QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Кутубхоналар зиё масканидир

  • 17.02.2020

Кутубхоналар зиё масканидир

Маълумки, кутубхоналар қадимдан зиё маскани бўлиб келган. Шу боис зиёли инсонлар кутубхонани нурхонага қиёслашади. Зотан зиёга ташна бўлган адабиёт ихлосмандлари ва илм толибларининг қадами бу даргоҳдан узилмайди.

Тараққиёт шиддат билан одимлар экан, зиё масканлари бўлган кутубхоналарда ҳам ишни янгича ташкил қилиш ва илғор ахборот-технологияларидан фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бу борада мамлакатимизда дастлабки қадамлар ташланганига ҳам анча бўлди.

Бугун Республика илмий қишлоқ хўжалиги кутубхонасида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам ана шу мавзуга бағишланди.

 

Давра суҳбатида кутубхоналарни замонавийлаштириш борасида катта тажрибага эга бўлган  Россиянинг IDlogic компанияси бош директори Сергей Никулин иштирок этиб, иштирокчиларга бугунги замонавий технологияларни соҳада қўллаш ва ўз компанияси томонидан бу борада амалга ошираётган ишлар хусусида гапириб берди.

 – Компаниямиз 16 йилдан ортиқ вақтдан буён кутубхоналарни замонавийлаштириш, янги дастурларни жорий қилишда муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда. Мутахассисларимиз тизимларни интеграциялаш бўйича катта тажрибага эга. Шу боис Россиянинг турли шаҳарларидаги 250 дан ортиқ кутубхоналар бизнинг хизматимиздан фойдаланмоқда. Шу кунларда Ўзбекистондаги бир нечта кутубхонларга хизмат кўрсатиш бўйича келишувга эришдик, – деди IDlogic компанияси бош директори Сергей Никулин.

– Мамлакатимизда  2020  йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили, деб эълон қилинди. Рақамли иқтисодиёт бу иқтисодий, ижтимоий ва бошқа алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими эканлигини бугун яхши биламиз, албатта. Жорий йилда мамлакатимизда бу борада катта ишлар амалга оширилади. Шу сабабли биз ҳам кутубхонамизда рақамли иқтисодиётга асосланган замонавий технологияларни жорий этишни режалаштирдик, – дейди Республика илмий қишлоқ хўжалиги кутубхонаси раҳбари Муқаддас Абдулхаева.

 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Республика илмий қишлоқ хўжалиги кутубхонаси фондида 540 минг илмий адабиётлар мавжуд бўлиб, кутубхонада Россия Давлат кутубхонасининг виртуал ўқув зали базасидаги қишлоқ хўжалигига оид маълумотлар ва диссертациялардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати