NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


Илмий-тадқиқот натижалари тақдимоти ўтказилди

  • 26.05.2020

Илмий-тадқиқот натижалари тақдимоти ўтказилди

Мамлакатимиз ғаллачилигида эришилаётган ютуқларда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази тасарруфидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти илмий жамоасининг муносиб ҳиссаси бор. Боиси ушбу илмий муассаса олимлари томонидан бошоқли дон экинларининг кўплаб янги маҳаллий навлари яратилиб, четдан олиб келинган ҳосилдор, истиқболли навлар маҳаллийлаштирилди.

Бундан ташқари илмий муассаса олимларининг илмий изланишлари натижасида дон ва дуккали экинларнинг янги навлари ҳам яратилмоқда.  Шу йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў. Барноев раҳбарлигида институтнинг “Марказий” тажриба майдонида ўтказилган “Илғор тажрибалар ва инновацион технологияларни қўллаш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш” мавзусида кўргазмали семинарда ҳам илмий муассаса олимларининг изланишлари маҳсули яна бир намойиш қилинди.

 

Иштирокчилар тажриба майдонидаги бошоқли дон экинларининг янги истиқболли, маҳаллий ҳамда хорижий навларнинг бошланғич уруғчилик тизими билан танишдилар. Семинарда институт селекционер олимлари томонидан янги яратилган ҳамда Краснодар селекциясига мансуб истиқболли навлар устида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек, иштирокчилар дуккакли дон экинлари, соя, кузги хўраки ва кўк нўхат, ясмиқ, бурчоқ экинлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехникаси бўйича амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан таништирилди.

Бундан ташқари, ноанъанавий экинлар рижик, горчица, рапс, зиғир, гречиха ўсимликларининг маҳаллий ҳамда хорижий навларини бошланғич уруғчилик тизими билан ҳам таништирилди. Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари Шуҳрат Тешаев ва Баҳодир Холиқовлар иштирок этди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати