QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Комбайнларни таъмирлаш олдидан нималарга эътибор бериш керак?

  • 14.02.2020

Комбайнлар таъмир олдидан

Бу тадбир қандай амалга оширилади?

Туманлардаги “Агросервис МТП” устахоналарида “Кейс-2166”, “Доминатор-130”, “Вектор” каби ғалла комбайнларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу ишларда қатнашаётган чилангарлар, комбайнчилар, техник ва муҳандислар ғалла комбайнининг улкан ва сирли “завод” эканлигини унутмасликлари керак. Зеро, комбайн даладаги ғалла пояларини ўриб олади, бошоқлардаги донни шикастламай янчиб беради, донни сомондан ажратади, донни бункерга йиғиб, сомонни уюмлаб кетади. Мазкур жараёнларнинг сифатли бажарилишига тегишли қисм ва механизмларни юқори техник ҳолатда ушлаб туриш орқали эришилади.

Комбайннинг техник ҳолати унинг таъмирланиш сифатига, бу эса ўз навбатида устахонага олиб келинган носоз комбайнга тўғри ташхис қўйишга боғлиқ. Бундан кўзланган асосий мақсад, таъмирлашни талаб қилмайдиган (соз), таъмирталаб (носоз) ва бутунлай яроқсиз детал ва узелларни аниқлаш, уларнинг техник ҳолатини баҳолаш, носозликларини икки – мукаммал ва жорий таъмирлатиб – гуруҳга ажратишдан иборат. Бу ишлар муайян тартибда амалга оширилади.

Занжирлар ва тасмалар. Занжир пластиналари ва втулкаларида эзилган жойлар ва ёриқлар бўлишига йўл қўйилмайди. Занжир қадами КИ-6814 асбоби ва ШЦ-II-400-01 штангенциркул билан ўлчанади, қадам ошиб кетган бўлса, занжирдан бир ёки икки звено олиб ташланади, бу ҳам наф бермаса, янгисига алмаштирилади. Понасимон, текис ва тишли тасмаларда ёриқлар, қатламларга ажралган кордлар, шишлар, бурмалар бўлмаслиги керак. Сиртлари ялтираб едирилиб кетган, иплари очилиб қолган ва таранглашга захираси қолмаган (ортиқча чўзилиб кетган) тасмалар алмаштирилади.

Юлдузчалар ва шкивлар. Юлдузча тишларида синган, эзилган ва тўла ейилган жойлар бўлмаслиги керак. Тишлари синган юлдузчалар алмаштирилади. Тишларнинг ейилиш даражаси калибрлар ва шаблонлар ёрдамида баҳоланади. Агар калибр икки ёнма ён тиш орасига эркин кириб борса, бундай юлдузчани алмаштириш зарур. Шкивларда синган ва қаттиқ деформацияланган бортлар бўлишига йўл қўйилмайди.

Шкив ёки юлдузчани қўлда у ёки бу томонга кескин айлантиринг! Шпонкали бирикмада тирқиш кенглигини ва шпонкалар қирраларини текширинг, тирқиш катталашган ҳолда ариқчаларга суюқ металл қоплаб уни торайтириш лозим бўлади.

Подшипникли бирикмалар ва валлар. Бунда аввало, подшипник корпуси ва зичлагичи текширилади. Корпусда ёриқлар бўлмаслиги керак. Зичлагичдан мой сизиб чиқаётган бўлса, подшипникни очинг ва сепараторлар, соққалар, айланиш йўлларини кўздан кечиринг! Агар металл сиртида чарчаганлик ранги, ёриқлар, едиришлар, ишчи юзаларни эзилиши топилса, подшипник алмашади. Агар бу деталлар соз бўлса, фақат мойни қўйиб юборадиган зичлагичгина алмаштирилади. Подшипник втулкаси тортилган, валга маҳкам шплинтланган бўлиши лозим.

Вал енгил, қадалишларсиз ҳаракатланиши керак. Валнинг учига ўрнатилган шкив ёки юлдузчани икки қўллаб кескин кўтарганда подшипникли бирикмада тирқиш сезилса, унинг қийматини КИ-1871.02 мослама ёрдамида ўлчанг! Бу қиймат рухсат этилганидан ошмаслиги даркор.

Шкив бортларининг ёнлама тепиши индикатор билан ўлчанади. Унинг қиймати 1-3 мм. дан ошмаслиги лозим. Агар ошса, шкивни ечиб олиб, валнинг тепиши текширилади. Вал эгилган бўлса тўғриланади, тепиш бунда ҳам йўқолмаса, шкив алмаштирилади.

Сақловчи муфталар. Бунда ҳам едирилган ва эзилган муфталар таъмирланади. Сақловчи муфтани текшириш учун вал тормозланади, шкив ёки юлдузчага махсус ОПР-484-20 ричагли мослама ёрдамида энг юқори айлантирувчи момент берилади. Бунда шкив ёки юлдузча айланиб кетса, муфта деталлари текширувдан ўтказилади, аниқланган носозликлар бартараф этилади.

Қирқиш аппарати ва узатмаси. Деталларда, айниқса сегмент пичоқларда синишлар, ёриқлар бўлмаслиги керак. Пичоқ суянчиғининг кенглиги энг камида 17 мм. бўлиши лозим. Бармоқ вкладиши ва пичоқ каллаги орасидаги тирқиш кенглиги 3,25 мм. дан катта бўлса, брусдаги қистирмалар сонини камайтириш билан торайтирилади. Пичоқнинг тебраниш қадами 72,5 мм. дан катта ёки кичик бўлса узатма ростланади.

