QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Жамшид Ходжаев: 9 та устувор йўналишлар бўйича 30 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади

  • 06.08.2019

Жорий йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида Мамлакатда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлиги ва истиқболдаги вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев маъруза қилди. 

2.JPG

Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизимига ўтиш, улар фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республика бўйича мева-сабзавотчиликка ихтисослашган жами 47 та кластер ташкил этилиб, уларга 13,5 минг гектар ер майдони ажратиб берилган. Кластерлар ихтиёрида 15,9 минг тонна сиғимидаги музлаткич омборхоналар, 7810 тонна саралаш, 800 тонна калибрлаш, 4 та замонавий лаборатория, 119,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, 23201 тонна мева-сабзавотни саралаб-қадоқлаш цехлари мавжуд бўлиб, 1046 доимий, 1085 та мавсумий иш ўринлари ташкил этилган. Кластерлар томонидан жорий йилда 127 млн. 262 минг АҚШ доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш белгиланган бўлиб, шундан 1 августга қадар 7 млн. 293 минг АҚШ долларлик экспорт ишлари амалга оширилган.

Вазир Жамшид Ходжаев қайд этганидек, ҳозирги кунда вазирлик томонидан “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бу соҳада амалдаги процессуал механизмларни ислоҳ қилиш имкониятлари таҳлил қилинмоқда. Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2019-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда. Стратегия ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” лойиҳасида белгилаб олинган 9 та устивор йўналишлар бўйича 30 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Жумладан, минимал экологик стандарт ва талабларни жорий этиш бўйича Қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиётини тўғри юритиш тизимини (GAEP) ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер майдонларини ажратиш механизмини соддалаштириш, ерга бўлган ижара ҳуқуқини ҳимоялаш ва уни гаров сифатида фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, иккиламчи ижара механизмини жорий этиш, давлат хариди учун маҳсулот етиштиришни молиялаштириш тартибини такомиллаштириш ва нарх белгилаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш, озиқ-оқвқат маҳсулотлари бозорида давлат интервенцияларини қўллаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳуқуқий базани яратиш белгиланган.

3.JPG

Ахборотда таъкидланганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорликда агрологистика комплекслари ва марказларида халқаро савдо операторлари томонидан халқаро стандартлар талабларига жавоб берувчи қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда комплекс хизмат кўрсатиш мақсадида «Global GAP», «Organic», «Halal», «HACCP», «ISO 22000» халқаро стандартлар талабларини кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда агрокластерларда жорий қилиш бўйича муайян амалий ишларни олиб борди. Бундан ташқари, кластерлар томонидан замонавий агротехнологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Андижон, Наманган, Навоий, Самарқанд Сурхондарё вилоятларидаги бир қатор фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш орқали мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилиши натижасида ўсимликнинг ўсиши учун етарли миқдордаги сув бир меъёрда етказилишига, меҳнат сарфи уч мартагача, минерал ўғитлар 40 фоизгача тежалишига, ҳосилдорлик 70 центнергача ошишига эришилмоқда.

4.JPG

«Ҳукумат соати»да депутатларнинг ихтисослашган кластерларда мева-сабзавотларни халқаро стандартлар талабларида етиштириш, уларга кафолатли талабгор буюртмачилар рўйхатини шакллантириш, даладан тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиб бериш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт масалалари ҳамда транспорт-логистика тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ бир қатор саволларига аниқ жавоб қайтарилди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

 

Манба: agro.uz