QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Сабзавотчиликда июнь ойи тадбирлари

  • 29.05.2020

Сабзавотчиликда июн ойи тадбирлари

 

Аграр соҳани кенг кўламда ислоҳ қилиш, тармоғга замонавий илғор технологияларни жалб этиш, ишлаб чиқаришга бозор механизмларини жорий этишда изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.  Жумладан, 2020 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентимиз томонидан имзоланган “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 11  майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари соҳа ходимларига галдаги вазифалар белгилаб берилди.    

Мамлакатимиз аҳолисини мева-сабзавот, картошка маҳсулотларига бўлган талаби тўла қодириш ва экспорт салоҳиятини мустахкамлаш, шунингдек замонавий усулларини йўлга қўйиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида мева-сабзавотчилик, картошкачилик кластерлар, кооператив бирлашмалар зиммасига катта масъулият юклатилди.

Бугунги кунда короновирус пандемияси  карантини қанча вақт давом этишини ҳеч ким аниқ билмайди. Бироқ, мамлакат аҳолисини етарли миқдорда озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳар бир давлатнинг муҳим устувор вазифаси бўлиб қолмоқда.

2020 йил 17 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С. Хўжаев маълум қилганидек, республикада карантин муддати мабода чўзилиб кетса, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда етишмовчиликлар бўлмайди. Бунга захирамиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Чунки жанубий вилоятлардаги миришкор деҳқонларимиз далаларида апрель ойининг биринчи декадасидан бошлаб, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, пиёз, картошка, сабзи, карам, кўкатлар бозорларимизга етказиб берила бошлади.

Шунингдек, “Вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, бозордаги нархларни барқарор сақлаб туриш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича ҳар бир туман кесимида дастур қайта тайёрланди. Бунда 2020 йилда 24,8 млн. тонна 88 турдаги мева-сабзавотлар, шундан 12,9 млн. тонна 42 турдаги сабзавот, 5 турдаги 2,5 млн. тонна полиз маҳсулотлари, 3,5 млн. тонна картошка, 3,3 млн. тонна 27 турдаги мева, 1,9 млн. тонна 3 турдаги узум, 630 минг тонна 4 турдаги дуккакли ўсимликлар ва 139 минг тонна 6 турдаги мойли маҳсулотлар етиштириш белгилаб олинди. Аҳоли талаби ва экспорт имкониятларини ҳисобга олиб, етиштирилган маҳсулотларнинг 10,3 млн. тоннаси аҳоли истеъмолига, 3,2 млн. тоннаси қайта ишлашга ва 2,3 млн. тоннаси экспортга йўналтирилади”.

 Серқуёш заминимизнинг миришкор дехқонлари, фермерлар, кластерлар, шахсий томорқа ер эгали ушбу масъулиятли вазифани тўғри англаган ҳолда ўз ишларини бошлаб юборганлар.

Бугунги кунда республикамизда сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзига хос тажриба мавжуд бўлиб, ушбу тажриба ердан унумли фойдаланиш 2-3 марта ҳосил олиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш хажмини узлуксиз тарзда оширишга қаратилган. Бунда,  эрта ҳосил олиш учун дехқонларимиз ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида пиёз, сабзи, ош лавлаги ва кўкат сабзавот уруғлари экилади, февраль ойидан май ойигача турли сабзавот, полиз ва картошка экилади, сўнгра эртаки сабзавот ва ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида сабзавот ва картошка экинларини экиш ишлари амалга оширилади, сўнгра август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқ, кўкат сабзавотлар экилади.

Бу борада такрорий сабзавот, полиз ва картошка етиштириш қуйидаги тавсиялар амалга ошириш тавсия этилади.

Республикамизда такрорий муддатда асосан оқ бош карам, гул карам, турп, шолғом, ош лавлаги, редис, бодринг кўкат сабзавотлар билан биргаликда  помидор, ширин қаламапир, тарвуз сингари экинлари хам етиштириш имконияти мавжуд.

Асосий экин сингари такрорий муддатда экиш режалаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини худудлари кесимида тўғри жойлаштириш ва ўз муддатида экиб етиштириш олинадиган ҳосил салмоғини юқори бўлишини таъминлайди.

Экиш режалаштирилган хар бир экинларни биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни хаво, тупроқ ҳароратига, сув ҳамда озиқа элементларга бўлган талабини ҳисобга олган ҳолда етиштириш зарур.

Такрорий экин экин экиш учун майдонларни тайёрлашда биринчи тадбир ерни ўтмишдош ўсимлик қолдиқларини тозалашдан бошланади. Бунда КПС-5 маркали юмшатгич ёки бароналарда, кичик майдонларда эса қўл кучи ёрдамида ўсимлик қолдиқларини майдон ташқарисига чиқариб ташланади, сўнгра тавсиялар асосида лозим бўлган органик ҳамда минерал ўғитлар майдонга сочилиб, тупроқ намлиги маромида бўлганда ерларни ПД-3-35 маркали плуг ёрдамида 25-28 см чуқурликда хайдаб, сўнгра барона билан 10-12 см чуқурликда юмшатилади ва экиш режалаштирилган экин турига қараб суғориш эгатлари олинади.

Оқ бош карам. Ер танлаш. Карам органик моддаларга бой, салқин, сув сиғими яхши ўғитланган қорамтир ўтлоқ ерларда яхши ўсади. Енгил бўз ва қумлоқ ерларга экилган карам унча яхши ривожланмайди. Шўрланган ва ботқоқланган ерлар карам экишга унчалик ярамайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Кечки карамни эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлагидан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида ва ғалладан кейин экиш мумкин.

Навлар. Оқ бош карамни маҳаллий Тошкент 10, Судья Ўзбекистон, Термиз 2500 навлари экишга тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Экиладиган уруғ 3-5% лик ош тузи эритмасига 1 соат давомида солиб қўйилади. Эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан
2-3 маротаба ювиб, сўнгра ёйиб қуритилади.

Ҳар 1 гектар очиқ майдонга экиш учун етарлик миқдорда карам кўчати тайёрлашга 350-400 гр. ҳисобида уруғ сарфланади.

Кўчатларни озиқлантиришда ҳар 10 л сувга 13-15 г азотли; 18-25 г фосфорли ва 15-20 г калий ўғитлари солиниб эритилиб, ҳар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Карам кўчатлари сўнгги озиқлантириш очиқ майдонга экишдан 15-18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 л сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.

Тайёр бўлган карам кўчатларининг ёши 40-45 кунлик ва узунлиги ўртача 14-16 см. ва барглар сони 6-7 тадан бўлганда очиқ майдонга экилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Кечки карам навларининг кўчати жанубий вилоятларда 1-15 август; марказий вилоятларда 15 июнь - 10 июль; шимолий  вилоятларда 25 май-5 июнда экилади. Далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши керак. Ўртаги-кечки карам кўчати 70×40 см ёки 90×40 см. схемада экилади.

Парваришлаш. Кўчатлар экиб бўлингандан кейин 1-1,5 ҳафта ўтказиб, биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва сув берилади. 20-25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.

Гул карам. Ер танлаш. Гул карам органик моддаларга бой, салқин, сув сиғими яхши ўғитланган қорамтир ўтлоқ ерларда яхши ўсади. Енгил бўз ва қумлоқ ерларга экилган карам унча яхши ривожланмайди. Шўрланган ва ботқоқланган ерлар гул карам экишга унчалик ярамайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Картошка, бодринг, полиз экинлари ва дон-дуккакли ўсимликлар гул карам учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Гул карамдан олдин пиёз, кўк нўхот ва сабзиларни экса ҳам натижаси яхши бўлади. Гул карамни эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлагидан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экиш мумкин.

Навлар. Отечественная, Скайвокер F1, Фарго F1, Кашмер F1, Барселона F1, Меган F1, Вайт Иксель F1, Юкон F1 нав ва дурагайлари экишга тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Такрорий муддатда экиш учун иситилмайдиган ва очиқ майдонларда етиштирилади. Ҳар 1 гектар очиқ майдонга экиш учун етарлик миқдорда гул карам кўчати тайёрлашга 300-350 гр. ҳисобида уруғ сарфланади.

Кўчатхонада майсалар униб чиққандан сўнг орадан 15-18 кун ўтгач, яъни майсаларни ер устки қисми 5-7 см. гача ўсиб, уларда 1-2 та дан чин барг пайдо бўлгач уларни сифатли ва баққуват бўлиб етилиши учун бошқа жойга озиқа майдонларини (4×5 ёки 5×5 см.) кенгайтириб кўчириб экилади. Улар тўлиқ тутиб олгач орадан 10-12 кун ўтгач майсалар биринчи марта озиқлантирилади.

Озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13-15 гр. азотли; 18-25 гр. фосфорли ва 15-20 гр. калий ўғитлари солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3-3,5м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Гул карам кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15-18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.

Тайёр бўлган гул карам кўчатларининг ёши 60 кунлик ва узунлиги ўртача 14-16 см ва барглар сони 6-7 тадан бўлганда очиқ майдонга экилади.

Экиш муддати ва экиш схемаси. Такрорий муддатда кўчат жанубий вилоятларда 1-5 август; марказий вилоятларда 20-30 июль; шимолий  вилоятларда 1-10 июлда экилади. Далага экиш пайтида кўчатларда 6 -7 та барг бўлиши керак. Кечки гул карам 70×30-40 см. схемада экилади.

Парваришлаш. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма-кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Гул карам икки марта чопиқ қилинади.

Гулкарам бошларини тик тушувчи қуёш нурларидан паналаш зарурий тадбир ҳисобланади. Ҳимояланмаган бошлар оқ ранггини йўқотади, таъм сифатлари пасаяди ва бевақт сочилиб кетади. Паналаш учун гул­карам барглари бош устига тупланиб тугиб кўйилади. Барглари табиий равишда бош устига тупланиб усувчи дурагайлар хам мавжуд. Бундай дурагайларда сунъий соялаш ўтказилмайди.

Сабзи. Ер танлаш. Сабзавот илдизмевалар органик моддаларга бой ўтлоқ тупроқлар, ўғитланган қумоқ, енгил соз бўз тупроқли ерларда яхши ўсади. Ботқоқ ва шўр ерлар кўпчилик илдизмева ўсимликларига тўғри келмайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Сабзи ўсув даврининг дастлабки пайтларида жуда секин ўсади ва бегона ўтлар босиб кетади. Шу сабабли уларни бегона ўтлардан тозалайдиган картошка, бодринг, карам, помидор экинларидан кейин экиш тавсия қилинади. Кўп йиллик ўтлар ҳайдалган ерларга, полиз экинлари, пиёз ва илдизмевали сабзавотлардан бўшаган ерларга уларни экиб бўлмайди. Эртаги картошка ва сабзавотлардан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида илдизмевали экинларни экса бўлади.

Навлар. Сабзини маҳаллий эртапишар Мшак-95, ўртапишар Мирзои сариқ-304, Мирзои қизил -228, Зийнатли ва чет мамлакатларни Нантская-4, Шантане-2461.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Ёзги  муддатда жанубий вилоятларида 1-15 август марказий вилоятларда 10 июндан 10 июлгача; шимолий вилоятларда 10-20 июнгача СКОН-4,2, СММ-4 маркали сеялкалар билан ёки қўл кучи ёрдамида 1,5-2 см. чуқурликка 52×8, 62×8 см. схемада сепилади. Уруғ сарфи гектарига 5-6 кг.

Парваришлаш. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2-3 кг. бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда; Фюзилад Супер 12,5% ли препаратини гектарига 1-2 кг. ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.

Ош лавлаги. Ер танлаш. Сабзавот илдизмевалар органик моддаларга бой ўтлоқ тупроқлар, ўғитланган қумоқ, енгил соз бўз тупроқли ерларда яхши ўсади. Лекин лавлаги кам шўрланган оғир соз тупроқли ерларда бошқа экинларга нисбатан яхшироқ ўсади. Ботқоқ ва шўр ерлар кўпчилик илдизмева ўсимликларига тўғри келмайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Ош лавлаги дастлабки пайтларида жуда секин ўсади ва бегона ўтлар босиб кетади. Шу сабабли уларни бегона ўтлардан тозалайдиган картошка, бодринг, карам, помидор экинларидан кейин экиш тавсия қилинади.

Навлар. Ош лавлагини маҳаллий Диёра, Ягона ва чет мамлакатларни Бордо 237 нави, Детройд F1, дурагайи экиш учун тавсия этилади.

