QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


“Нурафшон” – ғаллачиликда янги, маҳаллий нав

  • 12.10.2019

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ғаллачиликнинг ўрни беқиёс. Негаки, инсоният қадимдан донга тўйимли озуқа манбаи сифатида қараб келган. Шу боис, бутун дунё олимлари дончиликни ривожлантириш ва ҳосилдор навлар яратиш устида тинимсиз тадқиқотлар олиб боришади.  Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг бир гуруҳ олимлари томонидан буғдойнинг янги “Нурафшон” нави яратилгани ғаллакорларимиз учун хайрли янгиликдир.

– Ғаллакорларимиз томонидан ушбу маҳаллий нав эътироф этилишига шубҳамиз йўқ – дейди нав муаллифларидан, Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сафар Алиқулов. – Янги буғдой нави Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида яратилиб, унинг қурғоқчилик ва иссиқликка чидамлилиги Дон дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали тажриба майдонларидаа синалган бўлса, ғалладошлар учун энг хавфли бўлган занг касаллигига чидамлилиги ўзимизнинг илмий муассаса тажриба даламизда синовдан муваффақиятли ўтди. 2018 йилда Давлат нав синаш комиссиясининг Тошкент вилоятидаги тажриба майдонларида синовдан муваффақиятли ўтди. Айни кунда Қашқадарё вилоятининг бир қатор туманларида ҳам синовдан ўтказиш учун парвариш қилинаётир.

Мазкур нав биологик кузги юмшоқ буғдой бўлиб, республикамизнинг Тошкент Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги суғориладиган ерларида кузги муддатда экиш учун тавсия қилинган. Умумий тавсифи қуйидагича: ўсимлик ўрта бўйли 90-100 см. Маҳсулдор тупланиш (3-4) ва бошоқ зичлиги юқори. Бошоғи цилиндрсимон, зич, ўртача узунликда. Қилтиқсимон ўсимталари қисқа. Бошоқча қипиқлари елкаси тўғри, ўртача кенгликда, тишчалари қисқа, тўмтоқ. Дони тухумсимон, йирик, дон чоки чуқур эмас. Битта бошоқдаги дон сони 54 та, оғирлиги 2.3 г, 1000 дона дон вазни 40,1-42,9 г ни ташкил этади. Нав ўрта пишар бўлиб, Тошкент вилояти шароитида 208-215 кунда пишиб етилади. Сариқ ва қўнғир занг ҳамда ун шудринг касалликларига чидамли. чанг қоракуя касалликларига ўртача чидамли. Ётиб қолишга чидамлилиги юқори, иссиқликка, совуққа, ва шўрга ўртача чидамли. Ҳосилдорлиги 55 – 60 ц/га. Дон сифати юқори. Оқсил миқдори 15.4 фоиз, клейковина миқдори 29.5 фоиз, дон натураси эса 802 г/ли ни ташкил этади. Унидан нон чиқиш сифати юқори. Экиш муддати Тошкент вилояти шароитида мақбул муддат 10 октябрдан 20 октябргача ҳисобланади. Экиш меъёри оптимал муддатда гектарига 220 кг, кечки муддатда экилганда 250 кг гача уруғлик дон экиш тавсия қилинади. Суғориш меъёри вегетация давомида 4 марта суғориш тавия этилади.

 Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати