ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази
дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти
Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси
Лалмикор майдонларда беда етиштириш бўйича
ТАВСИЯЛАР
Мазкур тавсиянома Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси катта илмий ходими, қ.х.ф. номзоди К.Т.Исаков ва катта илмий ходим А.А.Умурзаков томонидан тайёрланди.
Тавсиянома қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фаолият юритаётган мутахассислар, фермер хўжалик раҳбарлари ва шу соҳага оид олий ва ўрта махсус касб-ҳунар муассасаларида таълим олаётган талабалар учун мўлжалланган.
Тақризчи- қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, катта илмий ходим Т.Маматқулов
КИРИШ
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда лалмикор ерлардан унумли фойдаланиш учун дуккакли экинлардан ҳисобланган беда экинини бошоқли дон экинлари билан алмашлаб экиш тизимида етиштириш ҳисобига аҳолини гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлашда, чорва молларига ширали, юқори оқсилли озуқалар етказиб бериш қаторида, тупроқнинг агротузилмавий хусусиятларини ва унумдорлигини сақлаш ҳамда ошириш имкониятини яратиб, экологик соф маҳсулотлар олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистоннинг лалмикор деҳқончилигида, айниқса, тоғолди ва тоғли минтақаларида қорамол боқиладиган чорвачилик комплекслари қурилиши чорва молларини тўла қимматли озиқ билан таъминлашда, табиий пичанзор, яйловларда ем-хашак етиштиришда интенсивлаштиришга асосланиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу билан биргаликда тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш республика қишлоқ хўжалигидаги энг муҳим ва долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ем-хашак экинларидан беда ҳазм бўладиган оқсил, минерал туз ва вита-минларга бой бўлиши билан лалми ерларга экиладиган бошқа озиқабоп экин-лардан ажралиб туради. Кўк бедада А, С, В, ва Д витаминлари бор. Шу сабабли чорвачиликни ем-хашак билан таъминлаш ва тупроқнинг унумдорлигини оши-ришда беданинг аҳамияти беқиёсдир.
Табиий пичанзорлар ва яйловлардан фойдаланиш мавсуми қисқа муддатларда кечганлиги туфайли уларнинг пичан ҳосили анча паст бўлиб, ўртача ҳисобда гектаридан 4-6 центнерга тўғри келади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса ҳосилдорлик гектаридан ҳатто 2-3 центнердан ошмайди. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кенг кўламда олиб борилган тажрибалардан маълумки, лалмикор ерларда ем-хашак экинлари орасида беда асосий экин ҳисобланади. Экин майдонининг кўплиги, ҳосилдорлиги, пичан тўйимлилиги узоқ вақт сақланиши ва хўжалик учун фойдали жиҳатда беда бир йиллик ем-хашак экинларидан устун туради.
Кўп йиллик био-химиявий таҳлиллар шуни кўрсатдики, беда пичан таркибидаги озуқа моддалар миқдори минтақалар бўйича ўртача қуйидагичадир: поясида протеин миқдори 16-17%, клечатка 25-26%, азот
24-27%, калий 1-1,8%, фосфор 0,6-0,7% ни ташкил этади.
Лалмикорликнинг барча минтақаларида беда экиш буғдой экишга нисбатан тупроқда азотли нитрат кўпрок тўплашга имкон яратади. Табиий намлик билан ярим таъминланган текислик-адирлик минтақаларида беда учинчи йилдан бошлаб тупроқни гумус моддасига бойитиб беради.
Беда пояси таркибидаги протеин миқдори лалмикор ерларда 17,8%, суғориладиган ерларда 17,7% ни ташкил этади. Клетчатка моддаси лалмикор ерларда 26,6%, суғориладиган ерларда эса 24,9% ни ташкил этади. Беда ўзидан кейин ер унумдорлигини икки баробарга оширади. Беданинг 100 кг пичанида 48,8%, 100 кг арпа сомонида 35,8% озуқа мавжудлигини таъкидлаш керакки, беда экини лалмикорликда сурункасига 7-8 йил ҳосил бериб ҳар йили 1-2 марта пичан билан кўк поя ҳосилини таъминлайди.
