NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинлари учун генетик банк яратишга доир вазифалар белгилаб олинди

  • 16.07.2020

Қишлоқ хўжалигида ўсимликлар турларининг Миллий генбанкини яратиш, экинлар, навлар ва дурагайлар синовини халқаро стандартлар даражасига етказиш, ресурс тежовчи ва инновацион технологияларни жорий этиш, нав синаш станциялари ва лабораторияларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим босқичларидан бири.

Жорий йил 15 июль куни Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳининг Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига қилган ташрифи чоғида бу ердаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этишга эътибор қаратилди.

 

Хўш, соҳада қандай муаммолар мавжуд?

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев:

  • Ўзбекистонда мавжуд бўлган маҳаллий навлар хусусиятларини сақлаб қолишиниҳоятда зарур. Аммо, маҳсулотни экспорт қилиш учун уни бозорбоп ҳолатга келтириш, маҳаллий навларнинг янгиларини яратиш устида иш олиб бориш талаб этилади. Бунда хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, қўшимча имкониятлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Олимларимиз бозор қидириши керак эмас, бундай масалаларни замонавий тизимга ўтиш орқали ҳал эта оламиз. Ўзбекистонда жорий этилиши режалаштирилган “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими” (AKIS) мана шу боғлиқликка хизмат қилиши керак.

Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган таҳлилларга асосланадиган бўлсак,
айни пайтда республикада озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш, келгусида генетик ресурсларимизни сақлаб қолиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан  қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини кенгроқ ўрганиш ҳамда муҳофаза этиш чораларини кучайтириш талаб этилади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг халқаро дастурларда фаол иштирокини таъминлаш ва соҳага халқаро етук мутахассисларни жалб этиш эҳтиёжи юқори. Шу боис бу борада БМТ томонидан илгари сурилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги генетик ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро битимни ратификация қилиш чораларини кўриш талаб этилади.

 

Тизимни ривожлантиришнинг самарали усулларидан яна бири – бу хориждан келтирилган янги навланинг мониторингини юритиш бўйича ягона маълумотлар тизимини йўлга қўйишдир, дейди Қишлоқ хўжалиги вазирининг иқтисод, инновацион ривожланиш ва инвестциялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Алишер Шукуров.

Яна бир жиҳати, бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида генетик ресурсларни қўллаб-қувватлаш бўйича илмий ишларни молиялаштириш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш, янги таклифлар асосида бу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Ишчи гуруҳиаъзолари институт илмий ходимлари, олимлари билан учрашиб, бу ерда олиб борилаётган ишларниўрганишди. Узумчилик ва виночилик лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида соҳада илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш, янги экспортбоп навларни яратиш, узум навларининг генофондини сақлаш ва бойитиш, хорижий нуфузли илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, илмий салоҳиятни янада ошириш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашишди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази

Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиёда қишлоқ хўжалик экинларининг йирик дунёвий коллекциялари сақланаётган ягона илмий ташкилот ҳисобланади. Ҳозирги пайтда бу ерда табиатда йўқолиб бораётган, ноёб қишлоқ хўжалик экинларининг турлари, турли давлатлар селекциясига оид замонавий навлар ва қадимий маҳаллий ҳамда уларнинг ёввойи авлодларининг 100 хил қишлоқ хўжалиги экинларининг 43 мингдан намуналарини ташкил этади.

 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази 
Матбуот хизмати