Парваришлаш технологияси: лавлаги уруғлари 4-5°С да униб чиқа бошлайди, ўсиб ва ривожланиб бориши учун энг қулай харорат 20-25°С дир. Лавлаги совуқ (-2-3°С) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Ош лавлаги уруғлари такрорий экин сифатида жанубий вилоятларда: 1-10 август; марказий вилоятларда: 5-15 июль; шимолий вилоятларда: 1-10 июнда 14-16 кг/га миқдорда 50+20×8 см ёки сочма усулида экилади.

Парваришлаш. Уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва ягоналаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см. кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Шолғом ва Турп. Навлар. Шолғомнинг Наманган маҳаллий, Самарқанд маҳаллий, салатбоп шолғомни Муяссар навлари экиш учун тавсия этилади.

Турпни Маргеланская, Андижон 9 навлари ва дайконни (япон турпи) Содиқ ва Куз хадяси каби навлари районлаштирилган.

Экиш муддати ва схемаси. Шолғом ва турп уруғи ёзда жанубий вилоятларда 1-20 сентябрь, марказий вилоятларда 1-15 август, шимолий вилоятларда 25 июль-10 августда сепилади. Бунда эгат ораси 70 см. қилинади. Уруғ СОН-2,8 сеялкада экилади. Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сошник ораси 20 см. қилинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб эгат ҳам олинади. Ҳар гектарга турп уруғи 4-5 кг., шолғом уруғи 2-3 кг. сарф бўлади. Турп уруғ – 2 см., шолғом уруғи – 1,5 см. чуқурликда экилади.

Парваришлаш. Уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см. кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Ширин қалампир. Ер танлаш. Ширин қалампир ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар унчалик ярамайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.

Навлар. Ширин қалампирнинг маҳаллий эртапишар Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Маржона, Заря Востока, Дар Ташкента, кечпишар Зумрад чет элнинг Долфин, Фламинго, Денвер, нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Такрорий экин сифатида ширин қалампир кўчатини тайёрлаш учун унинг уруғини экишнинг мақбул муддати май ойининг I-ўн кунлиги ҳисобланади.

Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 600 гр. ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сепилади. Тупроқ намлиги 75-80% бўлиши керак.

Тайёр бўлган ширин қалампир кўчатларини узунлиги ўртача 16-18 см. дан ва улардаги барглари сони 5-6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда: 1-10 август; марказий вилоятларда: 1-10 июлда экиш тавсия этилади. Кўчатларни 70×30 см. ёки 70×40/2 см. схемада, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×25 см. схемада экилади.

Бодринг. Ер танлаш. Бодринг экинини экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Уларга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Шўрланган ерларда бодринг қониқарли даражада ўса олмайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Алмашлаб экишда улар учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади.

Навлар. Бодрингнинг маҳаллий Ранний-645, Ўзбекистон-740, Зилол, Наврўз, Иффор, Шабнам навлари ва чет мамлакатларни F1 дурагайларидан Алиби, Аякс, Регал, Суперина, Амур, Зеналар экиш учун тавсия этилади.

Уруғни экишга тайёрлаш. Бодринг уруғи экишдан олдин уруғ бир сутка давомида алмаштириб туриладиган сувда ивитилади ва ўзи тўкиладиган ҳолатгача қуритилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Кечки бодринг 15-30 июнда экилади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А сеялкада 70×30 ва 90×20 см. схемада 4-5 см. чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4-5 кг.

Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади.

Қатор ораларига КРН-4,2, КХУ-4А-05 культиватори билан 15-16 см. чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15-16 см. чуқурликда культивация қилинади.

Қовун ва тарвуз. Ер танлаш. Полиз экинларига қовун, тарвуз ва қовоқ ўсимликлари киради. Полиз экинлари енгил қумоқ тупроқли бўз янги ўзлаштирилган ерларда яхши ўсиб, сифатли юқори ҳосил беради ва фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади. Ўтлоқ ерлар қовун экинига тўғри келмайди.

Алмашлаб экиш. Полиз экинлари учун энг яхши ўтмишдош экин бу ғалла ва бедадир. Эскидан ўзлаштирилган ерларда полиз экинлари карам, сабзи, маккажўхори ва шолидан кейин экилса фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади ва ҳосилдорлик ошади.

