QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси тасдиқланди

  • 24.10.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 23 октябрда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Қайд этиш керак, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинаётган бўлсада, соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган Cтратегия бугунги кунга қадар мавжуд эмас эди. Ҳар бир соҳа каби аграр тармоқни ҳам аниқ стратегиясиз ривожлантиришни тасаввур этиш қийин.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан республиканинг манфаатдор вазирликлари мутахассислари, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи делегацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Стратегияни ҳақиқатан ҳам инқилобий ҳужжат деб аташ мумкин. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида туб бурилиш ясаши кутилаётган мазкур Стратегияда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш; соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш; табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш; тармоқни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш; қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш; қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш; тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш каби мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди.

– Биз Стратегияда белгилаб берилган ислоҳотларни амалга ошириш учун 10 йил вақтни олдик, аммо бу ўзгаришлар муҳим аҳамиятга эга бўлишига ҳамда соҳани қудратли иқтисодий, стратегик ривожлантириш учун имконият ва истиқболларни очишига аминмиз, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Хусусан, Стратегиянинг ҳар бир устувор йўналиши мавжуд вазиятни, тўсиқлар ва имкониятларни, шунингдек асосий вазифаларни тавсифлайди. Стратегияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да соҳани ислоҳ қилиш режасини, уларнинг масъул ижрочилари ва аниқ муддатлари белгилаб берилган. Стратегиянинг аниқ мақсад ва вазифаларини амалга оширишда индикатив бюджет, шунингдек, унинг натижаларини баҳоловчи 37 та кўрсаткич ва индикаторлар назарда тутилган.

Хўш, Стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш орқали қандай мақсад, натижаларга эришилади? Алоҳида қайд этиш керак, эришиладиган натижалар салмоғи шу қадар улканки, биз улардан айримларинигина санаб ўтамиз. Жумладан: ер ажратиш ва уни олиб қўйишни электрон шаклда амалга ошириш бўйича шаффоф тизим яратилади, коррупция ва бошқа субъектив ҳолатларнинг олди олинади, ердан фойдаланувчилар ҳуқуқларини кафолатлайдиган тизим жорий этилади; қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар томонидан бозор талабидан келиб чиқиб юқори даромадли қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш ҳисобига иқтисодий жиҳатдан самарали фаолият юритиши таъминланади; давлат хариди учун маҳсулот етказиб бериш ва уни молиялаштириш тизими бозор механизмлари асосида тубдан такомиллаштирилади. Бунда собиқ иттифоқ давридан қолган давлат буюртмаси тизими ўрнига бозор муносабатларига мос бўлган интервенцион харидлар жорий этилади; ҳудудлар ихтисослаштирилади, бир жойда бир хил маҳсулотларни етиштириш, агроинновацион ғояларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга шароит яратилади; фермер хўжаликлари фаолиятига илм-фан ютуқларини, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда малакали мутахассислар билан таъминлашнинг самарали механизмлари орқали илм ва амалиётнинг узвий боғлиқлиги таъминланади; соҳада рақамли технологядарни қўллаш орқали мавжуд ресурслардан фойдаланиш ҳолати ҳамда етиштирилаётган маҳсулотларни аниқ статистикасини юритишда шаффоф тизим яратилади.

Президент Фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тасдиқланди ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ва белгиланган индикаторларга эришиш устидан доимий равишда мониторинг олиб боради. Стратегия ва «Йўл харита»сини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ва ўз муддатида ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.