Шунингдек, лалмикор ерларда бошоқли дон экинларига яхши ўтмишдош ҳисобланиб, беда уруғ, кўк масса, пичан учун экилганда томирларидаги бактерияли тугунаклари ёрдамида ҳаводан эркин азотни фиксациялаш йўли билан ўзидан кейин гектарига 80-90кг соф азотни тўплаши билан тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда муҳим ўрин эгаллайди. Бу азот меъёри ҳар бир гектар майдонга 1,5-3 ц аммиакли селитра ёки 20 тонна маҳаллий гўнг эквивалентлигига тенг ҳисобланади.
Беда экини аҳамияти, келиб чиқиши, экин майдони
Ўзбекистонда беда асосий ем- хашак экинларидан бири ва алмашлаб экишда лалмикорликда асосий қишлоқ хўжалик экинларидан бири ҳамда суғориладиган майдонларда ғўзанинг асосий, доимий ўтмишдошидир.
Беда чорва моллари учун эрта баҳордан кеч кузгача озиқа берадиган экин. Ўзбекистон шароитида беда ҳаво ҳарорати 70C дан ошганда жадал ўсиб ривожланади.
Бедадан сенаж, пичан, силос, брикет, гранула, витаминли ўт сингари озиқалар тайёрлаш мумкин. Жуда кўп мамлакатларда бедани озиқа экинларининг маликаси деб аташади. Беда арабчада alfa-alfa-ёки биринчи-биринчи дейилади, худди шундай номланиш инглиз тилида ҳам қўлланилади. Кўп йиллик ўтлар орасида беда яшил массаси ва пичани, гранула, брикет ҳамда витаминли ўт уни (талқони) юқори озиқавий қимматга эгалиги, тўйимлилиги билан ажралиб туради. Бир кг витаминли ўт унида 1кг сули донидаги озиқа бирлиги бор (0,8-1,0 ).
Беда шарбати доривор сифатида одамлар томонидан истеъмол қилинади.
Беда тупроқни сув ва шамол эрозиясидан самарали ҳимоя қилади, озиқа моддаларнинг тупроқ ҳайдалма қатламидан пастки, тупроқнинг илдиз тарқалмаган қатламларига ювилиб кетишидан сақлайди.
Бедадан кейин гумус моддасининг миқдори ортади, кўпинча уч йиллик беда экилган 1га майдонда 60-70т гўнг таркибидаги миқдорда азот тўпланиши кузатилади. Тупроқни азот ҳамда органик моддалар билан бойитади. Таркибида гумус моддаси кўп бўлган тупроқнинг физик-сув хоссалари яхшиланади, иссиқликни ўтказиши пасаяди ҳамда унинг иссиқликни ютиш, ушлаш хусусияти ортади. Бу айниқса континентал иқлим шароитида юқори иссиқ ҳамда совуқнинг салбий таъсирини камайтиришга имкон беради. Айниқса кузги дон экинларида бу ижобий ҳол самараси кўп кузатилади.
Беданинг морфологик ва биологик хусусиятлари
Беда Ўзбекистонда суғориладиган ва лалмикор ерларда экилади. У ҳамма вилоятларда, турли типдаги тупроқларда яхши ўсади. Бедани оғир ва енгил, ўтлоқ, бўз, бўз-ўтлоқ, шўр тупроқларда ўстириб юқори ҳосил олиш мумкин.
Кўк беда типик баҳорги экин. Уни баҳорда, ёзда, куз бошида экиш ҳам мумкин. Уни яхши агротехник шароитда, лалмикорликда 10 йилгача, суғориладиган шароитда узоқ йиллар давомида ўстириш мумкин. Туркманистонда бедани бир далада 25-30 йилгача ўсиб ҳосил бериши кузатилган, аммо охирги йиллар ҳосили камаяди, ўсимликлар сийраклашади.
Экилган йили 2-3 ўриб олиш мумкин. Суғориладиган ерларда 2-3 йили 5-6 марта ўриб олса бўлади. У иссиқсевар, ёруғсевар, иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли. Беда узун кун ўсимлиги ҳисобланади.
Уруғлари 1 0С ҳароратда кўкара бошлайди, 5-60С да униб чиқади. Униб чиқиши учун мақбул ҳарорат 18-200С, майсалари - 60С совуққа чидайди. Қиш даврида қор қатлами етарли бўлганда - 40 0С совуққа бардош беради.
