QISHLOQ XO`JALIGI VA
OZIQ-OVQAT TA`MINOTI
ILMIY-ISHLAB CHIQARISH MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланиб бораверади

  • 29.06.2020

Бугун Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказида юртимизда фаолият юритиб келаётган  KOPIA (Korea Program on International Agriculture) маркази маркази раҳбари доктор Ан Хе Сунгнинг мамлакатимиздаги фаолияти якунига етганлиги муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари-илмий марказ бош директори Баҳодир Холиқов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, икки мамлакат ўртасидаги самимий ва ўзаро тенг манфаатли бўлган ҳамкорлик барча соҳаларда ривожланиб бораётганлиги, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва илмини юксалтириш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик юқори самара бераётганлигини таъкидлади. – Айниқса, KOPIA  ташкилоти билан ҳамкорлигимиз жудаям ижобий бўлмоқда. Биргина ўтган йилда ушбу ташкилотнинг чорвачилик, узумчилик, шоличилик, дон ва дуккакли экинлар соҳасида жами 1,7 млн АҚШ доллари қийматида грант маблағлари жалб қилинди. KOPIA маркази билан ҳамкорликда 2020-2024 йилларга мўлжалланган қиймати 1,4 млн АҚШ доллари бўлган “Қишлоқ хўжалиги билимларини тарқатиш (Еxtension) маркази ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди. Жорий йилнинг якунига қадар илмий-тадқиқот институтлари негизида  Андижон, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида “Қишлоқ хўжалиги билимларини тарқатиш (Еxtension) марказлари ташкил этиш кўзда тутилган. KOPIA маркази раҳбари доктор Ан ХЕ Сунг бугун ўзининг мамлакатимиздаги фаолиятини якунлаяпти. Биз у кишига самарали ҳамкоролик учун миннатдорлик билдириб, келгуси фаолиятида муваффақият тилаймиз, – деди Баҳодир Холиқов.

–   Ташкилотимиз юртингизда 2009 йилда иш бошлаган бўлса, ўтган даврда қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган бир қатор илмий институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Натижада кўплаб истиқболли лойиҳалар ижросига киришдик. Хусусан, юртингизда сифатли картошка етиштириб, уни экспортга тайёрлаш, буғдой ва жўхорини чатиштириш орқали чорва моллари учун тўйимли озуқа бўладиган янги донли экин навини яратиш, сифатли мармар гўшт етиштириш лойиҳалари шулар сирасидан. Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган йирик лойиҳалар ҳақида сўз юритганда, Андижон вилоятида йўлга қўйилган соя етиштириш, Тошкент вилоятидаги узумчилик лойиҳаларини алоҳида қайд этиш жоиз.  Фаолиятим якунида шуни айтишим керакки, Ўзбекистон–бетакрор юрт. Бу заминда етиштириладиган ноз-неъматларнинг таъмию мазасини бошқа жойда топиб бўлмайди.. Одамлари меҳрибон. Мен Ўзбекистондаги олти йиллик фаолиятимни умримнинг энг мазмунли даври деб ҳисоблайман. Марказларимиз ўртасидаги ҳамкорлик эса бунданда ривожланиб бораверади, – деди учрашув якунида доктор Ан Хе Сунг.

Шунингдек давра суҳбатида Жанубий Кореа Республикаси элчихонаси вакиллари ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) вакиллари ҳам иштирок этишди.

 Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати