QISHLOQ XO`JALIGIDA BILIM VA
INNOVATSIYALAR MILLIY MARKAZI
FUQAROLARNING  MUROJAATLARI

Fuqarolarning murojaati


Кластер усулининг афзаллиги нимада?

  • 25.09.2018

Бугунги кунда ҳар бир соҳада инновация ва изланиш янги ютуқларга эришиш, кучли рақобат муҳитида мустаҳкам ўрин эгаллашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимизда аграр соҳани янада ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигида замонавий усуллардан оқилона фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. 

Масалан, қишлоқ хўжалигида кластер усулининг жорий этилиши ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимга асос солди. Айниқса, енгил саноат корхоналарининг хомашё етиштириш манбаи саналган деҳқон ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда мазкур усул ўзининг афзал жиҳатларини амалда исботлаяпти. 

Халқаро тажрибада автомобилсозлик, кимё, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, қурилиш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқчилик каби кўплаб соҳаларда ҳам кластер усулидан фойдаланилади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда кластер услубида фаолият юритадиган енгил саноат корхоналари янада қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Навоий вилоятидаги “Бахт текстиль” ва “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида кластер усулида сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ушбу кластер иштирокчилари вилоятда пахта толасини чуқур қайта ишлаб, жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаради. 

4 (1).JPG

 
10 (1).JPG
 
17.jpg
 
– Вилоятимизнинг 33 минг 288 гектар майдонида етиштирилаётган пахта ҳудуддаги енгил саноат корхоналари томонидан тўлиқ қайта ишланади, – дейди Навоий вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Музаффар Тўрақулов. – Хусусан, 5 та туманнинг 1 минг 251 фермер хўжалиги билан иккита йирик қайта ишлаш фабрикаси ўртасида кластер йўлга қўйилган. Асосийси, жорий йилда корхоналар томонидан ҳосил учун қимматлашган нархларда ҳақ тўлаш белгиланган. 

Вилоятнинг Навбаҳор ва Конимех туманларидаги 319 фермер хўжалигининг 8 минг 278 гектар пахта майдони Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Навбаҳор текстиль” МЧЖга бириктирилган. 

– Кластер усулининг афзаллигини ишлаб чиқариш жараёнида кўрмоқдамиз, – дейди ушбу корхонанинг кластер бўйича агрономи Азиз Қурбонов. – Сабаби, сифатли хомашё етиштириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаймоқда. Бугунги кунда “Навбаҳор пахта тозалаш” заводини ижарага олиб, жорий йилги ҳосилни шу ерда қайта ишлаш учун барча зарур тайёргарлик кўрилди. Аллақачон муддатини ўтаб бўлган эски технологиялардан воз кечиб, замонавийларини ўрнатдик. Айни пайтда ҳудудда пахта тозалашга ихтисослашган мини-завод ва мой заводи қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур объектларни 2019 йил терим мавсумига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Мавсум аввалидан миришкорларнинг оғирини енгил қилиш, уларга зарур шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тупроқ таркибини чуқур таҳлил қилишга мўлжалланган лаборатория барпо этилиб, замонавий жиҳозланди. Украина ва Россия давлатларидан қўшимча минерал ўғитлар келтирилиб, ўз лабораториямизда пахта учун дори воситалари тайёрланган ҳолда фермер хўжаликларига доимий етказиб берилди. 

Энг муҳими, деҳқоннинг иш қуролини созлаш мақсадида мавсум бошида хориждан қарийб 100 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, 60 та агрегат келтирилди. Бу, албатта, иш унуми ва самарадорлигини ошириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, талаб даражасида ишлов бериш, ғўзани сифатли парваришлашда муҳим омил бўлди. Шу боис, жорий мавсумда 24 минг тонна ҳосил йиғиш ва уни нест-нобуд қилмай териб олиш мўлжалланган. 

Яна бир эътиборли ҳолат – корхона ҳар бир фермерга замонавий уяли алоқа телефони ажратиб, уларни Telegram тармоғидаги кластер гуруҳига улаб берган. Бунинг афзаллиги, фермерда ер билан боғлиқ бирор муаммо юзага келса, тезкор ахборот алмашиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, электрон банк хизмати йўлга қўйилгани туфайли фермер дала шийпонидан туриб банк билан эркин алоқа қилиши мумкин. Молиявий масалаларда эса, энди вақт сарфлаб тижорат банкига боришига ҳожат қолмайди. 

Вилоятда енгил саноат корхоналарининг кластер усулидан кенг фойдаланиши етиштирилган ҳосилни хомашё тарзида хорижга арзон сотиб, трикотаж маҳсулотларини қайта импорт қилиш ўрнига, шудгордан тайёр маҳсулотгача тизимини йўлга қўйиш, энг муҳими, рақобатбардош товарлар билан жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллашга хизмат қилади. 
 

 

Манба: ЎзА