QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Пиллачилик ривожида янги босқич

  • 01.02.2019
Пиллачилик ривожида янги босқич
 
Халқимиз пиллачилик билан азалдан шуғулланиб келади. Бугун ҳам юртимизда ипак қурти боқиш ҳадисини пухта ўзлаштирган оилалар кўп. Улар оддий шароитда ҳам ҳар қути ипак қуртидан 65 килограмдан ошириб сифатли ҳосил етиштиради.
 
Айтиш керакки, узоқ йиллар мобайнида пиллакорлар ипак қуртини қанча машаққат эвазига боқиб келди. Гарчи жониворлар парвариши қиска муддат давом этса-да, ипак қурти олган оиланинг катта-кичик барчаси бир ой шу ташвиш билан овора эди. Оилавий звенонинг тўрт-беш нафар аъзоси сокин саҳардан туннинг алламаҳалигача тутзордан барг кесиб келтириш, баргни новдасидан ажратиш ва қуртхонага солиб, яйратиш билан банд бўларди. Жониворлар каттарган сари озиқа – баргга талаб ортар, баъзида звенолар барг топиш илинжида ҳар томонга чопардилар. Тўртинчи-бешинчи ёшдан кейин барг топиш ташвишидан ташқари, пилла ўраши учун қир-адирга чиқиб мингбош, шувоқ, ёввойи супурги каби дастабоп ўсимликлар изларди. Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида пиллакорлар меҳнати ҳар томонлама енгиллашаяпти.
 
Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 4 декабрдаги “Республика пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва "Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларидан сўнг тармоқда туб бурилиш юз берди.
 
Чунончи, ипак қурти уруғини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунки узоқ йиллар давомида ипак қурти уруғчилиги тармоғининг ривожланишини орқага тортаётган оғриқли муаммолар тўпланиб қолган эди. Ихтисослаштирилган маҳаллий ипак қурти ишлаб чиқарувчи корхоналар технологиялари ҳам жисмонан, ҳам маънан эскиргани, улар томонидан тайёрланаётган ипак қурти уруғи бир неча ўн йилдан буён бир авлодга тегишли экани, наслли дурагай навлар яратиш борасида изланишлар олиб борилмагани сифатга ҳам, ҳосилдорлика ҳам салбий таъсир кўрсатган. Шу сабабли “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси хитойлик ҳамкорлар билан Сурхондарё вилоятида “HUASHEN SILKWORM PRO” қўшма корхонаси ташкил қилди. Айтиш керакки, корхонада 70 нафар доимий, 370 нафар мавсумий ишчи бўлган. Тажрибали мутахассис Акмал Абдуллаев бошлиқ ишчи-хизматчилар саъйи-ҳаракати билан ипак қурти боқиш мавсуми арафасида воҳа пиллакорларига 11 минг қути сифатли уруғ тайёрлаб берилди. Шунинг ҳисобидан вилоят пиллачилик идоралари бошқа вилоятлардаги уруғ заводларидан ипак қурти уруғини келтириш ташвишидан қутулди ва вилоят маҳаллий бюджетининг 500 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағи тежалди. Яқин келажакда бу ерда 100 минг қутидан кўпроқ ипак қурти уруғи тайёрлаш ва уни сотиш эвазига маҳаллий бюджетга қўшимча даромад киритилади. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида “Самарқанд-Тенжу”, Қашқадарё вилоятида “Шаҳрисабз-Шандон Силк ворм про”, Навоий вилоятида “Navoiy Guangtong Silkworm”, Наманган вилоятида “Соф ипак инвест” қўшма корхоналари ташкил этилмоқда. Бу қўшма корхоналарда Хитойда тайёрланган ипак қурти уруғидан сифати паст бўлмаган уруғ етиштирилади. Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизга импорт қилинаётган ипак қурти уруғи миқдори 30 фоизга камайтирилишига эришилади.
 
Яқин келажакда хорижий инвестиция иштирокида йирик ипак қурти уруғи етиштирувчи яна бир нечта қўшма корхона ташкил этиш ҳамда ипак қурти уруғининг янги ва зотли навлари яратилишига эришиш учун изланишлар олиб борилмоқда. 2021 йилдан бошлаб юртимиздаги барча пиллакорлар сифатли ва зотдор ипак қурти уруғи билан тўлиқ таъминланиб, ортиқчаси қўшни давлатларга экспорт қилинади.
 
Юқорида қайд этганимиздек, бу йилдан эътиборан тармоқда меҳнат қилаётган оилалар тут плантацияларидан барг ўриш, келтириш, энг муҳими, барг излаш ташвишидан озод бўлишди. Сабаби, Вазирлар Маҳкамасининг “2017 -2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутахассислари томонидан юртимиздаги барча якка ўсадиган тут дарахтлари ва тутзорлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Аниқланишича, якка тут дарахтлари сони 43,9 миллион тупни, тутзорлар майдони 43,4 минг гектарни ташкил этади. Шунга қарамай, 2017 йил кузи ва 2018 йил баҳорида мамлакатимиз ҳудудлари кесимида жами 30 миллион туп тут кўчати экилди. Энг асосийси, Хитойдан мамлакатимиз иқлимига мос 13,3 миллион туп серҳосил тут ниҳоллари келтирилиб, интенсив усулда янги тутзорлар барпо қилинди. Барча вилоятларда тут уруғи ва тут кўчати етиштириш учун жами 600 гектар суғориладиган ер ажратилиб, тутчилик хўжаликлари ташкил этилди. Келажакда тут ниҳолларининг импортига чек қўйилади.
 
Соҳадаги ўзгаришлардан яна бири, пиллачилик звенолари энди аввалгидай ипак қуртини хонадонида тўлиқ бир ой парваришламайди. Чунки, мамлакатимиз бўйича 220 та инновацион қуртхоналар барпо қилинди. Бу пиллахоналарнинг ҳар бирида бир ёшдан уч ёшгача 250 қути ва тўрт-беш ёшлардаги 30-40 қути ипак қурти парваришланади. Ҳар бир инновацион пиллахонада 10 киши доимий, 60 нафаргача мавсумий ишчи меҳнат қилади.
 
Янги барпо этилган инновацион пиллахоналарда ипак қурти боқилиши билан бирга, иш кластер асосида ташкил этилиб, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ривожлантирилмоқда ва тутзорлар орасида қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Бу мавсумда ипак қурти озиқаси – барг таъминотида узилишлар бўлмайди, дегани. Сабаби, инновацон пиллахонада қуртга барг юлма ҳолда берилиши туфайли озиқа сарфи анчагина қисқаради. Бундан ташқари, тутзорлардаги тез етилувчи тутлар баргини ўрма усулда ҳар ой ўриб олиш мумкин. 
 
Соҳадаги ислоҳотлар туфайли пиллакорлар ипак қурти пилла ўраш даврида турли дастабоп ўсимликлар излаб овора бўлмайди. Масалан, Сурхондарё вилоятидаги қуртхоналарда сунъий дасталардан кенг фойдаланилади. Бу сунъий дасталар Термиз шаҳридаги “Inter Silk Pro” қўшма корхонасига қарашли “Сурхон ипаги” корхонасида етарлича тайёрланаяпти. Сунъий дасталарни қўллаш ҳисобига халқаро мезонларга мос “кумуш тола” етиштирилади. Пилланинг сифатли экани уни етиштирувчилар манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади. Сифатли пилла тайёрлашга хизмат қиладиган сунъий дасталарнинг афзаллиги шундаки, улардан бир неча мавсум фойдаланиш мумкин.
 
Давлат томонидан соҳа ривожига қаратилаётган эътибор туфайли пиллакорларнинг азалий орзуси ушалмоқда. Ипакчилик тармоғи мутахассислари фақат пилла хомашёси етиштиришни ташкил этиш билан чекланмай, хомашёни қайта ишлаш, кўпроқ даромад олиш йўлида изланишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги 32 та пиллани қайта ишлаш корхонасида модернизация доирасида янги линиялар ўрнатилаётир. Тўлиқ технологик занжирга асосланган пиллани қайта ишлаш, ипак қурти озиқа базасини мустаҳкамлаш, сифатли пилла етиштириш, тайёр мато ишлаб чиқариш ва ранг бериш мақсадида 11 та, хусусан, “Андижон вилоятида “Andijan Silk Co” МЧЖ қўшма корхонаси, Жиззах вилоятида Буюк Британия билан ҳамкорликда “Silk Expert Processing” қўшма корхонаси, “Zomin Asl Ipak Tolasi” МЧЖ, Самарқанд вилоятида Буюк Британия билан ҳамкорликда “Pure Diamond Silk”, Самарқанд шаҳрида “SAM GLOBAL SILK” МЧЖ, Сирдарё вилоятида “Agro Global” МЧЖ, Хоразм вилоятида “Khiva Silk Fabric” МЧЖ, Қорақалпоғистон Республикасида “Бўстон Силк” МЧЖ ҳамда Тошкент шаҳрида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи, шунингдек, Бухоро вилоятида ипак матосини бўяш бўйича янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилаяпти. Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги” МЧЖда ўтган йили техник-технологик модернизация қилиш ишлари бажарилди. Хитойдан пиллани қайта ишлаш, ипак йигириш, ипак момиғи ишлаб чиқариш учун замонавий ускуна ва технологиялар келтириб ўрнатилди. 
 
Бундан ташқари, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутахассислари саъйи-ҳаракати билан тут баргидан чой ва парфюмерия воситалари, ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқариш, шунингдек, туризм, касаначилик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга оид 5 та янги лойиҳа устида амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида тут баргидан чой ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. 
 
Уюшма ташкил этилгунига қадар тизимдаги пиллани қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан таъминлаш даражаси 17 фоиз бўлган бўлса, 2018 йил бошида бу кўрсаткич 54 фоизга етди. 2017 йилгача пиллачилик корхоналари томонидан фақат бир турдаги маҳсулот - хом ипак ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилга келиб тайёр маҳсулотлар уч турни – ипак хомашёси, ипак момиғи ва тайёр матони ташкил этди. 2021 йилда камида 5 турдаги ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосан экспортга йўналтирилади.
 
“Ўзбекипаксаноати” уюшмаси ташкил этилиши билан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни ўрганиш юртимиздаги ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятлари янада кенгайди. Ўзбекистон 2017 йил 20 сенябрда БМТнинг Халқаро ипакчилик комиссиясига йигирманчи аъзо бўлиб кирди. Ўтган йил январь ойида Ҳиндистоннинг Гуваҳати шаҳрида Халқаро ипакчилик комиссиясининг навбатдаги конфренциясида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ишчи гуруҳи қатнашди. Уюшма томонидан инвестиция ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея, АҚШ, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Австрия, Венгрия, Словакия ва бошқа давлатларнинг салоҳиятли инвесторлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ўтган йил декабрь ойида Вена шаҳрида “Ўзбекистон - Европа” халқаро ипакчилик форуми ўтказилди.
 
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси вакиллари Австрия, Венгрия ва Словакияда бўлиб, ушбу давлатларнинг ипакни қайта ишлаш ва дизайнерлик соҳасида етакчи компаниялари билан келишув битимлари имзолади. Шунингдек, бир қанча халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари вакиллари (БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Япония халқаро ташкилоти) билан соҳага грант маблағлари ажратиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Натижада 29 нафар мутахассис Хитойнинг Цзянсу ва Шандун провинцияларида зотли ипак қурти уруғи етиштириш бўйича малака оширди. Шунингдек, 55 нафар мутахассис хорижга малака оширишга юборилди. Уюшма тизимидаги 5 нафар раҳбар-мутахассис Ҳиндистон корхоналарида тажриба алмашиб қайтди.
 
Мухтасар айтганда, тармоқни хар томонлама ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қайта ишлашни халқаро стандартларга етказиш билан бирга, соҳада аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги қувватларни ишга тушириш ҳисобидан ипакчилик тармоғида 2018 йилда 14,3 мингта доимий, 554 мингта мавсумий иш ўрни яратилди.
 
 
 
 
Манба: ЎзА