Бедани совуққа чидамсиз навларида барглар тўплами тик, ўртача чидамлиларида ярим тик, жуда чидамлиларида ётиб ўсади. Ўсимликнинг совуққа чидамлилиги охирги ўрим қайси пайтда ўтказилганлигига боғлиқ. Охирги ўрим доимий совуқлар тушишига 35-40 кун қолганда ўтказилиши лозим. Баҳорда ўсимлик +7+9 0С да ўса бошлайди. Ёзнинг биринчи ярмида ўртача ҳарорат 22-23 0С бўлганда баҳордаги ўсишдан бошлаб гуллашгача 42 кун ўтади, иккинчи ярмида 55 кун ўтади. Ўсишнинг бошланишидан гуллашгача 800 0С самарали ҳарорат керак. Албатта бу кўрсаткичлар намлик ва ҳароратнинг ўзгариши билан ўзгариши мумкин.
Намга талаби. Беда қурғоқчиликка чидамли, шу билан биргаликда намликка жуда таъсирчан. Қурғоқчиликка чидамлилик унинг кучли ривожланган, чуқур кириб борадиган илдиз тизими билан характерланади. Беда типик мезофит ўсимлик бўлганлиги учун барг, пояларнинг яхши ўсиши учун етарли миқдорда намлик керак.
Беда. 1,2-ривожланган униб чиқиш ва гуллаш фазаларидаги ўсимликлар;
3-поянинг барг ва тўпгулли қисми; 4-гул; 5-мева (чапдан катталаштирилгани).
Беда уруғлари кўкариши учун ўз оғирлигига тенг миқдорда сув ютиши керак. Транспирация коэффициенти 700-900. Тупроқдаги намлик ЧДНС 80 % кам бўлмаслиги лозим. Аммо беда уруғлик учун экилганда тупроқдаги намлик катта бўлиши маъқул эмас. Сизот сувлар сатҳи чуқур жойлашган, механик таркиби енгил тупроқларда биринчи ўримда уруғлик олингандан сўн шоналаш ва гуллаш даврларида суғорилади. Ёғин-сочин кўп бўлганда уруғлик беда суғорилмайди.
Тупроқда рН 5 бўлганда туганак бактериялар деярли ривожланмайди, ҳосил бўлган айрим кам туганакларда ҳам бактериялар азот тўпламайди. У тупроқда рН – 6,5-7,0 бўлганда жуда яхши ўсади.
Ўсимлик шўрга чидамли ва унинг чидамлилиги ўсимлик ёшига боғлиқ бўлади. Беда 1 т пичан ҳосил қилиши учун тупроқдан N-39, Р2О5_-10, К2О-24, CaO-15, Mg-8 кг ўзлаштиради.
Беда ҳаётининг иккинчи ва кейинги йилларида қуйидаги ривожланиш даврлари кузатилади: ўсишнинг бошланиши, поялаш, шоналаш (ғунчалаш), гуллаш, дуккакларнинг ҳосил бўлиши ва қўнғир тусга кириши. Гуллаши давомли бўлиб тахминан 2-3 ҳафтага чўзилади. Шунинг учун уруғлар бир пайтда пишмайди.
Беда навлари
Ўзбекистонда беданинг Давлат реестрига киритилган Аридная, Бойгул, Милютин-1774 навлари лалмикор ерлар учун, Ташкентская-3192, Ташкентская-1, Ташкентская-1728, Ташкентская-2009 навлари суғориладиган майдонлар учун экишга тавсия этилган.
Бойгул нави Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Хитой эртапишар нави билан Славян маҳаллий намунасини ўзаро чатиштириб олинган дурагайдан якка танлаш усули билан яратилган.
Тупи косасимон шаклда. Пояси ўртача дағалликда, ўсимликнинг баландлиги 85-90 см., шохланиши ўртача, баргланиш даражаси 48-52 %. Тўда гули цилиндрсимон, гули тўқ-бинафша рангда. Дуккаги ўртача катталикда, спиралсимон ўралган, жигар рангда. 1000 дона дон вазни 1,8-2,4 г. Ҳосилдорлиги кўк поя бўйича гектаридан 65-70 ц/га, уруғ бўйича гектаридан 1,6-2,0 ц/га ни ташкил этади.
Экиш меъёри. Гектарига 14-16 кг унувчан уруғ ҳисобида.
Экиш муддати. Март ойи боши. Байгул нави Республиканинг барча лалмикор ерлари учун 1990 йилдан экиш учун районлаштирилган.
Аридная нави Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Бахмал ёввойи бедаси билан Милютин-1774 навини чатиштириб олинган дурагайидан уч карра танлаш орқали яратилган.
Нав экиладиган кўк беда типига мансуб. Бутаси тик ўсади, тупланиши 16-19 дона поя, поясининг баландлиги 85-90 см, пояси туксиз, шохланган. Барги ўртача катталикда, тўқ яшил рангли, тескари тухумсимон шаклда юмшоқ, барглашиши юқори даражада (50-55 %). Тўда гули цилиндрсимон, гули тўқ-бинафша рангда.
Уруғи ўртача катталикда, жигар ранг, 1000 дона уруғ вазни 2,2 г ни ташкил этади. Яхши қишлайди, қурғоқчиликка бардошли. Ўсиш даври
65 кун.
Ҳосилдорлик кўк масса ҳисобида гектарига 164 ц/га, кўк ҳолда пичан 54 ц/га ва 2,4 ц/га уруғ беради.
Экиш меъёри. Ем -хашак мақсадлари учун гектарига 10-12 кг, уруғлик учун 6-8 кг унувчан уруғ ҳисобида экиш тавсия этилади.
Экиш муддати. Феврал ойининг охири, март ойининг боши.
Аридная нави Республиканинг барча лалмикор ерлари учун 1981 йилда экиш учун районлаштирилган.
Милютин-1774 нави собиқ Милютин давлат селекция станциясида (ҳозирги Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида) Украинанинг Полтава вилоятидан олинган дурагай популяциясининг маҳаллий Осиё навлари билан эркин чангланиши натижасида яратилган.
Нав Туркистон тур хилига мансуб. Бутаси тарқоқланган, ярим тик ўсади, тупланиши 15-18 дона поя, ўсимлик баландлиги 80-90 см, пояси 2,5-3,0 мм йўғонликда, бўғинлар узунлиги 4-5 см, шохланиши яхши. Барги ўртача катталикда, тўқ яшил рангли, тескари тухумсимон шаклда. Уруғи ўртача катталикда, эллиптик ёки тескари тухумсимон кўринишда, охири тишчали, дуккаги цилиндрсимон, Яхши қишлайди, қурғоқчиликка бардошли. Ҳосилдорлик пичан ҳисобида гектарига 22-354 ц, шунингдек лалмикор минтақалар бўйича ўртача 0,5-3,3 ц уруғни ташкил этади.
Экиш меъёри. Ем -хашак мақсадлари учун гектарига 10-12 кг, уруғлик учун 6-8 кг унувчан уруғ ҳисобида экиш тавсия этилади.
Экиш муддати. Феврал ойининг охири, март ойининг боши.
Лалмикор ерларда тавсия этилган агротехник тадбирларга қаътиий риоя этилган тақдирда бедапоядан 6-8 йил ва ундан кўпроқ фойдаланиш имконини беради.
Милютин-1774 нави Республиканинг барча лалмикор ерлари учун 1945 йилда экиш учун тавсия этилган.
Беда етиштириш агротехникаси
Беда лалмикор ерларда бошоқли дон экинларига яхши ўтмишдош ҳисобланиб, беда уруғ, кўк масса, пичан учун экилганда томирларидаги бактерияли туганаклари ёрдамида ҳаводан эркин азотни фиксациялаш йўли билан ўзидан кейин гектарига 80-90 кг соф азотни тўплаши билан тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда муҳим ўрин эгаллайди.
Экиш муддати. Баҳорда март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлиги ва апрел ойининг биринчи ўн кунлиги мақбул муддат ҳисобланади.
Экиш меьёри. Гектарига қир-адирлик минтақаси учун 8-10 кг/га, тоғ олди ва тоғли минтақалар учун 10-12 кг/га унувчан уруғ ҳисобида экилади.
Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига физик ҳолда қир-адирлик минтақада гектарига 80-90 кг, тоғ олди ва тоғли минтақаларда гектарига 100-120 кг фосфорли ўғитлар берилади.
Ҳосилни ўриб-йиғиб олиш. Беданинг дуккаклари 70-80 % қўнғир тусга кирганда ЖНУ-4,0 маркали жаткаларда ўрилади. Дон комбайнларида янчилади.