QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Кўчат тайёрлаш – бугуннинг долзарб вазифаси

  • 30.03.2020

                   Кўчат тайёрлаш  – бугуннинг долзарб вазифаси

 

         Республиканинг марказий қисмидаги вилоятларда полиз экинлари уруғларини кичик ҳажмли стаканларга экиш 1-10 мартдан бошланади. Жанубий вилоятларда 10-15 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 10-15 кун кеч бажарилади. Кўчатлар махсус кўчатхоналарда тайёрланади. 

Кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,5 м, кенглиги 1-1,2 м ва узунлиги ихтиёрий равишда ҳандаклар қазилади. Ҳандакларга 15-20 см. қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см. қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб, ҳар 10х10 см. оралиқда тешиб чиқилади.

Кичик ҳажмли стаканларҳ ҳажми 8х8 см. бўлиб, уларга 40% гўнг + 40% тупроқ + 20% ёғоч, шоли қипиғи  аралашмаси солинади. Сўнгра, стаканлар яхшилаб намлаб суғорилади ва 2-3 донадан бир кун ивитилган уруғлар ташланиб,  устидан 2 см қалинликда чиринди солинади.

Кичик хажмли стаканлар қўйилган ҳандакларни устига тол новдалари ёки симлардан тайёрланган ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига қамиш ёки похолдан тўқилган тўшамалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагига ёритгич мосламалари ёки электр иситгичлар билан иситиш ҳам мумкин.      

Уруғ униб чиққунча ҳарорат кундузи 23-25 даража, кечаси 14-15 даража, уруғ униб чиққандан сўнг 18-20 даража  илиқ бўлиши керак. Бунда ўсимлик бақувват бўлиб ўсади. Уруғлар униб чиққандан сўнг 3-4 кунлик кўчатлар 2 донадан қолдирилиб ягана қилинади.

Кўчат ўстирилаётган жараёнда 2 марта минерал ўғитлар эритмаси билан озиқлантирилади. Биринчи озиқлантириш 1-2 та чин барг ҳосил бўлганда 10 л  18 -20 0С ли сувга 5-6 гр. сульфат аммоний, 8-10 гр. суперфосфат, 5-10 гр. хлорли калий аралаштирилиб сепилади.

Орадан 10-12 кун ўтгач 10 л сувга 10-12 гр.сульфат аммоний, 10-15 гр. суперфосфат, 10-15гр. хлорли калий қўшиб иккинчи маротаба озиқлантирилади.

Очиқ далага экишга 1 ҳафта қолганда кўчатхона дарчалари очилиб, ўсимликлар ташқи мухитга чиниқтириб  борилади.

 

 

 

 

                   ЭРТАГИ КАРАМ КЎЧАТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ

 

         Республика марказий қисмидаги вилоятларда карам уруғларини сепиш 10-25 декабрдан бошланади. Жанубий вилоятларда 10-15 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 10-15 кун кеч бажарилади. Кўчатлар махсус кўчатхоналарда тайёрланади. 

Кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,5 м, кенглиги 1-1,2 м ва узунлиги ихтиёрий равишда ҳандаклар қазилади. Ҳандакларга 20 см. қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см. қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб, ҳар 10х10 см. оралиқда тешиб чиқилади. Унинг устига  40% тупроқ+ 40% чириган гўнг + 20% ёғоч, шоли қипиғи ёки қумдан иборат аралашма тайёрланиб, 10 см. қалинликда солинади ва текисланади.

         Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 500 гр. ҳисобида уруғ сепилади. Кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 3-4 гр.  ҳисобида уруғ сепилади. Сепилган уруғлар устига 0,7-1,0 см. қалинликда чиринди ва қипиқ аралашмаси сепиб чиқилади ва сув сепилади. Уруғ сепилган ҳандаклар устига тол новдалари ёки симлардан тайёрланган ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига қамиш ёки похолдан тўқилган тўшамалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагига ёритгич мосламалари билан иситиш ҳам мумкин.      

Уруғлар униб чиққандан  18-20 кун ўтгандан кейин уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда ҳар 10 литр сувга 15-17 гр. аммиак селитраси, 25-30 гр. суперфосфат ва 12-15 гр. калий ўғитлари солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма хар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан 8-10 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори бир ярим маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади.

         Карам  уруғлари сепилгандан тўлиқ униб чиққунча ҳарорат 18-20 даража, майсалар униб чиққандан 4-7 кун давомида 6-10 даража бўлиши лозим. Кейинги даврда ҳаво очиқ кунлари 17-20 даража, булутли кунларда 10-12 даража ва тунда 6-8 даражада бўлиши лозим.

         Кўчатларни ҳар 1м2 майдон ҳисобига 6-7 литр сув билан 8-10 кун оралатиб суғориб турилиши керак.

         Тайёрланаётган кўчатларни  очиқ майдонларга экишдан 12-15 кун олдин уларни ташқи муҳит шароитга ўргатиш ёки чиниқтириш мақсадида аввал иссиқхона эшик ва дарчалари, экишга бир ҳафта қолганда эса иссиқхоналар ён томонларини ҳам очиб қўйилади.

         Тайёр бўлган карам кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 14-16 см. ва улардаги барглар сони 4-5 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

 

                          ПОМИДОР КЎЧАТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ

 

         Республиканинг марказий вилоятларида помидор уруғларини сепиш 10-20 февралдан бошланади. Жанубий вилоятларда 10-15 кун олдин, шимолий вилоятларда  10-15 кун кеч бажарилади. Кўчатларни махсус кўчатхоналарда тайёрланади. 

Кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,5 м., кенглиги 1-1,2 м. ва узунлиги ихтиёрий равишда ҳандаклар қазилади. Ҳандакларга 20 см. қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см. қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб, ҳар 10х10 см. орлиқда тешиб чиқилади. Унинг устига  40% тупроқ+ 40% чириган гўнг + 20% ёғоч, шоли қипиғи ёки қумдан иборат аралашма тайёрланиб 10 см. қалинликда солинади ва текисланади.

         Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 350-400 гр.ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида  ҳар 1 м2 майдонга 10 гр. уруғ, кўчирмай бир ижойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 2,0 гр. ҳисобида уруғ сепилади. Сепилган уруғлар устига 0,7-1,0 см. қалинликда чиринди ва қипиқ аралашмаси сепиб чиқилади ва сув сепилади. Уруғ сепилган ҳандакларни устига тол новдалари ёки симлардан тайёрланган ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига қамиш ёки похолдан тўқилган тўшмалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагига ёритгич мосламалари билан иситиш хам мумкин.      

Кўчатларни кўчириб ўтказиш усулида уруғлар ердан униб чиқгач 2-3 тадан чин барги пайдо бўлган даврида  уларни озиқа майдони кенгайтирилиб 5х5 см. оралиқда кўчириб экиб парваришланади. Кўчириб экилган ниҳоллар тутиб олгач, орадан 12-14 кун ўтгандан кейин уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда хар 10 литр сувга 13-15 грамм аммиак селитраси, 18-20 грамм суперфосфат ва 15-20 грамм калий ўғитлари солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма хар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан 15-18 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори икки маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади.

         Помидор кўчатларини етиштириш даврида иссиқхона ҳаво харорати очиқ кунларда 20-25 даража, булутли кунларда 15-18 даража ва тунда 13-15 даражада бўлиши лозим.

         Кўчатларни хар 1м2 майдон ҳисобига 6-7 литр сув билан 8-10 кун оралатиб суғориб турилиши керак.

         Тайёрланаётган кўчатларни  очиқ майдонларга экишдан 12-15 кун олдин уларни ташқи муҳит шароитга ўргатиш ёки чиниқтириш мақсадида аввал иссиқхона эшик ва дарчалари, экишга бир хафта қолганда эса иссиқхоналар ён томонларини ҳам очиб қўйилади.

         Тайёр бўлган помидор кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см дан ва улардаги барглари сони 6-8 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

ШИРИН ҚАЛАМПИР ВА БАҚЛАЖОН КЎЧАТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ

 

         Республиканинг марказий вилоятларида ширин қалампир ва бақлажон уруғларини сепиш 1-10 февралдан бошланади. Жанубий вилоятларда 10-15 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 10-15 кун кеч бажарилади. Кўчатларни махсус кўчатхоналарда тайёрланади. 

Кўчатларни етиштириш учун чуқурлиги 0,5 м, кенглиги  эса 1-1,2 м ва узунлиги ихтиёрий равишда хандаклар қазилади. Ҳандакларга 20 см.қалинликда чиримаган гўнг, унинг устига 20 см. қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб хар 10х10 см. оралиқда тешиб чиқилади. Унинг устига  40% тупроқ+ 40% чириган гўнг + 20% ёғоч, шоли қипиғи ёки қумдан иборат аралашма тайёрланиб 10 см. қалинликда солинади ва текисланади.

         Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 600 гр. ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида  ҳар 1 м2 майдонга 15-20 гр. уруғ, кўчирмай бир ижойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сепилади. Сепилган уруғлар устига 0,7-1,0 см қалинликда чиринди ва қипиқ аралашмаси сепиб чиқилади ва сув сепилади. Уруғ сепилган ҳандакларни устига тол новдалари ёки симлардан тайёрланган ёйлар қадаб чиқилади ва полиэтилен плёнка билан ёпилади. Иссиқликни сақлаш учун 2 қаватли термос шаклида ёки плёнка устига қамиш ёки похолдан тўқилган тўшмалар ёпиш мумкин. Плёнка қопламалари тагига ёритқич мосламалари билан иситиш хам мумкин.      

Кўчатларни кўчириб ўтказиш усулида уруғлар ердан униб чиқгач 2-3 тадан чин барги пайдо бўлган даврида  уларни озиқа майдони кенгайтирилиб 5х6 см. оралиқда кўчириб экиб парваришланади. Кўчириб экилган ниҳоллар тутиб олгач орадан 10-12 кун ўтгандан кейин уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда ҳар 10 литр сувга 12-15 гр. аммиак селитраси, 20-25 гр. суперфосфат ва 12-15 гр. калий ўғитлари солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма ҳар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан бир ҳафта олдин  амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори бир ярим маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади.

         Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини етиштириш даврида иссиқхона ҳаво харорати очиқ кунларда 22-25 даража, булутли кунларда 18-20 даража ва тунда 15-18 даража иссиқ бўлиши лозим.

         Кўчатларни хар 1м2 майдон ҳисобига 5-6 литр сув билан 7-8 кун оралатиб суғориб турилиши керак.

         Тайёрланаётган кўчатларни  очиқ майдонларга экишдан 12-15 кун олдин уларни ташқи муҳит шароитга ўргатиш ёки чиниқтириш мақсадида аввал иссиқхона эшик ва дарчалари, экишга бир хафта қолганда эса иссиқхона ён томонларини ҳам очиб қўйилади.

         Тайёр бўлган ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см. дан ва улардаги барглари сони 5-6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати