QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Ғаллачилик: ҳосил тақдири апрель ойида ҳал этилади

  • 01.04.2020

Ғаллачилик: ҳосил тақдири апрель ойида ҳал этилади

         Бугунги кунда дунёда глобал иқлим ўзгариши ҳамда ривожланган мамлакатларда иктисодий инкирознинг юзага келиши жараёнида ҳар бир мамлакат ўз аҳолисини етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бунда ғаллачиликнинг аҳамияти жуда юқори.

         Республикамизда 2020 йил ҳосили учун 1 млн. 77 минг гектардан зиёд майдонга бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, шундан асосий эрта, мақбул муддатларда экилган ғалла ниҳоллари  найчалаш фазасида ривожланмоқда. Бу йил қиш ойларида қуруқ илиқ келиши, март ойида биринчи ўн кунликда сер ёғин ҳаво ҳароратининг паст келиши кузатилди. Натижада ғаллани озиқлантириш, суғориш ҳамда касалликларга қарши кураш чоралари ҳар йилгига нисбатан 5-10 кун кечикиб амалга оширилмоқда. Апрель ойи ғалла ҳосилининг тақдирини ҳал қиладиган ой ҳисобланиб, бу даврда юқори ҳосил олиш учун зарур бўлган муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли қилиб бажариш лозим.

         Шунинг учун бу ойда баҳорги озиқлантириш ишларини ғалланинг ривожига қараб, мақбул муддатларда экилган, ҳозирги кунда найчалаш фазасида ривожланаётган ғалла майдонларини физик ҳолда 250-300 кг. азотли ўғитлар билан ўғитлаш, ривожи паст, кеч экилган ғалла майдонларида азотли ўғитларни ўзлаштириш ҳолатига қараб икки марта озиқлантириш зарур. Бунда биринчи озиқлантириш гектарига 200-250 кг., 15-20 кун ўтказиб, иккинчи озиқлантиришда гектарига физик ҳолда 100-150 кг. меъёрда ўтказиш тавсия этилади.

         Озиқлантирилган майдонларда минтақанинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб ғаллани 600-700 м3 меъёрда сифатли қилиб суғориш керак. Суғориш ишларини шарбат усулида гектарига 5 тонна махаллий ўғит ҳисобида амалга ошириш ўзининг ижобий самарасини беради.

         Апрель ойида ғалланинг найчалаш даври давом этаётган вақтда поянинг энг пастки қисми бўртиб, шиш ҳосил бўлиши билан бошланади. Мазкур шиш тупроқнинг устки қисмидан 3-5 см. баландликда ривожланади.

Тупроқдаги намлик, озуқа моддаларнинг миқдорига қараб, ҳар бир бўғин ораси узун ёки қисқалиги, найча ичида шаклланаётган бошоқлардаги доннинг сони қанча бўлишини кўрсатади. Кузги буғдойнинг найчалаш даври давомийлиги 25-30 кунни ташкил этади. Шу қисқа даврда буғдой ўсимлиги бутун ўсув даврида тўплайдиган қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди.

Найчалаш фазасида намлик ва озиққа модалар етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир қилади. Шунинг учун апрель ойида ғалла майдонларида намликни чекланган дала нам сиғимига (ЧДНС) нисбатан 70-75 фоиз бўлишини таъминлаш ҳамда азотли ўғитларнинг йиллик меъёрини 40-50 фоизини (физик ҳолда 250-300 кг.) бериш муҳим ҳисобланади.

         Бундан ташқари, ғалла майдонларида суспензия билан ишлов берилганда гектарига 15-20 кг. дан карбамид  300 литр ишчи эритма билан 1-2 марта ишлов бериш ёки ўсимликларни ўсиш ривожалинишини жадалаштирувчи таркибида Гумин кислоталари бўлган биопрепаратлар билан ишлов беришни амалга ошириш тавсия этилади. Баргидан қўшимча озиқлантирилганда айниқса ривожи паст кеч экилган ғалла майдонларда ғалланинг ривожи тезлашади ва маҳсулдор пояларни шаклланишига ижобий таъсир этиб, ҳосилдорлик ортишига олиб келади.

         Ғалла майдонларида зарарли организмларга қарши тўртлик усулида кимёвий препаратлар билан ишлов бериш ишларини амалга ошириш муҳим агротехник тадбирлардан биридир. Бу ойда бошоқли дон экинларининг зараркунанда ҳашаротлардан шиллиққурт, зарарли хасва, буғдой трипси, шира, арракаш кабилар ғаллани зарарлаши давом этади. Шунингдек, йилнинг серёғин, нам келган йилларда ғалланинг замбуруғли касалликларидан сариқ, қўнғир занг, септариоз, ун шудринг ва фузариоз касалликлари ғалла майдонларини зарарлашини инобатга олиб, доимий кузатув ва қарши кураш чораларини эртароқ кўриш керак. Акс ҳолда, бу тадбирларни кечиктирилиши ғалла майдонларида замбуруғли касалликларнинг эпидемияси кучли ривожланиши, атрофга кенг тарқалиши оқибатида доннинг сифати ва ҳосилдорликнинг 25-30 фоизгача пасайишига олиб келади.

         Ғаллазорларда бегона ўтларга қарши курашда бегона ўтларнинг тури ва тарқалишига қараб 5-апрелгача гербицидлар билан ишлов беришни якунлаш лозим. Бу даврдан кечиктирилганда ғалла найчалаш фазасига тўла ўтади ва ғалла ниҳолларида бошоқ шакллантирилаётган бўлиб, бошоққа салбий таъсирини кўрсатиб, уларни шаклланишини 5-10 кунга кечиктирилишига олиб келади.

         Ғалла майдонларида учрайдиган замбуруғли касалликларни олдини олиш ва қарши кураш учун қуйидаги кимёвий препаратлардан жумладан, Топ Кроп гектарига 0,2-0,3 литр, Прозолин 420 к.с гектарига 0,45-0,6 литр, Тилтазол 50% к.к.р гектарига 0,2 литр,  Альто Супер 33% гектарига 0,3 литр, Титул Дуо гектарига 0,2 литр, Энтоликур гектарига 0,3-0,5 литр меъёрда гектарига 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш тавсия этилади.

         Ғаллазордаги ихтисослашган зараркунандаларга қарши, иқтисодий зарари  меъёридан ортиқ бўлса, рухсат этилган кимёвий воситалардан Далатэ Плюс 10% э.к гектарига 0,05-0,4 литр, Агрофос-Д10% к.э гектарига 0,5-1,5 литр, Агрофос Экстра гектарига 0,2 литр, Бестелер гектарига 0,05-0,1 литр, Делцис 2,5% гектарига 0,25 литр, Багира 20% с.э.к гектарига 0,07-0,1 литр препаратлари билан гектарига 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлаш ўзини ижобий самарасини беради.

         Бунда касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг тарқалиш ўчоқларига барча турдаги штангали, ОВХпуркагичлар, қўл аппаратлари билан ўз муддатида, сифатли  ишлов бериш талаб этилади.

         Апрель ойининг учунчи ўн кунлигида эрта экилган, эрта ва ўрта пишар ғалла навларининг аксарияти тўлиқ бошоқлаш ва гуллаш фазасига кириши кўп йиллик тажрибаларда кузатилган. Бу даврда ғалланинг бошоқлаш даврида гектарига физик ҳолда 100-150 кг. азотли ўғитлар билан озиқлантириш, озиқлантирилган майдонларда дала нам сиғимини сақлаш учун 600-650 м3 суғориш ишларини амалга ошириш талаб этилади.

         Ғалла майдонларида юқорида кўрсатилган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилганда ғалладан кутилаётган ҳосилга нисбатан 10-15 центнер қўшимча ҳосил олишга эришилади.

 

Равшанбек СИДДИҚОВ, 
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот
институти директори, қ.х.ф.д., РФА академиги.
Тожидин РАХИМОВ,
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
 
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати