QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


23 минг 400 гектар янги токзорлар барпо қилинади

  • 15.04.2019

23 минг 400 гектар янги токзорлар барпо қилинади

 
Мамлакатимизда экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 45 та узум нави мавжуд.
 
Миллий матбуот марказида республикада узумчилик соҳасини ривожлантириш, илғор технологияларни кенг жорий этиш, ҳудудларда винобоп ва экспортбоп навли токзорлар майдонини кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида белгиланган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
 
Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли ташкилот ва бошқармалар вакиллари, соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
 
Мамлакатимизда экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 45 та узум нави мавжуд. Тизимга ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитга мос, ҳосилдор маҳсулот етиштириш имконини берувчи “Ризамат”, “Кишмиш сўғдиёна”, “Гўзал қора” ва “Тарнау” каби кўплаб хўраки-кишмишбоп, шунингдек, “Мускат Узбекистанский”, “Тошкент” ва “Рангдор” сингари техник узум навлари яратилди. Айни пайтда ҳудудларда мазкур узум навлари соҳибкорларимиз томонидан парваришланмоқда.
 
Шунингдек, маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия ва бошқа давлатлардан интродукция қилинган сифатли вино, вино материаллар ҳамда шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари ҳам экилмоқда. Жумладан, 2018 йилда қарийб 2 минг гектар ер майдонида саноатбоп узум навли токзорлар барпо этилди. Тизим корхоналарига сифатли узум хом ашёсини етказиб бериш, экспортга тайёр “Ўзбек бренди” остида виночилик маҳсулотларини олиб чиқишни йўлга қўйиш мақсадида 2019-2021 йилларда 23 минг 400 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилиш режалаштирилган.
 
– Токзорлардан юқори ҳосил олишда замонавий технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги сектор бошлиғи Имомали Куйлибаев. – Агентлик хузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 35 гектардан кам бўлмаган майдонларда янги узумзор барпо қилган шахсларга артезан қудуқлари қазиш, насос станцияларни ўрнатиш учун 120 миллион сўм, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган хўжаликларга ҳар гектарига 8 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Бундан ташқари, ток кўчатларини харид қилиш учун эса паст фоизли узоқ муддатли кредитлар ажратиш йўлга қўйилмоқда. Мазкур майдонларга ҳосилдор кўчатларни етказиб берувчи давлат ва хусусий шериклик асосида агрокомплекслар ҳам ташкил этилади.
 
Мутахассислар жойларда узум плантацияларини кенгайтириш, виночиликни ягона давлат сиёсати асосида ривожлантириш, соҳа корхоналарини модернизациялашга кўмаклашиш, маҳаллий виночилик маҳсулотларини мамлакатда ва хорижда оммалаштириш каби йўналишлар бўйича ахборот берди. 
 

 

Манба: ЎзА