Қовун навлари: Кўк тинни, Навоткалла, Хандалак кўкча 14, Махаллий сариқ хандалак, Рохат, Тошлоқи 862, Гурлан, Олтин водий, Оқ уруғ, Шакар палак 554, Умир воқи 3748.

Тарвуз навлари. Ширин, Ўринбой, Хайит қора, Мрамор 2159 ва чет мамлакатларнинг Кримстар ва Кримсон Свит F1 дурагайлари районлаштирилган.

Экиш муддатлари ва схемаси. Қовун ва тарвузнинг ўртаги навларининг 30-35 кунлик кўчатлари 10 июлгача экиш лозим.

Полизчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Тупроқ 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади.

Шудгорланган дала қатор оралари 210-280 см. ли кенг эгат олиниб, қовун учун  см ва тарвуз учун  см. схемада экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг., йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг. уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Полиз экинларини парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.

Кўчатлар экилгандан сўнг 10-15 кун ўтказилиб, биринчи марта чопиқ қилинади ва озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4-5 марта культивация қилинади.

Картошка. Навлар. Картошкани кўпроқ экилиб келинаётган навлари қуйидалар: чет мамлакатларнинг Розара, Фреско, Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Арнова, Диамант, Пикассо ва бошқалар ҳамда махаллий Тўйимли, Умид 2, Пском, Сарнав, Барака, Феруза.

Экиш муддатлари. Картошкани такрорий экин сифатида жанубий вилоятларда: тезпишар навлар 10-20 июл; ўртапишар навлар 5-20 июл; кечпишар навлар 20-30 июнь. Марказий вилоятларда: тезпишар навлар 10-20 июл; ўртапишар навлар 10-30 июнь; кечпишар навлар 10-20 июн. Шимолий вилоятларда: тезпишар навлар 20-30 июнь; ўртапишар навлар 15-25 июнь;   кечпишар навлар 5-10 июнда экилади.

Ўтмишдош экинлар. Ўзбекистон шароитида картошка учун энг яхши ерлар бу намлик ва органик моддалар билан тўлиқ таъминланган агрофизик хусусиятлари яхши бўлган тоғ худудлар, тоғ олди ва қуйи дарё бўйидаги гидроморф тупроқлар хисобланади. Картошка оч енгил ўрта қумоқли соз тупроқларда ҳам яхши ҳосил беради.

Картошка учун яхши ўтмишдош экинлар бу карам, бодринг, полиз экинлари, пиёз, илдизмевалар, бошоқли дон хисобланади. Беда кечки картошка учун энг яхши ўтмишдош экин хисобланади. Картошкани такрорий экиш учун эртаги сабзавот ва донли экинлар еғиштирилгандан кейин жойлаштириш мумкин.

Ер тайёрлаш. Такрорий экин сифатида картошка учун ерни тайёрлашда экин қолдиқларидан тозаланиб, органик ва минерал ўғитлар тавсия асосида солиниб, майдонлар кетма-кет 28-32 см. чуқурликда ҳайдалади, ортидан
20-22 см. чуқурликда чизелланади. Бороналаш билан бирга молаланиб КРН-2,8А юмшаткич ёрдамида суғориш эгатлари олинади ва суғорилади. Асосий ер сифатида ажратиб қўйилган ёзги картошка майдонлари 20-25 см. чуқурликда юмшатилиб, кейин борона билан бирга молаланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш ва парваришлаш. Дала қондириб суғорилган майдонларга, ер етилиб экиш механизми кириш мумкин бўлган даврда картошкани СН-4Б русумли мосламада экиш тавсия этилади. Истеъмол учун етиштириладиган картошка туганаклари 70×25-30 см ёки 90×20-25 см схемада экилади.

Майдонлар ниҳоллар тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1-2 марта суғорилади. суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4-6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига тўрсимон бороналар ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга бўлган муҳим тадбир ҳисобланади. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 10-15 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. қатор оралари 15-16 см. чуқурликда, 10-12 см. ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликлар КРН- 2,8 А русумли юмшатгич ёрдамида биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов бериш (биринчисидан кейин) 25-28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади.

Р.Низомов -қ.х.ф.д., 

 Ф.Расулов-қ.х.ф.ф.д.,

                                                                           Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати