NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


Тошкент вилоятида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ҳақида биласизми?

  • 30.05.2020

Тошкент вилоятида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ҳақида биласизми?

Биринчидан, ғўза ниҳоллари қатор орасига ишлов беришда механик таркиби енгил ва ўртача бўлган тупроқларда культивация ўтказиш, механик таркиби оғир тупроқ бўлган майдонларда культиваторга қўшимча равишда юлдузча ўрнатилган бўлиши тавсия этилади. Ёмғирлар натижасида механик таркиби оғир тупроқларда кучли қатқалоқлар ҳосил бўлиши кутилиб, бундай майдонларда қатқалоқнинг олди тезда олинмаса, қуёш иссиқлиги туфайли қатқалоқ қалинлашиб кетади ва ғўза ниҳолларининг илдиз бўғзи шишиб, озуқа моддаларнинг ўтишини тўхтатиб, ниҳолларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Шунинг учун бундай майдонларда қатқалоқни юмшатишни асло кечиктирмаслик керак!

Соғлом ва текис кўчат ундириб олинган майдонларда тупроқнинг механик таркибига қараб культиватор органларини тўлиқ ва тўғри ўрнатиш, кўчатларнинг кўмилиб қолишининг олдини олиш учун культиватор органларининг ҳар бир секциясига 2 тадан (ўнг, чап) диска ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчидан, бегона ўт босган майдонларда чопиқ ишларини амалга ошириш, майдонларда намликни ҳаддан ташқари юқори бўлганлигини инобатга олган ҳолда ўлик намни йўқотиш, ўсимликларга ўсиш ва ривожланишини таъминлаш мақсадида зудлик билан қатор ораларига ишлов бериш керак. Культиватордаги ишчи органлар сонига қатъий эътибор бериб, бунда 60 см. схемада экилганда  5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 20 та наральник, агар ўт босган дала бўлса, 20 та наральник ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, жами иш органи камида 33 та, қатор ораси 76 см. ёки 90 см. кенликда бўлганда 5 та ғозпанжа, 32-34 та ККО, бегона ўт тарқалган майдонда 8 та пичоқ 24-26 та наральник, жами 37-39 та иш органи ўрнатилиши шарт.

Учинчидан, ниҳол тўлиқ ундириб олингандан кейин далаларнинг тупроқ шароити ва ғўза навларининг биологик хусусиятларига қараб ягоналашга киришилади. Ягоналашнинг энг оптимал муддати ғўза ниҳолларида 1-2 чинбарг пайдо бўлган давр ҳисобланади. Ушбу муддат кечиктирилиб, 4-5 чинбарг даврида ўтказилса, пахта ҳосили 2-3 ц/га, 6-8 чин барг даврида ёки шоналаш давригача кечиктирилса 4-5 ц/га камайиб кетади. Агар ягоналаш сифатсиз ва чала ўтказилса кўчат қалин бўлиб, ниҳолларнинг сув ва озиқадан фойдаланиш самарадорлиги пасайиб, ҳосилдорлик 15-20% камаяди.

 

Унумдорлиги юқори, типик ва ўтлоқи бўз тупроқларда Султон, Бухоро-102, С-6524, Наманган-77, Келажак, Порлоқ-1, Порлоқ-4 ғўза навлари қатор ораси 90 см. экилган бўлса, 1 метрда 8-9 дона, қатор ораси 60 см. бўлса, 1 метрда 5-6 дона ниҳол қолдириб, гектарига 90-100 минг туп кўчат қалинлиги ҳосил қилинади.

Ўртача унумдор тупроқларда 90 см. қатор оралиғида, 1 метрда 9-10 дона, қатор ораси 60 см. да экилганда 6-7 дона ниҳол қолдирилиб, гектарига 100-110 минг туп кўчат ҳосил қилинади. Унумдорлиги паст тупроқларда 90 см. қатор орасида 1 метрда 10-12 дона, қатор ораси 60 см. бўлганда 7-8 дона кўчат қолдирилиб, 120-140 минг кўчат ҳосил қилиш учун тавсия этилади.

Тўртинчидан, 2020 йил шароитида об-ҳавонинг ўзгарувчан бўлиб, ҳарорат баъзан кўтарилиб исиб кетиши, баъзан ёғингарчиликлар бўлиб пасайиши натижасида ғўза ривожига ўзига хос салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида ғўза ниҳоллари униб чиқиши ва ривожланиши бироз кечикди ҳамда ўсимлик турлича ривожланган далалар кузатилмоқда.

Ғўзанинг 2-4 чин барг давридан шоналаш давригача стимуляторлардан Узгуми 0,3 л/га ёки Фитовак 200 мл/га, Биодукс 2,0 мл/га, Геогумат 1,6 л/га, Мэрс 0,3 л/га, Лебозол Магфос 4,0 л/га, Аминозол 1,0-2,0 л/га, Лебозол Квадро Микс С 1,5 л/га, Нутриплант (NPK 8-8-6) 5,0л/га, Ҳосилдор 0,4 л/га меъёрларда қўлланилиб, 250-300 л сувга аралаштирилиб ишчи эритма ҳолида куннинг салқин пайтларида ғўзаларга сепиш тавсия этилади.

Бешинчидан. Ҳозирги кунда ғўза ниҳолларини шира ҳамда трипслар билан зарарланиши кузатилмоқда. Бунинг оқибатида ғўзанинг 15-20% гача ҳосилини камайишига олиб келади. Шира ва трипсларни ривожланадиган ўчоқларини, ариқ атрофлари ва уватларни тозалаш, тутларнинг новдалари кесиб олингач, ОВХ пурткагичлари ёрдамида Багира, БИ-58 (данадим), Конфидор ва бошқа инсектицидларни пуркаш ўтказиш лозим.

Ғўза парваришланаётган майдонларга шира зараркунандасига қарши “хон қизи”,“олтинкўз” каби энтомофагларни тарқатиш лозим. Агарда ҳар 100 та баргга ўртача 50 тадан кўп шира тўғри келса, тавсия этиладиган инсектицидлар ёрдамида ҳимоя тадбирларини ўтказиш лозим бўлади.

Кўсак қурти капалакларини башорат қилиш мақсадида, ҳар 2 гектар ғўза майдонига 25-30 метр ичкарисига биттадан кўсак қуртининг феромон тутқичи қўйилиши ва уни ҳар икки-уч кунда назорат қилиб бориш, 4-5 кунда елимини ва 8-10 кунда капсуласини алмаштириб туришни ташкиллаштириш керак. Агар биттаферомон тутқичга бир кечада 3-4 та кўсак қурти капалаги тушиши кузатилса 4-5 кун ўтказиб, ҳар гектарига 1 грамм дан жонлантирилган трихограммадан 10х10 схемада 100 та нуқтага трихограмма қўйиш тавсия этилади. Далага белгиланган тартибда САДШ тутқичлар ўрнатиш зарур. Бунда сироп тайёрлаш учун 10 литр қайнатилган сувга 300-400 гр шакар эритилиб, 1 ош қошиқда табиий асал ҳамда 30-40 грамм ачитқи солинади ва аралаштирилади кейин салқин жойда 5-6 соат тиндирилади. Сўнгра ҳар бир баклашкага 200 мл дан қуйилади. Даланинг чеккаларига гектарига 5-8 донадан САДШ баклашкалар ўрнатилиши ҳамда ҳар 2-3 кунда сироп янгиланиб турилиши мақсадга мувофиқдир.

Олтинчидан. Биринчи озиқлантиришда ягоналаш тадбирлари амалга оширилгандан сўнг (2-3 чинбарг чиқарганда) гектарига соф ҳолда 50 кг. азотли ўғитлар (карбамид 110 кг/га ёки аммоний сульфат 240 кг/га ёки аммиакли селитра 150 кг/га) қўллаш тавсия этилади. Тупроқда фосфор кам (15-30 мг/кг гача) бўлган майдонларда азотли ўғитлардан биринчи навбатда карбамид ва аммоний сульфат, фосфор билан юқори даражада (46 мг/кг ва ундан ҳам юқори) таъминланган майдонларда эса аммиакли селитра ишлатилса, ўғитларнинг самарадорлиги янада ортади.

Ёш ниҳоллар эрта озиқлантирилганда ўғитларни ер бетига кўтарилиб чиқишини олдини олиш мақсадида, улар ўсимликнинг 14-16 см ёнига, 12-14  см. чуқурликка солинади. Агарда, ўғит белгиланган чуқурликдан чуқур солинса,  ниҳолларнинг илдизлари ҳали унчалик ривожланмаганлиги учун тўлиқ ўзлаштира олмайди ҳамда ўғит тупроқнинг  қуйи  қатламларига тушиб кетиб, биологик жараёнлар таъсирида исроф бўлишига олиб келади. Ниҳолларни озиқлантириш муддати кечиктирилса ғўзанинг ривожланиш даврлари чўзилиб, ҳосилдорлик 2-3 ц/га га пасайиши ва толанинг сифатига салбий таъсир этиши исботланган.

Ўғит саёз берилса, берилган ўғитнинг асосий қисми ҳавога учиб исроф бўлади ҳамда юза қатламида тўпланган ўғитдан ўсимлик фойдалана олмайди. Агар чигит экиш олдидан ёки экиш пайтида фосфорли ўғитлар берилмаган бўлса, азот  ўғитлари билан биргаликда 30-40 кг. фосфор яъни, физик ҳолатда 70-90 кг аммофос ёки супрефос 130-170 кг берилиши керак.

Тавсия ПСУЕАИТИ олимлари томонидан тайёрланган.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати