимматбаҳо ўсимликлар гуруҳига киради. Соя донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400дан ортиқ турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Соя дони озиқ-овқат саноатининг турли соҳаларида ишлатиладиган экологик тоза сифатли хомашёдир. Ҳозирги кунда инсонлар истеъмол қиладиган ва ўз таркибида зарарли моддалар сақламайдиган ўсимлик мойининг 35 %  соя донидан олинади. 100 кг.донида  138 озуқа бирлиги сақлайди, ушбу кўрсаткич, маккажўхори беда ва бошқа экинларда соядан кўра паст хисобланади. Соянинг қуруқ пояларида 100 кг.да 52 озуқа бирлиги мавжуд. Соя донининг тўйимлигиги жиҳатидан биронта озуқа экини устунлик қила олмайди. Кунига 30-35 литр сут берадиган соғин сигирлар албатта соялик озуқалар билан боқилиши лозим. Экин майдони жиҳатидан дунё деҳқончилигида буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги 4- ўринни эгаллайди. Ялпи дон ҳосили 220,64 млн. тоннага етди. Бразилия, Ақш ва Аргентина мамлакатлари соя донини экспорт қилишда етакчи бўлса асосий сотиб олувчи давлатлар Хитой, Корея ва бошқа Осиё мамлакатларидир.

    Ўзбекистоннинг тупроқ иқлим шароити суғориладиган ерлардан унумли фойдаланилган холда йилига бир неча хил экин экиш ва ҳосил олиш имкониятини беради. Баҳорги, ёзги, кузги илиқ давр районнинг географик жойлашишига қараб мартнинг бошларидан то ноябрнинг ўрталаригача давом этади. Май ойининг ўрталаридан сентябрь ойининг охирларигача давом этадиган юқори ҳарорат иссиқсевар экинлар (соя, мош ва бошқалар) нинг ўсиши, ривожланиши ва дон ҳосил қилиши учун ниҳоятда қулайдир. Маълумки, республикамиз шароитида экинларга зарар етказадиган дастлабки қора совуқ октябрнинг иккинчи ярми, жанубий районларда кўпинча декабрнинг биринчи ўн кунлигидан бошланади. Суғориладиган майдонларда экилган бошоқли дон экинларидан сўнг такрорий экинга ажратилган далаларда ғалла албатда табақалаштирилган усулда ўриб олиниши шарт. Бунинг учун такрорий экишга режалаштирилган майдонлардаги ғалла сут пишиш даврида, яъни ғалла ўримига тушишдан 8-10 кун аввал гектарига 500-600м3 сув миқдорида суғорилади. Бу даврда суғориш доннинг тўлиқ ва яхши етилишига ёрдам бериши билан бирга, ғалла йиғиштирилиб олингандан кейин тупроқнинг донадор бўлиб ҳайдалишига ва ўриндош экин униб чиқиши учун фойдали нам захирасини тўплашга ёрдам беради.

Кузги буғдойдан бўшаган майдонларни имкони бўлса, аввал суғориб сўнгра, фосфорли 90 кг. ва калийли 60 кг. минерал ўғитларнинг йиллик меъёрини 100 фоиз берилишини таъминлаган ҳолда чимқирқарли плуглар билан 22-25 см. чуқурлида ҳайдаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда буғдойнинг анғиз ва илдиз қолдиқларини тўла кўмилишига эришиш  талаб этилади.

Шунингдек, ҳайдалган далаларда п-П-4, ВП-8 ёки ПН-5,6 таянчли текислагичлар ёрдамида текислаш ўтказилади, кесаклари майдаланиб, майдон сифатли қилиб тайёрланади. Яхши текисланмаган, нотекис майдонларда уруғлар экилганда бир хил чуқурликка тушмайди, натижада соя кўчати тўла униб чиқмай қолиши ҳисобига  майдонда кўчат сони кам бўлиб қолади. Соя уруғларини экишга тайёрлаш, уруғларни экиш каби агротехник тадбирлари худди асосий  майдонлардаги каби амалга оширилади.

   Уруғ экиш меъёри 20 фоизга оширилади, экиш схемасида туплар орасидаги масофа қисқартирилади. Шунда такрорий экилган майдонда кўчат қалинлиги 450-550 минг туп бўлади. Такрорий экишга эртапишар навлар танланади. Эртапишар навларда ҳосилдорлик нисбатан паст бўлади. Шунинг учун кўчат қалинлигини кўпайтириш билан улардан юқори ҳосил олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари аксарият эратпишар навларда дастлабки дуккакларни пояда ги ўрни ердан 10-13 см.да жойлашади. Кўчат сонини орттириш ҳисобига поядаги дуккакларни 1,5-2,5 см.гача юқорига кўтарилишига эришилади, бу эса соя донини йиғиб олишда нобудгарчиликни камайтиради.

Такрорий соя экишда навларни танлаш энг муҳим омил ҳисобланади.Сояни такрорий экин сифатида экишда асосан ўртатезпишар(Амиго), эртатезпишар(Арлета) ва эртапишар(Орзу, Селекта-201) навларини танлаш керак бўлади. Такрорий сояни экиш муддатлари республикамизнинг жанубий минтақасида 15 июндан 15 июлга қадар, Марказий минтақада 20 июндан 10 июлга қадар, Шимолий минтақада 20 июндан 1 июлга қадар экиш тавсия қилинади. Сув билан таъминланганлиги ёмон бўлган тупроқларда такрорий соя экиш тавсия этилмайди. Чунки, уруғ экиб орқасидан сув берилмаса, соя уруғи таркибидаги мавжуд 20 фоиздан юқори миқдордаги мойнинг ўта иссиқ ҳароратда ачиши-айниши содир бўлади, уруғларни ранги қўнғирлашади, пўсти ёрилади ва уруғлари тўла униб чиқмайди.   Ғалладан бўшаган майдонларга уруғ экилгандан сўнг тезлик билан суғориб ундириб олиш чораси кўрилиши керак. Униб чиққан ўсимликларни қатор орасига ишлов бериш, бегона ўтларга қарши курашиш, кетмон чопиқ қилиш, озиқлантириш ва суғориш каби агротехник тадбирлари асосий майдонлардаги каби ўтказилади.

 

Хусанжон ИДРИСОВ, Шоличилик илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати ходими.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати