QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Ғалладан мўл ҳосил яратишга имконият етарли

  • 24.03.2020

Ғалладан мўл ҳосил яратишга имконият етарли

Қиш мавсумининг илиқ келишига қарамай республикамизнинг айрим минтақалари далаларида ғалла ривожи орқада, туплаш даражаси пастлиги кузатилмоқда. Ривожи паст бўлган яхши тупламаган ғалла майдонларида бегона ўтларни кўпайиши ҳамда касалликлар ва зараркунандаларни ривожланиши кучайиб, ҳосилдорликка жиддий зарар келтириши кўп йиллик амалиётда кузатилган. Ривожланиши орқада бўлган, яъни кечки муддатларда экилган ғалла майдонларда туплаш жараёни об-ҳаво ва тупроқ ҳароратига қараб март ойининг иккинчи ўн кунлигига қадар давом этиши мумкин.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб қуйидаги агротехник ишларни амалга ошириш зарур:

1. Мутахассислар томонидан ҳар бир ғалла майдонларидаги экилган ғалланинг ўсиш ва ривожланиши бўйича мониторинг ўтказиш лозим. Аниқ хулосалар асосида ғаллани баҳорги озиқлантиришдан ташқари қўшимча ишлов бериш баргдан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, шарбат усулида суғориш, таркибида микроэлементлар ҳамда гумин кислоталарга эга бўлган биопрепаратларни қўллаш каби агротехника тадбирларини олиб бориш самарали ҳисобланади.

2.  Март ойида ғалла майдонларига минерал ўғит, суспензиясини сепиш ўсимликларнинг ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Шунга асосан март ойи давомида суспензиялаш тадбирини 2 марта ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Суспензия учун эритма тайёрлашда ғалланинг туплаш даври учун           10 кг, найчалаш даврида эса 12 кг карбамид минерал ўғитини 300 литр сувда эритилган ҳолда махсус пуркагич механизмлар ёрдамида ғалла майдонларига сепилади.

Бунда ғалла ўсимлиги илдизидан оладиган озиқа элементларидан  ташқари, баргдан озиқлантирилиши натижасида ўсимликнинг барг сатҳини қалинлашиши ҳисобига ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошиши билан бирга баргдаги фотосинтез жараёни яхшиланади. Ўсимлик баргида ҳосил бўладиган органик модданинг кўпайиши  натижасида ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиши тезлашади.

3. Ғаллачиликдаги энг муҳим агротехник тадбирларидан бири бу ғалла майдонларида баҳорги азотли ўғитлар билан навбатдаги иккинчи озиқлантиришни амалга ошириш ҳисобланади. Март ойида ғалла туплаш жараёнидан найчалашга ўтади. Кузги буғдойнинг найчалаш фазасида ўсимликнинг вегетатив органлари, энг асосийси поялар сонининг кўпайиши ҳисобига азотли ўғитга бўлган талаби энг юқори даражада бўлади.

Шундан келиб чиқиб, бу даврда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг           40 фоизини, яъни физик холда аммиакли селитра ҳисобида гектарига            300-320 кг. меъёрда берилиши тавсия этилади. 

4. Ўсимликнинг найлаш даврида маҳсулдор поялар, поялар ичида бошоқлар шаклланади. Найчалаш фазасининг давомийлиги 25-30 кунни ташкил этади. Бошоқли дон экинлари бу фазада бутун ўсув даври давомида тўплайдиган қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди. Ғалланинг найчалаш фазасида намлик ва озуқанинг етишмаслиги олинадиган ҳосилдорликка ўз салбий таъсирини кўрсатади.

Ҳар бир озиқлантириш ўтказилган ғалла майдонларига тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир минтақалар шароитидан келиб чиқиб гектарига 600-700м3 меъёрда суғориш ишларини ўтказиб, чекланган дала нам сиғимини 70-75-70% бўлишини таъминлаш зарур.

Суғориш ишларини маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

5. Ғалла майдонларининг бегона ўтдан кучли зарарланадиган, ғалла ўрнига 2-йил ғалла экилган майдонларда март ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб, об-ҳаво ҳароратига қараб (ҳаво ҳарорати 12 даражадан кўтарилгандан бошлаб) тавсия этилган гербицидлар билан уларга қарши дастлабки ишлов бериш бошланади. Бу даврда зарарли хасва тарқаладиган ва занг касаллигининг ўчоқлари бўлган майдонларда биринчи навбатда профилактика ишловини уйғунлашган холда ўтказилиши зарарли хасва ва занг касаллигининг кенг тарқалишини олди олинади.

Ғалла майдонлари озиқлантирилиб, суғорилгандан кейин ғалла ўсимлиги билан бир вақтда бегона ўтларнинг бир ва икки йиллик турлари (жағ-жағ, бурган, шўра, олабута, бангидевона, қўйтикан, итузум, мачин, сутлама, райграс, тулкидум, ёввойи сули ва бошқа) ўсиб ривожланади.

Ғаллазорлардаги бегона ўтлар ғаллага берилган минерал ўғитларни, сувни, ғалла нихолларига тушаётган ёруғликни тенгма-тенг, айрим холларда кўпроқ ҳам истеъмол қилиши ҳисобига, ғалладан олинадиган дон ҳосилини камайиши, унинг сифатига салбий таъсир кўрсатиши олиб борилган кўп йиллик тажриба натижаларида ўз исботини топган.

Шунинг учун бегона ўтлар ривожланган ғалла майдонларида уларнинг тури ва сонига қараб бир йиллик икки паллали бегона ўтларга Гранстар ДФ 75% (15-20 г/га), Реситал 75% (15-20 г/га), Опус (15-20 г/га), Химби 24% (0,15-0,2 л/га), бир йиллик бир паллали бошоқли бегона ўтларга қарши Топик 8% (0,3-0,4л/га), Атлантис 3% (250-300 г/га), Атлантис Стар 25% (0,2-0,3 кг/га), Клодимекс 8% (0,3-0,4 л/га), Топ-Дим 8% (0,3-0,4 л/га), кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга Гранстар Плюс 75% (30 г/га), Энтостар Плюс 75% (30 г/га), Химране (0,375-0,5 л/га), Старане 200, 20% (0,75-0,1 л/га) каби гербицидларнинг биридан фойдаланиш тавсия этилади.

6. Республикамизда бу йил қиш ойларини илиқ келганлиги ва баҳор мавсумини серёғин бўлиши кутилаётганлиги сабабли ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар сариқ ва қўғир занг, септариоз, ун шудринг, фузариоз каби касалликлар кенг тарқалиши башарот қилинмоқда.

Сариқ занг ва бошқа замбуруғли касалликлар Республикамизнинг жанубий минтақаларида март ойининг биринчи ўн кунлигида, қолган минтақаларда  иккинчи ўн кунликда пайдо бўлиш эхтимоли бор. Шунинг учун фунгицид ва уни сепиш мослама аппаратларини ишлашга шай қилиб, яна бир маротаба синовлардан ўтказиш зарур.

Ғалла майдонларидаги касалликларни олдини олиш ёки бўлмаса касаллик тарқалиш хавфи бўлган майдонларга Давлат кимё комиссияси рўйхатидан ўтган фунгицидлар Альто Супер 33% (0,3 л/га), Бампер 25% (0,5 л/га), Энтоликур 22,5% (0,3-0,5 л/га), Титул Дуо (0,2 л/га), Аканто Плюс 28% (0,3-0,5 л/га), Крест 25% (0,5 л/га), Дуазол (0,2 л/га), Файтер 33% (0,3 л/га), Тебумекс Плюс 22,5% (0,3-0,5 л/га) билан 200-300 литр ишчи эритма сарфлаган холда ишлов бериш яхши самара беради.

7. Бошоқли дон экинларни зараркунанда ҳашаротлар зарарли хасва, шиллиқ қурт (пявица), арракаш, шира ва трипс каби хашаротларга қарши ишлов беришда инсектицидлардан Далатэ 5% (0,15-0,2 л/га), Агрофос-Д 55% (0,5 л/га), Багира 20% (0,2-0,3 л/га), Бестсллер 20% (0,05-0,075 л/га), Далметрин 10% (0,06-0,08 л/га), Децис 2,5% (0,25 л/га) препаратлар билан ишлов бериш тавсия этилади.

Юқорида келтирилган агротехника чора-тадбирлар республиканинг ҳар бир минтақаси тупроқ-иқлим шароити ва ғалланинг ривожланиш фазаларига ҳамда бегона ўтларни униб чиқиш даврига қараб 5-10 кун олдин ёки кейин амалга оширилиши мумкин.

Бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштиришда юқоридаги тавсиялар асосида белгиланган агротехника чора-тадбирларни ўз муддатларида сифатли бажарилишини таъминлаш талаб этилади.

 

Р. СИДДИҚОВ.

ДДЭИТИ директори,

РА академиги.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати