QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Илм – ҳаётининг мазмуни эди

  • 07.05.2020

Инсон ҳаётининг илму фанга бахшида бўлганидан мазмунлироқ умр бўлмаса керак. Чунки минглаб юракларга зиё улашиб, элу юртга наф келтиришнинг ўзи бахт. Атоқли олим, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  агроном, академик Шукур Ибрагимов ҳам ана шундай инсонлардан эди. Ҳаёти ва илмий фаолияти давомида юзлаб шогирдларга устозлик қилган олим умрининг ҳар бир кунидан, дақиқасидан самарали фойдаланиб, муайян натижаларни қўлга кирита олди.

   Академик Ш.Ибрагимов 1927 йил 5 мартда Тошкент шахрида таваллуд топган. Тошкент Қишлоқ хўжалиги институтини 1948 йилда муваффақиятли тамомлаб, 1950 йилда Генетика ва физиология институтининг аспирантурасида илм олишни давом эттирган. 1954 йилда “Ғўза илдизининг кўчат сонига ва сув режимига қараб ривожланиши” мавзусидаги номзодлик диссертация ишини, 1974 йилда Ленинград шахрида “Ғўза селекциясида ўсимликнинг ҳар хил ўсиш даврида радиация нурининг таъсирини ўрганиш ва услубларини ишлаб чиқиш” мавзусида докторлик диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Бўлажак академик 1965 йилда Ўзбекистон Пахтачилик илмий текшириш институтининг Марказий селекция станциясига директор этиб тайинланди. 1978 йилда Зайцев номидаги Бутуниттифоқ Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтига директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, 1980-1984 йилларда Союзхлопок илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори муовуни ва 1990 йилда бош директори лавозимларида ишлади.

Ш.Ибрагимов ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг селекцияси, генетикаси, биологияси, уруғчилиги, мутагенези, ғўза агротехникаси соҳасида республикада етакчи йирик олимлардан бири эди. Ғўзани ётиб қолишига қарши тадқиқотлар олиб бориб бир уяда якка ҳолда ўсимликларни сақлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиққан ва бу пахтани машинада териб олиш учун асос бўлиб хизмат қилган. Уруғчиликни яхшилаш, ғўзанинг биологик хусусиятлари ва гамма нурларини чигитга, ғўзанинг ўсишига ва ривожланишига таъсири каби кўплаб муҳим илмий изланишлар олиб борган. Олим томонидан ишлаб чиқилган ўсимликларни ўсиш фазаларида нурлантириш йўли билан бир қатор янги истиқболли ғўза нав ва тизмалари яратилган. Булар қаторида селекция жараёни учун қимматли бошланғич материаллар ҳисобланадиган Мутант-1, Мутант-2, Мутант-3, Мутант-4 шаклларни яратди.

Ш.Ибрагимов ишлаб чиқаришга жорий этилган ва истиқболли ўрта толали Қизил-Ровот, Уйчи-2, Андижон-60, С-7510, С-7512, Оқдарё-6, Хоразм-127, Денов, С-2602, С-2606, ҳамда ингичка толали С-6029, С-6030, С-6037, С-6040, Термиз-14, Термиз-16, Термиз-31 навларини муаллифи ва ҳаммуаллифи ҳисобланади. Ушбу навлар ўз вақтида республика бўйича 500 минг гектаргача майдонни эгаллаган. Термиз-14 ғўза навини яратишда ва агротехникасини ишлаб чиқишда фаол қатнашгани учун 1987 йилда Абу Райхон Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Ш.Ибрагимов томонидан бир қатор жумладан: ғўза чигитларини чириш ва моғорланишига қарши ТМТД препарати республиканинг барча майдонларида қўлланиб келинди. Туксизлантирилган чигитларни солиштирма оғирликлари асосида биологик саралаш услуби экиш сифатини яхшилаш ва уруғ сарфини 2-3 марта камайтириш имконини берди, чигитларни экишдан олдин гамма нурлари таъсирида уларнинг унувчанлиги, мойдорлиги ва ғўза ҳосилдорлигини оширишга эришилди. Ш.Ибрагимов “Ғўзанинг янги шаклларини олиш услуби”, “Ғўзанинг вилтга чидамлилигини аниқлаш услуби”. “Фунгицид”, “Тукли чигитни дрожаллаш усули” каби ихтиролари учун муаллифлик гувоҳномалари олган.

Ш.Ибрагимов илм-фан ва ишлаб чиқариш олдидаги хизматлари учун Ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланган. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном” фахрий унвони, 2 марта “Ҳурмат белгиси” ордени, Ўзбекистон Олий Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари, Халқ хўжалиги кўргазмаларининг 8 та олтин ва кумуш медалларини олишга сазовор бўлган.

 Ўз илмий фаолияти давомида 300 дан ортиқ мақолалар чоп этган. “Ўсимликларни нурлантириш, ғўза мутагенези ва селекцияси”, “Ғўзанинг узоқ шаклларини дурагайлаш, нурлантириш ва рекомбиногенез” ва “Ғўза биологияси” каби монографиялари чоп этилган.  Ш.Ибрагимов раҳбарлигида пахтачиликни турли соҳалари бўйича 15 та фан номзодлари ва 3 фан докторлари тайёрлаган.

 Бугунги кунда Ш.Ибрагимов янги серҳосил, эртапишар сифатли толла берувчи ғўза навларини яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда ғўзанинг ядровий эркак пуштсизлиги аналогларини яратиш, янги жаҳон талабларига биноан тола сифати IV типга мансуб ва тола чиқими 40 фоиздан юқори бўлган янги тезпишар, вилт касаллигининг бир неча ирқларига бардошли бўлган навни яратиш йўналишларида илмий изланишлар олиб бориб, ижобий натижаларга эришди. Кўплаб шогирдларнинг меҳрибон устози бўлган академик Ш. Ибрагимов гарчи бугун орамизда бўлмасада, унинг бой илмий мероси аграр соҳаси илм-фани, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида муносиб ўринга эга бўлиб қолаверади. Унинг ёрқин хотираси фарзандлари, яқинлари билан бир қаторда шогирдлари қалбида мангу яшайди! 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати