NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


МАШИНА ТЕРИМИ – ЮҚОРИ ИШ УНУМИ

  • 12.10.2020

Деҳқонларимиз пахта йиғим-терим мавсумини доимо интиқлик билан кутган. Чунки уларнинг йил бўйи қилган меҳнати шу мавсумда “тарозида тортилган” ва баҳоланган. Терим қатнашчилари, айниқса пахта териш машиналарининг механик-ҳайдовчилари эл ардоғида бўлган.

Элликка яқин механик-ҳайдовчиларимиз Меҳнат Қаҳрамони деган юксак унвон билан тақдирланган. Машҳур механизатор Турсуной Охунова бу унвоннинг қўш соҳибаси эди.

Фермер хўжаликлари ва агрокластерлар ҳозирда “Кейс-2022”, СЕ-220 русумли горизонтал шпинделли ва МХ-1,8 русумли вертикал шпинделли замонавий пахта териш машиналарига эга. МХ-1,8 ва СЕ-220 машиналарининг алоҳида афзаллиги шундаки, пахта йиғим терими мавсуми якунлангандан кейин улардан тракторларни ажратиб олиб, 10-11 ой бошқа қишлоқ хўжалиги юмушларини бажаришда фойдаланилади. Бу эса табиийки, машиналарни сотиб олишга сарфланган харажатларни тезроқ қопланишига имконият яратилди, деганидир.

Жиззах вилоятидаги «Агросервис Дўстлик МТП»нинг Қаҳрамон Қўзибаев, Рустам Муккарамов, Ғанишер Суюнов каби механик ҳайдовчилари “Кейс-2020” икки қаторли горизонтал шпинделли машиналар ёрдамида ҳар куни 10-15 тонна ҳосилни йиғиштириб олмоқда. Кунларнинг исиши, ғўза тупларидаги кўк баргларнинг тўла тўкилиши ва кўсакларнинг кўп очилиши ҳисобига машиналарнинг кунлик иш унуми тез кунларда 20-25 тоннагача ошади. Бу ҳам чегара эмас. Зафар Жураев, Баҳтиёр Отабоев, Шавкат Турсунқулов ва Ғайрат Бобобеков сингари моҳир механизаторлар “Кейс”да бир мавсумнинг ўзида 250-550 тонна пахта ҳосилини териб олиш мумкинлигини олдинги йиллари амалда исботлаб қўйганлар.

Сирдарё туманидаги “Агросервис Сирдарё МТП” МЧЖ механизаторлари ва муҳандис-техник ходимлари МХ-1,8 вертикал шпинделли машиналарни юқори унум билан ишлатиш сир-асрорларини пухта эгаллаб олишган. Улар мавсум бошлангунга қадар трактор двигатели, терим аппарати, пневматик система, машинанинг юриш қисми узел ва деталларини сифатли таъмирлайдилар, созлаш ишларини пахта даласининг ҳолатига қараб бажарадилар. Носозликларни жойида бартараф қиладилар. Шу боис машиналар мавсум давомида бузилмасдан ишлайди.

Машина бузилиб, тўхтаб қолмаса кўп пахта теради. Аъзам Хўжаев, Лутфулла Турақўлов, Ҳайитбой Қурбонов ва Йўлчи Рисбековлар ҳар йили 110-130 тонна ҳосилни бункердан бўшатади.

Уларнинг Ортиғали Сарибоев, Шохимардон Фозилов, Даврон Дадаев, Камол Маҳаммадиев каби издошлари бу йилги мавсумда ҳар куни 8-10 тонна пахта теришга эришмоқдалар.

Машина терими ҳисобига пахта тайёрлаш режаларини бажараётган фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Сирдарё вилоятидаги “Йўлчибой ота”, “Омонбой ўғли Тугал”, “Тугмабой”, “Абдужаббор”, “Эркаев Бозорбой”, “Сирдарё чуқурсой”, “Алишер Янгибоев”, “Сирли тонг жилоси”, “Янгиобод асил ери”, “Пардаев Бегали”, “Шукур Шуҳрат Файз” фермер хўжаликлари бунинг яққол мисолидир.

Илғор фермерлар бир кунда 20 тонна пахта терадиган машина ҳар бири 50 кгдан терадиган 400 нафар ишчини ўрнини босишини, қўл теримининг фартук, тошу-тарози, ҳар далага битта трактор ва тиркама, одамларни ташийдиган автобус топиш каби ортиқча ғалваларга чек қўйишини яхши биладилар. Бундай фермерлар сафи бу йилги мавсумда янада кенгайишига ишончимиз комил.

М. Тошболтаев,
т.ф.д. (ҚХМИТИ)