Шатун ва кривошип вали подшипникларидаги тирқиш кенглиги 0,2 мм., коромислода 0,8 мм., карданли вал вилкасида 0,3 мм. дан ошмаслиги зарур.

Мотовило. Трубалар, планкалар, тортқилар, ёйлар, подшипниклар, дискалар деформациясиз ва ёриқларсиз бўлиши даркор. Айланиш вариатори пастки шкивининг гупчаги ва цилиндри орасидаги тирқиш 0,5 мм. дан, етакловчи диск гупчаги ва цапфаси орасидаги тирқиш 0,7 мм. дан ошмаслиги керак. Бу қийматлар индикатор билан ўлчанади.

Жатка шнеги. Винтсимон лента, кожухлар,  бармоқлар ғилофи деформацияланганда, бармоқлар, втулкалар, маҳкамловчи деталлар синганда шнек қайта таъмирланади. Бармоқлар ғилоф тешикларига эркин кириб чиқиши керак, ўқи атрофида айланиши мумкин эмас. Ғилоф сирти ва шнек трубаси орасидаги тирқиш кенглиги 0,7 мм. дан ошганда ғилоф янгиланади.

Қия камера. Таглик лист оралиқ шитоги, юқори ва пастки қопқоқлар ёрилганда ва узилганда, занжир йўналтиргичлари ейилганда камера таъмирланади. Шкив, юлдузча, занжирлар, подшипниклар, планкалар, пружиналардаги нуқсонлар бартараф этилади.

Янчиш аппарати. Дон савағичлар, уларни барабан (ротор) дискларига маҳкамловчи болтлар, барча битерлар ва шитоклар текширилади. Савағич қовурғаларининг баландлиги 6 мм. дан кам бўлмаслиги лозим. Савағичлар маҳкамлигини болға билан енгил уриб текширса бўлади. Қалтироқ овоз болтларнинг бўшаганидан далолатдир. Барабан валига ҳаракат берувчи шкив гупчагидаги шпонкали бирикмада тирқиш сезилмаслиги лозим. Барабан (ротор) рамага тўғри ўрнатилиши керак. Агар барабан савағичлари билан барабан остлиги (дека) планкалари орасидаги тирқишлар бирдай бўлса, бу талаб бажарилган ҳисобланади.

Дон тозалаш механизмлари. Бунда эса тебранма доска, сомонсилкитгич, юқори ва пастки ғалвирлар, бармоқлар, юқоридаги ғалвир узайтиргичи, вентилятор, тебрантирувчи валлар деталларининг техник ҳолати текширилади. Қадалиб ишлаётган подшипниклар, синган ёки эзилган жалюзалар, бармоқлар, эгилган узайтиргичлар алмаштирилади. Тебранма доска, сомонсилкитгич ва ғалвирлар иш жараёнида бир-бирига ва рама корпусига тегмасдан ишлаши керак.

Шнеклар, элеваторлар. Винтсимон ленталар ва кожухалар узилганда ёки эзилганда, валлар эгилганда шнеклар таъмирланади. Корпуслари эзилган, ёрилган, доскалари едирилган элеваторлар носоз деб баҳоланади.Элеватор занжири ва юлдузчаси текширилади. Резина қирғичларда учган ва титилган жойлар бўлмаслиги керак. Кожухи тешилган, ёрилган, парраклари синган вентилятор таъмирланади ёки алмаштирилади. Парраклар ва  кожух орасидаги тирқиш бир хил бўлиши лозим. Энг асосийси, шнек ва элеваторлардан дон ва бошоқ тўкилмаслиги даркор.

Юриш қисми. Вариатор гупчаклари орасидаги тирқиш кенглиги 0,5 мм. дан катталашса у таъмирланади. Узатмалар бир-бирига қийин қўшилса ёки ўз-ўзидан ажралса, илашиш муфтаси силтов билан уланса ёки шатаксираса, корпусда ёриқлар бўлса узатма қутиси ва муфта таъмирга тортилади. Тишлари синган ёки едирилган шестернялар носоз деб топилади. Ҳаракат давомида тормоз барабанлари ўз-ўзидан қизиб кетаверса ёки комбайн зарб билан тўхтаса ғилдираклар тормозларини таъмирлаш талаб этилади. Пайванд чокларида ёриқлар пайдо бўлган, кронштейнлари узилган, дифференциал ва борт редукторлари корпуслари дарз кетган, шестернялари едирилган орқа ва олд кўприклар таъмирланади.

Гидравлик тизими. Шланг ва қувурлардан суюқлик томчиласа, бирикмалар тортилади, шунда ҳам тўхтамаса, алмаштирилади. Мой тақсимлагич ва гидроцилиндрлар равон қўшилиши ва ажраши лозим. Жатка 4 сония ичида тепага кўтарилиши керак.

Тақсимлагич дастаги пружина таъсирида ишчи ҳолатдан нейтрал ҳолатга автоматик равишда қайтиши даркор. Дастакка қўйиладиган энг катта куч – 6 кгк. Агар гидробачокда мой кўпикласа гидроцилиндрлар штуцерлари гайкалари 1,5–2 оборотга бўшатилади ва тизимдан ҳаво чиқариб юборилади.

Барча носослар КИ–4200 стендда текширилади. Зарур бўлса ейилган таркибий қисмлар янгиларига алмаштирилади.

Шуни унутмаслик лозимки, комбайнларга тўғри ташхис қўйиш таъмирлаш сифати, муддати ва харажатларига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан биридир.

М.ТОШБОЛТАЕВ,

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари,

техника фанлари доктори, профессор.